Юртимизда

Байрам дастурхони учун шоколадли торт

Барчамиз байрам оқшомида меҳмонларни кўнгилдагидек кутиб олиш учун астойдил ҳаракат қиламиз. Шунда азиз бекажонларимизга мультиварка ёрдамга келади. Унда байрам столини безатиш учун турли-туман таомлар тайёрлаш мумкин.

Энг майин бисквитга ва ажойиб таъмга эга шоколадли торт дастурхонингиз кўркига айлана олади. Уни тайёрлаш учун керак бўладиган масаллиқлар барчамизнинг ошхонамиздан топилади.
Шоколадли торт тайёрлаш учун зарур масаллиқлар
буғдой уни — 250 грамм;
сода — 1,5 чой қошиқ;
туз — 1 чой қошиқ;
какао кукуни — 55 грамм;
тухум — 2 дона;
шакар — 300 грамм;
сариёғ (юмшатилган) — 60 грамм;
зайтун ёғи (ёки ўсимлик ёғи) — 60 грамм;
ванил шакари — 2 чой қошиқ;
сут — 280 мл;
уксус (олмали, узумли 6 фоиздан ошиқ эмас) — 1 ош қошиқ.
Тайёрлаш
Биринчи навбатда эланган ун, сода, туз, какао кукуни ва шакарни аралаштириб оламиз. Сўнгра қуруқ аралашмага тухум, ванил, сариёғ, зайтун ёғи, сут ва уксусни қўшамиз.

Хамирни миксер ёрдамида кўпиртирамиз. Дастлаб у бўш ва увоқли кўринишда бўлади. Бундан чўчимасдан, миксернинг кучини ҳисобга олиб, яна 3—5 дақиқа кўпиртиришда давом этамиз.

Мультиварка идишини яхшилаб ёғлаб, таг қисмига пергаментдан қирқиб олинган айланани жойлаймиз. 60 дақиқага «Пишириқ» («Випечка») режимини танлаймиз. Агар духовкада пиширмоқчи бўлсак, у 180 даража иссиқликда 45—55 дақиқа давомида тайёр бўлади.

Тайёр бисквитни дарҳол мультиварка идишидан олиб, пергаментни олиб ташлаймиз. Унинг совушини кутамиз. Совиши билан озиқ-овқат плёнкасига ўраб, 2 соатга қолдирамиз.

Агар шошиб турган бўлсангиз, тортга шунчаки шакар пудрасини сепинг. Ёки исталган севимли кремингиздан суришингиз мумкин. Энг яхши вариант — шоколадли ганаш тайёрлаш: қаймоқли қора шоколадни эритиб, унга бироз сариёғ қўшамиз.

Шундан сўнг тортни иккига бўлиб, ганаш сурамиз. Қолган ганашни устидан қуйиб, малина ёки бошқа мевалар билан безатамиз.

Ажойиб ширинлик ёрдамида яқинларингизга қувонч улашинг!

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

15 − 4 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз