Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-30)

* * *

Эрта тонгда Сусаннанинг пиқ-пиқ йиғлашидан чўчиб уйғондим.

У менга терс ўгирилганча йиғларди.

Ҳайрон бўлдим. Чамаси уни кечқурун ранжитмагандим. Ёмон туш кўрдимикан? Унда нега мени уйғотмасдан ўзи дард чекаяпти?

Жоним халқумимга келгудек икки елкасидан тутиб ўзимга қаратдим. Сусанна қаршилик билдирмади. Аксинча елкамга бош қўйиб баттарроқ йиғлай бошлади.

— Нима бўлди? — сўрадим меҳр билан сочларини силаб. — Ким сени хафа қилди? Мен эмасми?

— Уйимдагиларни туш кўрибман, — деди хўрсиниб Сусанна. — Ойим нуқул мени уришаётганмиш. Укам, опам тескари ўгирилиб олишибди. Қанча гаплашишга уринмай, фойдаси бўлмабди. Уларни соғиниб кетдим…

Бу ҳасратлар юрагимни эзиб юборди. Афсуски, ожиз эдим. Ахир қандай қилиб уни юртига юборай? Ҳазилакам пул кетадими у ёқларга бориш учун?! Нима қилсам экан? Қай йўл билан овутай? Нима қилсам дардлари арийди?..

— Мени кечир, — дедим бошимни чангаллаб. — Сен билан турмуш қуришдан олдин шу тарафларини ўйламабман. Соғинч азоби сени эзиши хаёлимга келмабди.

— Жиннивой, — дея билагимни маҳкам сиқди Сусанна. — Шунгаям ўзингизни айблаяпсизми? Бу туш эди, холос. Бирпасдан кейин ўтиб кетади. Ҳадеб ғам чекаверманг-да!..

— Барибир қийин. Бу қийноқларни ўзим ҳам бошимдан ўтказганман. Нималигини жуда яхши биламан.

Бир маҳал Сусанна сапчиб ўрнидан турди-да, елкамдан тортқилаб мени ҳам туришга ундади.

— Биласизми, нима қилсак бўлади? — деди у кўзлари чақнаб. — Айтайми?

— Айтақол! Мени қийнама, тезроқ айт!

— Келинг, сизнинг қишлоғингизга борамиз! Қайнонам, қайнсингилларим билан таништирасиз. Уларни кўрсам, уйимдагиларни кўргандай бўлармидим. Нима дейсиз?

Бу таклифни эшитиб, менга қайтадан жон киргандек бўлди. Оғзимнинг таноби қочиб суюклигимга ҳазиллашдим:

— Балосан, Сусанна, балосан! Қара-я, шунча пайтдан бери хаёлимга келмаганини! Ахир аллақачон қишлоққа олиб боришим керак эди сени! Нимага ўйламадим?

— Ҳалиям кеч эмас, — деди Сусанна жилмайиб. — Ҳозирча пулимиз бор. Бориб келишга бемалол етади. Қайтгандан кейин бир гап бўлар.

— Тўппа-тўғри. Қани, унда отлана қолайлик! Кечикмайлик!

— Бўпти, мен тезгина буюмларни йиғиштирай!

* * *

Қишлоқ кўчасига етганимизда кун пешиндан оғганди. Ўтган-кетганлар ортимиздан ҳайрат аралаш қараб қолишар, қиз-жувонлар ёнимиздан ўтди дегунча ўзаро шивир-шивир қила бошлашарди.

Бу манзарадан қалбим фахрга тўлди. Азбаройи қувонганимдан сал қурса сакраганча ўйнаб кетаёздим.

— Қара, — дедим Сусаннани туртиб. — Қишлоқдагилар сени кўриб қотишяпти.

— Нега? — ҳайрон бўлиб менга боқди у. — Одам кўришмаганми булар?

— Бошқа миллат қизларини кўришмаган-да! Кўргин, ҳаваслари келганидан тамшаниб қўйишяпти.

— Тавба, — деди Сусанна елка қисиб. — Менам уларга ўхшаган одамман. Ортиқ жойим бўлмаса.

— Қўявер, илгари мен келсам, биров кимсан демасди. Сенга уйланиб ҳар ҳолда эътиборга тушиб қолибман. Бу зўр-ку!

— Қаерга кетяпмиз? Етмадикми?

— Айтгандим-ку, биттагина туғишган синглим бор деб! Ўшаникига борамиз. Ҳарқалай ўзимники. Шундай гўзал келинойиси борлигини кўрса, хурсанд бўлади. Жиянларни айтмайсанми? Ҳар келганимда югуриб келиб бўйнимга осилволишади. Улар мени жуда яхши кўришади. Ҳали етайлик, ўзинг кўрасан!

— Синглингизам сизга ўхшаганми? — қизиқсинди Сусанна. — Қуйиб қўйгандек ўзингиз бўлса керак-а?

— Йўқ, онамга кўпроқ ўхшаб кетади. Лекин жуда кўнгли бўш. Мени кўрди дегунча йиғлайверади. Соғинади-да!

— Аёллар шунақа бўлишади, — деди Сусанна бош силкитиб. — Улар бир умр яқинларини соғиниб яшашади.

— Ташвиш чекма! Ҳали шундай кунлар келадики, биргалашиб Арман диёрига жўнаймиз. Маза қилиб дам оламиз.

— Худо хоҳласа!

Таниш тор кўчага бурилганимиздан сўнг синглим Сайёранинг дарвозасига кўзим тушди-ю, кўнглим алланечук бўлиб кетди.

* * *

Синглимнинг дарвозасини қия очдим-да, бақирдим:

— Ҳой, ким бор? Сайёра! Одам борми?

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, синглим югурганча чиқиб келди. Мени кўриши билан лаблари титраб, бўйнимга осилишга тутинди. Лекин Сусаннани кўргач, таққа тўхтади. Ичкаридан чопқиллаб менга пешвоз чиққан жиянларим ҳам синглимнинг ҳаракатини такрорлашди. Дарвозахонада тек туриб қолишди.

— Ака, ким у? — сўради синглим ранги-қути учиб. — Нимага индамайсиз? Ким у аёл?

— Ким бўларди? — дедим ҳайрон бўлиб. — Келинойинг. Ие, нега бақрайиб турибсан? Кўришмайсанми?

— Йўқ! — дея худди душманига кўзи тушган одам каби ортга тисланди синглим. — Қаёқдаги қаланғи-қасанғиларни кеннойи демайман! Мен фақат Шарифа кеннойимни тан оламан!

— Нима?!

Кутмагандим. Бу гапни эшитиб кўзларимдан ўт чақнаб кетаёзди. Танамни совуқ тер босди. Нима дейишни билмай бир муддат гарангсиб қолдим.

— Вей, бу нима деганинг? — ниҳоят ўзимни қўлга олиб, синглимга ўшқирдим. — Ким қаланғи-қасанғи? Оғзингга қараб гапиргин, Сайёра!

— Қарамайман! Мен бу аёлни уйимга киритмайман! Тезроқ опкета қолинг! Маҳалладагиларга мени шарманда қилманг!..

— Шунақами? Ҳали акалик қадр-қимматим шу бўлдими? Яхши, киритмасанг, зорим бор, зўрим йўқ! Онамнинг уйига борамиз.

— Бориб овора бўлманг! — деди синглим совуққонлик билан. — Ҳеч ким сизларни уйига киритмайди. Бекорга шарманда бўлганингиз қолади.

— Нега? Нима ёмон иш қилдик?

— Ҳаммасини эшитдим, ака.

— Нимани эшитдинг, нимани?

— Шарифа кеннойимни хафа қилганингиз учун ишданам ҳайдалибсиз, касал бир аёлга уйланибсиз. Барибир хотинга ёлчимабсиз. Энди бунисини топибсиз. Барибир…

— Ўчир овозингни, ўчир! Ҳали сен… Шунақамисан? Пушаймон бўласан! Умрингнинг охиригачаям қорамни кўрмайсан, ҳа!..

— Шунақа шармандаликдан кўра кўрмасам яхшийди, — бўш келмай терс ўгирилганча сўзланарди синглим. — Бети қурсин тор шим кийволиб жилпангламай!

Бу маҳал Сусанна тилимизни дуруст билмаса-да, ҳаммасига тушуниб етганми, йиғлаганча катта йўл томон жўнаб қолганди.

Сайёрани сўка-сўка унинг ортидан югурдим.

* * *

Ана энди бахтимдан буткул умидимни узгандим. Сусанна қанча уринмай, менга қулоқ тутмас, нуқул унсиз йиғларди.

Машинада катта шаҳарга қайтардиг-у, мен ўзимни худди қувғинга учраган дайди итдек ҳис этардим. Чунки бу итни қай гўшага бош суқмасин, ҳайдаб солишади. Унинг ҳеч кимга кераги йўқ, нафсиз бир жонзот.

Бу ҳам камлик қилгандек, буёғига тағин ёлғизлик, бахтсизлик, омадсизлик, саргардонлик, хўрлик таъқибида қолишимни ўйлаганим сайин қалбим музлаб борар, қопқонга тушган жонивор янглиғ нуқул типирчилардим.

Аксига олгандек осмондаги булутлар туннинг юзига яна бир қора парда тортди. Сал ўтмай ёмғир томчилай бошлади. Бундай ҳавони ёқтирмаслигим сабабли баттар тундлашдим. Ер остидан Сусаннага боқдим. У йиғлашдан тўхтаган бўлса-да, лаблари билинар-билинмас титрарди.

Балки шаштидан тушгандир, кечиргандир деган хаёлда таваккал елкасига қўлимни қўйдим. Афсуски, у қўлимни елкасидан олиб ташлади ва менга терс ўгирилиб олди.

— Майли, мен айбдорман, — дедим ёнимдагиларга эшиттирмай. — Мен туфайли шунча ҳақоратлар эшитдинг. На илож? Мен шундай омадсиз одамман. Шу кунгача сениям қийнаб келдим. Нима қилайки, шундай туғилган эканман. Шунча ҳаракат қилдим, тақдирим ўзгармади. Буёғига ҳам шундайлигимча қолсам керак… Ҳа, сен ҳали ҳақиқий бахтингни топасан. Ярқираган машиналарда сени олиб юришади. Керак бўлса, ўша бахтиёр йигит пойингда тиз чўкиб яшайди. Сен бунга арзийсан! Ҳозир катта шаҳарга етамиз-у, хайрлашамиз. Бир умрга видолашамиз. Сен менга қайғуриб азобланма. Шўр пешоналар мендай хор-зорликда яшашга маҳкум. Кетаётганингдаям ортингга ўгирилма! Мени қийноқлар чангалида қолмасин десанг, шундай қил! Жуда қисқа бўлса-да, сен билан кечган лаҳзаларимга мингдан минг розиман!

Машина хуфтонга яқин катта шаҳарга кириб йўл четида тўхтади. Биз машинадан тушдик.

Ҳозир хайрлашиш онлари жуда яқин қолганини сезардим.

Сезганим сари ичимдан зил кетардим…

* * *

Мен сўнгги бор Сусаннага аламли нигоҳ ташладим. Афтидан у ҳам хайрлашиш учун арзирли сўз тополмай ҳалак эди. Ер чизган кўйи лаб тишлаб-тишлаб оларди.

Унинг қалин ва олтинранг сочларига суқ билан боқардим-у, юрагим гўёки ҳўнг-ҳўнг йиғлар, миям чирмалиб олиши мумкин бўлган оғриқдан эмас, яқин орада саҳро каби ҳувиллаб, қуриб қолишини сезган каби тинимсиз қақшарди.

— Менга нима бўлган ўзи? — ўйлардим эмлашлардан безган бемор каби ёруғ дунёга қўрқув аралаш боқиб. — Ҳеч қачон бошимга қўнган бахт қуши учиб кетишидан ҳозирчалик чўчимагандим. Ҳатто, Наргизани сўнгги йўлга кузатаётганимда бу бевафо оламга мағрур боқа олганман. Шарифа уйдан ҳайдаб солганда, таваккал олдинга интилиб, ўзим учун тўғри йўл қидирганман. Ҳозир эса мурда каби танам совиб боряпти. Қалбимда йилт этган чўғ йўқ. Ичим узилиб тушадигандек тобора букчайиб бормоқдаман. Қаддимни ростлашга, менга озми-кўпми қувонч бахш этган аёлга охирги марта тик боқишга ўзимда куч топа олмаяпман. Нега? Биламан, уни йўқотгач, ҳеч қачон бахтга эриша олмайман. Буни вужуд-вужудим билан ҳис этиб турибман. Гарчи ҳаётим тўкис бўлган тақдирда ўзимни Сусанна билан бирга ҳаёт кечирганчалик бахтиёр ва эркин ҳисоблай олмайман.

На илож? Бошимни минг деворга урмай, пешонага битилгани бўларкан. Тоқат қилишга, қўл силтаганча кетишга мажбурман.

— Майли, — дедим титроқ аралаш Сусаннага қўл чўзиб. — Хайр энди! Орамизда яхши-ёмон гаплар ўтган бўлса, кечиргин! Мен билан ўтказган оғир кунларингга рози бўлгин!

Сусанна бу гапларимни эшитди-ю, сесканиб бошини кўтарди.

— Ие, бу нима деганингиз? — деди у зўрма-зўраки жилмайиш қилиб. — Мендан воз кечяпсизми? Шунчалар жонингизга текканмидим?

— Нега жонимга тегаркансан? Яқинларимнинг сенга гапирган гаплари, қилиқлари мени адойи тамом қилаёзди. Биламан, сен кўнгимни оғритмаслик учун шу саволларни бердинг. Аслида бир дақиқаям ёнимда қолгинг йўқ.

— Бекорларни айтибсиз! Ҳеч денгизда бўлганмисиз?

— Йўқ, нимайди?

— Тасаввур қилинг, денгиз ўртасида кема сузиб боряпти. Кемада фақат иккимиз. Кутилмаганда бўрон турди-ю, тўлқинлар пишқира бошлади. Кемамиз ҳалокат ёқасида қолди. Агар шунда мен жонимни асраб қолиш илинжида ўзимни сувга отсам нима бўлади? Сиз ҳалок бўласиз-ку! Мен-чи? Жонимни асраб қолиб, бир умр азобда ўтаманми? Асло! Биз ҳам ҳозир худдди шундай кемада бирга олдинга сузиб бормоқдамиз. Денгизнинг инжиқликлари, фалокатлари кўп бўлади. Чидашга мажбурмиз. Ҳар биримиз жон сақлаш учун ўзимизни четга олаверсак, бу ҳаёт бўлармиди?!. Йўқ, мен сизни ташлаб кетолмайман. Майли, синглингиз нима деса деди. Менга нима? Менга туҳмат қилган бўлса, Худо жазосини беради. Энди бормаймиз, қўямиз, вассалом!

— Демак… Сен мендан воз кечмайсан, шундайми? — сўрадим беихтиёр кўзларим чақнаб.

Сусанна бу саволимга жавобан, қўлтиғимга кирди-да, секин туртди.

— Юринг, кеч бўлиб кетди. Тезроқ квартирага етволайлик!

* * *

Қоронғиликда зиналардан кўтарилиб, таниш квартира рўпарасига етгач, мамнун жилмайиб эшикни тақиллатдим. Зум ўтмай, остонада уй эгаси Холмат бобо ҳозир бўлди.

У иккаламизга ҳайрат аралаш боқди-да, боши билан «кир» ишорасини қилди.

Тушунмадим. Чолнинг бунақа одати йўқ эди чамаси. Нима бўлди экан? Ё кетмасдан бурун бирор ножўя иш қилганмидик?

Шундай хаёллар исканжасида ичкарига кирдим. Сусанна хонамизга кириши билан Холмат бобо мени нари тортди.

— Сенга бир гапни айтишим керак, — деди у салмоқ билан. — Квартира сотиладиган бўп қолди. Ўғилларим қўйишмаяпти. Мана: ижара учун берган пулинг. Майли, мен мингдан минг розиман. Энди бошқа уй топишинг керак, болам.

— Ҳозир-а? — сўрадим хавотир аралаш.

— Иложи бўлса, ҳозир. Ҳали замон ўғлим келади. Сизларни бу ерда кўрса, жаҳли чиқиши мумкин. Очиғи… Сал муштумзўрроқ. Вақти келса, менгаям дўқ урворади. Эркалатиб ўстирганман-да баччағарни!..

Мен бўшашганча ортга тисландим.

— Нима қиласизлар? — жавдираб менга тикилди қария. — Ҳозир чиқиб кетасизларми?

— Нимаям қилардик? — елка қисиб жавоб қилдим. — Чиқиш керак бўлса, чиқаверамиз-да! Бошқа йўл ҳам йўқ.

Шундай деб қўрқа-писа Сусанна ўтирган хона эшигини очдим. У астойдил кийим алмаштиришга тушиб кетибди.

— Кийим алмаштириш ортга сурилади, — дедим деворни аста муштлаб. — Бу ердан ҳам ҳайдалдик. Тез чиқиб кетмасак бўлмасмиш.

Сусанна ҳеч нарса демади.

Фақат оғир хўрсиниб қўйди холос.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

13 + четырнадцать =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз