Юртимизда

Янги йил дастурхонингизга 7 хил ширин таклиф

«Янги йил» кекси

Меҳмонларингизга манзур бўлади!

Зарур масаллиқлар: 300 гр. ун, 150 гр. сариёғ, ярим стакандан шакар ва суюқ асал, 2 донадан банан ва тухум, 3 ош қошиқ майдаланган ёнғоқ, 1 ош қошиқ занжабил, 1 чой қошиқдан долчин, истеъмол содаси ва юмшатгич (рахрыхлитель), ярим чой қошиқ майдаланган юлдузча (гвоздика), майиз, қанд упаси туз.

Тайёрланиши: 1. Бананни майдалаб тўғраб, эзинг.

2. Тухумни шакар билан кўпиртиринг. Сариёғ, асал қўшиб, кўпиртиришда давом этинг.

3. Қолган масаллиқларни аралаштириб, эзилган банан ва охирида ун солиб, хамир тайёрланг. Ёғланган кекс қолипига хамирни солиб, 160 даражада қиздирилган газ печига 45 дақиқага қўйинг. Пишгач, юзига қанд упаси сепасиз.

Тайёрланиш вақти: 1 соату 10 дақиқа.

«Олчазор» пироги

Ортиқча харажат талаб қилмайди!

Зарур масаллиқлар (4 кишилик): хамирига: 200 гр. ун, 100 гр. маргарин, 1 дона тухум, туз; ичига солишга: 150 гр. шакар, 125 гр. ун, 100 гр. олча мураббоси, 75 граммдан сариёғ ва ёнғоқ, 3 дона тухум.

Тайёрланиши: 1. Маргаринни майдалаб тўғранг. Унни туз, маргарин, тухум билан аралаштиринг-да, хамир тайёрланг. Хамирни целлофанга ўраб, 1 соатга музлаткичга қўйинг.

2. Хамирни ёйиб, ёғланган қолипга солинг. Четларини кўтариб чиқинг. 180 даражада қиздирилган газ печига 15 дақиқага қўйинг.

3. Ёнғоқни майдалаб, тухумни шакар билан кўпиртиринг. Ун, майдаланган ёнғоқ ва олча мураббосини кўпиртирилган тухумга қўшинг. Олчали аралашмани корж ичига солиб, яна 40 дақиқа газ печида қолдиринг.

Тайёрланиш вақти: 1 соату 20 дақиқа.

Байрамона ширинлик

Ичида олма ва майизи бор!

Зарур масаллиқлар: 700 гр. олма, 300 гр. ун, 200 гр. шакар, 150 гр. сариёғ, 100 гр. майиз, 50 гр. майдаланган бодом, 2 дона тухум сариғи, 1 та лимон шарбати, 2 ош қошиқ қаймоқ, 1 ош қошиқ ўсимлик ёғи, 1 чой қошиқ долчин, нон талқони.

Тайёрланиши: 1. 50 гр. сариёғни эритинг. Унни бир жойга уйиб, 120 мл. қайнатиб совутилган сув, тухум сариғи ва эритилган сариёғ солинг. Хамир қориб, ўсимлик ёғи суртиб, зувала ясанг. 1 соат тиндиринг.

2. Олмаларни майда тўртбурчак қилиб тўғранг. Лимон шарбати, майиз, майдаланган бодом ва шакар билан аралаштиринг-да, нон талқони ҳамда майдаланган долчинни солинг.

3. Хамирни юпқа қилиб ёйинг. 50 гр. сариёғни эритиб, суртиб чиқинг. Қаймоқ ва олмали масаллиқни солиб, рулет шаклида ўранг. Қолган сариёғни устига суртасиз. Ёғлаган қолипга солиб, 190 даражада 50 дақиқага қиздирилган газ печига қўйинг. Пишгач, юзига қанд упаси сепиб, бўлакларга бўлинг-да, дастурхонга тортинг.

Тайёрланиш вақти: 2 соату 20 дақиқа.

Бетакрор рулет

Лимон билан янада хуштаъм!

Зарур масаллиқлар: хамирига: 3 стакан ун, 1/3 стакан шакар, 50 гр. шоколад, 2 дона тухум, 4 ош қошиқ сут, 1 ош қошиқ какао, 1 чой қошиқдан юмшатгич ва ванилин, туз; кремига: ярим стакан шакар, 50 гр. сметана, 2 чой қошиқ лимон шарбати; безак учун: 1 та лимон, майдаланган бодом, 2 ош қошиқ сут, қанд упаси.

Тайёрланиши: 1. Сутга какао солиб, қайнатинг. Шоколадларни ҳам бўлаклаб солинг-да, паст оловда то эриб кетгунча қайнатинг.

2. Тухумни шакар билан кўпиртиринг. Кейин шоколадли аралашмани солиб, яхшилаб қориштиринг. Ун, ванилин, туз ва юмшатгич ҳам қўшинг.

3. Қолипга пергамент қоғоз ёйиб, хамирни солинг-да, 180 даражада қиздирилган газ печига 15 дақиқага қўйинг. Кейин олиб, устидан 1 чой қошиқ шакар ва 2 ош қошиқ қайнаган сут аралашмасини сепинг. Коржни рулет шаклида ўраб, қоғози билан бирга газ печига 20 дақиқага қўйинг.

4. Сметанани кўпиртиринг, шакар ва лимон шарбати қўшиб, кўпиртиришда давом этинг.

5. Рулетни қоғоздан эҳтиёткорлик билан олиб, устига крем суртинг. Майдаланган бодом сепиб, лимон бўлаклари билан безанг.

Тайёрланиш вақти: 1 соату 20 дақиқа.

«Қорқиз» ширинлиги

Жуда осон ва тез тайёр бўлади!

Зарур масаллиқлар: 400 гр. творог, 150 гр. олча мураббоси ва кокос қириндиси, 100 гр. оқ шоколад, 5 гр. желатин, 2 ош қошиқ шакар, 1,5 ош қошиқ сариёғ.

Тайёрланиши: 1. Ярим стакан сувга желатинни солиб, 10 дақиқа ивитинг. Шоколадни сув буғида эритиб, сариёғ билан аралаштиринг.

2. Желатиннинг сувини силқитиб, шоколадли аралашмага солинг. Творог ва шакарни яхшилаб аралаштириб, желатинли шоколадни қўшинг.

3. Пергамент қоғоз устига кокос қириндиси сепиб, устидан творогли аралашмани солинг. Ўртасига олча мураббоси меваларини жойлаб чиқинг. Эҳтиёткорлик билан пергамент қоғозни ўраб, 6 соат музлаткичда қўйинг. Кейин пергамент қоғоздан олиб, бўлакларга бўлинг.

Тайёрланиш вақти: 25 дақиқа.

Мурабболи «юлдузча»

Дастурхонингиз кўрки!

Зарур масаллиқлар (20 дона учун): 300-350 гр. ун, 200 гр. маргарин ёки сариёғ, 100 гр. шакар, 2 дона тухум, 2 чой қошиқ юмшатгич (разрыхлитель), 1 чой қошиқ ванилинли шакар, исталган мураббо.

Тайёрланиши: 1. Сариёғни шакар ва ванилинли шакар билан аралаштириб, тухум қўшинг. Ун ва юмшатгич солиб, хамир тайёрланг.

2. Хамирни 3 мм. қалинликда ёйиб, бир хил катталикдаги айланалар кесиб олинг. Кейин айланадан юлдузча шаклини ясанг.

3. Юлдузчаларнинг ярмининг ўртасидан ҳам кичкина юлдузча шаклини кесинг.

4. Юлдузчаларни ёғланган қолипга териб, 180-190 даражада қиздирилган газ печига 10-15 дақиқага қўйинг. Пишгач, биринчи юлдузчаларга мураббодан суртиб, устидан иккинчи юлдузчани ёпиштиринг. Юзига қанд упаси сепинг.

Тайёрланиш вақти: 40 дақиқа.

«Арчажон»

Қизалоқларингиз билан бирга пиширинг!

Зарур масаллиқлар (10 дона учун): 400 гр. ун, 200 граммдан шакар ва сариёғ, 1 дона тухум, 1 чой қошиқ долчин; глазурь учун: 170 гр. шакар, 1 дона тухум оқи, 1 ош қошиқ лимон шарбати.

Тайёрланиши: 1. Сариёғни шакар ва долчин билан аралаштиринг. Тухум, ун қўшиб, хамир қоринг. Хамирдан зувала ясаб, ярим соатга музлаткичга қўйинг.

2. Хамирни ун сепган ҳолда 0,5 см. қалинликда ёйинг. Кейин турли катталикдаги юлдузчалар кесиб олинг.

3. Юлдузчаларни ёғланган қолипга териб, 200 даражада қиздирилган газ печига 15 дақиқага қўйинг.

4. Музлаткичда турган тухум оқини лимон шарбати билан кўпиртиринг. Кейин шакар қўшиб, яхшилаб аралаштиринг.

5. Юлдузчалар ўртасига глазурь суртиб, катта-кичиклигига қараб ёпиштириб чиқинг. Тайёр арчага қанд упаси сепиб, базак беринг.

Тайёрланиш вақти: 1 соат.

Darakchi.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

семнадцать − 1 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз