Юртимизда

Нобель зиёфати сири: сиз бунақасини умуман кўрмагансиз

Ҳар йили 10 декабрда Стокгольм ва Ослода Нобель мукофотини ўз эгаларига топшириш маросими ва совриндорлар шарафига тантанали зиёфат ўтказилади. Хўш, бу зиёфатга қандай кириш мумкин? У ерда қандай таомлар тортилади.

Стокгольм ратушасининг Мовий залида ҳар йили Нобель зиёфати ўтказилади. Зиёфатга 1300 нафар меҳмон, жумладан, қироллик оиласи аъзолари, мукофот совриндорлари, уларнинг энг яқин қариндошлари ва ҳамкасблари (совриндор ҳаммаси бўлиб 16 нафар меҳмонни таклиф этиши мумкин), обрўли олимлар ва санъат арбоблари йиғилади. Зиёфатда ҳар доим швед Олий ўқув юртлари талабалари ҳам иштирок этади, улар махсус лотереяда қатнашиб, “омадли чипта”ни ютиб олишлари мумкин.

Нобель зиёфати — бу шунчаки меҳмондорчилик эмас, бу ҳаммаси тартибли, дақиқаларигача ҳисоблаб чиқилган маросим. Официантлар махсус машқлардан ўтишади, зиёфат бўлиб ўтадиган зал тантанадан бир неча кун олдин тайёр бўлади, зал Альфред Нобель вафот этган Сан-Ремодан келтирилган юзлаб гуллар билан безатилади.

Нобель зиёфатида ишлаш — ҳар бир швед официанти учун ўзига хос шараф ва орзу қилинган ишдир. Шунинг учун зиёфат олдидан асабларнинг дош беролмай қолиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди. Икки йил аввал ратушага официантлардан бири учун ҳатто тез ёрдам ҳам чақиришга тўғри келган. Яхшики, бундай ҳолатлар учун ҳамиша захирада одамлар бор.

Официантларнинг зиёфат олдидан машқ қилиши зарур, ахир зиёфатда 1300 нафар меҳмонга атиги икки дақиқада таомларни тортиб улгуриш керак! Фақат музқаймоққа сал эркинлик берилиб, дастурхонга тортишга нақ уч дақиқа ажратилади.

Ҳар йили зиёфат учун мукофотнинг 90 йиллигига буюртирилган махсус чинни сервиз ишлатилади. Ҳар бир ўрин беш соатча тайёрланади, ликопчаларнинг қадаҳларгача бўлган жойи ва ҳоказолар ўлчанади. Столда ҳар бир меҳмон учун тўртта ликопча ва қадаҳ, учта санчқи, иккита пичоқ, қошиқ ва қаҳва чашкаси бўлади.

Тантанаворликка қарамай, зал анча тор, ҳар бир меҳмонга эса атиги 60 сантиметр ажратилган! Ратушада ана шундай, елка елкага тегиб овқатланишади.

Анъанага кўра, қироллик оиласи ва совриндорлар Мовий залга машҳур узун зинадан тушишади. Шундоқ ҳам ҳаяжонли дамларнинг мураккаблиги шундаки, тушаётганда оёқ тагига эмас, олдинга, деворда ўйилган юлдузга қараш зарур. Кўпчиликка бу синов оғирлик қилади, 2012 йилда иқтисодиёт бўйича совриндор бўлган Элвин Рот эса қоқилиб, йиқилиб тушаёзганди.

Тантанали маросимнинг энг муҳим қисмларидан бири — таомнома — шаробдан бошлаб, Швециянинг энг яхши бош ошпазлари томонидан тайёрланиб, таомнинг рецепти қаттиқ сир тутилади. Кўплаб нозик фарқлар, масалан, диний қарашлар инобатга олинади, ахир мукофотлар турли миллат ва дин вакилларига топширилади. Сентябрда таомнома махфий татиб кўрилиб, якуний режа аниқланади.

Ҳар йили ўзгарадиган таомнома ҳар доим скандинав таомларидан иборат бўлади, шунинг учун кўпинча лосось, майда қисқичбақа ва овланган қуш гўшти пиширилади. Масалан, 2012 йилда совриндорларга зиёфатда маринадланган балиқ ва икра, гулкарам ва майонез, қўзиқорин ва қовурилган тустовуқ, пюре ва виноли соусдаги нок, десертга эса, анъанага кўра, олма ва хандон пистали музқаймоқ тортилган.

Қизиғи, ҳар бир сайёҳда турли йиллардаги Нобель таомномасидан лаззатланиб, ўзини мукофот совриндоридек ҳис қилиш имкони мавжуд. Бевосита ратушанинг ўзида жойлашган “Stadshuskällaren” (“Ратуша қовоқхонаси” ресторанида ўтган йилларнинг таомномасига мос таомлар тортилади.

У ерда 1901 йилдан бошлаб (!) исталган йилдаги таомномани буюртма қилиш мумкин. Турли йилларда совриндорлар ва Швеция қироллик оиласи тановул қилган таомларни татиб кўриш учун аввалдан 10 кишига зиёфат буюртириш зарур. Зиёфатдан сўнг ошкор бўладиган 2016 йил дастурхони бир ёки ундан ортиқ одам учун тузалиши мумкин. 2013 йилда бу кичик дастурхон нархи 1695 швед кронасини ташкил қилган.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, зиёфат вақти дақиқаларигача режалаштирилган. Бошланиши роппа-роса 19:00 да, 19:05 да эса қироллик оиласи шарафига илк қадаҳ кўтарилади (расмий қадаҳ иккита, иккинчиси Альфред Нобель хотирасига), кейин орган янграйди.

22:15 да Швеция қироли овқатланиш тугаганига, ратушанинг Олтин залида рақслар бошланишига ишора беради. Одатда, тунги бирдан олдин ҳеч ким кетмайди.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

пять + девять =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз