Юртимизда

«Титаник» ёқилғи омборидаги ёнғин сабаб чўкиб кетганми?

«Титаник» тарихини 30 йил давомида тадқиқ этган британиялик журналист Шенан Молони лайнер ҳалокати билан боғлиқ янги тахминни ўртага ташлади, дея хабар бермоқда Meduza. 1,5 мингдан ортиқ одамнинг умрига зомин бўлган ҳалокатга ёқилғи омборидаги ёнғин сабаб бўлган бўлиши мумкин. Молонининг таъкидлашича, бир неча ҳафта давом этган ёнғин оқибатида кеманинг зирҳ қопламаси қизиб кетган ва айнан шу ҳолат айсберг билан тўқнашувнинг фожиавий тус олишига сабаб бўлган. Шенан Молонининг тадқиқотига бағишланган фильм Янги йил оқшомида Британия телевидениеси орқали намойиш этилди. «Титаник» ҳалокати билан боғлиқ янги тахмин ҳақида The Independent ҳикоя қилади.

Замонасининг энг йирик океан лайнери ҳисобланган «Титаник» 1912 йил 15 апрель куни – ўзининг илк қатнови вақтида чўкиб кетган. Кема Атлантика океанида музтоғга урилган. Бахтсиз ҳодиса оқибатида 1,5 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган. «Кема хавфли даражада музлаган сувларда катта тезликда ҳаракатланган ва кема экипажи айсберг билан тўқнашув олдини олишга улгурмаган» – айнан шу ҳолат кема ҳалокатининг расмий сабаби ҳисобланади.

Британиялик журналист Шенан Молонининг фикрича, «Титаник» ҳалокатига унинг ёқилғи омборидаги ёнғин сабаб бўлган бўлиши мумкин. Молонининг таъкидлашича, ёнғин кеманинг Саутгемптондан йўлга чиқишидан анча олдин юзага келган – уни бир неча ҳафта давомида ўчиришга беҳуда уринишган. Бу вақт ичида кема қопламаси қизиб, ўз мустаҳкамлигини йўқотган ва шу сабабли ҳам айсберг билан тўқнашув вақтида кема жиддий зарарланган.

The Independent’нинг ёзишича, Молони «Титаник» ҳалокати сабабларини тадқиқ этиш давомида, кеманинг йўлга чиқишгача олинган фотосуратларини ўрганишга муваффақ бўлган. Қопламанинг ички, кейинчалик айсберг билан тўқнашув натижасида ёрилиб кетган қисмида у қоракуя изларини пайқаган. Журналист маслаҳатлашган мутахассислар бу излар, катта эҳтимол билан, «Титаник»нинг ёқилғи омборларидан бирида юз берган ёнғин оқибати бўлиши мумкинлигини тасдиқлаган.

Молонининг аниқлашича, ёнғин «Титаник» Саутгемптонга келиб, бу ердан Нью-Йорк томон йўлга чиқишидан аввал бошланган. Молони ўрганган суратлар кема ҳали Белфастдаги кемасозлик портида турган вақтида олинган. Журналистнинг аниқлик киритишича, кема эгалари ёнғиндан хабардор бўлган ва буни йўловчилардан яширишга уринган: шу сабабли ҳам кема Саутгемптонда қирғоққа бошқа томони билан яқинлаштирилган. Зобитларга эса ёнғин ҳақида йўловчиларга айтмаслик кўрсатмаси берилган.

Йўл давомида 12 кишидан иборат гуруҳ ёнғинни ўчиришга уринган, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаган. Шенан Молонининг қайд этишича, ёнғин бўлган жойда кема қопламаси Цельсий бўйича 1000 даражагача қизиган. Нью-Йоркка сафарнинг бешинчи куни «Титаник» айсберг билан тўқнашганида, қоплама бунга бардош бера олмаган ва кема бортида катта ёриқ пайдо бўлган.

Журналистнинг таъкидлашича, айсбергни «Титаник» ҳалокатининг ягона айбдори сифатида кўрсатиб бўлмайди: лайнернинг чўкишига комплекс сабаблар, хусусан, ёнғин ва кема эгаларининг жинояткорона масъулиятсизлиги сабаб бўлган.

«Бу қоракуя изларини бизгача ҳеч ким тадқиқ этмаган ва бу излар вазиятни тубдан ўзгартиради. Металлургия соҳасидаги мутахассислар бунчалик қиздирилган пўлат нозик бўлиб қолиши ва маҳкамлигининг 75 фоизини йўқотишини тасдиқлади», – деб ёзади The Independent.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

13 + 15 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз