Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-31)

 * * *

Қисқа фурсатда заъфарон қиёфага кириб қолгандек эдим. Қоронғиликда номаълум тарафга ёнма-ён кетиб борардик-у, бу ҳаётдан норозилигим аламини сочларимдан, кийимларимдан, юз-кўзларимдан олгим келарди.

Аҳволим ёлғиз ўзимгагина аён. Айни дамда бебош бир дарё соҳилида муаллақ турибман ва олисдан яқинлашиб келаётган тўфон бир зарб билан мени тўлқинлар қаърига ташлайдигандек туюларди. Сусаннани учратганимдан, Наргизанинг хаёли билан яшайвермаганимдан афсусланардим.

— Агар телбадек марҳумлар билан тиллашиб юраверганимда, — дердим ўзимга ўзим. — Бу кунлар бошимга тушмасди. Гўзал бир аёл қаршисида мулзам бўлмасдим. Ёлғиз бошим гуноҳкорона эгилмасди. Нима қилай? Тилим қисиқ. Ҳаддим сиғиб бирор сўз айтишга-да ўзимда куч ва журъат топа олмаяпман. Ҳозир нимадир десам-у, Сусанна жаҳл аралаш менга юзланиб ҳаммасини тўкиб солса қай ҳолга тушаман? Нимага таксидан тушган заҳоти хайрлашиб кета қолмадим? Шунда ҳозир у менинг аччиқ қисматимга шерик бўлмасди. Ўша таниш аёлникига бориб шартларига кўнарди, ёки қандайдир йўл топиб келишарди. Ўша квартирада яшашда давом этарди…

Бир маҳал Сусанна мени қаттиқроқ қучди-да, тўхташга ундай бошлади.

— Ана, келяпти, — деди у боши билан олдинга ишора қилиб. — Ҳов анави аёлни кўряпсизми?

Ҳақиқатан, анча нарида яшил кийимли ўрта яшар ажнабий аёл биз томон яқинлашиб келарди.

— Ҳа, кўрдим, нимайди? — сўради ундан. — Танишингми?

— Бу ўша аёл. Мени ўғлига олиб бермоқчи бўлган… Ҳозир келса, тағин бошлайди дийдиёсини.

— Э, намунча қўрқмасанг? — дедим дадилланиб. Шу аснода дардларим, хавотирларим бироз аригандек бўлди. — Келса келаверсин!

Аёл рўпарамизга келгач, таққа тўхтади ва Сусаннага масхараомуз назар ташлади.

— Ҳа-а, келинчак? — дея бир менга, бир Сусаннага менсимай боқди у. — Энди бу йигитни йўлдан урдингми? Ҳой, ука, ишонманг бунга! Ҳали шошмай туринг, бошқасини ёқтириб қолаверадиган одати бор. Ўшанда сизниям чув тушириб кетади.

Сусанна индамас, лаб тишлаган кўйи танишининг сўзларини жим тингларди холос.

Бу аёлнинг гаплари ҳамиятимга тегди. Сусаннани қўйиб юбордим-да, аёлга яқинроқ бордим.

— Кимсан ўзи? — атайин «сен»лаб сўрадим. — Нега бировга туҳмат қиляпсан?

— Вой, нимага мени сенлайсан? — тутоқиб кетди аёл. — Туришингга бир қара, қишлақи! Сенга ким қўйибди катта кетишни?

— Агар яна бир марта хотинимга туҳмат қилсанг, — дедим кўрсаткич бармоғимни аёлнинг кўзларига тўғрилаб. — Мана шу яшил шишага ўхшаган кўзларингни ўйволаман, алкаш!

— Ўзинг алкашсан, билдингми? — бўш келай демасди у ҳам. — Қаёқдаги ўзингга ўхшаган қаланғи-қасанғига уйланволиб, одам бўп қолдим деб ўйлаяпсанми?

— Ўчир чакагингни! — бақирдим зўрға ўзимни тутиб. — Яхшиям аёл кишисан, бўлмаса…

Шунда Сусанна билагимдан тортиб кетишга ундай бошлади.

— Қўйинг, шу билан тенг бўлмайлик! — деди мени судраб. — Ўзи ким-у, гапи нима бўларди. Яхши одам бўлганда, қизи эрини ўлдириб қамалиб кетмасди. Кетдик!

Мен аёлнинг гапларини сингдира олмай анча ергача сўкиниб бордим.

* * *

Шу аҳволда алламаҳалгача кўча кездик. Хўш, қайдан паноҳ топамиз қоронғида? Кимнинг эшигини тақиллатамиз? Шаҳарда кечаси эшик тақиллатган одамни ҳеч ким хушламайди. Ё ўғрига, ё пиёнистага йўйишади. Жаҳлдорроқ одамнинг эшигини чертсангиз, нақ балога қолиб кетишингиз ҳеч гапмас.

— Мана шу ерда тўхтайлик, — деди Сусанна негадир инграб. — Туфлим оёғимни ғажиб ташлади. Ортиқ юришга ҳолим йўқ. Юринг, анҳор бўйида бирпас ўтирамиз!

— Хўп, — дедим унга ачиниш билан боқиб. — Анҳор бўйида ўтирамиз. Сени чарчатиб юбордим.

Анҳор бўйи сокин эди. Сувнинг шилдираб оқиши қалбга ёқимли туйғулар бахш этиб, хаёл суришга ундарди.

— Энди қаерга борамиз? — сўрадим эҳтиёткорлик билан. — Ғирт дайдиларга айланиб қолдик-ку!

— Нима қипти? — деди у бош чайқаб. — Кўчада бизни ит ермиди? Эрталабгача шу ерда ўтирсак ҳам бўлаверади. Ёруғ тушгандан кейин уй қидирамиз. Нима дейсиз?

— Уйқусиз сен қийналиб қоласан, — дедим норози оҳангда. — Тонггача ўтириб чиқишнинг ўзи бўладими?!.

— Нега уйқусиз ўтирарканман? — эркаланиб елкамга бош қўйди Сусанна. — Сизнинг елкангизга мана шундай бошимни қўяман-да, ухлайвераман.

— Фақат мени қарғама! Мен ҳам шундай бўлишини хоҳламагандим.

— Яна эски ашулангизни бошладингизми? Бас қилинг! Агар тағин бир оғиз гапирсангиз, юзингизни чимдиб оламан. Кўкариб қолади. Хўш, гапирасизми?

— Йўқ, йўқ, йўқ!.. Тавба қилдим!

Мен кула-кула севгилимни маҳкам қучиб, кўзларимни юмиб олдим.

* * *

Орадан бир соатча вақт ўтди. Ҳаво тобора салқин тортиб борарди. Сусаннанинг титраётганини ҳис этиб эгнимдаги костюмни ечдим-да, елкасига ташладим.

— Фойдаси йўқ, — деди у ўрнидан қўзғалиб. — Барибир совуқ.

— Нима қилсак экан-а? — бошим қотиб секин ўрнимдан турдим. — Бу тахлит ўтираверсак, сен шамоллаб қолишинг ҳеч гапмас.

— Спирт бўлсайди, — деди Сусанна турган ерида бир-икки сакраб. — Қизиб кетган бўлардик ҳозир.

— Нима? — мен ҳайрон бўлиб севгилимга боқдим. — Сен… Ичкилик ича оласанми?..

— Нима қипти? — елка қисди Сусанна. — Байрамларда коньякми, виноми бўлса татиб кўрардим. Бунинг нимаси ёмон?..

— Ахир… Аёл киши пиёниста бўлиб қолиши мумкин-ку!

— Ҳечам-да! Пиёниста бўлиш учун қанча ичиш керак? Биласизми шуни? Кун бўйи ётволиб ичиш керак. Замонавий аёллар эса туғилган кун, тўй-ҳашамларда пича ичса ҳеч нарса қилмайди.

— Гапинг ростми? Ичкиликка берилиб кетмайсанми ишқилиб?

Сусанна бу гапимдан сўнг жиддийлашди. Энсаси қотган каби нари кетди.

— Майли, — дедим ҳовлиқиб. — Пул бўлса бор, ароқ сотиб олсак бўлади. Бироқ… Эртага квартира ҳақи…

— Бир гап бўлар, — деди Сусанна. — Ҳозиримизни ўйлайлик. Мен ортиқ анҳор бўйида қололмайман. Этим увишиб кетяпти.

Мен нима қилишни билмай атрофга алангладим. Ҳов нарида бетондан қурилган уйсифат кулбага кўзим тушди.

— Қарагин, — дедим ўша томонни кўрсатиб. — Ҳув анави бетон уйчани кўряпсанми?

— Ҳа, кўряпман.

— Юр, ўша ерга борайлик! Балки бир кеча жон сақлашга яраб қолар? Агар ичи бўш бўлса, сен айтгандек дўкондан ароқ сотиб олардик-да, маза қилиб ичардик. Очиғи, ўзим ҳам анчадан бери ичмадим. Эр-хотин бир ўтирсак ўтирибмиз-да! “Биздан биров қўрқармиди?!.”

Сусанна бу ҳазилимга эътибор қилмади. Мени ўша бетон кулбача тарафга судради.

* * *

Бу уйча нима мақсадда қурилганини англай олмадим. Ичкари бўм-бўш, лекин қўнғиз ва суваракларнинг товуши атрофни тутганди.

— Бу ерда қумурсқа кўп экан, — дея пинжимга кириб олди Сусанна. — Мен улардан қўрқаман. Кечаси қулоғимга кириб кетади.

— Қўрқма, — дедим уни овутишга уриниб. — Ҳозир дўкондан ичкилик опкелсак, ҳаммаси жойига тушади. Ароқнинг ҳидини туйишса, тирақайлаб қочишади ярамаслар.

— Ҳазилниям қотирасиз-да! — кулди Сусанна. — Ерда ухлаймизми?

— Бирор йўлини топармиз. Олдин дўконга ғизиллайлик! Тағин ёпилиб қолмасин!..

Биз кўз очиб юмгунча яқин атрофдаги дўкондан ичкилик, газакка бир бўлак колбаса, газли ичимликлар, ичишга пиёла харид қилиб қайтдик. Сўнгра эски газетани ерга ёйиб, «топган-тутганлар»имизни газета устига қўйдик.

Мен шоша-пиша шиша қопқоғини очдим-да, пиёлани яримлатиб ароқ қуйдим ва Сусаннага узатдим.

У бадбўй ҳиддан бир сесканиб олди-да, таваккал пиёладагини сипқорди. Бироқ кейинги узатганларимни олмади. Бир пиёла билан чекланди.

Кўрибсизки, қолган ароқни кетма-кетига симиргач, ярим соат ўтиб-ўтмай, баданим қизиб, кайфиятим кўтарилди.

Тушунардим. Ажнабий аёллар ростдан ҳам байрам, тўй-ҳашамларда бу оғуни ичишади. Шундай қилса, байрам-байрамдек ўтади дея ҳисоблашади. Мен ҳам бунга кўникишга, тақдирга тан беришга мажбур эдим. Қолаверса, ҳозирги аҳволимда ҳеч бир аёл Сусанначалик менга ҳамроҳ, ҳамдард бўла олмайди. Ҳеч бирининг бардоши етмайди. У-чи?.. Қандайдир йўл билан вазиятдан чиқишга, турмушимизни асраб қолишга ҳаракат қиляпти. Мени овутишга, дард чектирмасликка интиляпти. Нега энди шу иши учун уни айблашим керак? Атиги оқ оғудан бир пиёлагина татиб кўрган, пиёнисталикка ружу қўймаётган бўлса. Совқотишига, кўчада қолиб кетишига ўзим сабабчиман-ку!..

— Сиз сира ташвиш чекманг, — дерди ичкилик таъсирида кайфияти кўтарилган Сусанна. — Ҳали бизнинг ҳам ўз уйимиз бўлади. Сиз ҳам, мен ҳам тайинли иш топамиз. Ҳар ойда маош оладиган бўламиз. Ижара уйда бировларнинг қош-қовоғига тикилиб ҳадиксирамаймиз. Ўша синглингиз ҳам керак бўлса ўзи бизни қидириб келади.

— Э, — қўл силтаб қўйдим норозиланиб. — Сен мени тинчлантириш учун шундай деяпсан. Сира ишонгим келмайди ҳаётимиз изга тушишига.

— Нега энди? Бир умр шу бетон уйчада қолиб кетмаймиз-ку, ахир! Секин-секин ҳаммаси яхшиланиши керак-ку!..

Индамадим. Ичкиликнинг, Сусанна айтган ёқимли сўзларнинг кайфи аралашиб хаёлим олис-олисларга парвоз қила бошлади. Кўз ўнгимдан мўлтирабгина йўлимга кўз тикаётган бувижоним, онам, Нурмат қора, ҳамма-ҳаммалари тизилган ҳолда бир-бир ўта бошлашди.

Мен улар билан хаёлан салом-алик қилиб Қўйлиққа қайтдим. У ердаги квартирам ёнида аллақачон тетапоя бўлиб қолган ўғлим Собиржон темир тўсиққа суянганча йўлимни пойларди. Қур-қур орқасида бир тўп карамни қучоқлаган кўйи тирсайиб олган Шарифага ўгирилиб, «Дадам! Дадам!», деб қўярди. Шарифа эса пинагини бузмас, ҳадеганда Собиржонни жеркиб ташлагиси келарди.

— Ўғли-им! — беихтиёр ўрнимдан сакраб туриб кетдим. — Собиржон! Қайдасан?

— Нима бўлди? — сўради Сусанна тушунмай. — Қани Собиржон?

Мен бўшашганча қайтадан ерга чўкдим.

— Ўғлимни соғиндим шекилли, — дедим бетон уйча туйнугидан самога маҳзун термилиб. — Собиржонни қанчадан бери кўрмадим. Кап-катта бўп қолгандир. Мени қўмсам инжиқлик қилаётгандир.

— Бора қолинг унда, — дея икки юзимни кафтлари орасига олди Сусанна. — Нега қараб ўтирибмиз. Юринг, бирга бориб кўриб келамиз!

— Ярим тунда-я? Аблаҳ онаси уйга киритармиди.

— Киритмай кўрсин-чи! Адабини бериб қўяман ўзим.

— Тўхта, балки қўнғироқ қилсаммикан? Менда телефон рақами бориди.

— Ў, зўр бўлади! Тез бўлинг! Қўнғироқ қилинг! Мана, менинг телефонимни олинг!

Ҳовлиқиб унинг қўлидан телефонни олдим-да, керакли рақамларни тердим.

Гўшакдан негадир бегона эркакнинг товуши эшитилди. Бу товуш таниш эди. Бир пайтлар менинг бахтимга чанг солган эркак. Худди ўзи. Сира адашмадим.

— Сенга ким керак? — дағал оҳангда сўради у. — Кимсан?

— Ўзинг кимсан? — дедим жаҳлим чиқиб.

— Менми? Шу уйнинг хўжайиниман.

— Нима?..

Бу гапни эшитиб устимдан кимдир бир челак сув қуйгандек сесканиб кетдим.

— Қанақа хўжайин, баттол? — дея бақирдим. — Бу уйнинг ҳақиқий хўжайиниминан гаплашиб турибсан-ку! Нима қилиб ўтирибсан менинг уйимда?

— Вей, сени танидим, — деди у овозини бир парда баландлатиб. — Бу ерга иккинчи марта қўнғироқ қилмагин, уқдингми?

— Жа қўрқитвординг-ку, жигар! — дедим киноя аралаш. — Гапни кўпайтирмай, боламнинг онасига бер гўшакни!

— Вой итдан тарқаган-ей! Ҳали сен менинг хотинимни телефонга чақирадиган бўлдингми? Қани, манзилингни айт тез! Ҳозир бориб йўқ қилиб юбораман сени!..

— Сенми? Қўлингдан келармикан?

— Ўшанда кўрасан, хунаса!

— Қўй, овора бўлиб меникига келиб ўтирасанми? Йўлкира кетади, вақтингни йўқотасан. Яхшиси, мени кут! Ўзим олдингга бораман! Эркак бўлсанг, ўша ерда гаплашамиз!..

Шундай дедим-у, телефонни ўчириб Сусаннага узатдим.

— Ҳа, ким экан? Нега уришдингиз? — сўради Сусанна хавотирланиб. — Биринчи хотинингизми?

— Қаёқда? Эри! Мени йўқ қилиб юборармиш, ифлос. Ҳозир борай, кунини кўрсатаман!

— Бўлди, кетдик унда! — йўлга отланди Сусанна. — Кўрамиз, ким кимни йўқ қиларкан!

Мен яқиндагина ичкилик ичганимга, кайфим тарқамаганига-да қараб ўтирмадим.

Айни чоғда кўзимга ҳеч нарса кўринмас, қандай бўлмасин рақибдан, бахтимнинг кушандасидан ўч олиш пайида эдим.

* * *

Ҳеч қачон ўғлимга нисбатан қалбимда бугунгидек соғинч ҳиссини туймагандим. Унинг чақалоқликдаги уйқу орасида кулимсираб қўйишлари, ўзича нималардир демоқчидек оғиз очишлари, қорни очса чирқираб йиғлашлари хаёлимда гавдалангани сайин тўкилиб борардим. Бунга ўзга бир эркакнинг ўғлимни эркалашлари, ёки уришиб ташлашларини тасаввур қилишим қўшилиб, дардим юз чандон ошарди.

Чўнтакка ҳам қараб ўтирмай, такси тўхтатдим. Агар биз Қўйлиққа бориб қайтсак, ёнимда арзимаган пул қолади. Бу пулга на ижарада туриб бўлади, на тирикчилик қилишга имкон қолади.

Барибир бу ҳақда ўйлашни хоҳламасдим. Алам ва ўч ўти мени олдинга етакларди.

Асосийси, Шарифани кўраман. Ёнимда Сусанна уйга кириб боради. Демак, менинг адойи тамом бўлмаганимга ўзи гувоҳ бўлади. Тан беради. Эри билан ўзини, кейин мени Сусанна билан ёнма-ён қўйиб кўради. Қилмишларидан пушаймонлар чекади. Ҳаваси келади. Ҳасад оловида жизғанаги чиқади. Бу тунни узлатга алмашади. Ширин уйқудан мосуво бўлади. Худо хоҳласа, бир умр тош кўнгли азобу уқубатларга кўмилиб яшайди. Лекин дардини бировга айта олмайди. Айтишга юраги бетламайди…

Машина манзилга яқинлашиб қолганда, Сусаннага юзландим. У ёнимда ўтирганча ухларди.

Безовта қилмаслик учун то кўп қаватли уй қаршисида тўхтагунимизча индамадим. Фақат тушаётганимиздагина оҳиста туртиб уйғотдим…

Биз икковлашиб юқори қаватга кўтарилдик. Квартира яқин қолгани сари кўнглим баттар безовталанар, худди узоқ йиллик ҳарбий хизматдан уйга қайтаётгандек ҳаяжонланардим. Хаёлан ўғлимга аталган энг ширин сўзларимни такрорлардим.

Квартира чироғи ўчиқ экан. Сусаннага сирли қараш қилиб эшикни тақиллата бошладим. Ҳадеганда жавоб бўлавермагач, қаттиқроқ тақиллатдим. Шундан кейингина ичкарида чироқ ёниб Шарифанинг таҳдидли овози янгради.

— Ким у?

— Оч эшикни! — бақирдим. — Бу менман! Ё ҳалиям танимадингми?..

Шарифа ортиқ ҳеч нарса демади. Шарақлатиб эшик зулфинини суғурди.

Эшик очилди.

Шарифа рўпарамизда қотиб турар, ичкари хонада эса «уйнинг хўжайини» чиқишга шошилмай, кимгадир қўнғироқ қилиш билан банд эди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

три × четыре =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз