Юртимизда

Ғойибона севдириш усули

Инсон мия марказининг сўз ва товушларни  идрок қилиш ва баҳолашга маъсул нейронлари ўз вазифасини туғилган вақтиданоқ бажаришни бошлайди. Икки ҳафталик чақалоқ сўзларнинг маъносини тушунмаса ҳам оҳангини хатосиз ажарата олади. Ушбу қобилият туфайли биз овоз орқали инсон табиатини белгилаб оламиз, физиологик ва руҳий портретини чизамиз. Бегона одам овозини эшитган чоғимизда, ички сезги боис унинг қиёфаси тасаввуримизда гавдаланади: кекса ёки ёш, тўладан келган ёки ориқ, паст бўйли ёки новча, меҳрибон ёки золим, камтар ёки такаббур ва ҳоказо.

Шундай муайян стереотиплар (қолип) борки, унга кўра, овозимиз қандайлигига қараб заковат даражамиз, машғулот ҳамда мижозимизни аниқлаш мумкин. Мисол учун, агар киши аниқ, тез, шиддат билан гапирадиган бўлса, у етарли даражада серғайрат, аввал бажариб, сўнг ўйлайдиганлар хилидан. Аксинча секин сўзласа, ҳар бир жумлани тарозига солиб гапирса, бу одам шошилмай, вазиятни яхшилаб таҳлил қилади ва етти ўлчаб, бир кесади.

Агар сўзлаётган кишининг жумласи ноаниқ якун топса, гаплари мантиқан боғланмаса ва тез айтишга ўхшаб қолса, у ҳаётда ҳам пала-партиш.

Соғлиқ ёки кайфиятдаги исталган ўзгариш нутқда билинади. Бу кўплаб касб эгалар – руҳшунос, терговчи, сиёсатчи ҳамда менежерларга яхши маълум.

Қуйида айнан овоз тембрларига қараб инсон характерига хос қирраларни аниқлашга уриниб кўрамиз.

 

Овоздаги кескин интонация

Сиз ҳар бир қадамингиз, ҳатто олаётган нафасингизни ҳам назорат қиласиз. Бу хислат ҳамкасбларингиз ва бошлиғингизда яхши таассурот қолдиради, аммо яқинларингизнинг асаблари таранг тортилишига сабабчи бўлади. Чунки қариндош-уруғ, ёр-биродарлар учун сиз ҳаётдан завқ ола билмайдиган инсонсиз. Гарчи ўзингизни тута олишингизга кўпчилик ҳавас қилса ҳам сирлилик уларнинг ғашига тегади.

 

Темир жарангидек овоз

Бундай овоз соҳибини Яратган ирода ва матонат билан сийлаган, улар ҳар қандай қаршиликни енгиб ўта олишади. Суҳбатдошлар асабларини сақлаш учун улардан ўзларини четга олишади.

 

Баланд овоз

Барчадан устун бўлишга, инсонлар ва вазиятни назорат қилишга интилувчан инсон. Бу бошқаларнинг руҳини тушириб, чўчитиб қўйиши ҳам мумкин. Бундай овоз эгаси билан суҳбатдош бўлганлар унинг тарбия кўрмаган ва худбинлигини тилга олишади.

Баланд овоз ўзига ишонч белгиси, деган хато фикр ҳам мавжуд. Аксинча бундай инсонлар шу йўл билан ўзгалар эътиборини тортишга ҳаракат қилишади.

Бундай овоз қўрқоқ, ўз кучига ишонмаган кишиларга ҳам хосдир. Чунки баъзида паст бўйли ёки гавда тузилиши нотўғри инсонлар ўз жисмоний камчиликларини шу йўл билан тўлдиришга уринишади.

Ҳақиқий ўз кучига ишонган киши камдан-кам ҳолда, асосан ақл билан босим ўтказиш керак бўлган вақтдагина баланд овозда гапириши мумкин.

 

Хотиржам ва қатъиятли овоз

Ўзингизни бутун дунёга танитишни орзу қиласиз. Ўз-ўзини бошқариш ва ўзингизни тута билиш — сизнинг асосий бойлигингиз. Улардан тўғри фойдалана олсангиз, яхши натижаларга эришишингиз мумкин. Бироқ, фикрларни ҳаддан ортиқ аниқ ифодалаганингиз учун гапларингиз баъзида ясамадек туюлади.

 

Баланд ва жарангдор овоз

Овоз эгаси ўзгаларда серҳаракат, тажрибасиз, баъзан эса қўли эгри деган таассуротни қолдиради. Овоз қанчалик баланд бўлса, амали шунчалик паст бўлади, — дея изоҳ беради бу борада статистика. Шу сабаб жарангдор оҳангда гапирувчи одамнинг суҳбатдош ноқулай аҳволга тушиб, беихтиёр овозини пасайтиради.

 

Бефарқ овоз

Агар суҳбатдошингизнинг овози текис ва лоқайд бўлса, унга суҳбат қизиқ эмас. Шунчаки у оғир руҳий ҳолатда ёки зерикмоқда. Бундай сўзлашиш услуби баъзида яширин кучли кечинмалардан ҳам дарак бериши мумкин, булар —  хафагарчилик, рашк, нафрат ва ҳоказо.

 

Норози овоз

Бундай овоз эгалари баландпарвоз сўзлашга мойил, бироз манман, қатъиятсиз, бошқа одамларнинг муваффақиятини олқишлашга бўлган интилиш, ақл ва бошқа сифатлар.

Атрофдагиларга ҳурматсизлик ва такаббурларча муносабат.

 

Димоғдор овоз

Одатда бундай суҳбатдош гапга қулоқ солмайди, аммо бу ҳолат юз берса, демак у суҳбатдошига жуда қизиқиб қолган. Димоғдор овоз изтироб, асабийлик, қаттиқ ҳаяжондан ҳам дарак беради.

 

Паст овоз

Ишонч, ўзига тўқлик, заковатдан дарак. Бундай овоз эгасини таниқли одамдек қабул қилишади. Эркакнинг овози қанчалик паст бўлса, у шунча ишончли, деб ҳисоблайди аёллар. Паст ва майин овоз ҳатто ғойибона тарзда бўлса ҳам муҳаббат торларини черта олади.

 

Баланд нутқ

Баланд нутқ ўзида қалбан беозорлик, заифлик, ишончсизлик ва фаолликни яширади.

 

Тушуниб бўлмайдиган нутқ

Бундай киши ўз фикрларини баён эта олмайди, безовта, уятчан ёки чарчаган. У етакчи эмас, унга ҳаётий таассуротлар, шодлик, қувват етишмайди.

 

Тезкор нутқ

Бундай сўзлашув услубига эга инсонлар жуда фаол гап сотишади ва узоқ ўйлаб ўтирмасдан қарор қабул қилишади. Шошқалоқлик ва таъсирчанлик уларнинг нуфузига таъсир кўрсатади.

Тез нутқ эътиборни жалб қилишга бўлган интилиш бўлиб, ишончсизликнинг ўрнини тўлдириш учун хизмат қилади.

 

Секин нутқ

Асосан ўзига бўлган ишонч, мувозанат, саросима ёки чарчоқ, ўйчанликдан дарак бериши мумкин.

 

Тутилиб сўзлаш

Ишончсизлик, хижолат чекиш, асабийликни англатади. Беҳаловат қўл ва оёқлар унга ҳамроҳ бўлади. Ёки бундай одам иккиюзламачи бўлиши ҳам мумкин. Ёлғончи кўзини олиб қочади, оғзи ёки юзининг бошқа қисмини беркитади.

 

Зорланувчи, инжиқ нутқ

Руҳий ҳолати турғун бўлмаган, ишончсизлик, шикоят, омадсизлик ва машаққатлар доим ёр бўладиган одамга хос нутқ. Доим зорланиб юрувчи одам бошқаларнинг заиф нуқталарини жуда нозик тушунади ва ўз муаммоларини ўзгалар қўли билан ҳал қилиш бобида устаси фаранг. У билан муносабатда дарҳол муносиб позицияни эгаллаш керак. Акс ҳолда, кўз очиб юмгунча сиз унинг муаммоларини “шатакка” олган бўласиз.

 

Сокин ва бир хил оҳангдаги нутқ

Сокин овоз ўз эгаси ҳақида тамоман қарама-қарши фикрлар уйғотиши мумкин, шу сабаб хулоса чиқаришга шошилмаслик лозим. Бундай инсонлар нотўғри гапириб қўйишдан жуда қўрқишади. Улар ҳаётда яратувчидан кўра, ижро этувчиларга кўпроқ мос келади.

Сокин нутқ баъзида ўзига ишончи баланд, обрў-эътиборли, бошқаларни ўзи билан ҳисоблашишга мажбур этадиган ва ўзига қулоқ солишларини истайдиган инсонга тааллуқли бўлади.

 

Асабий нутқ

Сиз доим ҳиссиётлар уммонида қайнаб турасиз, шу боис ҳам нутқингиз бироз асабий. Бундай тиниб-тинчимаслигингиз билан атрофдагиларни ўзингиздан бездириб қўйишингиз мумкин. Чунки улар сизнинг олдингизда худди игнанинг устида ўтиргандек ўтиришади.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, овоз ҳамда нутқингиз сизни нафақат севдириши, балки сотиб қўйиши ҳам мумкин. Шу боис агар ҳис-туйғуларингизни яширмоқчи бўлсангиз, энг аввало овозингизга эътибор қаратинг. Самимийлик чегарасидан четга чиқмаган ҳолда, албатта.

Озода ҲАЛИМОВА

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

восемь − четыре =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз