Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-27)

 

* * *

Наргизани дафн этиш учун олиб келган кунимиз бу маскан кўзимга жуда совуқ ва файзсиз кўринганди. Ўшанда нуқул атрофга аланглар, дўппайган қабрлардан узоқроқ туришга урингандим. Жазава қуршовида қолган кезларимдагина бу даҳшатларни илғашдан йироқ бўлдим. Нигоҳларим фақат марҳум ёстиқдошимни қидирди, қулоқларим унигина эшитди.

Ҳозир эса қабристон ҳовлисида қатор қабрлар оралаб хотиржам кетиб бормоқдаман. Йўл-йўлакай чироқнинг хира ёруғида қабртошдаги ёзувларни ўқишга тутинаман. Ана, мана бу қабрда ётган аёл ҳам Наргиза билан бир кунда дафн этилибди. Бечора! Ҳойнаҳой болалари чирқираб қолишгандир? Эри-чи? Нега мен каби югургилаб келмаяпти? Ё кундузи келиб хотинидан хабар олдимикан? Э, билганини қилмайдими?!. Мени хотиним қизиқтиради холос. Ҳозир унинг меҳрга тўла овозини эшитсам, тинчлигини билсам кифоя…

Ниҳоят суюклигим ётган қабрга яқин қолди. Ҳов ўша айлана қабрлар орасида мен учун қадрдон, юрагимнинг бир парчасига айланиб улгурган Наргиза бор. Мен у қабрни рақамига қарамасдан ҳам топа оламан.

— Наргиза-а! — бақириб юбордим тўсатдан юрагим титраб. — Қайдасиз, азизам? Қайдасиз? Чиқсангиз-чи энди! Қийналиб кетдим-ку!..

Ҳайқирганим сайин ич-ичимдан оқиб чиқаётган фарёд кўз ёшга айланиб юзларимни ҳўл қилиб юборганди. Нуқул қалтирар, икки қўлимни юқори кўтарганча қичқирардим.

— Нега индамаяпсиз? Сизни хафа қилган ерим бормиди ё? Чиқи-инг!..

Бир маҳал қоронғилик қаърида нақ эшакдай келадиган каттакон қора итга кўзим тушди. Ит чамаси мендан йигирма-ўттиз қадамча нарида — Наргизанинг қабри ортида тургандек эди. Кўзлари ёнарди.

Унинг тап тортмасдан тек турганини, мендан кўз узмаётганини кўриб баттар тутоқдим.

— Вей, — бақирдим итга. — Йўқол бу ердан!.. Кимга айтяпман?

Аммо у ўрнидан жилмади. Сукунат қаърида ириллаб қўяётгани қулоғимга чалинди.

— Ифло-ос!.. Қоч у ердан! Хотинимни қўрқитма! Мен уни кўз қорачиғимдай асрашимни сен қаерданам билардинг, ҳайвон?!.

Фойдаси бўлмагач, тимирскиланиб ердан тош қидира бошладим.

— Ҳали шунақами? Зўрлигингни кўрсатмоқчимисан менга? Ҳозир бошингга тош тегсин, ўшанда биласан!

Аксига олгандек ҳадеганда тош ҳам топила қолмасди.

Қора ит ҳаракатларимни қимирламай пича кузатди. Сўнгра вовиллаб жонҳолатда мен томон ташланди.

Яхшики, қўлимга йўғон хода илинди. Ходани олдинга чўздим-у, итни савалашга шай турдим.

У мендан тўрт-беш метр нарида таққа тўхтади-да, ириллай бошлади.

— Ҳа-а, қўрқдингми, маҳлуқ? — титроқ аралаш бақирдим. — Келавер, олишамиз! Нега туриб қолдинг? Мен сенга хотинимнинг қабрига яқинлашишни кўрсатиб қўяман!

— Ҳой бола! Энангни уйими бу? Нимага аюҳаннос соляпсан?

Кутилмаган овозни эшитиб кескин ортимга ўгирилдим. Сал нарида паст бўйли, серсоқол бир қария турарди.

— Бу қанақаси? — дўқлай кетди қария менга яқинроқ келиб. — Ярим кечаси қабристонда пишириб қўйибдими сенга? Ие, ҳали мастмисан? Тавба, тавба, тавба! Астағфириллоҳ! Ўзинг кечир, Худо!.. Вей, тез кет бу ердан! Гуноҳ бўлади!

— Нимага ит мени қабрга яқинлаштирмаяпти? — дедим жазавага тушиб. — Нимага итингизни бойлаб қўймайсиз? Кимсиз ўзи? Нимага менга ўшқирасиз?

— Қанақа ит? Жинни-пинни бўлганмисан сен бола?

— Қора ит! Ҳозир мана шу ердайди. Ғойиб бўлибди ярамас.

— Эсингни еб қўйибсан! Гўристонда итга бало борми? Менга қара, ўтир-чи манави ерга!

Мен итоаткорона қария кўрсатган жойга чўкдим. Шу ондаёқ беихтиёр кўнглим бўшаб кетди. Томоғимга нимадир тиқилгандек, бир неча марта ютиндим-да, қўлларим билан бошимни чангаллаб олдим.

Кўксимдан аччиқ йиғи қандай отилиб чиққанини сезмадим. Силкиниб-силкиниб, худди ёш гўдак янглиғ ўксиниб-ўксиниб йиғлай бошладим. Қария эса икки елкамдан маҳкам сиққанча нуқул далда берарди.

— Йиғла, ўғлим, йиғлайвер!.. Ғуборларинг чиқиб кетади. Тўйиб-тўйиб йиғла!

Шу кўйи бир неча дақиқа ўзимни тута олмадим. Йиғлашим асносида кайфим тарқагандек, кўнгил кўзим очилгандек, дунёни борича идрок эта бошлаганимни ҳис этдим. Нималар қилиб қўйганимни англаганим сари юрагим увишиб, хижолат ва надомат бағримни емираверди. Ёнимда ўтирган қариянинг кўзларига тик боқишга ўзимда сира журъат топа билмадим.

— Кимни қидириб келгандинг бу ерга? — сўради қария сал тинчланганимдан сўнг бошимни силаб. — Ота-онанг шу ердами? Ё бирор яқинингми?

— Жуфти ҳалолим шу ерда ётибди, — дедим йиғламсираб. — Яқинда жойига қўйгандик… У мен билан тез-тез гаплашиб турарди. Овози шундоқ қулоқларим остида жарангларди, ишонинг!..

— Эҳ, болам, болам, — дея секин ўрнидан турди қария. — Дардингни тушунаман, ҳа! Айтишадики, «йўқолган буюмнинг қадрини буюм йўқотган кўпроқ биларкан». Сенга осон эмас. Лекин эркак киши бардошли, иродали бўлиши керак. Бўлар-бўлмасга дод солавериш аёлларга хос. Сен бўлсанг, ғирт маст бўлволиб қабристонга келибсан. Арвоҳлар ранжийди-ку, ахир! Қайси калламинан келдинг, Худо билади… Энди-чи, болам, эртага кайфинг тарқагандан кейин таҳорат олгин-да, келиб завжангнинг ҳақига дуо ўқигин! Ажабмас, дуоларинг ижобат бўлса. Локигин бундан сўнг зинҳор ба зинҳор қабристонга маст ҳолда келмагин! Бу ишингни ҳеч қачон Худо кечирмайди.

Қарияга жавобан нима дейишни билмадим. Нима ҳам дердим? Гуноҳим бир дунё. Мендек ўзбошимча ва баттолни ҳозирнинг ўзида тошбўрон қилиб юборишса кам. Эссиз! Шахсий эҳтиёжимни деб кечирилмас гуноҳга йўл қўйдим. Оқибатда Наргизадан ҳам абадий айрилганим рост. Энди у мендан тамоман юз ўгиради. Ҳароҳлари қаршисида роса абгор бўлгандир. Бўлмағур, ношуд эр дастидан дод деяётгандир. Нима қилиб қўйдим? Пиёнисталарга қўшилиб ичкилик ичиш менга хосмиди? Асло. Нега қўрқмадим? Этим сесканмади? Ҳеч қурса қалбим менга тўғри йўл кўрсатмади. Нега? Энди бир умр ҳар босган қадамимни афсус таъқиб этадими? Қачон одам бўламан?

Шундай ўйлар гирдобида бошимни ердан кўтара олмаган ҳолда ўрнимдан турдим.

Йўқ, аниқ биламан. Бу ерга ҳеч қачон кела олмайман. Юрагим дов бермаслигини сезиб турибман. Ҳатто Наргизани ўйлашга ҳам ҳақсизман. Ҳа, мен шундай жирканч одамман!..

Кетиш олдидан қарияга ер остидан ўғринча боқдим. У қабрларга маъюс тикилганча ўй сурарди.

Бир муддат иккиланишлардан сўнг бир қадам ортга чекиндим. Қария дарҳол ҳушини йиғиб нигоҳларини менга қадади.

— Ҳа, болам, кетяпсанми? — сўради ҳазин оҳангда. — Айбингни англаб етдингми?

Мен зўрға бошимни кўтардим-да, кетишга чоғланиб, сўнгги бор унга сўз қотдим.

— Кечиринг, ота! Мен ношуд бандани кечиринг!

* * *

Эртаси кунданоқ ўзимни қўлга олишга аҳд қилдим. Қабристон, марҳумлар ҳақида ўйламасликка тиришдим. Хаёлларимни чалғитмай, Ваня амакининг кўмагида қанд-қурс, сигарет, асосийси бир неча кило писта сотиб олдим-да, бозор-ўчар ҳаракатига тушдим.

Ишонардим, ўз қўлларим билан қовурган писта албатта, харидоргир бўлади. Йўлдаги хўппа семиз аёл айтмоқчи, яхшигина «навар» ташлайди.

Эрта тонгда елкамга «мол»лар жойланган сумкани илиб, Ваня амакининг алмисоқдан қолган столча ва курсисини қўлтиқлаганча қўрқа-писа бозорга чиқдим. Бу бозор унча катта эмасди. Сотувчилар ҳам саноқли. Аксарияти ориқ-семиз аёллар. Бир-бирларига навбат бермай шанғиллаганча харидор чақириш билан банд.

Хўш, нима қиламан? Ана, мен каби пистафурушлар қалдирғочлар каби тизилганча бир сафда ўтиришибди. Қарама-қарши тараф эса бўм-бўш. Демак, ўша ерга жойлашавераман-да!..

Қандай бўларкин? Мени бу бозорчилар қандай қарши олишади? Биронтасини танимасам, ош-қатиқ бўлмаган бўлсам. Э, нима қилибди? Мени еб қўйишмас, ахир.

Аста қўлимдаги сумкани ерга қўйдим-да, столчани жойлаштирдим. Шу заҳоти нарида ўтирган бир бозорчи кампир тепамда ҳозир бўлди.

— Ҳа, йигит, сен кимсан? — сўради у дағалроқ оҳангда.

— Ким бўлардим? — бўш келмай жавоб қилдим мен ҳам. — Одамман.

— Одамлигингни кўриб турибман. Нимага бу ерга столча қўйяпсан?

— Нарсамни сотмоқчиман.

— Жуда яхши. Лекин бу ернинг эгалари бор. Ҳали замон кеп қолишади. Сен-чи, ҳов анави бурчакка бориб ўтира қол! Бизнинг мижозлардан нарироқ бўласан.

— Шунақами?.. — Очиғи биринчи кунданоқ булар билан тортишгим келмади. Итоат билан кампир кўрсатган жойга бориб ўтирдим. Бу ерда сотувчини бозорнинг катта устуни тўсиб қоларди. Аммо астойдил ҳаракат қилсам, харидор чақира оламан. Балки кейинчалик бозорчилар билан яхши танишиб олсам, жойимни ўзгартирарман.

— Сен асло бақир-чақир қилиб, бизнинг харидорларни чорлама! — тайинлади кампир. — Хафалашиб юрмайлик тағин!

— Бўпти, бўпти, — дедим жаҳлим чиқиб. — Чақирмайман. Ҳамманинг насибаси бор. Ўшани териб ейди. Хотиржам бўлинг!

— Вой-бў, жа маҳмадона экансан-ку!

Кампир яна нималардир дея ғудранганча ўз жойига кетди.

* * *

Кунлар ўтгани сайин умримда илк бор тўғри йўл танлаганимга амин бўлиб борардим.

Бозор тобида давом этарди. Хўппа семиз аёл айтганчалик зўр фойда кўрмаётган бўлсам-да, ижара ҳақидан ортган беш-тўрт сўм пул чўнтагимдан аримасди. Рақобатчилар ҳам аста-секин тақдирга тан бера бошлашди. Энди ҳеч ким менга ола қарамас, тепамга харидор йиғилса, барчалари норози қараб олиш билан чекланишарди.

Айниқса, ўқишимни сиртқига ўтказиб олиб, жуда маъқул иш қилибман. Ҳар куни эрта тонгдан то хуфтон маҳалигача бозорда ўтираман. Чунки хуфтонга яқин писта, сигарет оладиганлар кўпаяди. Ҳар биримиз қўлимиз-қўлимизга тегмай савдо қиламиз.

Ўзим ҳам руҳан тетиклашган, кайфиятим кўтаринки, қўл савдодан бўшаган лаҳзаларда бозорчилар билан ҳазил-ҳузул қилиб вақт ўтказардим.

Шундай кунларнинг бирида бўйдоргина, малларанг сочлари узун ва қалин қошли, ёшгина аёл ўзидан ёши улуғроқ ажнабий бир аёл билан бозоримизга кириб келди.

Уни кўрдим-у, нигоҳларимни қадди-қоматидан, ҳусни жамолидан узолмай бақрайиб қолдим. Шу ондаёқ «қанийди шу аёл мендан нимадир сотиб олса» деган хаёл миямдан ўтди.

Сезиб турардим, бозордаги эркаг-у аёл фақат уни кузатишга тушди. Ёш-яланг йигитлар ўзларича «қийқириб» ҳам олишди. Бироқ соҳибжамол ҳеч кимга эътибор бермай пистафурушларни оралаганча ниманидир қидира бошлади. Топа олмади чоғи менинг рўпарамда тўхтади ва кўзлари чақнаб шеригини туртди.

— Ана, бор экан! Айтмаганмидим?

Бу ҳолат мени адойи-тамом қилаёзганди. Ҳозир худди ёш бола каби шундай соҳибжамол барчани оралаб ўтиб, менинг қаршимда тўхтагани, мендангина ўзи хоҳлаган нарсани сотиб олмоқчилигидан дунёга жар солиб мақтангим келарди… Аммо қалбим мени дарҳол қайириб ташлади. «Сенга йўл бўлсин, акаси? — деди у қўзғолон қилиб. — Туришингга бир қара! Кимсан ўзинг? Ҳеч кими йўқ, ташландиқ, ҳеч кимга кераксиз бир бандасан. Яхшики манави бозорчилар кимлигингни билишмайди. Билишса, росманасига масхаралашган бўларди. Сен бўлсанг, шундай аёлга маҳлиё бўлиб ўтирибсан. У қайда-ю, сен қайда! Ундан кўра бозорингга қарасанг-чи!..»

Афсуски, ҳозир қалбимга ҳам қулоқ тутгим келмасди. Аёлнинг гўзаллиги ақл-ҳушимни ўғирлаёзганди.

Ахир… Қаранг, қандай «модница» экан. Тирноқларини ўстирибди, чиройли рангга бўяб ҳам олибди. Кўзларига сурилган сурмагача ўзига ярашиб тушган. Эҳ, кимнинг хотини экан-а, у? Ҳойнаҳой, ўша эркак ҳам дўпписини осмонга отиб яшаётгандир? Албатта-да, шундай хотини бўлади-ю, хурсанд бўлмайдими?

У хаёлимни бўлиб жилмайганча сўради:

— Писта қанчадан?

Шошиб қолдим. Бир муддат ҳатто нархни-да айта олмай гарангсиб турдим.

Аёл яна саволини такрорлади:

— Писта қанча деб сўраяпман!

— П-пистами? — дедим тутилиб. — Қ-қанча олмоқчисиз? Арзон қилиб бераман.

— Икки стакан оламан.

— Хўп бўлади! Ҳозир-да!

Яширмайман. Айни чоғда соҳибжамолнинг қанча пул бериши мени умуман қизиқтирмасди. Асосийси, у билан гаплашиш, овозини эшитиш, қўлларига писта солинган пакетчани тутқазиш бахтига муяссар бўлганимдан теримга сиғмас даражада мамнун эдим.

Нима қилай?

Дарвешлигим ҳам бор-да!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

восемнадцать + одиннадцать =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз