Юртимизда

Севимли кружкангиз ранги қора. Демак сиз…

Дунёда қанча инсон бўлса, уларнинг характери ҳам шунга яраша турфа хил. Кимлардир чой ёки қаҳвани нимада ичаётгани билан қизиқмайди ҳам. Ҳатто бокалнинг шакли ва суратига ҳам эътибор бермайди. Баъзилар эса ўз идишларига қаттиқ ўрганиб қолганлиги боис саёҳатга отланганида ҳам уни ўзи билан олиб кетишади.

Руҳшуносларнинг фикрича, одамларнинг идиш-товоқ танлашлари ўз-ўзидан юз бермайди ва уларнинг ичимликларни нимада ичишига қараб ҳам феъл-атворини айтиб бериш мумкин экан. Демак, бу сафар сиз ҳақингизда кружкангиз сўзлайди.

Термокружка — истеъдодли шахс

Агар қаршингиздаги инсон термокружка ишқибози бўлса, демак, ҳар томонлама иқтидорли, кўпқиррали экан. У ажойиб мутахассис бўлиш билан бирга оилапарвар ҳамдир. Қизиқишлари жуда кўп ва у буни яшириб ҳам ўтирмайди.

Одатда, бундай инсонлар сайру саёҳат, саргузаштларни яхши кўради. Фаол дам олиш — уларнинг хоббиси. Бироқ беш юлдузли меҳмонхонада ёки санаторийга йўлланма олиб, маза қилиб дам олиш улар учун эмас. Чодир тикиб, гулхан ёқиб, гитарада куй чалганча дам олишга нима етсин!

Олдига бирор мақсад қўйса, гарчи эришиш қийин бўлса ҳам охиригача етказмай қўймайди.

Агар сиз мана шундай эркакни танлаган бўлсангиз, ажойиб танлов билан қутлашимиз мумкин. У худди тоғ каби ишончли, муаммоларингизни ечишда бемалол унинг ёрдамига таяна оласиз.

Пластик ёки картон стаканлар —ҳавойи инсон

Агар бирор ҳамкасбингиз қаҳва ёки чойни пластик ё картон стаканларда ичаётганини кўрсангиз, қаршингизда енгилтак ва ҳавойи инсон турибди. Ўзига қандайдир масъулият олишни (ҳатто кружкани ювишни ҳам) мутлақо истамайди. Елкасига бурч юклайдиган вазиятлардан ҳам қочишга ҳаракат қилади. Бироқ бошқа томондан пластик идиш ишқибозлари бирор нарсага эътибор қаратдими, барча куч-ғайратини шунга йўналтиради. Кимлар учундир бу ўз иши, яна бошқаси учун эса муҳаббати бўлиши мумкин. Демак, эътиборли бўлинг: тез орада сиз ушбу танишингизда ўзини-ўзи яхши кўриш, худбинлик аломатларини сезишингиз ҳеч гап эмас. Агар сиз жиддий оилавий муносабатларни истаётган бўлсангиз, ўзингиз учун яхшироқ жуфт топинг.

Ликопчага қўйилган чашка — юқори дидли инсон

Севимли инсонингиз чашкани ликопчага қўйиб ичишни яхши кўрадими? Демак, қаршингизда эстетик диди юқори, максималист ва истиқболи порлоқ инсон турибди. У ярим туйғу, яримтон ва кинояларни тушунмайди. Доим максимал даражада ҳаракат қилади, анъаналарни улуғлайди. Бу инсонга одоб чегарасидан чиқмасдан муомала қилиш лозим.

Перфекционизм (доим фақат энг яхшисига интилиш) уларни доим энг зўр бўлишга ундайди. Бундан унинг ўзи ҳам, яқинлари ҳам азият чекади. Агар у етакчиликка эришиш учун бор кучини сарфласа, ҳаётнинг нақадар ажойиб эканлигидан бехабар ҳолда ўтиб кетади. Шу боис ҳаётга яқинроқ бўлинг.

Ёзувли кружка — ўз-ўзига таъкид

Агар кимнингдир кружкасида ёзувлар борлигини кўрсангиз, доим ҳам бу унинг ҳазилкашлигини билдирмайди. Аксинча, бундай ёзувлар атрофдагиларни огоҳлантиради. «Сўзлайдиган» кружка ҳимоявий характерга эга бўлиб, ўз эгасининг фобия ва қўрқувларини яшириб туради. Масалан, агар кружкага: «Менинг ойим — дунёдаги энг яхши аёл!» деб ёзиб қўйилган бўлса, онасига бўлган кучли ҳурматини эмас, атрофдагиларга: «Мен ёлғиз эмасман! Кимгадир керакман! Мени яхши кўришади!» демоқчи бўлади. Ёки кружкадаги ёзув одамнинг ўзига-ўзи бирор нарсани таъкидлашини ҳам англатади. Агар бу ёрдам берадиган бўлса, нега энди шундай қилмаслик керак?!

Ёзувли кружкани яна киришимли ва ўзгалар ҳимоясига муҳтож инсонлар ҳам яхши кўришади. Худбинлар эса ҳатто чойни ҳам бокалда ичишни хуш кўришади. Ёки чашкасига сурат (ўзиники бўлиши шарт эмас) туширтиради.

Йирик кружка

Катта, йирик кружка эгалари жиддий, оғир-босиқ, сабрли инсонлар бўлишади. Кўпинча уларнинг столида газли ичимлик ёки чой бўлади. Унчалик катта бўлмаган чашкаларни эса диди нозик ҳақиқий эстетлар танлашади.

Дўстларига меҳрибон, садоқатли инсон бир хил рангдаги чашкани танлайди, ҳавойи инсон эса ранг-баранг кружкага мойил бўлади. Шаффоф идиш эса кўпинча сирли ва ўзига хос инсонларга жуда ёқади.

Ўзига хос шаклдаги кружкалар креатив ва оригинал инсонларнинг жону дили. Бироқ бундай инсон билан тил топишиш унчалик осон эмас.

Шиша стаканларни эса аразчи ва кек сақлайдиган инсонлар ёқтиради.

Гуллар,эртак суратлари туширилган кружкалар

Гул ва мевалар, анимацион персонажлар, ҳайвон ҳамда эртаксимон суратлар туширилган кружкалар эгасининг романтик, болафеъл, самимий ва бетакрорлигидан дарак беради. Бундай инсонлар доим оригиналликка интилади, бироқ ҳамиша ҳам бунинг уддасидан чиқа олмайди. Бундай кружка эгалари шинамликни қадрлайди.

РАНГИГА ҚАРАБ…

Нафақат чашканинг шакли ёки ундаги сурат, балки рангига қараб ҳам кружка эгаси ҳақида кўп нарса билиб олиш мумкин экан. Бунда чашкага бирор сурат туширилган бўлса, тагидаги асос ранг ҳисобга олинади.

Қизил кружка

Куч-ғайрати ошиб-тошган, кўпқиррали, фаол ва нафсонияти юқори одам. Уларнинг осонгина жаҳли чиқиб, зерикиб қолади. Ҳаракатсиз яшай олмайди. Олдига бирор мақсад қўйса, эришмасдан қўймайди.

Сариқ кружка

Қизиқувчан, интилувчан, ишқибоз одам. Доим мустақил бўлишга интилгани учун атрофдагилар кўз ўнгида ҳовлиқма ва беҳаловат бўлиб кўринади. Ғайриодатий, мода ортидан қувувчи шахс.

Оқ кружка

Озодликни яхши кўрадиган, фавқулотда қобилиятли, ички сезгиси юқори, ақлли ва хушчақчақ инсон. Кўпинча атрофдагиларга талабчан ва муҳокамага мойил.

Қора кружка

Идеалист ва прагматизм тарафдори. Бундай инсонлар муаммо ва тушкунликка тушишга мойил. Шу боис ҳар бир янги нарсага шубҳа билан қарайди. Гоҳида жуда талабчан бўлиб кетади.

Яшил кружка

Ўзига ишончи юқори, етакчи инсонлар шундай рангдаги кружкани танлайди. Гоҳида жуда ҳисоб-китобли, баъзан эса меҳнатсевар ва ҳаракатчан. Бу баъзида атрофдагиларда ҳайрат уйғотади.

Кўк кружка

Доим хотиржам бўлишни истайдиган, зиддиятлардан қочиб юрадиган шахс. Ёлғизликдан қўрқади, таъсирчан ва аразчи. Улардек тинчликсеварларни ҳеч қаердан топа олмайсиз. Уларнинг шиори — ҳар нарсада меъёр бўлгани маъқул.

Озода ҲАЛИМОВА тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

один + 3 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз