Юртимизда

Шолғом уйқусизликдан халос этади

Шолғом, асосан, озиқ-овқат маҳсулоти сифатида истеъмол қилинса-да, халқ табобатида ундан даволовчи восита сифатида кенг фойдаланилади. Шолғомнинг айни дамда жуда кўп мамлакатларда етиштирилишининг сабаби ҳам унинг ана шу хусусияти туфайлидир.   Қадимдан маълумки, шолғом бир қатор хасталиклар учун шифобахш малҳам ва организмга қувват бағишловчи дармондоридир.

ДАРМОНДОРИГА БОЙ САБЗАВОТ

Шолғом илдиз меваси таркибида қанд, минерал тузлар, турли хил дармондори (В1, В2, В6, РР витаминлари ва каротин) лар, пантотен кислотаси, оқсил, карбон сувлари сақланади. Шу билан бирга калий, кальций, темир, фосфор, натрий каби моддалар ҳам мавжуд.

ШОЛҒОМ ЁРДАМИДА ДАВОЛАШ

Абу Али ибн Синонинг ёзишича, қоринга шолғом уруғи қўйиб боғланса, елни ҳайдайди.

Шолғомнинг ичини ўйиб, унга мум ва гул мойи солиб, қўрга кўмиб пиширилгани тери хасталиклари ҳамда совуқдан пайдо бўлган   яраларни даволашда ёрдам беради.

Қайнатиб пиширилган шолғом нафас йўлидаги шамоллашни олади.

Шолғомнинг гўшт билан пиширилгани кўкрак ва томоқни юмшатади.

Пишган ёхуд хомлигича истеъмол қилинган шолғом кўзга фойда, яъни кўзни равшан қилади ва шамоллаш туфайли ёшланиб турадиган кўзнинг шамоллашини даф этади.

Қўрга кўмиб пиширилган шолғом нафас йўлини очиб, йўтални даволайди ва инсонни тинчлантиради.

Шолғомнинг асал билан аралаштирилган шарбати йўтални даволайди.

Шолғомнинг ичини ўйиб, унга асал солиб, буғда пиширилгани шамоллашни олади, томоқ ва нафас йўлидаги балғамни пиширади ва унинг ажралишига ёрдам беради.

Шолғом бўтқаси подагра билан оғриган жойга боғлаб қўйилса, шифо бўлади.

Шолғомнинг пиширилганидан ва шарбатидан шамоллаш туфайли овоз йўқолганда, бронхиал астма хуруж қилганда, тиш оғриғидан азият чекканда фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Бунинг учун айни ўша муаммолар безовта қилганда шолғом шарбати ёки пиширилган шолғом истеъмол қилсангиз, кифоя.

КУЧ-ҚУВВАТ МАНБАИ

Шолғом уруғи, айниқса, эркакларга фойдалидир. Айниқса, шолғомни димлаб пиширсангиз, куч-қувват бағишлаш билан бирга иштаҳани ҳам очади. Машҳур табиб Саййид Муҳаммад Ҳасрат шолғом ҳақида «Шол-ғом иссиқлик ва қувват бағишловчи сабзавотдир. У хиралашиб қолган кўзни равшан қилади. Бунинг учун унинг хому пишиғини еб туриш лозим, яъни шолғомни кундалик овқатланиш таркибига қўшиш керак. Шунингдек, у кўзга қувват беришдан ташқари, совуқ туфайли қўл ёки оёқ шишганда шамоллашни олиб, шишни қайтаради, оғриқли жойларга шолғом шарбати суркалса, оғриқ босилади. Шолғом еб юрган кишининг тану жони совуқ ейишдан ҳимояланади», деган фикрларни ўз асарида ёзган.

ШОЛҒОМ ОШҚОЗОН-ИЧАК ЯЛЛИҒЛАНИШИНИ ОЛАДИ

Шолғом ўт-сафро йўлидаги муаммоларни даф этиш ва қабзиятдан халос бўлиш учун тавсия этилади. Шолғомда яллиғланишга қарши қўлланиладиган оғриқ қолдирувчи хусусият бор. Шунинг учун ундан қуйидагича малҳам тайёрлаб, қабул қилсангиз, дарддан фориғ бўласиз. Бунинг учун 30 г шолғомни обдан майдалаб, устига бир пиёла қайноқ сув қуйинг ва 15 дақиқа давомида паст оловда қайнатинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан кун давомида 2-3 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин ичинг.

ШОЛҒОМ ПЕШОБНИ ҲАЙДАЙДИ

Шолғом антисептик таъсирга эга, шунинг учун унинг барги пешоб ҳайдашда қўлланилади. Бунинг учун 10 г қуритилган баргни термосга солиб, устидан 200 мл қайноқ сув қуйинг ва 1 соатга бостириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан кунига 2-3 маҳал ярим стакандан ичинг. Икки кунлик муолажадан сўнг таъсирини сезасиз.

ШОЛҒОМ УЙҚУСИЗЛИКДАН ХАЛОС ЭТАДИ

Агар сизни уйқусизлик қийнаб қўйса, кечаси ухлашдан олдин худди шу қайнатмани арслонқуйруқ шарбати билан аралаштириб, бир пиёла қабул қилинг, туни билан ором олиб ухлайсиз.

Эслатма: Ҳар қандай шароитда ҳам халқ табобатидан фойдаланаётганингизда шифокор   билан маслаҳатлашишни унутманг!

Зулфизар ИСОҚОВА

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

девятнадцать − 15 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз