Юртимизда

Рашкни ўзингизга эп кўрасизми? Келинг, текшириб кўрамиз

Умрида бир марта бўлса ҳам рашкнинг оловида ёнмаган бўлмаса керак. Ҳа, бу жуда кучли туйғу, уни назорат қилиш, жиловлаш мушкул. Хўш, бу олов киши қалбида нима сабаб пайдо бўлади? Сиз ҳис қиладиган ўша ақлни шошириб, нафасни тезлаштирувчи туйғу замирида ягона бўлиш истаги ётадими ёки ташлаб кетишларидан қўрқувми? Келинг, рашкингизнинг даражаси ҳамда уни юзага келтирувчи омилларни аниқлаймиз. Ва албатта, ундан халос бўлиш йўлларини биргаликда излаймиз.  

 

1. Ёрингизнинг телефондаги суҳбатларини тинглашингизнинг асосий сабаби…

А. «Ҳаётида мен билмаган нарсалар содир бўлаётганидан хабардор бўлиб туриш…»

Б. «Онаси билан нималарни муҳокама қилаётганини эшитиш…»

В. «Пулини қандай сарфлаётганини аниқлаш…»

Г. «Хиёнат қилмаётганига ишонч ҳосил қилиш эҳтиёжи…»

2. Сизнингча ўтмишни унутиш…

А. «Мумкин эмас».

Б. «Яхши даво».

В. «Хато».

Г. «Нормал ҳолат, баъзида шундай қилиб туриш керак».

3. Қуйидаги буюмлардан қай бири сизга кундалик ҳаётингизни эслатади?

А. «Очилган китоб».

Б. «Тунги чироқ».

В. «Бир уюм кир кийимлар».

Г. «Бир даста гул».

4. Жуфтингизнинг хатти-ҳаракатлари шубҳа уйғотаяпти, ўзини бундай тутишининг сабабини аниқлаш учун нималарга тайёрсиз?

А. «Саёҳатга чиқишни таклиф қиламан. Ёлғиз қолсак, муаммонинг тагига етишим осонроқ кечади».

Б. «Юриш-туришини обдон кузатаман».

В. «Муносабатларимизни яхшилаш учун фарзанд кўришни режалаштираман…»

Г. «Ҳаммаси яхшилигига ўзимни ишонтираман»

5. Қуйидаги қарашлардан қай бири сизга яқинроқ?

А. «Ўзимизни ақлли санаганимиз сари, қанчалар кам нарса билишимиз маълум бўлаверади».

Б. «Аслида рашк — севган инсонингизга ҳурматсизлик белгиси».

В. «Рашк муҳаббатдан кўра ўзни севишга ўхшайди».

Г. «Ёруғ кунда сизни севган киши, мушкул вазиятларда янада кучли ардоқлаши лозим».

6. Уйқудан уйғонибоқ айтадиган биринчи сўзингиз…

А. «Қаердасиз?»

Б. «Бугун нима қилмоқчисиз?»

В. «Бугун бирам ишим кўп-ки, ҳаммасига улгуришим керак»

Г. «Яна беш дақиқа…»

7. Севган инсонингизнинг хиёнатидан сўнг…

А. «Бутунлай бошқа одамга айланаман».

Б. «асло синиб қолмайман, юксалишга ҳаракат қиламан».

В. «Ўзимни ёлғиз ҳис этаман».

Г. «Энди ҳеч ким эмасман».

8. У сизга қайси гапни кўп такрорлайди?

А. «Мен айтдимми, демак, чиндан ҳам шундай».

Б. «Мени севишингни тез-тез айтиб тур».

В. «Бироз сабр қил, ишим битай деб қолди».

Г. «Йўқ жойдан муаммо чиқариш одатингни ташламадинг, ташламадинг-да».

9. Тасаввур қилинг, судьясиз. Бевафо ёрингиз ва унинг ёнидаги аёлнинг устидан ҳукм чиқаришингиз лозим. Биринчи ҳукмингиз ўша аёлга аталади.

А. «Бутун умр, туну кун оғир меҳнат қилсин!»

Б. «Мен билан танишганининг ўзи унга жазо бўлақолсин».

В. «Кўзини мошдек очиб қўйиш керак».

Г. «Совуқ юртларга бадарға қилинсин!»

10. Сизнингча рашк…

А. «Ўзига ишонч белгиси».

Б. «Ўзингга тегишли инсонларни ҳимоялаш».

В. «Муҳаббатни исботлашнинг усули».

Г. «Яқин кишингизнинг ҳаётида ягона аёл бўлиш истаги».

 

Балларни ҳисоблаймиз:

 

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10
А 1 4 1 2 2 3 2 2 1 1
Б 3 2 4 4 1 4 3 3 2 4
В 2 3 3 3 3 1 1 1 4 2
Г 4 1 2 1 4 2 4 4 3 3

 

Натижалар:

10-19 балл: «Қизғанишга не ҳожат?»

Сизни рашкчилар қаторига киритиш мушкул. Қизғаниш «саҳна»ларини уюштириш мавқеимга тўғри келмайди, деб ҳисоблайсиз. Сизнингча рашк ўртадаги ишончга дарз кетиб бўлганини билдиради. Ахир кўнгил берганингиз ваъдаларини бажаришни кечиктирса, муносабатларни якунлаш вақти етди, деб ўйлай бошлайсиз-да. Ёнингиздаги инсонни қизғаниш сиз учун ўта шахсий, ҳеч кимга намойиш этилмайдиган туйғу. Яқин инсонингиз идеалингизга мос келмай қолса, ишончсизлик, ҳимоясизлик ва айбдорлик каби аралаш туйғуларни ҳис эта бошлайсиз. Рашкингизни намоён этмаганингиз боис, хатти-ҳаракатларингиз бефарқлик, совуққонлик сифатида қабул қилиниши мумкин. Инсоннинг келажаги мавҳум экани, ёлғизлик, руҳий азоблар ва ташлаб кетилиш оғриғи сизни ҳам четлаб ўтмаслик эҳтимоли борлигини тан олинг. Ўша ўзингиз қўрққан, қочган туйғуларни ошкора айтишни ўрганинг.

20-25 балл: «Мен қораманми?»

Кўпинча умр йўлдошингизнинг бироз бефарқлиги ёки чарчагани ўзингизни ноқулай, ишончсиз ва ғамгин ҳис этишингиз учун етарли бўлади. Бироқ бундай вазиятда дарҳол уни сўроққа тутавермайсиз. Жуфтингиз билан орани бузмаслик учун унинг ҳудудига киришдан жуда эҳтиёт бўласиз. Ақлли юриш! Бироқ бу рашк қилмайсиз дегани эмас. Аслида рашкингиз кайфиятингизга боғлиқ. Кўпинча ёқимли ҳаяжонни ҳис этишни истаганингизда кимнингдир эътиборини тортиш эҳтиёжи юзага келади (яъни эътиборни тортиб ўз «мен»ингизни тинчлантиришга ҳаракат қиласиз) ёки фақат ўзингизнинг камчилигингизга диққат қилганингиздагина рашк ўтида ёна бошлайсиз. Ижтимоий мавқеингизни керагидан пастроқ деб ҳисоблай бошласангиз ёки ташқи кўринишингиздан кўнглингиз тўлмаса, ёрингизни бошқа аёллардан қизғанишингиз кучаяди. Бу туйғуни келтириб чиқарувчи асл сабабларни тушунишга ҳаракат қилсангиз, ноўрин рашк туфайли уялиб қолмайсиз.

26-31 балл: «Ахир севаман!»

Сиздайларга шубҳага берилувчан, дея таъриф беришади. Рашк қилишни бошласангиз, ғазаб, соғинч, қайғу каби туйғулар гирдобида қоласиз. Чунки чинданам жўшқин ҳиссиёт соҳибасисиз-да. Муносабатлар ўзгариши мумкинлигини тан олишдан қўрқишингизни шу йўл билан намоён этишга интиласиз. Қалбингиздаги шубҳаю гумонлар вазиятни таҳлил қилиш қобилиятингизни сустлаштиради. Рашк сиз учун севги дегани. Ёрингизни ўтмишидан, ҳатто келажагидан ҳам қизғанасиз. Бироқ ноўрин гумон-у терговларингиз уни хиёнат жарига итариши мумкинлигини ҳам инобатга олиб қўйинг. Шу билан бирга, жуфтингизнинг ҳам рашкини қўзғашга мойиллигингиз бор. Сизнингча бу эҳтиросларни оловлантириб туради. Уни шубҳага солиб қўйиб, ҳаётида нақадар муҳим ўрин эгаллашингизни исботлашга ҳаракат қиласиз. Турмуш ўртоғингиз билан муносабатларингизни таҳлил қилиб, умумий қизиқишларингизни аниқланг ва кўпроқ вақтингизни бирга ўтказиш орқали мустаҳкам муносабат қуришга интилинг.

32-40 балл: «Ақл-ҳушимдан жудо бўламан!»

Сиз ҳис этаётган бу ёндиргувчи туйғу ёрингиздан шубҳа қилиш-қилмаслигингизга боғлиқ эмас. Аслида рашк қилиш, тергов ўтказиш, турли «саҳна»лар уюштириш учун сабаб ҳам шарт эмас, чунки булар одатий юмушингизга айланиб улгурган. Ташлаб кетишларидан ёки сизни севмасликларидан қаттиқ хавотирга тушганингиз сабаб рашкни қурол қилиб олгансиз. Ёнимдаги инсонни тинмай сўроқ қилсам, муносабтларни сақлаб қоламан, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Кузатувчанлигингиз, унинг хатти-ҳаракатларини таҳлил қилишингиз, ўзгаришлардан хавфсирашингиз жуфтингизнинг тинкайи мадорини қуритиб юбориши ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайсиз. Унинг фикру ҳаёли ва айниқса, ҳаётини назорат қилишга уринасиз. Ҳиссиётларга бўлган эҳтиёжингизни қондириш учун ҳам бу туйғуга бот-бот мурожаат қилаверасиз. Балки рашкнинг асл сабабини болаликдан излаб кўрганингиз маъқулдир. Эҳтимол ўша пайтларда сизга етарлича баҳо бермаганликларининг оқибатидир бу? Нима бўлганида ҳам ичингиздан тошиб чиқаётган қувватни тўғри йўналтирсангиз, ёрингиз билан муносабатларингиз яхшиланади. Доимий руҳий босимдан қутиласиз.

МАФТУНА тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

19 + 5 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз