Юртимизда

Абдулла Ориповнинг ҳали сиз ўқимаган шеърлари

ЗИЁЛИ

Ҳеч кимга зиёни тегмайди асло,
Боқсалар – кўзлари қиёлиларим.
Лекин мақтов кутар қушдан ҳам ҳатто,
Менинг азиз қавмим – зиёлиларим.

Тўғри, бир озгина оғзига ботир,
Бир оз хаёлпараст, бир оз ҳавойи.
Бир боқсанг, ўзини атайди Бобур,
Бир боқсанг, тасаввуф пири – Навоий.

Уларнинг феълини ўрганмоқ даркор,
Бу гап баб-баравар ҳаммасига хос.
Хаёли бўлса-да пуч ҳамда бекор,
Ўзлари ишонар унга рўйи-рост.

Дейди, тонгга қадар ёздик хуморни,
Шукур Бурҳон билан ўтирдик анча.
Минг афсус, беназир, улуғ актёрнинг
Ўтиб кетганига бўлгандир қанча.

Дейди, қараб турар бизларга миллат,
Кеча кўриб келдик, уйига бориб.
Мендан сўраб олди кўплаб маслаҳат,
Хурсанд бўлиб қолди Абдулла Ориф.

Баъзида унвонлар ҳидини сезиб,
У дарров ўзини рамкага солар.
Гоҳо дабдурустдан калласи қизиб,
Нобель мукофотин талашиб қолар.

Фаришта қавмини кўрмадим ҳеч вақт,
Демак, Иблисни ҳам учратмадим, бас.
Лекин бир оз ўтрик, бир оз маҳобат,
Зиёли халқига бегона эмас.

Асл зиёлидир миллатнинг юзи,
Ҳатто сезилади сирлилик ҳам сал.
Унинг «Соғаясиз!» деган бир сўзи,
Юзаки таскиндан минг бора афзал.

01.05.2015

НАМОЙИШ

Осмони фалакда чиқди фармойиш:
«Сомончи йўлида ўтсин намойиш!

Қатнашсин катта-ю кичик давлатлар,
Барча қитъалардан, барча давлатлар».

Чиндан кўрик бўлди ғоятда катта,
Олам йиғилганди ахир парадда.

Найзасин кўтариб Африка ўтди,
«Там-там» овозлари самони тутди.

Улар кийиб олган турфа либосин,
Бири филин минган, бири қўтосин.

Осиё етаклаб болаларини,
Аравага ортган бомбаларини.

Бизникилар ўтди хушнуд ва ғолиб,
Пахта чаноғини қўлига олиб.

Ўтдилар, дейишиб акани опа,
Жинсни фарқлай олмай қолган Европа.

Турли ўйиннинг ҳам борлиги дуруст,
Ракетаси билан қўрқитди ўрис.

Ҳамма ёқни босган турли штаблар,
Режессёрлик қилди ўзи – Штатлар.

Томоша охирлаб қолди-ку қарийб,
Оҳ, ҳеч ким ўтмади китоб кўтариб.

04.05.2015

МУХЛИС

Балки нотанишсан, балки қариндош,
Фикрдош, суҳбатдош, сафардош, йўлдош.
Шоирнинг мухлиси бўлмасанг агар,
Уни севолмассан, билиб қўй, юртдош.

05.05.2015

ОРИЯТ

Ер юзин тасмадек олгандир ўраб,
Турфа қавмларнинг сафи, қатори.
Бир ёнда боёнлар туришар қараб,
Ишларин ҳамиша келган барори.

Бир ёнда йўқсиллар тизилган борҳо,
Бошқалар сингари яхлит жамоат.
Лекин тиланишдан чарчамас асло,
Балки шараф эрур бундайин одат.

Учинчи қатор бор, учинчи қатор,
Хайру эҳсон кутиб, тиз чўка қолмас.
Улар ноёб зотлар, орияти бор,
Олтин танга узат, барибир, олмас!

07.05.2015

ТОЛСТОЙ

Сиз улуғ сиймосиз, тенги йўқ даҳо,
Бизга ижодингиз ҳамроҳ доимо.
Лекин уйдан қочиш режангиз қайда?
Менга ўша зарур, Толстой бобо!

07.05.2015

ИНСОН

Бировни мақтасанг, ёлғон, дейдилар,
Ўзингни мақтасанг, нодон, дейдилар.
Барчани лутф ила тўрга чиқариб,
Пойгакда ўтирсанг, инсон, дейдилар.

07.05.2015

БАНДЛИК

Нафақачи деб билманг мени,
Ғоят бандман, жуда ҳам бандман.
Пойгаларни унутиб, энди
Омоч тортган отга монандман.

Билиб, сезиб юрибман мен ҳам,
Атрофимда қанча дўст ва ёв.
Балки қай бир қаламкаш жўрам
Кутиб турар мендан ҳам мақтов.

Ҳар кун бир гап чиқади, шукур,
Муаммолар учрар қадамда.
Чарчамайди ғанимим тушкур,
Йиқитмоқчи бўлар ҳар дамда.

Юмушим кўп, оч қолар ахир
Мен бўлмасам, ҳасадгўйларим.
Боз устига тинмас, бесабр,
Қалбимдаги шеърим, ўйларим.

Ҳали мени кутмоқда сафар,
Буюк дўстим – ҳаётга видо.
Аҳволимни тушун, биродар,
Жуда бандман, ба ҳаққи Худо.

08.05.2015

ТАДБИР

Ўтказамиз келинг бир тадбир,
Ярим аср ортга қайтамиз.
Ким ҳам билиб турибди, ахир,
Биргалашиб ёлғон айтамиз.

09.05.2015

ДАРСЛИК ТУЗУВЧИ

Баланд экан ғоят шиддатинг,
Таҳриринг бор балки ҳаётга.
Бобонг билан момонг суратин
Киргизиб қўй адабиётга.

Четда қолар Ойбек ва Қаҳҳор
Кўргазмасанг агарда шафқат.
Лекин сендан бир ўтинчим бор:
Навоийга тегмагин фақат.

09.05.2015.

ҲАМЖИҲАТЛИК

Қадимда яшаган экан бир хоқон,
Давлати қудратли, халқи фаровон.

Лекин бир кун қўзиб фотиҳлик дарди,
Ўзга мамлакатга хуфя юборди.

Ўша томонларга дарҳол ел, деди,
Қудрати нимада, билиб кел, деди.

Кунлар ўтиб охир, хуфя ҳам қайтди,
Барча билганларин бирма-бир айтди.

Деди: – Кирмас бунга ўрмон, сойлиги,
Бойлиги кўп экан, кўпдир бойлиги.

Жим ўтирган ҳоқон бирдан тутоқди,
Қаҳрли сўзлари дарёдай оқди.

Деди: – Мен чинорман, у эса чўпдир,
Ундан бойликларим юз бора кўпдир.

Менга маъқул эмас ушбу хабаринг,
Кўринма кўзимга, сотқинсан баринг.

Иккинчи хуфяни топди-ку хоқон:
– Сирни сен билиб кел, югур, чопағон.

Хуфя бориб келди, бамисли шамол,
Кўрганин етказди ҳоқонга дарҳол:

– Мен борга жойларда яроқ кўп экан,
Ҳар ён қилич-қалқон, минглаб тўп экан.

Бу гапни эшитиб қичқирди ҳоқон:
Деди: – Қуролимни кўрмабди жаҳон.

Қимирлаган жонга берганман яроқ,
Қилич тақиб олган ҳатто чақалоқ.

Қутурган туялар, совутли филлар,
Кўрса тилдан қолар не мағрур эллар.

Менга душманимни турибсан мақтаб,
Ҳоқон бунисин ҳам юборди ҳайдаб.

Энди йўлга чиқди хуфя – учинчи,
Аралашиб кетди ёлғончи, чинчи.

У ҳам қайтиб келди бир муддат ўткач,
Сўзлади, ҳоқоннинг этагин ўпгач:

– Сизга фидо бўлсин хуфия бу жоним,
Сирни билиб келдим, тингланг, хоқоним:

Уларда бир орзу, бир ният экан,
Ҳаммаси жипс экан, ҳамжиҳат экан.

Ўрнидан қалқаркан бойми, камбағал,
Ватан деган сўзни эшитган маҳал.

Хоқон сўз демади, оғир тин олди,
Тахтига ёнбошлаб, ўйланиб қолди.

Деди: – Бундай юртни олиб бўлмайди,
Олсанг ҳам, измингга солиб бўлмайди.

Сафарнинг бу йўлин ёпингиз менга,
Тарқоқроқ давлатни топингиз менга.

10.05.2015

АПРЕЛ СОВУҒИ

Совуқни юборди Аллоҳ даргоҳи,
Дув-дув тўкилдилар дарахтлар оҳи.
Катталар танбеҳга балки лойиқдир,
Лекин болаларнинг недир гуноҳи?

11.05.2015

ИЛТИЖО

Инсонликка ишондим мен ҳам,
Гарчи қолдим ёлғиз ва ғариб.
Шафқат қилгин, яратган Эгам,
Ишончимни олма қайтариб.

Жондан ортиқ севгандим уни,
Оҳ, хотира бўлиб қолмагин.
Парвардигор, ўша туйғуни
Юрагимдан юлиб олмагин.

12.05.2015

БОЗОР

Бозор ҳамма йўлни юборди буриб,
Соҳиб қалбларнинг ҳам излари қуриб…
Ё Раб, англайдиган одам топилса,
Йиғлардим, пойига бошимни уриб.

12.05.2015

АЛДОВ

Бизларни алдабди шўролар чандон,
Барчангиз етук деб, ялпи саводхон.
Оғриган жойимни кейин билибман,
Во ажаб, бунчалар кўп экан нодон.

12.05.2015

КУЛФАТ

Сени нечук дўст дейман ахир,
Мақтамасман ҳатто жўрттага.
Дейсан, касал бўлибди шоир,
Ўлса керак яқин ўртада.

Комилликни учратганинг дам
Тополмассан борар ерингни.
Гўзал санъат, оддий бир шеър ҳам
Шилиб олар гўё терингни.

Менинг халқим ёвни кўп кўрган,
Ўзимиздан чиққан сен – кулфат.
Сендайларни туғиб, ўстирган
Оналарга ачингум фақат.

13.05.2015

 

ҚАНОАТ

Болам, умид билан яшагин, бироқ
Ҳаёт баланд-пастин бўйнингга олгин.
Ўзинг кабиларга яқин бўл кўпроқ,
Қол, деса мардларнинг ёнида қолгин.

Каттакон карвонга мансуб бўлса ҳам
Гадонинг рутбаси гадодир доим.
Омад билан имкон мангу бири кам,
Фақат тенг яратган нафсни Худойим.

Киборлар ичига адашиб кирган
Қаландар у жойдан албатта безгай.
Йўқсилнинг даврасин бир бора кўрган
Бойлар ҳам ўзларин ортиқча сезгай.

Инсон умид билан яшайди, аммо
Руҳини эзгайдир хорлик, каму кўст.
Аллоҳ айирмасин ризқидан асло,
Йўқдир, қаноатдан ортиқ бирор дўст.

Сира ростланмайди букри бу олам,
Бизлар-чи, ўтамиз такбирлар айтиб.
Шундоқ деган экан жўмард бир одам:
– Фазоларга учсам келмасдим қайтиб!

15.05.2015

БЕМОРЛАР

Ишдан чиқиб қолган бизнинг жисмимиз,
Йўлга бошлаб юрар қолган қисмимиз.
Ҳаммамиз баробар шифохонада,
– Навбатдаги бемор! – Бизнинг исмимиз.

16.05.2015

КОСМОДРОМ

Космодромга тун чўкар аста,
Чор-теварак одамга тўлиқ.
Бир томонга сотилган чипта,
Марсга бориш. Лекин қайтиш йўқ.

Ер юзини босган сукунат,
Жуда оғир, жуда ҳам оғир.
Олис юлдуз милтирар фақат,
Кўз ёшидек томчилар ёмғир.

Радионинг босиқ овози
Бу ҳолатни бузар дамбадам:
– Инсоният сизлардан рози,
Розидирсиз ахир сизлар ҳам.

Фазогирлар рўйхатин кимдир,
Сўнгги марта ўқиб, йўқлайди.
Ҳайрат ичра оломон жимдир,
Фақат биров пиқ-пиқ йиғлайди.

Одамзотнинг тарихида бу,
Рўй бермоқда бамисоли туш.
Айрилишар тириклай мангу,
Бўлиб ўтар сўнгги хайр-хуш.

Бир ҳасадгўй қийқирар шу он:
– Ёвим кетди, энди мен ҳурман.
Билиб қўйгин, эй кўҳна жаҳон,
Ўзим қолдим, ҳаммадан зўрман!

17.05.2015

ТЎТИҚУШИМ

– Тоғ ортида бор эди қўрам,
Тўтиқушим – чиройли бирам.
– Бобо, ундан қачон кетгансиз?
– Тўрт минг йилча бўлди, набирам.

17.05.2015

АНГЛАШ

Қандоқ таъсир қилди сенга у байрам,
Нечук вайрон этди ёки у фироқ?
Магар авлиёлар пири бўлса ҳам,
Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Ўзингдан бошқанинг ҳаммаси улуғ,
Эгалик қилишар умрингга тўлиқ.
Кўзинг ҳозир намми ва ёки қуруқ,
Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Олим таҳлил қилар ёзган шеърингни,
Аввал сўраб олар туққан ерингни,
Сўнгра айта бошлар нима дерингни,
Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Ёвлар қуршовида улғайдинг, ўсдинг,
Гоҳо номинг билан йўлларин тўсдинг,
Ҳатто жигарбандинг, ҳаттоки дўстинг,
Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

Фақат англар сени яратган Худо,
Муштипар она ҳам эмас мустасно.
Лекин ўтаверсин ҳар икки дунё,
Сени англаёлмас сендан яхшироқ.

18. 05. 2015

ОМАД

Соч-соқолинг ўсмаса агар
Сартарошга бормайсан, жўра.
Омад келсин дейсан ҳар сафар,
Эҳтиёжинг, ҳолингга кўра.

Ўз нонини чаккасига еб
Юрган эмас лекин омад ҳам.
Мени яна чақирсинлар, деб
Чўнтагингни қилар шип-шийдам.

21.05.2015

ПАХСА УЙ

Боболардан қолган пахса уй, мана,
Обдон оёқ билан пишитилган лой.
Қурилган чоғида бундай бошпана
Бор эди на қалъа, на бирор сарой.

Ўтиб неча аср, балки милён йил,
Олимлар қазишар ерни галма-гал.
Уларга топилдиқ оддий пахса-гил,
Ганчдан ҳам қадимий, мармардан аввал.

– Зарур бўлса қурган кошонамга боқ!
Бу – Ҳазрат Темурнинг мағрур сўзлари.
Қўшни деворда-чи, турибди шундоқ
Пахсакаш аждоднинг панжа излари.

Бинолар бўй чўзар энди пайдар-пай,
Ахир биз гувоҳмиз бошқа айёмга.
Бироқ шеърлар ёзиб, ичган билан май
Тенг кела олурми биров Ҳайёмга.

Шундоқ турфа эрур аслида одам,
Ўзини ҳар ишда этгай намоён.
Унинг бир оёғи ойда бўлса ҳам,
Бири пахса лойни тепкилар ҳамон.

22.052015

ЎЖАР БОЛА

Ажойибдир невара халқи,
Хаёлига не келса сўрар.
Эринмайди бобо ҳам, балки
Шу сабабдан бола хуш кўрар.

Бидирлайди тинмай болакай:
– Бобо, буни майлими есам?
Бобо дейди: – Шошмагин, ҳай-ҳай,
Бу пишмаган ғўра-ку, болам.

Бола энди аразлайди сал:
– Ема дейсиз барини, бобо.
Буларни мен кўрганман аввал,
Тайёрлаган аям мураббо.

Отам эса тинмай шеър ёзар,
Бобо, шеърни бўладими еб?
Бу дунёда боладай ўжар
Ва нодонни бўлмайди топиб.

Хушёр тортар даъфатан бобо,
Чимиради ўсиқ қошини.
Ўйлаб туриб дейди сўнг: – Аммо
Еса бўлар шеърнинг бошини.

23.05.2015

ИККИНЧИ КЎРИНИШ

Кўринишдан хурсанд, ҳатто ҳазилкаш,
Унча-мунча гапга қилмайди парво.
Лекин сийратини дард ейди яккаш,
Бундайин азобдан асрасин Худо.

Мана бу банда ҳам ўзи билан банд,
Суратида лоқайд, теран сукутда.
Кўз юмиб, ўй сурар авлиё монанд,
Фақат фарқи шуки, ётар тобутда.

24.05.2015

БОЙҚАРО

Кошонанинг кўркам боғида
Савлат тўкиб, амирлар аро,
Чоғир ҳўплаб гоҳи-гоҳида,
Ош ер эди султон Бойқаро.

Бирданига қисилди кўкрак,
Бирданига йўқолди ором.
Бир луқма ош – ичида сўнгак,
Томоғига тиқилди, тамом.

Аҳли табиб шу заҳот боқиб,
Афсунгарлар бўлдилар гирён.
Кўзда ёши дарёдек оқиб,
Аранг нафас оларди султон.

Ою йиллар ўтдилар секин,
Юрт ҳам бунга кўникди ҳатто.
Баъзи дард бор, ўлдирмас, лекин
Ҳамроҳ бўлар Маҳшаргача то.

Эшитган дўст албат қон ютган,
На ғанимлар бундан ризодир.
Бу – султоннинг ўзи қатл этган
Набираси Мўмин Мирзодир.

26.05.2015

ТЕЛЕФОН

Итга телефон бер – юраверади,
Лекин итлигича тураверади.
Агар номерига адашиб тушсанг,
“Кимсан?”, “Нимасан?”, деб ҳураверади.

26.05.2015

УЛФАТЛАР

Поездда кетарди тўрт-бешта улфат,
Ҳар ким ўз касбини мақтарди фақат.

Бирови дедики, катта дўхтирман,
Бири молияда, деди, ўткирман.

Ҳар кимга ёр бўлсин насибаси, бас
Хуллас, бирор улфат бекорчи эмас.

Лекин битта шерик доим жим эди,
У ҳам тилга кириб, мақтаниб деди:

– Мен на олувчиман, на сотувчиман,
Тошга ишқибозман, тош отувчиман.

СЎНГГИ МАКОН

Қайга бориб қўнар учаётган сор,
Қайси жойда тўхтар югурук оҳу?
Жавоб бериб бўлмас бу гапга зинҳор,
Бу жиҳат ёпиқ, деб айтилган, ёҳу.

Узоқ йиллар яшаш ҳар кимга армон,
Гарчи дунё ўзи фоний, муваққат.
Филда ҳам бор эмиш энг сўнгги макон,
Инсонга буюрсин Ватани фақат.

28.05.2015

КАПАЛАК

Бир кун яшар экан баъзи капалак,
Табиатнинг бундай ўйинига боқ.
Мақсади шунчаки яшашмас, демак
Насл қолдирмоқдир, авлод қолдирмоқ.

Жуда раҳмим келар шўрлик бу жонга,
Кўрди тирикликни атиги бир кун.
Боқиб улгурмаган балки осмонга,
Балки йўқмиз биз ҳам капалак учун.

Етмас барчасига одамнинг ақли,
Бутун олам ўзи топишмоқ гўё.
Узоқ яшайдиган икки оёқли
Ғалати зотлардан иборат дунё.

Уларнинг ишлари эгрилик аксар,
Тўғрилик устидан бўлай дер ғолиб.
Капалак икки кун яшаганда гар,
Гербарий қиларди альбомга солиб.

Ушбу шеърим учун маъзур тут, жўра,
Дема, капалакдан шунчами малол?
Мудом ҳадик билан яшашдан кўра,
Эртароқ кетиш ҳам афзал, эҳтимол.

29.05.2015

ТУШ

Олисдасан заминдан – ердан,
Етолмайди бирорта чақин.
Яқин бўлиб қоласан бирдан,
Миллиметр. Ундан ҳам яқин.

Одам бунча муаттардир, оҳ,
Бўйларингдан бўламан сархуш.
Кўз очаман уйқудан ногоҳ,
Кўтарилар орамиздан туш.

29.05.2015

ЮРАК

Юрак мулки ичра ястаниб ётар
Гоби саҳроси-ю Помир тоғлари.
Денгизлар, дарёлар қатор ва қатор,
Семирамиданинг осма боғлари.

Унга қўли етмай юрганлар қанча,
Термула-термула толган не кўзлар.
Лекин каслар ҳам бор, унга боққанча
Бор-йўғи сичқоннинг инини излар.

30.05.2015

Хуршид Даврон кутубхонаси

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

2 шарҳ: Абдулла Ориповнинг ҳали сиз ўқимаган шеърлари

  • Устоз
    Абдулла Орипов ғазалига мухаммас
    Кетмоқдаман

    Битти дардим, ўтди қадрим, энди бадар, кетмоқдаман,
    Арзи ҳолим сенга аён бўлмай, дигар, кетмоқдаман,
    Қай муаммо не билай, недин хатар, кетмоқдаман,
    Яхши қол, эй, дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман,
    Ишқ аро энди ҳолим зеру забар, кетмоқдаман.

    Не бу қайғу, не сабаб – кўп ошинолар бўлди чап?
    Энди унга не керак, ёрим нечун очмайди лаб,
    Сўнгида кетдим мана, умид билан ортга қараб,
    На ишончу на қувончу на кўнгилдан очма гап,
    Барчасидан ушбу кун йўқдир самар, кетмоқдаман.

    Ҳеч ҳабар бўлмас эса, аслида сенга не керак?
    Мен эсам бедор яна, ҳуб Ўзидан қилдим тилак,
    Кўнглига келмас экан, меним каби ошиқ бешак,
    Мен қуёш юзлимга деб, тун-кечалар бердим юрак,
    Оқибат отганда тонг қондир жигар, кетмоқдаман.

    Термилиб ўтдим уйингдан, во дариғ, сен кўрмадинг?
    Талпиниб ёнингга борсам, мен томон юз бурмадинг,
    Ё азалдан бевафосан, бир кўриб “Оҳ!” урмадинг,
    Неча кунлар ўтди, лекин ҳолимни бир сўрмадинг,
    Охирида ҳол сўраб келсанг магар, кетмоқдаман.

    Менки ишқ савдойиси, бўлдим яна кўпдан бетар,
    Сен эса қалбингни очмай, бермадинг менга хабар,
    Ҳажр ўтида кўп кезибман, куну-тун то тонг-саҳар,
    Келганимда дедиларки, бу йигит кони зарар,
    Кетмагимдан, охир айт, борми зарар, кетмоқдаман.

    Ўтди дардим, битти қадрим, энди бадар, кетмоқдаман,
    Арзи ҳолим сенга аён бўлмай, дигар, кетмоқдаман,
    Қай муаммо не билай, недин хатар, кетмоқдаман,
    Яхши қол, эй, дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман,
    Ишқ аро энди ҳолим зеру забар кетмоқдаман.

    Муҳлис, 08.11.2016

  • Устоз
    Ўзбекистон халқ шоири
    Абдулло ОРИПОВ ғазалига
    МУҲАММАС

    ***

    Бормиди ҳеч эътибор, аҳволингга, гадо сени?
    Ўраб олмиш ғафлату жунун сифат сиймо сени,
    Энди буткул ўзгариб, сўзингда бор маъно, сени:
    Кимнидир танҳо дедим мен топгунимча то Сени,
    Во ажаб, дунёни топдим англагач танҳо Сени.

    Ҳуб кезиб, телба мисол, келди дебон торлиқ жаҳон,
    Борми бу дардимга даво, кўрганим зорлиқ жаҳон,
    Энди билсам, бир бутун, эмас экан оғриқ жаҳон,
    Аслида, ёлғиз ўзингда жо экан борлиқ – жаҳон,
    Ҳеч биров топмас ўзин ҳам топмаса, илло, Сени.

    Кўп қадимдан қолган мерос бизга бу — беғамчилик,
    Ҳам лоқайдлик, беписандлик ва яна ғирромчилик,
    Ким қачон битгай экан, ғофилдаги бу камчилик,
    Минг таассуфким, башарга хос экан алдамчилик,
    Ўртага номинг қўйиб гоҳ, алдагай ҳатто Сени.

    Бир оломон кетдиму, ичида марди йўқ экан,
    Ёки қалбида, не тонг, эзгулик гарди йўқ экан,
    Энди ҳеч — минг бор ўкинч, қайтмоққа аҳди йўқ экан,
    Ким Сени безовта қилгай токи дарди йўқ экан,
    Аҳли ошиқ вола айлаб куйлагай аммо Сени.

    Акс этарму қўзларимда беқиёс сийратларинг,
    Киргайму тушимга нагоҳ ғанимат фурсатларинг,
    Ҳам яхшилик, тўғри сўзлик, розу саодатларинг,
    Қорли тоғларга туташдир боғларинг – жаннатларинг,
    Эслатар ҳар бир қадамда ҳар гўзал маъво Сени.

    Ул саодатсиз киши, бермас эътибор тилга ҳам,
    Беъмани кас бефаҳм, беғам гулу-булбулга ҳам,
    Ким ғурурга кетган эрса, беназардир элга ҳам,
    Беписанд боққай ва лекин мўр-малахлар филга ҳам,
    Кўрса ҳамки кўрмагай, деб ўйлагайлар, ё, Сени.

    Не ажаб, ҳар ким ўтармиш шум ажалнинг дасдидан,
    Не булур ҳоли анинг, чиқмас нидо ер остидан.
    Сўйла, чекдингму озор, Муҳлис, одамнинг пастидан?
    Бу кўнгил нозик экан, синса рақиблар дастидан,
    Қалб уйин меъморидирсан – топди Абдулло Сени.

    Муҳлис, 09.11.2016

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

одиннадцать + 11 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз