Юртимизда

Беш йилдан кейинги ҳаётимизни ўз қўлимиз билан чизамиз

Ҳар биримиз келажак учун каттами-кичикми режалар тузамиз ва олдитмизга мақсадлар қўямиз. Улар амалга ошиши учун имкон қадар ҳаракат қиламиз. Тасаввурингизда беш йилдан кейинги ҳаётингизни тасаввур қилиб кўрганмисиз? Сиз у вақтда қандай бўларкансиз? Келинг, буни қуйидаги тест орқали аниқлаб кўрамиз! Ишга киришишдан аввал ҳар қандай мантиқий фикрлашни бир зумга бўлса-да тарк этинг, ижодий салоҳиятингизга эса эркинлик беринг.

Керак бўлади: иккита оқ қоғоз (А3 форматида бўлса янада яхши) , рангли қаламлар, иш столи, жимлик ва ярим соат вақт.

Иш тартиби:

1.    Биринчи варақ марказига ўзингизнинг ҳозирги ҳолатингизни чизинг, бўй-бастингиз тўлиқ бўлсин. Расм чиройли чиқиши шарт эмас, шунинг учун сурат чизишдаги “уқувсизман” деган баҳона ўтмайди. Суратингиз ёнига ҳозир ҳаётингиздаги муҳим инсонлар, муносабатлар, ишлар ва бошқа нарсаларни рамзий белгилар билан чизиб чиқинг.

2.    Чизиб бўлдингизми? Уни тескари ўгириб қўйинг ва кейинги шартга ўтинг. Иккинчи қоғозга худди шу тартибда расм чизиш лозим. Аммо энди 5 йил олдинга назар ташлашга тўғри келади. Келажакни тасаввур қилишни бошладик!

3.    Вазифани нотўғри бажаришдан чўчиманг, қандай расм чизилганидан қатъий назар, сизнинг ҳозирги ва келажак ҳаётингиз ҳақида борини билиб олиш имкони бўлади. Энди суратлар нима деяётганини аниқлаймиз!

Тест калити

Иккала суратни қаршингизга қўйиб, таҳлил қилишни бошланг. Қиёфангизга назар солинг. Ҳозиргиси ва келажакдагисининг ўртасида нечоғлик фарқ бор? Балки сиз 5 йилдан кейин озғинроқ, келишганроқдирсиз? Қайси суратда сиз табассум қилиб турибсиз? Агар келажакдаги суратда ташқи қиёфангизда туб бурилиш кузатилса, демак сиз ўша нарсадан ҳозир мамнун эмассиз. Борди-ю, икки суратда ҳам бир хил кўринишда бўлсангиз, ўйлаб кўринг, ўзгаришлардан чўчимаяпсизми? Бир хиллик жонингизга тегмасмикан?

Энди сизни қуршаб турган рамзий белгиларга эътибор қаратинг. Уларни бирма-бир санаб иккита рўйхат тузинг: ҳозирги ва келажакдагилари. Рўйхат ҳаётингизнинг барча жабҳаларини қамраб олганми? Келажакда нималарга эришишни истаяпсиз? Қандай чўққиларни забт этишингиз ёки нималардан хаёлан воз кечганингиз ҳақида фикрланг. Агар ҳеч нима ўзгармаган бўлса-чи? Ўйлаб кўринг, орзуларингиздан воз кечаяпсизми ёки улар учун курашишни давом эттираяпсизми?

Барчаси ўз қўлингизда!

5 йилдан кейин бундан-да кўпроғига эришишни истайсизми? Иш поғонасида кўтарилиш, шахсий ҳаётдаги ўзгаришлар, дунёқарашингизни кенгайтириш учун нималар қиляпсиз? Молиявий ҳолатингиз ва турмуш тарзингизни яхшилаш учун-чи? «ҳозирча ҳеч нарса» дейсизми?! Унда бу ишга қачон киришишни режалаштиряпсиз? Маслаҳатимиз, бирор сонияни ҳам бекорга ўтказманг!

Суратдаги қайси рамзий белгилар сизга яқин ва йироқ жойлашган? Қай бири сизга яқинроқ бўлса, демак айнан ўша нарса сиз учун муҳим саналади. Таҳлил қилинг, сиз биринчи ўринга қўяётганлар нарсалар кераклими ёки кераксиз?

Сўнгги вазифа!

Иккинчи суратни ташлаб юборманг! Уни сақлаб қўйинг. 5 йилдан сўнг, албатта, унга кўз ташлаш ёдингиздан чиқмасин! Ана ўшандагина ҳақиқий сарҳисобни амалга оширасиз.

Darakchi.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

двадцать + четырнадцать =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз