Ҳой ичимлик, дадамни қайтар!

0

Мубина, 8 ёшда:

-Дадам нега унақа бўлиб қолди-а? Сизлар билмайсизми фаришталар? Олдинлари бошқача эди. Ҳеч ҳам урмасди, сўкмасди. Ҳар куни ишдан қайтганида ширинлик олиб келарди. Ухлаб қолгунимча эртак айтиб бериб, бошимни силаб, пешонамдан ўпиб қўярди. Эндичи?.. Охирги марта хонамга кирганига яқинда бир йил  бўлади. Ҳаммасига ўша шишадаги оқ ичимлик айбдор. Бунчаям сассиқ бўлмаса-я. Уйда ҳеч ким йўқлигида шишасини хидлаб кўргандим, жудаям бадбўй… Дадам қандай қилиб ҳар куни шуни ичар экан-а? Бечора дадам. Шунақа захарсифат нарсани ичиб ўзини қийнайди. Мастура холани қўшнимиз Гулмира опага айтаётганини эшитиб қолдим “Абдужалил алкаш бўлиб қолган” деди. Менинг дадам алкаш эмас! Нега унақа дейишади. Ёмон кўраман иккаласини ҳам. Ҳаммасига ўша ичимлик айбдор, ҳой ичимлик дадамни қайтар тез! Қачонгача қийнайсан бизни!.. Ойим бўлганларида бунақа бўлмасди. Сиз фаришталар ойимни ҳар куни кўрасизларку-а? Кўрганингизда айтиб қўйинг тезроқ қайтсинлар. Бу ёқда дадам қийналиб кетди. Индинга Ҳайит. Балки байрамга ойим келиб қолар… Бу энг яхши совға бўларди! Майли, энди ётиб ухлайман. Эртага мактабга боришим керак. Вой кўкарган кўзим билан қандай бораман. Ўқитувчим “Нима қилди?” деб сўрасачи… Кроватимга урволдим дейман. Дадам урди десам, ўтган сафаргидек директор дадамни чақириб роса уришади. Хайрли тун!

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here