Юртимизда

Ёзувингиз сизни фош этади

i-2301Без-имени-11

Инсонни уни кўрмасдан туриб қандай хулқ-атвор эгаси экани, характери, руҳияти, ташқи кўриниши  ва ҳатто қандай касаллик безовта қилаётганигача аниқлаш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин. Аммо фан буни аллақачон исботлади. Ёзувларда акс этган хабарлар, ҳарфлардаги шакллар замирида яширинган сирлар, ёзув орқали инсоннинг айни дамдаги ички ҳолатини ўрганувчи графология, яъни ёзув ҳақидаги фан вужудга келди.

 

ГРАФОЛОГИЯ ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?
Графология (грекча, графа-ёзув, логос-фан) тарихи ХVII аср, Италия билан боғлиқ. Бу сўз илк маротаба 1871 йил аббат Мишон ёзмаларида учрайди. Инсоният тарихининг тошга, металга ёзадиган даврида мазкур илм бўлмаган, инсонлар юмшоқ материалларга ёза бошлангандан сўнг унда хуснихат шаклланган ва ёзув орқали характерни билишга уриниш ҳам бошланган. Кейинчалик биринчилардан бўлиб Франция, Германия, Швейцария, Исроил каби давлатларга тарқалди. Аста-секин йирик компаниялар ишга олиш учун ҳужжатларни ёзма тўлдиришни жорий қила бошладилар. Шу билан бирга докторлар ташхис олди турли йўллар билан беморнинг ёзувини олишга ҳаракат қилдилар (дафтардаги чизиқдан пастга тушиш, тўғри ёзилмаган ва тугалланмаган харфлар киши соғлиғидаги нуқсонни англатади). Жиноятчиларни аниқлашда ҳам бу усул қўл келди (жиноятчи аксарият ҳолларда бир матн ё сўзнинг ўзида бир ҳарфнинг 2-3 хил ёзилиш вариантидан баравар фойдаланади. Масалан, х, т, б ҳарфларини 2 хил вариантда ёзиш мумкин бўлганидек). Графологиянинг ўрни асосан психология, тиббиёт, юридик соҳаларда кўринади. У орқали характерни аниқлаш энг содда усули.

ЁЗУВ ОРҚАЛИ ХАРАКТЕРНИ АНИҚЛАШ МУМКИНМИ?

Сўзлар орасида бўш катаклар кўп — ёзув соҳиби ёки соҳибаси ўзини ёлғиз ҳис қилаётганидан дарак.

Тартибсиз — турмушини назорат қила олмайдиган инсонлар.

Катта ҳарфлар — тартибсизлик.

Жуда кичик ҳарф («чумоли») — ўзига ишончи паст инсон, эҳтиёткор, реалист, техника билан тез тил топишадиган.

Узун ҳарфлар — эстетика, мардлик, қобилият ва адабиётга меҳр.

Семиз ҳарфлар — очиқлик.

Рақамларга ўхшаш ҳарфлар — ўқимишли, сабрли ва бироз совуққон.

Вараққа сиёҳ кўп томизилган, суркалган жойлар кўп — нозиктабиат, кутилмаган, ажойиб ишларни бажаришга рағбати кучли инсон.

Ҳарфдаги белгиларни ташлаб ёзиш — ёлғиз қолиб, ўзига хизмат кўрсатолмайди, ўзига нисбатан беэътибор.

Илгакларни гажак билан ёзиш — қарорни осон ва тез қабул қиладилар. Назоратни яхши кўрадилар, қонунларга бажонидил амал қиладилар. Шунингдек, оптимист бўладилар.

Илгакни узун тушириш — завқ-шавқ.

Тепага чиққан узун чизиқлар — ҳиссиёт.

Илмоқ учлари ўткир — ҳаққонийлик ва очиқлик.

Ҳаттотлар хатига ўхшаш — фантазия кучлилиги, қобилият, қўрқоқ ва беқарор.

Безакларсиз, оддий, сўзлар орасида бўш катаклар ҳаммасида бир хил ташланган бўлса, ҳарфларнинг шакли ҳам деярли бир хил — ақл устуворлиги.

Ҳарфлар бир-бири билан боғланган, қўлча ҳосил қилган — ўз фикрини ҳурмат қилиш.

Енгил, ортиқча куч ва ҳаракатсиз — характери ҳам енгил, ҳаётдан рози, бировга қулоқ тутувчи ва эргашувчи, меҳрибон.

Керакмас пайтда, масалан, сўз ўртасидаги ҳарфларни ҳам катта ёзиш, кўп жой ташлаш — қувноқ, ҳазилларни ёқтирадиган, севги ва орзуга мойил, шунингдек, математик қобилиятга эга.

Ўнг томонга оғиштириб ёзиш — фаол ва орзуларга бой.

Ўнг томонга жуда ҳам кўп эгилган, натижада охирги ҳарфлар деярли кўринмай қолган, бир қарашда титраб ёзилганга ўхшаса — таъсирчанлик.

Титраб ёзиш — талабчан, гўзалликка меҳри баланд, дангал, айни вақтда қўрқоқ.

Тўғри қилиб ёзадиганлар — характерида қўрқув йўқ.

Ёзув аниқ, ўқишга осон, ҳарфлар бир-бирига боғланган бўлса — бу меҳнаткаш, ишларни чин дилдан қилиш, баъзида пессимист. Бундай одамлар гоҳида очиқ гапириб, қўполлик ҳам қилиб қўядилар.

Чап томонга оғиштириб ёзиш — эркин эмаслик, доимий характери йўқ, аниқ қадамни қўя олмайди.

Кичик вараққа кўп нарса сиғдириш (тежамкор усул) — бунинг иқтисодга даҳли йўқ. Айнан шундай ёзадиганларга ўзбошимчалик ёт бўлади.

Тез ва чиройга кам эътибор бериб ёзиш — бу одамнинг иши ёзишни кўп тақозо қилади ва у кўп вақтларда бирор жойдан кўчириб эмас, ўзи ўйлаб, ичидан тўқиб ёзади.

ЁЗУВ ВА ТАШҚИ КЎРИНИШ

Деярли ҳеч вақт бўғин кўчириб ўтказмаслик, ёзувида чалкашлик йўқ, чизиқлар тортилмаган қоғозга ҳам текис ёза олади — баланд бўйли инсонлар.

Сўзни тўлиқ ёзишга жой етса ҳам бўғин кўчириш, ҳарф ва сўзлари чўзиқ, илмоқ лар узун — паст бўйлилар.

Ҳарфларни қисқартириш, қатор охиридаги сўз ё ҳарфларнинг пастга тушиб кетиши — ўрта бўйлилар.

Оқ-сариқдан келган, малла сочли (блондинка)ларнинг ёзуви аниқ, дид билан ёзилган бўлади. Ҳарф ва сўзлари майда, чўзилмаган. Қатор чизилмаган вараққа ҳам текис ёзади. Малласочларнинг кўпчилигининг ҳуснихати чиройли.

Қора сочли (брюнет) лар улардан фарқли равишда қатор чизилмаган жойда тепага чиқиб кетади. Унинг ҳуснихатида чиройли ёзишга уринишлар сезилиб туради. У бош ҳарфларни билинтириб ёзади, баъзан кераксиз жойда ҳам бош ҳарфни ишлатади.

ЁЗУВ ВА КАСБ
Давлат ишида ишловчи кишилар ҳарфлар формасига эътиборсиз ёзишади. Аксинча ёзадиганлар эса кўпинча ишчи, ҳунарманд, хизматчиларга тегишли бўлади. Фаолиятида бевосита пул билан муомала қилувчи, масалан, сотувчи, дорихона хизматчиси, тадбиркорлар кўп ўчиришади, бўяшади. Умуман олганда, уларнинг ҳуснихати камдан-кам чиройли бўлади.

Қатор чизилмаган қоғозга ёзганда пастга тушиб кетиш шоирларга хос.

Графологияда кузатилган яна бир ҳолат: тикувчининг ҳуснихати чиройли бўлади.

КОНВЕРТ УСТИДАГИ ЁЗУВЛАР
Конвертнинг хат юборувчи ва олувчи ҳақида маълумотлар қисмига биринчи қаергалиги, ундан сўнг кимгалиги ёзилса, у ақлли, аммо ҳаётий тажриба ва амалий сабоқлари кам, қарор қабул қилиши қийин одам бўлади.

Биринчи шаҳар, кейин кўча ва хонадон ёзилса, бу хат юборувчининг индивидуал хусусиятлари ва эркинлиги кам, бировга қулоқ солувчи эканлигини кўрсатади.

Фақат ажратилган чизиқларга ёзган, ҳамма сўзлар бир хил қолипда бўлса, у одам эътиборли, юмшоқтабиат ва эҳтиёткор бўлади.

Уй рақами учун алоҳида қатор ажратса, пунктуал ва дангаллигидан дарак беради.

Шунингдек, баъзи маълумотларни эътибор тортишга ундаб алоҳида ёзса, эътиқодли, хушмуомала инсон бўлади.

Айрим сўзларниннг (масалан, шаҳар) тагига чизиб қўйса, хат юборувчи жўшқин, серхавотир, қизиққон экан деб ўйлайверинг.

Жой номларини қисқартириш жиддийлик, тартиб ва ақлий қобилиятнинг юқорилигини англатади.

Конвертда хат боши (абзац) ташкил қилиш  ўша одамда маълум характернинг шаклланмагани, ўзини ақлли кўрсатишга уриниш деб тахмин қилинади. Маълумотларни сиғдириш учун жойни аяб ёзса, камтар ва меҳнаткаш инсон бўлади.

ЁЗУВ ВА ТЕМПЕРАМЕНТ
Сангвиник темпераментига мансублар тез ва қатъий ёзади, уларнинг хати чиройли бўлади.

Флегматиклар сиёҳни кўп ишлатади, ботириб ва қорайтириб ёзади. Худди шундай кўп сиёҳ билан, баъзи элементларни узун ёзса, ёзув бир маромда бўлмаса, ундай одамларнинг кайфияти тез-тез ўзгарувчан бўлади, ўзи ҳақида кўп орзу қилади, ёши ва табақа-гуруҳлари билан ҳисоблашмай иш кўради.

Меланхоликлар қоғоз ва чизиққа бўйсунмаган ҳолда тартибсиз ёзишади.

Холерик ёзувига эса тушуниш қийин, унинг хатида сўзлар орасидаги бўш катаклар ҳаммасида ҳар хил ва тартибсиз бўлади.

МАШҲУРЛАР ДАСТХАТИ
Ўзбекистон халқ артисти Насиба Абдуллаеванинг дастхати ўзи ҳақида ошкор этади:

Камтар, юмшоқ характерга эга. Ўз ҳурматини билади. Иззатталаб эмас. Манманликдан йироқ. Сўзини ўтказадиган инсонлар тоифасига киради. Жиззакилиги бор, танқидни унчалик хушламайди. Амал кетидан қувиш унга ёт. Сирини ҳеч кимга ошкор қилмайди (энг яқин инсони бундан мустасно). Куннинг иккинчи ярмида фаоллиги ортади. Пули кўп бўлса ҳам, кам бўлса ҳам характери ўзгармайди. Яхшилик қилганни ҳам, ёмонлик қилганни ҳам эсидан чиқармайди.

Азиз махлислар! Агар ушбу лойиҳа сизда қизиқиш уйғотган бўлса, сиз ҳам ўз дастхатингизни таҳририятимизга йўлланг. Сизнинг имзонгизга мутахассислар томонидан баҳо берилади.

Махфура Аминзода

“7 Мўъжиза” газетасидан олинди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

2 × четыре =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз