Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-29)

* * *

Кунлар ўтиб борарди. Биз бир-биримизга тобора қаттиқроқ боғланиб борардик. Ойдин кечаларда суҳбатлашиб, дардлашиб тўймасдик. Ўз уйимиз, қўналғамиз йўқлиги бизни асло ташвишга солмас, шундай гап-сўзлар пайдо бўлганда, бир-биримизни овутардик. Келажакда албатта яхшилик ғалаба қилишига ишонардик.

Шундай кунларнинг бирида мен бозорга тонг қоронғисида чиқишни маъқул кўрдим. Бу кун мен каби пистачилар учун муродбахш саналарди. Ким вақтлироқ бозорга чиқиб улгурса, ўшанинг савдоси бароридан келиб, кечгача ўтириб топадиган даромадини бир-икки соатда ишлаб олиши мумкин. Шу сабабли оёғимни қўлга олганча бозорга кириб келдим.

Ўйлаганимдек рақобатчилар кўринмади. Шоша-пиша “мол”ларни столчага ёйиб харидор кута бошладим.

Бир маҳал деярли ўзим тенги уч барваста йигитлар катта йўл тарафдан кириб келишди ва менинг рўпарамда тўхташди.

—  Ҳойнаҳой, чекимлик олишса керак, — деган хаёлда уларга сўз қотдим. — Қанақасидан берай? Мана, кўринглар, зўрларидан олиб келганман. Қанча оласизлар ўзи?

Улар ўзаро нималардир дея пичирлашган бўлишди-да, мени ўраб олишди.

—  Сен, оғайни, нега бу ерда савдо қиляпсан? — сўради йигитлардан бири дағал оҳангда.

Ҳайрон бўлдим. Тўғри-да, нима иши бор буларнинг? Нега мени тергашади?

—  Савдо қилсам, нима бўпти? — саволга савол билан жавоб қайтардим. — Бозор ҳамманики.

—  Вей, буггундан бошлаб бу ерда қорангни кўрмай! — қорачароғи илкис томоғимга чанг солди. — Тушундингми, ё четроқда тушунтириб қўяйликми?

Мен унинг қўлларини томоғимдан олиб ташлашга уриндим. Аммо қолганлари орқадан келиб белим аралаш бир-икки тепишди.

Шу орада қаердандир бошқа шериклари ҳам пайдо бўлди.

—  Хўш, нима дейсан? — деди мендан қўлини тортаркан қорача йигит. — Бу бозорда менинг ойим савдо қилади. Сен ойимнинг савдосига халал бермаслигинг керак. Агар яна бир марта шу бозорда кўрсак, аяб ўтирмаймиз.

Кўрдимки, аҳвол мен ўйлаганчалик яхши эмас. Бу безорилар кўпчилик экан. Уларга бир ўзим бас кела олмаслигим аниқ. Нима бўлгандаям мусофирман. Обрў борида яхшиликчасига жуфтакни ростлай қолай.

—  Гап йўқ, — дедим йигитларга бир-бир боқиб. — Чиқмасам чиқмасман. Аммо тепки учун бошқа сафар гаплашамиз.

—  Вей, “любой” вақт тайёрман! — керилди қорача йигит шерикларига кўз қисиб. — Ҳов анави тўққиз қаватли “дом”ни кўрдингми? Иккинчи қаватда тураман. Исмим Мурод. Албатта кечқурун боргин, гаплашамиз!..

Мен ортиқ ҳеч нарса демадим. Ўзимча бир кунмас бир кун ҳисоб-китоб қилишни кўнглимга тугдим-да, нарсаларимни йиғиштириб бозордан чиқиб кетдим.

* * *
Шу кунларда ишқнинг тогли лаҳзалари ҳам татимасди. Сусаннанинг кўзларига тик боқишга-да ожиз эдим. Унинг қаршисида ўзимни жуда нотовон банда каби ҳис этардим. Оқибатини ўйламай тутган ишим учун ўзимни сира кечира олмасдим. Энди нима қиламан? Уни ишонтирдим. Унга сўз бердим. Нима деган одам бўлдим? Рўзғор тебратишни бўйнимга олиб, Сусаннани севги изҳорларига кўмиб ташладим. Унга ҳеч ким эриша олмайдиган бахт ваъда қилдим. Қани ўша бахт?! Бозорга ишониб бир шўрликни дарбадарга айлантириб қўймоқдаман. Эрта-индин қолган-қутган пулларни йиғиб ижара ҳақидан қутулсам, тамом! Кейин қаерга бориб пул топаман-у, рўзғорни қандай бутлайман?

Аламдан ёрилгудек аҳволда ер остидан Сусаннага боқдим. У каравотда ётганча деразадан тўлин ойни томоша қиларди. Бирпасдан сўнг елкамга бошини қўйганча оғир хўрсинди. Шундан кейингина сал ғуборлар тарқалгандек кўнглим ёришди.

— Сусанна, — шивирладим мен ҳам ойга боқиб. — Худди шу ой каби қалбингни доғлаб қўйдим-а?

У кескин бошини кўтариб бармоқларини лабимга босди.

— Бу нима деганингиз? — деди маҳзун оҳангда. — Мен бахтиёрман.

— Ахир, кўряпсан-ку! Бозорниям белига тепишди.

— Уларгаям боққан бало бордир. Шунгаям қайғуриб ўтирамизми? Бир кунимизни кўрармиз ўлмасак.

— Ўлиб кетсак-чи? Пулларимиз камайиб бораётган бўлса. Кейин нима бўлади?

— Хавотирга ўрин йўқ. Худо беради.

— Ё таваккал қилиб бозорга чиқаверсаммикан? Ҳарқалай уриб ўлдириб қўйишмас мени?

— Йўқ, — деди қатъийлик билан Сусанна. — Чиқмайсиз бозорга!

— Нега?

— Чунки сизнинг ўз касбингиз бор. Қаёқдаги бозорчилар билан ёнма-ён ўтириб писта сотиш сизга ярашмайди.

— Ие, ўша ерда танишмаганмидик? Энди ярашмайди деганинг нимаси?

— Ўшандаёқ кўнглимга тугиб қўйгандим.

— Нимани?

— Агар шу йигит билан турмуш қурсам, бозорга чиқармайман деб ўзимга ўзим сўз бергандим.

— Вой, айёр-ей, — суюклигимни маҳкам қучоқлаб олдим. — Ҳали турмуш қуришимизни билгандим, де?

— Албатта-да, — кулиб юзимни чимчилади Сусанна. — Ҳар келганимда тикилавериб жонимни олардингиз. Ўшандаёқ сизники бўлишимга кўзим етганди.

— Бахтимдан ўргилай! — унинг юзларидан оҳиста бўса олдим. — Яхшиям сени учратдим. Мана, қийин лаҳзалардаям ўзинг далда бўляпсан. Сендан бошқаси бўлса…

— Бошқаси бўлмайди! — сўзимни кесди Сусанна. — «Бошқаси» деган сўзни ҳеч қачон оғзингизга олманг!

— Сен абадий меники бўласанми?

— Қасам ичаман! Сиздан бошқасига қайрилиб қарамайман!..

Бу дил изҳори вужуд-вужудимни титратиб юборди. Бир зумда аламлар, қайғу ва хавотирлар тумандек тарқаб, енгил тортдим.

* * *

Шу кеча туш кўрдим. Ойсиз, зулматли кечада ўзга бир юртда, сўнгсиз саҳрода дарбадар кезармишман. Саҳрода на дарахт, на гиёҳ бор эмиш.

Қайноқ қум оёқларимни куйдирар, чидай олмаганимдан тўхтамай югуришга маҳкум эдим. Шу кўйи ҳарсиллаганча сувсиз кўл бўйига етдим.

Кўл ёқасида мен каби ташна ва оч қарға-қузғунлар изғир, егулик қидиришарди.

Шу пайт кўл бўйида сочлари пахтадек оқарган, озғинлигидан елка суякларигача туртиб чиққан, аммо ёшамол аёл пайдо бўлди. У менга орқа ўгирганча суви қуриган кўлга тикилар, чуқур ўйга толганди.

Негадир унинг жуссаси менга таниш туюлиб яқинроқ бордим. Қадам товушларимни эшитган аёл илкис бошини мен томон бурди.

Мен… Тахта бўлиб қолдим. Чунки у Наргиза эди. Менга боқарди-ю, кўзларидан ёш ўрнига қип-қизил қон оқарди.

— Шу ергаям топиб кепсиз-да! — деди Наргиза бошини қайтадан кўл тарафга буриб. — Сиздан қочиб мана шу саҳрога келгандим.

— Нега бунча озиб кетдингиз? — сўрадим ундан титроқ аралаш. — Сочларингиз нега бунчалар оқ?

— Очман, оч! — Наргиза даст ўрнидан турди-да, суякдангина иборат оёқларини, шалвираган қўлларини баравар олдинга чўзди. Шу заҳоти озғин гавдаси чамаси бир метрча юқорига кўтарилиб, шу кўйи ҳавода муаллақ қолди. — Кўрмаяпсизми аҳволимни? Минг йилдан бери ейишга ноним, ичишга сувим йўқ. Мен макон қурган жойларда фақат меҳрсизлар яшашаркан.

— Қанийди сизга кўмак бера олсам, — дедим хафа бўлиб. — Ўзим ҳам сиздан баттар ҳолдаман. Менам шу саҳрога тирикчилик илинжида келувдим. Афсус, адашибман.

— Э, сиз қачон одам бўлгандингиз ўзи? — мени жеркиб ташлади Наргиза. — Тириклигимда ёрдам бермаган одам энди дардимга малҳам бўлармиди?!.

— Бу нима деганингиз? — қўрқиб кетдим мен. — Ахир, сиз билан ёмон яшамадик! Сизни қабрга қўйганимиздан кейин ҳам қанча вақтгача суҳбат қурганларимизни биласиз-ку!..

— У даврлар ўтиб кетди! — деди ҳануз тескари ўгирилган ҳолда Наргиза. — Лекин сиз ўзгармадингиз. Тадбир тузишни билмайсиз. Ўлгудек нўноқсиз. Агар шу тахлит кетаверсангиз, билиб қўйинг, ўлганингиздан кейин менданам баттар аҳволга тушасиз.

— Айтинг, нима қилай? — бақирдим бор овозда. — Нима қилай? Қайга борсам, қай деворга бош урсам, қаршиликлар, шафқатсизликларга юз тутаверсам!

— Нон топинг, нон! — бирдан ҳайқириб қоча бошлади Наргиза. — Ортимдан чопсангиз, албатта топасиз, топасиз! Фақат ортда қолиб кетманг! Бургутларга, қашқирларга ем бўласиз! Мен сизни уларнинг чангалидан қутқара олмайман! Ожизман, ожиз!..

Мен жонҳолатда Наргизанинг ортидан югура кетдим. Чопиб борардим-у, қайноқ қум оёқларимни чидаб бўлмас даражада куйдирар, оғриққа бардош бера олмаганимдан шердек ўкирардим.

* * *

— Сизга нима бўлди? Тинчланинг! Кўзингизни очинг!..

Беихтиёр уйғониб кетдим-у, сакраб ўрнимдан турдим. Нуқул ҳансирар, аъзойи-баданим қора терга ботганди.

Тепамда йиғлагудек жавдираб турган Сусаннага боқдим-да, шоша-пиша оёқларимни кўздан кечирдим. Ҳаммаси жойидалигига амин бўлгач, бўшашганча каравотга ўтириб қолдим.

— Ёмон туш кўрибман, — дедим ҳансирашим ҳийла пасайгач. — Қўрқиб кетдим. Кимсасиз саҳрода эмишман. Сувсизликдан, очликдан азобланибман.

— Тушга нималар кирмайди, — мени юпатиб пешонамдаги маржон терларни енги билан артди Сусанна. — Ҳеч нарсани ўйламанг. Ҳаммаси яхши бўлади. Бу кунлар ўтиб кетади.

Эндигина юз-қўлимни ювиш ниятида ваннахонага йўл олгандим, Ваня амаки хонасидан чиқиб йўлимни тўсди.

— Ука, сен хафа бўлмагин-у, — қовоқ уйиб сўз қотди у. — Лекин бошқа жой топмасанг бўлмайдиганга ўхшаб турибди.

— Нима бўлди? — сўрадим кутилмаган гапдан юрагим орқага тортиб. — Тинчликми, амаки?

— Россиядан ўғлим оиласи билан келяпти. Улар беш киши. Сизларни кўрса, жаҳли чиқиши мумкин-да!

— Ш-шунақами? — дедим тарвузи қўлтиғидан тушган кимсадек ортга тисланиб. — Хўп, бугуноқ бошқа квартира излаймиз, амаки!

— Тушунаман, — деди Ваня амаки қўлларини мушт қилиб. — Ҳозир қийналиб турибсан. Бозоринг ҳам анавиндай… Ўхшамай турибди… Менга қара, сенга яна битта яхшилик қилай.

— Қанақа яхшилик? — уй эгасига умидвор боқдим.

— Бир ойлик ижара ҳақини беришинг керак эди, тўғрими?

— Тўғри.

— Ўшани бермай қўяқол! Менга берадиган пулингни янги квартирага сарфла. Бир ой амаллаб турсанг, у ёғига худо пошшо.

— Раҳмат сизга! — қувониб Ваня амакининг қўлини сиқдим. — Ўзингизам топилмас одамсиз-да! Шу ердаям мени ўйладингиз-а!

— Қўявер, мен шунақа одамман. Сен яхшиси ҳаракатингни қил! Эр-хотин бирпас елиб-югурсангиз, топасиз бошқа жой. Фақат мендан ранжима! Ўғлимнинг феълини фақат мен биламан…

Шу куни Ваня амаки билан маҳзун хайрлашиб, Сусанна иккимиз бошқа уй топиш илинжида кўчага йўл олдик.

* * *

То кечга қадар икковлашиб ижара уй қидирдик. Бир-икки марта бундай иш билан шуғулланмаган одамга осон кечмас экан. Шундайлар дуч келардики, савол берсангиз, юзингизга бақрайганча боқиб, тўсатдан дўқлаб қоларди. Илож қанча? Тилни тийишдан нарига ўтолмас экан киши.

Мен-ку, майли, бундай ҳаётга озми-кўпми кўникканман. Чидашга, сабр қилишга мажбур эканимни ҳис эта оламан. Сусаннанинг менга ҳамроҳ бўлгандан бери тортаётган азобларига ачинардим. Уй топилавермагач, хафа бўлганида, оғир хўрсиниқ билан олға юрганида ер ёрилса-ю, кириб кетсам дердим. Ора-сирада елкамдан қучиб мени овутган онларда эса юрагимни фахр туйғуси чулғарди. Яратганга шукр қилганча янги қувват билан илдам қадам ташлардим.

Ниҳоят, бир кекса одамнинг уйидан нажот топдик. Бизни ижарага қўйишга рози бўлди.

Қариянинг уйи кўримсизгина, тор бўлса-да, бизга ажратилган хонада яшаб турса бўларди. Умуман, кеч шомгача уй қидириб ҳолдан тойганимиз учунми, ҳеч нарсага қараб ўтирмадик. Бизга шу тобда тинчлик, хотиржамлик тақдим этишса, ҳеч ким безовта қилмаса, шунинг ўзи кифоя эди.

Оёғимизни қўлга олиб майда-чуйда буюмларимизни янги квартирага олиб келдик ва енгил нафас олгандек каравотга чўкдик.

* * *

Очиққандик. Аммо Сусанна мени дўконга чиқиб келишга қўймади. Сумкада пича ун қолиб кетган экан. Ўша ундан хамирча қорди. Сўнгра нон шаклига келтириб, бир дона пиёзни майдалаб тўғради, унга помидор томатини қўшди-да, нон устига сурди.

Кўз очиб юмгунча дастурхонимизда қизариб пишган мазали нон ҳозир бўлди.

Очиғи, бу қадар мазали нонни ҳеч қачон тановул қилмагандим. Сусаннага ташаккур назари билан боқдим. Ахир мамнун бўлишга ҳақли эдим! Бир чимдим ун, бир дона пиёз ва шунча помидордан бу қадар ажойиб таъмли нон ёпиш мумкин эканлигини етти ухлаб тушимда кўрмаганман.

Қалбимни ҳам фахр, ҳам қўрқув ҳисси қамраб олди. Суюклигимнинг тиззаларини қучганча қора кўзларига меҳр билан боқдим.

— Сен топилмас аёл экансан, — дедим шивирлаб. — Қара, ҳеч қачон татиб кўрмаган таомни менга ҳадя қилдинг.

— Бунинг нимаси зўракан? — деди Сусанна хотиржамлик билан. — Ҳар қандай одам пишира олади буни.

— Хаёлига келмаса-чи? — дедим даст ўрнимдан туриб. — Умрида шундай нон борлигини ўйлаб кўрмаган бўлса-чи?

— Тўғри, — маъюс кулимсиради Сусанна. — Бундай нон пишириш учун бизнинг кунимизга тушиб кўриши керак.

Мана шу гапи мени ҳушёр торттирди ва баттар хавотирим ортди. Миямда бўлмағур хаёллар чарх ура бошлади. Худди яқин орада севгилимдан айрилиб қоладигандек қўрқувга тушиб қолдим.

Даст ўрнимдан турдим-да, энди дастурхонни йиғиштиришга тутинган Сусаннани маҳкам бағримга босдим.

— Ҳа-а, нима бўлди тағин? — сўради у ҳайрон бўлиб. — Тинчликми ўзи?

— Ростини айт, — дедим унинг кўзларига тик боқиб. — Менга хиёнат қилмайсанми? Мени ташлаб кетмайсанми?

— Уф-ф, — дея ўзини секин орқага олишга уринди у. — Ҳалиям ишонмаяпсизми менга?

— Йўқ, очиғини айтмагунингча қўйвормайман!

— Биз энди эр-хотинмиз, — деди Сусанна босиқлик билан. — Шундай экан, ташлаб кетиш ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Хиёнат масаласига келсак, хотирингиз жам бўлсин. Мен сиз ўйлаган аёллардан эмасман. Ҳеч қачон хиёнат йўлига кирмайман.

— Сўз берасан-а?

— Ҳа, сўз бераман. Бўлдими?

Сусаннанинг майин жилмайишидан эриб секин уни қўйиб юбордим ва ҳазил аралаш дедим:

— Энди бемалол ишингни бажаришинг мумкин.

У ҳам ҳазилимга ҳазил аралаш жавоб қилди.

— Хайрият-ей, шу кеча қўйиб юбормасмикансиз деб қўрққандим!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

1 × 5 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз