Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-28)

* * *

Ўша кундан бери нақ қўли етмас юлдуз томон талпинган кимсанинг кунига тушгандек эдим. Ҳар лаҳзада ўша ажнабий аёлнинг йўлига кўз тикар, келди дегунча титроқ орасида қолардим. Шу орада қувлик ҳам қилиб қўярдим. У сўраган пистани иложи борича секин узатишга, шу баҳонада вақтни чўзишга уринардим.

Чамаси, у ҳам менинг ҳолатимни пайқагандек баъзан кулимсираб қўярди.

— «Нега ўзи шу аёлдан кўзимни узолмай қолдим, — дея ўйлардим у кетгач. — Менга ким қўйибди бундай келишган аёлларга кўнгил қўйишни? Назар-писанд қилмаса керак у. Ҳозирги туришимда оддий пистачиман холос! Ундайларга тагида ярқираган машинаси, қўша-қўша уйлари бор эркаклар ёқади. Ўшаларгагина назар ташлаши, уларнигина севиши мумкин. Бекордан бекорга ўзимни қийнаш, йўлига кўз тикиш зарурмикан менга? Башарти шу мавзуда сўз очган тақдиримдаям, гапимни ёқамга ёпиштириши тайин. Буни биламан. Шундай экан, тилимни тишлаб тинчгина пистамни сотаверай. Сих ҳам, кабоб ҳам куймасин. Зўрға кўриб турган куним ҳолвага айланиб қолмасин!..»

Йўқ, барибир истакларим, орзуларим устун эди. Мени мафтун этган чеҳрага яқин бўлиш ниятидан сира қайта олмадим. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам фақат уни ўйлайвердим.

Ҳиссиётларим азбаройи жунбушга келганидан сўнгги кунларда унга сўраган нарсасини текинга бериб юборишни одат қилдим. Аввалига ҳайрон бўлди-ю, аммо танлаган йўлим тўғри чиқиб қолди. Соҳибжамол бора-бора бу ишимдан қувонадиган бўлди. Мен билан бир-икки дақиқа эмас, кўпроқ суҳбатлаша бошлади.

Охири чидолмадим. Қалбимдан кечаётган ҳисларни ошкор этишга бел боғладим.

Кечки бозор маҳали харидорлар кўп бўлади. Шундан фойдаландим. Унга сўраган нарсасини тутқазарканман, оҳиста сўз қотдим.

— Сиздан бир илтимосим бориди. — дедим шивирлаб. — Фақат йўқ демасангиз айтаман.

— Вой, қанақа илтимос? — қизиқсиниб менга боқди аёл. — Айтинг!

— Олдин яқинроқ танишсак бўлармиди…

— Биз танишмиз шекилли.

— Исмингизни билмайман-ку!..

— Ҳа-а, — кулиб қўйди у. — Майли, айтаман. Исмим Сусанна.

— Ие, арманмисиз?

— Ҳа-да! Ёмонми?

— Нега ёмон бўлсин? Ўзим ҳам шундай бўлса керак деб ўйлардим.

— Сизнинг исмингиз-чи?

— Қодир, — дедим сал бўшашиб.

— Илгари бозорда кўринмасдингиз-ку! Яқинда келдингизми? Ўзи касбингиз нима?

— Ҳозирча талабаман. Аслида журналист десам ҳам бўлади. Шу соҳада пича ишладим.

— Ў, зўр-ку! — Сусанна кўзлари чақнаб бош ирғади. — Зўр касб журналистика. Менинг жияним ҳам журналист.

— Шу шаҳарда яшайдими?

— Йўқ, у узоқда, жудаям узоқда яшайди.

— Ўзингиз-чи? Қаерда турасиз?

— Мен ҳам аслида бу ерлик эмасман. Меҳмонга келгандим. Кетолмадим. Шу ерда қолиб кетдим. Ҳозир бир таниш аёлникида тураман.

Биз шу куни анча гаплашиб қолдик. Савдо-сотиқнинг ҳам мазаси қочди. Лекин ачинмадим. Ўзим ҳеч қачон етишим мумкин эмас, деб хаёл қилган бир юлдузга яқин бўлганимдан жуда мамнун эдим.

Туни билан уни ўйладим. «Майли эртага учрашамиз» деган ваъдаси миямда чарх ураверди.

Кўнглимнинг аллақаерида безовталик ва ишонч ўзаро курашарди. Безовталик шу эдики, мен яқиндагина йўл қўйган хатомни такрорлаб қўйишдан чўчирдим. Ишонч эса бу қўрқувни ҳар гал силтаб ташлар, мени олдинга интилишга ундарди.

* * *

Эртаси куни тонг маҳали уйғондим. Бу кун мен учун ҳаётимдаги энг қувончли ва бахтли кечишидан умидвор эдим. Келажак тақдирим қандай бўлиши мени сира қизиқтирмасди. Хаёлимни, ҳаловатимни ўғирлаган соҳибжамолга етишиш, унинг энг яқин кишисига айланиш истаги ҳаммасидан устун эди. Шу лаҳзаларда ўзимча гўё қишлоғимга бориб бор овозда «Кўриб қўйларинг! Мен ҳам бахтимни топдим! Унча-мунча йигитнинг қўли етмайдиган юлдуз бағримда нур сочиб турибди!» дея ҳайқирардим. Хаёлан Сусаннани барча яқинларимга, дўсту душманларимга баравар кўз-кўз қила бошлагандим. Унинг қандай жавоб қайтариши ҳақида ўйлаб кўрмасдим. Дабдурустдан муҳаббат изҳоримни эшитгач, бирдан ўзгариши, лаб буриши, ёки менга масхараомуз нигоҳ ташлаганча кетиб қолиши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмасди. Ҳозирги ҳолатимда оддий бир пистачи эканим тамоман ёдимдан кўтарилганди.

Мендек қишлоқи йигит ёнида замонавий кийинган, қадди-қомати кўзни қамаштиргулик қиз савлат тўкиб турса, олис осмонларда учиб юради. Қувончдан, фахрдан бу ёруғ дунёга сиғмайди. Шундай лаҳзаларда ҳеч нарсани ўйламайди. Худди мияси тўхтаб қолган кимса каби ўзини лол қилган гўзалга тик боқади. Тикилиб, Оллоҳ яратган ҳусну жамолни томоша қилиб тўймайди.

Мен шомга яқин бозор-ўчарни йиғиштирдим-да, олдиндан келишилган жойга чопқилладим.

Қаҳвахонага яқинлашиб борардим-у, юрагим қинидан чиққудек потирларди. Худди туни билан шеър ёдлаган мактаб ўқувчиси каби айтмоқчи бўлган гапларимни ёдаки такрорлардим.

Ҳа, агар муҳаббатимни рад этмаса, мени камситмаса, орзуларимни саробга айлантирмаса, гап орасида қанчалар оғир бўлмасин, асосийсини сўрайман. Майли, устимдан кулса ҳам барибир сўрайман. «Оғзи куйган қатиқни пуфлаб ичади» деб бекорга айтишмаган. Мана шу савол менинг ҳаёт-мамотимни белгилайди.

Хайрият ҳали келмабди. Бу айни муддао. Унгача сал ўзимни босиб, титроқлардан, ҳаяжондан холи бўламан.

Орадан ўн-ўн беш дақиқа вақт ўтгач, Сусанна кириб келди. Эгнига оппоқ кофта, жинсидан юбка кийибди. Бу кийим ҳам унинг ҳуснига ҳусн қўшибди.

Даст ўрнимдан турдим-да, сўрашиш учун қўл узатдим.

— Яхши келдингизми?

— Раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз?

— Ёмонмас, — дедим сал ўнғайсизланиб. — Сизни кути-иб ўтиргандим.

— Хўш, менга қандай гапингиз бориди? — сўради Сусанна кулимсираб. — Айтаверинг, қулоғим сизда!

Бу саволни кутмагандим. Қизиқ, ажнабий аёллар дангал беравераркан-да саволни! Бошқаси бўлганда, то ўзим сўз бошламагунча жим кутиб ўтираверарди.

Ҳайрат мени янада дадиллантирди. Таваккал мақсадга ўта бошладим.

— Очиғи, — тутилиброқ бўлса-да сўз қотдим. — Сизга кўзим тушгандан бери тинчимни йўқотганман.

— Йўғ-э, — хандон отиб кулди Сусанна. — Ростданми?

— Фақат устимдан кулманг, илтимос! Шундоғам ҳаяжонланиб кетяпман.

Сусанна бирдан жиддийлашди.

— Узр, устингиздан кулмоқчимасман. Шунчаки… Қизиқ-да!

— Сиз севгига ишонасизми? — сўрадим ундан. — Ростини айтинг!

— Албатта, ишонаман, нимайди?

— Айбга йўйманг-у, лекин… Сиз менга жуда ёқиб қолдингиз.

Сусанна бу гапимни эшитди-ю, ер чизди. Узун киприклари одатдагидан тезроқ пирпиради. Беихтиёр лаб тишлаб бир муддат ўйга толди.

Мен бўлсам адойи тамом бўлаёзгандим. Шу тобдаги аҳволим ёлғиз ўзим-у, Яратганга аён эди.

Товонимдан сочимга қадар муз югуриб, вужудим титрарди. Муҳаббат изҳоримга берилажак жавоб борлиғимни қулоққа айлантириб қўйганди.

— Сиз ғалати экансиз-ку! — деди ниҳоят Сусанна аста бошини кўтариб. — Мени ҳали яхши танимайсиз, аслида кимлигимни билмайсиз… Қанақасига…

— Билмадим, — дедим жуссамни орқага ташлаган кўйи. — Мен сизни учратгунча бахтсиз эдим. Қаерга боришни, бахтимни қайдан излашни, умуман қандай яшашни билмай аросатда эдим. Сизни кўрдим-у, тақдирим аён бўлгандек туюлди. Тўғри, балки мен сизга ёқмасман, ёққан тақдиримдаям ўзингиз истагандек бахтли қила олмасман. Лекин…

Сусанна майин жилмайиб қўйди-да, менга қаттиқроқ тикилди.

— Менга қаранг, келинг, ўзингиз ҳақингизда гапириб беринг!

— Ростданми? — ҳовлиқиб сал қурса ўрнимдан туриб кетаёздим. — Алдамаяпсизми? Ростдан қизиқяпсизми ҳаётим билан?

— Жудаям содда экансиз, — деди кулиб Сусанна. — Албатта, қизиқ. Айтиб берасизми?

— Жоним билан! Фақат… Олдин бир савол берсам майлими?

Сусанна ялт этиб менга боқди.

— Қанақа савол?

Бир муддат ер чизиб турган бўлдим-у, таваккалига дилимдагини тилимга кўчирдим.

— Кечирасиз-у, иккала сийнангиз ҳам соғми?

— Нима? — бу саволим уни росманасига ҳушёр торттирганди. Қошлари чимирилиб бирпас каловланиб қолди. — Бу нима деганингиз? Тушунмадим.

— Ишонинг, — дедим лаб тишлаб. — Мен бу саволни шунчаки бермадим. Бир кун келар, албатта, тушунтириб берарман. Ҳозир эса жавобингиз мен учун жудаям зарур.

— Майли, — ниҳоят тағин кулимсиради Сусанна. — Жа билгингиз келаётган бўлса айтаман. Соппа-соғ.

— Худога шукр-ей! — шу жавобдан кейингина кўнглимдаги баъзи ғуборлар тарқаган каби енгил тортдим ва Сусаннага қаттиқроқ тикилдим. — Мана шу керак эди. Энди рухсат берсангиз, ўзим ҳақимда гапириб берсам.

— Албатта. Кутяпман.

Ўзимга қолса бу маҳзун ҳикоямни тинглашни ҳеч кимга раво кўрмаган бўлардим. Бироқ Сусаннанинг илтимосини рад этолмайман.

Нафас ростлаган бўлдим-да, истар-истамас сўзлай бошладим…

* * *

Орадан бир ҳафта ўтди. Биз Сусанна билан ҳар куни кечқурун учрашардик. Шу орада бир-биримизга жуда яқин бўлиб қолдик. Мен у сал кечика бошласа, хавотирланадиган, у эса кечикканидан хижолат тортиб мендан узр сўраб қўядиган бўлди. У билан кечган ҳар бир лаҳзани кўзларимга сурсам арзигудек қимматли эди.

Бу ёқда бозор ҳам илгаригидан-да юришиб кетди. Теримга сиғмай кунора янги-янги «мол»лар олиб келадиган бўлдим. Бир қилиғим ёқдими, ёнимдаги рақобатчиларнинг мижозлари ҳам мендан буюм харид қиладиган бўлишди. Хуллас, ишларим юришгандан юришиб кетди.

Шундай кунларнинг бирида биз Сусанна билан тағин учрашдик. Унинг қовоғи уйилган, нимадандир норози эди. Бу ҳолатини кўриб жон-поним чиқиб кетаёзди.

— Нима бўлди? — сўрадим унинг икки елкасидан маҳкам тутиб. — Ким хафа қилди?

— Ҳеч ким, — деди Сусанна совуққонлик билан. — Квартирамдан чиқиб кетишим керак. Қўйишмаяпти.

— Ким қўймайди?

— Галя опа деганникида ижарада турардим. Уни сиз ҳам кўргансиз. Яқинда мени ўғлига турмушга чиқишга ундаганди. Унамадим. Ахир, ўзимга ёқмайдиган одамга қандай турмушга чиқай? Бунинг устига пиёниста, танбал бўлса. Қисқаси, шундан кейин мен билан тескари бўлиб қолишди ҳаммалари. Энди чиқиб кетмасам бўлмайдиганга ўхшайди.

— Шунақами? Вой ифлослар-ей! Кўрсатинг ўша ярамасни! Адабини бериб қўяман!

— Йўқ, шарт эмас. Барибир Галя опа менга кўп яхшиликлар қилган. Ундай қилолмайман. Мабодо сизнинг ижарага қўядиган танишларингиз йўқми?

— Ие, бу нима деганингиз? Сизни кўчада қўярмидим? Тўхтанг, мени чиндан севасизми?

— Айтганман-ку буни!

— Илтимос, яна бир марта айтинг!

— Севаман!

— Унда келинг, турмуш қурайлик! Иккаламиз менинг квартирамда яшайверамиз. Қачонгача хилватда учрашиб юрамиз, Сусанна? Йўқ деманг! Ахир, мени яхши биласиз-ку! Алдамаслигимни англаб турибсиз-ку!

— Тўғри, — ўйга толди Сусанна. — Аммо бир нарса мени ўйлантириб турибди.

— Нима? Гапираверинг!

— Турмушга чиқсам, сизнинг динингизга ўтаманми?

Иккиланиб қолдим. Нима деб жавоб қилсам бўлади? «Ҳа» десам-чи? Унда нима бўлади? «Йўқ, мен бундай қила олмайман. Хайр» деса-ю, шартта кетиб юборса нима қиламан? Ҳолим не кечади?

— Хўш, ўзингиз қандай фикрдасиз? — сўрадим таваккал.

— Менми? — елка қисди. — Умуман айтганда қаршилик қилмаган бўлардим. Нима фарқи бор? Мен бунақанги масалаларга ҳайрихоҳман.

— Шунақами?

Бу гал ҳам Сусанна мени яна бир карра ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этди. Ахир бу иш ҳар бир ажнабий аёлнинг қўлидан келмаслигини кўп эшитганман! Сусанна бўлса, осонгина рози бўлди. Наҳотки, дунёда у каби очиқкўнгил аёллар ҳам бўлса? Ахир у ўз бахти учун, мен учун ўзлигидан кечмоқчи!

— Раҳмат сизга! — дедим азбаройи кўнглим бўшаганидан аранг ўзимни тутиб. — Сиз ҳақиқий мард аёл экансиз! Мен умримнинг охиригача пойингизга тиз чўкиб яшасам арзийди.

— Қўйсангиз-чи, — кулди Сусанна. — Севган кўнгилнинг хоҳиши бу. Агар инсон кимнидир қаттиқ севса, суюклиси учун жонини фидо қилишга шай туради.

— Унда шошилайлик! — дедим юрагим қинидан чиққудек дукиллаб. — Ортга сургандан нима фойда? Ҳозир борамиз-у, турмуш қурамиз.

— Кейин-чи?

— Кейин? Билмадим. Менинг квартирамга кўчиб ўтасиз.

— Йўқ, кейин театрга тушамиз. Ана ундан сўнг квартирага борамиз. Маъқулми?

— Розиман. Театр бўлса театр-да!

— Кетдик унда!

Биз бир-биримизга ўтли тикилганча қўлтиқлашиб кўзланган манзил томон жўнадик.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

18 + 12 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз