Юртимизда

Ўлимга ҳам Ватан сизни бермас эди, Ажални ёт юртда енгмоқ маҳол бўлгай…

Абдулла Орипов хотирасига

Болаликдан мен ҳам шеър деб ёнган эдим,
Не қиларим билмай баъзан толган эдим.
Ориповдан қарзга олов олган эдим –
Бу қарзимни бугун айтсам, ҳалол бўлгай.

Ҳар бир сўзни кўнгил билан терган эди,
Аъмоли ҳам, тақдири ҳам шеърдан эди.
Истеъдодни унга худо берган эди,
Банда десак, ҳақиқатга малол бўлгай.

Тобеликнинг қўрқинчлари ҳали бисёр.
Дилларида, тилларида минг ифтихор:
“Ўзбекистон Ватаним” деб айтган илк бор –
Бу мард зотнинг мардлигидан тил лол бўлгай.

Гарчи ажал илтижога кўнмас эди,
Биламиз-ку асил шоир ўлмас эди.
Ўлимга ҳам Ватан сизни бермас эди.
Ажални ёт юртда енгмоқ маҳол бўлгай.

Кўз ёшларим оқаётир нолам узра,
Шоир – парвоз сўзда кечган ҳар дам узра,
Воҳким, учди тобути ҳам олам узра –
Бу парвозлар мангуликдан бир фол бўлгай.

Оғажоним, сўзда ғамни шоширгайман,
Ҳасратимни қаътларига яширгайман.
Сизни ёлғиз худовандга топширгайман,
Энди ўзга сўз демаклик завол бўлгай.

Бу йил диллар видоларда куйиб ўтди,
Вақт йиғидан ўпка-бағри тўйиб ўтди.
Не зотларни қаро ерга қўйиб ўтди,
Кимга жавоб, кимга бу ҳол савол бўлгай.

Видо айтдим, видо айтдим, видо айтдим –
Бу шеъримни ақлу ҳушдан жудо айтдим,
Зарра қўрқмай, маргу ҳаёт аро айтдим –
Воҳ, видонинг қадлари ҳам минг дол бўлгай.

Усмон Азим

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

16 − четырнадцать =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз