Юртимизда

Севганингиз «baby girl»ми ёки «biznes-women»?

Нозик хилқат вакилалари характерини ажойиб ва қизиқарли, ҳеч ким охиригача ўқиб тугатолмаган сирли китобга ўхшатиш мумкин. Шунданми бирор қизни ром қилгунча йигитларнинг сочи оқариб кетади. Чунки уларнинг бирига ёққан муомала иккинчисининг ғашини келтириши эҳтимолдан холи эмас. Бир сўз билан айтганда, бир-иккита ўхшаш баъзи жиҳатини ҳисобга олмасак, қизлар бир-биридан кескин фарқ қилади. Шу боис йигитлар уларнинг кўнглига йўл топишга жуда қийналишади. Биз бугун қизларни 8 турга ажратиб, ички дунёсини очиб берамиз. Сиз эса ёқтирганингиз қайси гуруҳга мансублигини аниқлаб, кўнглини олишга ҳаракат қилинг!

ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, «КЎК ПАЙПОҚЛИ ҚИЗ»!

Аломатлари. У мода оламига мутлақо қизиқмайди, ранг-баранг мода журналларини варақлаш унинг учун қизиқарли эмас. Сочи «от думи» тарзида йиғилган ёки битта қилиб ўрилган бўлади. Ноз-карашма ёки йигитлар билан ҳазиллашишни мутлақо билмайди. Бошқа турдаги қизлар уларни «кўк пайпоқ» ёки замондан орқада қолган, деб ҳисоблашади. Аёлларга хос латофат ҳамда назокатдан жуда йироқ.

Ташхис. Сурункали консерватизм. Ёлғизликка муккасидан кетиш.

Даволаш усули. Барча қизларга мос даво тури бу, албатта, бирор йигитнинг оташин муҳаббати ҳамда ўзига бўлган ишончнинг ортиши. Ана шунда ёлғизлик ниқоби остида таъсирчан аёл қалби ётганини кўриш мумкин.

САМИМИЙ «BABY-GIRL»
Аломатлари. Бундай қизлар фақат эртаклардагина мавжуд, деганлар янглишади. Унинг хатти-ҳаракатлари мантиқдан холи, бошқа турдаги қизлар учун эса тушунарсиз. «Орзу қилдимми, амалга ошади!» — бу уларнинг ҳаётий шиори. Жуда тез хафа бўлади. Унга барча инжиқликларига кўз юмадиган «дадажон» керак. «Baby-girl»ларни ташқи кўринишидан бемалол аниқлаш мумкин: ёрқин кийим-бош, сочига тақилган бир олам тўғноғичлар ва ўсмир қизларга хос аксессуарлар.

Ташхис. Болалик дунёсида қолиб кетган. Ўта содда ва инжиқ.

Даволаш усули. Бу каби қизларнинг бўйнига кимгадир ғамхўрлик қилиш масъулиятини юклаб, яхши томонга ўзгартириш мумкин. У ва бошқа типдаги қизларни оналик улғайтиради. Бошланишига қизалоққа бирор-бир уй ҳайвонини совға қилинг.

«ОНАХОН» ҚИЗЛАР

Аломатлари. Унинг меҳрибонлиги чегара билмайди. Ҳар қандай касалликка нима даво бўлишини билади. Унинг ёнида сиз ҳимоясиз кичкина болакайга айланасиз. Дардингизни айтиб улгурмасингиздан маслаҳатлар ёмғири ёғилади. Сиз бу «онахон» қизни дўстлари кўплиги ва уйидаги тозалик ҳамда шинамликдан ажратиб оласиз.

Ташхис. Ҳаммага ёрдам бериш иштиёқида ёнади. Туғма раҳнамо.

Даволаш усули. Бу турдаги қизнинг ёрдамини ҳамма ҳам қабул қилади-ю, бироқ шунга муносиб жавоб қайтарадигани жуда кам. Сиз унга миннатдорчилик тариқасида бирор сюрприз уюштиринг. У бундан жуда хурсанд бўлади!

МУСТАҚИЛЛИК ВА ТЕНГЛИК ТАРАФДОРИ

Аломатлари. У доим охирги янгиликлардан бохабар. Бу қиз «Дунёда заиф жинс бўлмайди, Ер сайёрасидаги барча инсонлар тенгдир», деган фикрда. Уни бошқа қизлардан фарқлаб олиш учун сўзларига қулоқ тутинг. Замонавий қизлар томонидан эришилаётган муваффақиятлар тилидан тушмайди.

Ташхис. Жинслар орасидаги тенгликка қатъий ишониш.

Даволаш усули. Бошқа ҳар қандай аёлдан кўра, уларни енгиш жуда қийин бўлади. Фақат чин муҳаббатни ҳис қилгачгина бирор-бир йигитнинг метин ҳимояси остида яшаш катта бахт эканлигини англаб етади.

МАККОР ҚАЛБ ЎҒРИЛАРИ

Аломатлари. Ўтмиши йигитларнинг чил-чил синган юраклари билан тўлиб-тошган. Ўзи эса янги қурбон қидириш билан овора. Йигитларни йўлдан уришни яхши кўради, ундан қочиб қутулиш осон иш эмас! Бундай қизларни ўта кўзга ташланадиган либос ва ёрқин пардозига қараб фарқлаш мумкин.

Ташхис. Магнити кучли. Ҳар қандай даврага беистиҳола қўшилиб кета олади.

Даволаш усули. Бошқа барча типдаги қизларни муҳаббат даволайди, десак-да, бунисига маслаҳат бермаймиз. Аксинча, гўзаллигини пайқамагандек бўлиб, ўзингизни четга олинг. Муносабат ўрнатишга шошилманг. Ана шунда йиртқич йўлбарс мулойим уй мушугига айланади.

СОБИТҚАДАМ «BIZNES-WOMEN»

Аломатлари. Ишдан бўш вақтлари жуда кам бўлади, шунда ҳам фақат иш ҳақида ўйлайди. Графикдан ташқарида содир бўлаётган ишларни беэътибор қолдиради. Бундай характердаги қизларни телефонининг тинимсиз жиринглаши, сипо костьюми ҳамда блокнотига ҳадеб қарайверишидан билиб олиш қийин эмас.

Ташхис. Ўзгармас принцип соҳибаси. Туғма ташкилотчи.

Даволаш усули. Унинг кўнглини овлаш учун ундан ортиқ ташкилотчи бўлишингиз лозим. Даромадингиз ҳам уникидан кўп бўлсин. Қалбида оналик туйғусини уйғотиб ҳам «biznes-women»ни тўйга рози қилса бўлади.

ЖАНЖАЛКАШ ЭГОВ-ҚИЗ
Аломатлари. Нима истаётганини аниқ билади, бироқ шароит қандай бўлишидан қатъи назар истагига эришиши лозим. Ҳаётий принципи — «Мақсадим аниқ — унга нима билан эришишнинг аҳамияти йўқ». Бундай эгов қизлар ҳалқаси олиб ташланган гранатага ўхшайди.

Ташхис. Туғма ўжар ва қатъиятли. Ўта худбин.

Даволаш усули. Унинг характери қандайлигини бир қарашда билиб ололмайсиз, чунки бундай қизлар ҳақиқий актриса бўлади. Сиз билан ўйнаш ва тусланишни боплайди. Фақат биргина хатога йўл қўяди, яъни доим ўзига ёққан ишни қилади. Ана шунда кўзгу усулини қўлланг. Ўзидан ҳам худбинроқ ва кучлироқ шахсни ёқтириб қолгач, характерини ўзгартиради.

КУЧЛИ АМАЗОНКА

Аломатлари. Чексиз энергияга бой, кучли ва қатъиятли қиз. Ҳеч нарсадан қўрқмайди. Оёғида маҳкам туриб олган, ҳеч ким оёғидан чалишига йўл қўймайди. Уни битмас-туганмас муваффақиятларидан таниб олишингиз ҳеч гап эмас. Бироқ шу билан биргаликда ич-ичидан нозиктаъблиги билан ҳам ажралиб туради.

Ташхис. Йигитларга хос характерлари кўп.

Даволаш усули. Кучли муҳаббат ёрдамида аёллик, оналик туйғусини уйғотиш лозим. Унинг айсберг музликлари сингари қор босган қалбини фақат энг нозик ҳисларгина эритишга қодир. Муттасил хушомадлар уни қалбан ва руҳан ўзгартириши мумкин.

Аёллар феъл-атворини ўрганиш борасида минг йиллар мобайнида тадқиқот ўтказилаётган бўлса-да, ҳали ҳам уларни охиригача тушуниб бўлмайди. Энг моҳир руҳшунос ҳам бунга қодир эмас. Балки, сизнинг ёқтирган қизингиз буларнинг ҳеч бирига тўғри келмас. Агар шундай бўлса, ортга чекинманг. Барчага маълум ва машҳур усулни танланг. Муҳаббатингизни ҳар қандай йўл билан бўлса-да, исботлайверинг! Хушомадларни ёғдириб ташланг, ахир айтишади-ку «Аёллар қулоғи билан яхши кўради», деб!

Озода ҲАЛИМОВА тайёрлади.

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

два + семь =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз