Юртимизда

“БРАТ”, БИ-ИР КУЛИШМАЙМИЗМИ?..

 «МОЛЧАТЬ», ТУРВОРАМАН!»
(интермедия)

Иштирок этувчилар:

1. Бадир бува. Ёши саксонга етган, чўққисоқол, ҳийла серзарда қария. Ўзининг айтишича, нос отган маҳал отмагандагига қараганда анча бийрон сўзларкан.

2. Врач. Йигирма беш, йигирма олтилар атрофидаги, узун бўйли, ясси юзли, камтар ва камсуқум, шу билан бирга жиддий йигит.

Касалхонанинг жонлантириш бўлими. Икки кишилик палатада Бадир бува ёлғиз. Шифтга термулганча хаёл суради:

«Қизиқ, умримда кампирим раҳматлини тушимда кўрмовдим-а! Кеча кечаси кўрибман. Раҳматли ҳалиям ёшликдагидай мендан қочиб юрганмиш. Эҳ, кампир, билмайсанми мени? Ёшим саксонга етган бўлсаям ҳали бақувватма-ан! Тағин бир марта тушимга киргин, мана кўрасан, етволаман сенга, ҳа!.. Уф-ф, тезроқ дўхтири тушмагур кирса айтардим… Ҳа, ўша уколида бир бало бор-ов! Юз тонна сомон ташиган одамдай қотиб ухлабман-а ўзиям! Туш кўрганим-чи? Йў-ўқ, ўша уколида бир гап бор. Баччағарлар ҳар куни кечқурун қип қўярди-ку уколни! Бугун нимага тўнини тескари кийволишди? Биз бирор номаъқул иш қилдикми? Йўғ-э, ётибман-ку тек! Турғазишмаса, қанақа номаъқул иш қилай?..»

Шу пайт палата эшиги очилади-ю, ичкарига узун бўйли врач киради. Бадир бува шоша-пиша тупугини икки кўзига суртади-да, врачга худди йиғламсираган каби жавдираб боқади.

Врач: — Ҳа, дода, йиғладингизми? Нима бўлди?

Бадир бува (бош эгганча лабларини ёлғондакам пулкиллатади-да, ўнг кафтини юрагига босади): — Манави ерим оврияпти, болам!

Врач: — Ие, яна-я? Қандай оғрияпти? Сиқибми, ё чимиллабми? Балки, дода, қўзғолон қилиб оғриётгандир?

Бадир бува: — Билмасам… Шуйтиб-шуйтиб оврияпти, болам!..

Врач: — Капилница қўйиб қўйишсинми? Қизларга айтайми?

Бадир бува (жонҳолатда бошини кўтариб): — Жўқ, жўқ, пақат капилнисамас!.. Эзилиб кетаман! Ундан кўра… Болам, кечаги уколингдан қип қўйгин! Ҳар куни шу пайтда қип қўяётувдиларинг-ку!

Врач: — Йўқ, дода, у уколни тўхтатдик! Ўрганиб қолсангиз, қийин бўлади сизга!

Бадир бува (ҳафсаласи пир бўлгандек қошларини чимиради, чўққи соқолини чап қўли билан тутамлаб, асабий лаб тишлайди): — Қилмайсанми ўша уколингни? Айт ростингни! Қилмайсанми?

Врач (кулимсираб, қариянинг елкасига қўлини қўйиб): — Дода, айтдим-ку, у уколни ҳадеб қилиб бўлмайди. Ўрганиб…

Бадир бува (врачнинг гапини кесиб): — Молчать, турвораман!..

Врач (кулгиси қистаб): — Нима? Дода, нима дедингиз? Ўрисчаладингизми?

Бадир бува: — Ҳа, ўрисчаладим. Агар-чи, аччиғимни чиқаровирсанг, немисчалавораман ҳозир. Хўш, қиласанми уколингни-йўқми?

Врач: — Айтдим-ку, мумкинмас…

Бадир бува: — Молчать, турвораман! Агар уколингни қилмайдиган бўлсанг, турвораман!..

Врач: — Йўқ, йўқ, йўқ! Фақат турманг, дода, илтимос! Қани, мана мундай ётволинг-чи! Жуда яхши-и! Мана бу бошқа гап, дода!

Бадир бува (ётган ерида тепасидаги врачга ўдағайлашда давом этади): — Хўш, қиласанми уколингни? Гапир!

Врач (қариянинг елкасига қоқиб): — Қиламиз уколни, дода, қиламиз! Фақат турмасангиз бас. Биласиз-ку, сизга ҳозир умуман туриш мумкинмас!

Бадир бува (сал ўзини босиб, чуқур-чуқур нафас олади): — Бу эркакча гап бўлди, болам. Бор, тезроқ опкел уколни, бор!

Врач: — Хўп, ҳозир ҳамшираларга айтаман, қип қўйишади! Қимирламанг, дода, тек ётинг!..

Иккинчи саҳна
Жонлантириш бўлимининг икки кишилик палатасида ҳануз Бадир бува ёлғиз ётибди. Шифтга тикилганча, худди кечагидек хўрсиниқ аралаш ўй суради.

«Эҳ, кампир-а, бугунам сени тушимда кўриб орқангдан етволмоқчийдим, бўлмади-я! Анави қизиталоқ дўхтир бола алдаб бошқа укол қип қўйди шекилли-да! Ахир, ўтган кундаги уколдан кейин тушимга киргандинг! Ҳа майли-и, кампир, шошма, бугун тағин пўписа қиламан у баччағарга! Худди ўша уколни опкелтираман. Опкелмай кўрсин!.. Ўзингам эшитдинг-ку кеча, турвораман девдим, қўрққанидан иштонини ҳўл қилаёзди. Ҳа-а, бизам биламиз закўнни, кампир! Мен туриб кетсам, буларга гап тегади-да! Шошмай турсин, бир боплаб пўписа қилмасамми!..»

Шу маҳал эшик очилиб, врач киради.

Врач: — Хўш, дода, бугун қалайсиз? Юрак безовта қилмаяптими? Ҳм-м-м, қани, менга қаранг-чи! Ў, рангингизга қизил югурибди. Жуда яхши-и!..

Бадир бува (қовоғи уйилиб, истар-истамас врачга тик боқади): — Сен, бола, кеча алдадинг мени. Кўзимни шамғалат қилиб бошқа укол опкелтирдинг!

Врач (бош қашиб): — Дода, ахир, ўзингиз тушунасиз, ўрганиб…

Бадир бува (врачнинг сўзини кесиб): — Молчать, турвораман!

Врач (беихтиёр бир қадам ортга тисланиб): — Нима дедингиз? Тағин ўрисчаладингизми?

Бадир бува: — Ўрисчаладим, нима бўпти?

Врач: — Демак, турворасиз, шундайми?

Бадир бува (юзини терс буриб, икки қўлини каравот четига тираб): — Ҳа, турвораман! Ўша мен айтган уколни қилмасакансан, турвораман!

Врач: — Туринг унда, тураверинг!

Бадир бува (кутилмаган жавобдан бироз эсанкираб): — Тураверайми?

Врач: — Ўзингиз айтдингиз-ку турвораман деб! Туринг! Айтганча, келганингизга қанча бўлди, дода?

Бадир бува: — Тўққиз ярим кун бўлди?

Врач: — Балки ўн кундир?

Бадир бува: — Йўқ, роппа роса тўққиз ярим кун бўлди. Мени қоқ тушда опкелишган бу ерга.

Врач: — Шунақами? Хўп, энди тураверинг!

Бадир бува (бир нафас тарвузи қўлтиғидан тушган одам каби бўшашиб тургач, ўрнидан қўзғалишга тутинади): — Тураверайми ростдан?

Врач: — Ҳа, ростдан.

Бадир бува (аста ўрнидан туради-да, врачга ўқрайганча икки қўлини белига тирайди): — Мана турдим, энди уколингни қилмайсанми?

Врач (кулимсираган кўйи бош чайқайди): — Йўқ, албатта. Мен аҳмоқмасман-ку сизга ёмонлик қилиб!

Бадир бува: — Молчать, сакравораман!..

Врач (бу гапни эшитгач, қота-қота кулиб): — Нима? Сакрайман дедингизми? Сакранг! Сакрайверинг!..

Бадир бува росманасига сакрамоқчи бўлади. Аммо жисман бу ишни уддалай олмаслигига кўзи етиб, иккинчи ҳийласи ҳам иш бермаганидан афсус чекиб, каравот четига ўтириб қолади. Врач эса ҳамон кулгидан ўзини тиёлмай, ҳамшираларга қария учун укол тайёрлашни тайинлаш илинжида ташқарига чиқиб кетади.

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

восемь + 11 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз