Юртимизда

Ҳанузгача сири очилмаган тарихий ёдгорликлар

 Минг йиллар давомида, бизгача яшаб ўтган аждодларимиз томонидан яратилган ва инсон тафаккурини ҳайратга солувчи иншоотлар ҳанузгача ақлимизни лол қолдирмоқда. Иншоотларнинг миқёслари шунчалик даражада улканки, олимлар бир неча юз йиллардан бери ким, нима учун ва қандай қилиб деган саволларга жавоб топиш устида бош қотирмоқдалар. Турли хил фаразлар, жумладан самовий ва ақл бовар қилмас назариялар ҳам илгари сурилмоқда.

Ушбу мақолада асрлар давомида сири очилмай келаётган тарихий ёдгорликлар ҳақида мулоҳазаларимни сиз азизлар билан бўлишишга қарор қилдим.

Коста-Рикадаги сирли улкан тош шарлар. Идеал даражада думалоқ тош шарлар нафақат ўзининг кўриниши, балки келиб чиқишининг сирлилиги билан ҳам кизиқиш ўйғотади.

The stone balls in Costa Rica

Ушбу ғалати шарлар XX асрнинг 30 йилларида ишчилар томонидан, банан далалари учун чангалзорни тозалаш пайтида топилган. Маҳаллий афсоналарда айтилишича сирли тош шарларнинг ичига олтин яширилган. Олтин васвасасига тушган нодон кимсалар томонидан кўплаб шарлар майдаланган, қолганлари  эса портлатилган, аммо уларнинг ичидан ҳеч қандай олтин топилмаган.

Ушбу шарлар ким томонидан ва қандай мақсадда яратилганлиги номаълум. Балки, улар осмон ёритгичларининг рамзлари ёхуд бўлмаса турли қабилалар орасидаги ҳудудлар чегараларининг белгиларидир. Нима бўлганда ҳам шарлар анча зарарланган, сайёҳларни жалб қилиш мақсадида уларни олиб келиб шаҳарларнинг майдонларига ўрнатишган. Доимий кўчиришлар туфайли уларнинг ясалиш санасини ҳам аниқлаш имкони йўқ. Шарларнинг сув таъсирида келиб чиққанлиги ҳақидаги назариялар ҳам асоссиз бўлиб чиқди. Умуман олганда ушбу иншоотлар ҳақидаги тахминлардан бирортасининг ҳам исботи йўқ.

Стоунҳенж (Stonehenge) иншооти ва унинг сирлари, Англия. Ушбу дунёга Stonehenge 1машҳур ёдгорликнинг атрофи хандаклар билан қуршалган бўлиб, тош бўлаклардан бунёд қилинган.

Тарихчилар, астрономлар, астрологлар ва бошқа кўплаб соҳаларнинг мутахассислари ушбу иншоотнинг вазифасини топишга уринмоқдалар, бироқ ҳанузгача аниқ бир хулосага келингани йўқ.

Иншоотнинг қисқча тавсифи қуйидагича:

Яшил-кул рангдаги, ҳар бирининг оғирлиги 5 тоннагача бўлган 82 та тош бўлаклари (мегалитлар) – 250 км узоқликдан олиб келинган.

Ҳар бирининг баландлиги 4 метр, кенглиги 2 метргача, оғирлиги 25 тоннагача бўлган 30 та тош блоклардан, диаметри 33 метрлик доира ясалган.

Stonehenge 25 та трилитлар (учта тош плиталардан қурилган мегалитик иншоот). Ҳар бир трилитнинг оғирлиги 50 тонна. Улар симметрик тарзда жойлаштирилган ва марказий трилитнинг баландлиги 7,3 метр.

Хўш бундай улкан тош бўлакларини (тошларнинг оғирлиги 5 тоннадан тортиб то 50 тоннагача) қандай олиб келинган? Стоунҳенж нима мақсадда қурилганлиги борасида кўплаб назариялар мавжуд, бироқ иншоотнинг вазифаси ҳанузгача сирлилигича қолмоқда, балки у расадхона бўлгандир (тошларнинг жойлашуви қуёш тизимининг аниқ моделини беради), яна ким билади дейсиз….

Баальбек – йўқолган тамаддун сири, Ливан. Антик услубдаги ибодатхоналар baalbek-1ансамблидан, қачонлардир гуллаб-яшнаган шаҳар харобаларидан иборат дурдона ёдгорлик.

Харобалар орасида энг қизиқарли иншоот, маҳобатли айвонлар ҳисобланади. Улар оғирлиги 300 тоннадан 1000 тоннагача бўлган улкан тош блоклардан терилган (мисол учун, Хеопс пирамидасидаги тош блокларнинг ўртача оғирлиги 2,5 тонна), бунинг устига ҳеч қандай боғловчи қоришмасиз шунчалик аниқ, батартиб ва пухта терилганки, улар орасидан игна ўтказиш ҳам ғоятда мушкул иш.

Ушбу айвоннинг учта деворлари, ҳар бирининг ўлчами 11 х 4,6 х 3,3 метр ва оғирлиги 300 тоннадан ортиқ бўлган тўққиз қаторли яхлит блоклардан терилган. Тўртинчи девор ўзига хос бўлиб, дунёдаги энг йирик ишлов берилган тошлардан барпо қилинган. Ҳар бирининг оғирлиги тахминан 1000 тонна бўлиб, ўлчамлари одамниbaalbek 2 ҳайратга соларли даражада, яъни 25 х 4 х 3,6 метр.

Менинг назаримда ушбу айвонларнинг меъморлари ва қурувчилари қандайдир номаълум, йўқолиб кетган тамаддун вакиллари бўлса керак. Ушбу тамаддун қанчалик даражада сирли бўлса, шунчалик даражада тез барҳам топган шекилли. Чунки Баальбек иншоотларининг барча қурилишлари тугалланмай қолгандек таъсирот қолдиради. Балки бу тамаддун яқинлашиб келаётган ўз таназзулини сезгандир ва ўзи ҳақида буюк Баальбек айвонларини хотира сифатида қолдиргандир. Унинг сирларини очиш балки бизга насиб қилмас, яна билмадим….?

Дунёда энг қадимий ва энг сирли иншоот Ньюгрейнж, Ирландия. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра Ньюгрэйнжнинг ёши тахминан 5000 йилга тенг. Иншоотнинг диаметри 59 метрга, баландлиги 15 метрга тенг бўлиб, 400 та яхлит тош блоклардан бунёд қилинган. 19 метр узунликдаги йўлак,  ҳар бири 20 тоннадан 40 тоннагача бўлган вертикал қўйилган яхлит тош бўлакларидан бунёд қилинган хонага олиб боради (балки бу хона дафн маросимлари ўтказиладиган жой бўлгандир). 5000 минг йил олдин ушбу яхлит тошларнинг қандай олиб келинганлиги, сўнгра эса маълумnewgrangeтартиб билан териб чиқилганлиги, ақлни лол қолдиради ва тушунтириш учун тил ожиз.

Балки қадимги одамлар ушбу иншоотдан кўплаб мақсадларда фойдаланиш учун қуришгандир, жумладан:

даҳма;

тақвим;

расадхона;

турли маросимларни ўтказиш жойи;

кузатиш жойи;

ўлчовлар ва ўлчов бирликлари мажмуаси;

келажакга парвозлар учун вақт капсуласи.

Иншоотнинг қурувчилари кимлар? Улар авлодларга нимани мерос қилиб қолдиришган? Нима учун? Бундай ва шунга ўхшаш яна кўплаб саволлар ҳанузгача жавобсиз қолмоқда.

Кавказ долменлари (француз тилида dolmen — улкан тош палахсалари ва плиталаридан қурилган қадимий мақбаралар), Россия. Ясси, яхлит тошлардан йиғилган уйчалар, тоғ ён бағрлари бўйлаб тарқалган бўлиб, олди томонида махсус тиқинлар билан ёпиладиган туйнуклар мавжуд. Қизиғи шундаки тошларнинг оғирлиги тонналар билан ўлчансада, улар шунчалик даражада бир-бири билан жипс терлиган-ки, орасидан пичоқ тиғини ҳам ўтказиб бўлмайди. Иншоотларнинг ёши 5000 — 10000 йилларга тенг. Қадимги қурувчилар, мақбараларни кварцли қумтошлардан бунёд қилишган. Иншоотнинг оғирлиги ўрта ҳисобда 15 тоннадан 30 тоннагача.

dolmenИншоотларининг вазифалари ҳақида бир қанча фаразлар мавжуд бўлиб, уларнинг асосийлари қуйидагилар.

    Биринчи фараз. Мақбаралар бутун ер юзи бўйлаб тарқалган, шундай иншоотлар (миср эҳромлари ҳам) тизимининг бир қисми бўлиши мумкин. Улар ердаги тамаддунинг ривожи учун масъул бўлган ахборот тўрини замин билан боғловчи ўзига хос ўтказгич ҳисобланиши мумкин.

    Иккинчи фараз. Тирик одамлар умрининг сўнги кунларида жон таслим қилиш учун мақбараларга кетган бўлишлари мумкин. Улар тўлиқ қоронғилик ва сокинликда медитация (ташқи оламдан узилган ҳолда диққатни бир жойга тўплаб чуқур руҳий ҳаёлот дунёсига ғарқ бўлиш; атайлаб ҳушдан кетиш) ҳолатига ўтишган. Агар ушбу фараз ҳақиқатга яқин бўлса, у ҳолда мақбараларнинг ёш ўн минг йилдан ошади. Мақбараларнинг теварагида радиация бошқа жойларга нисбатан анчагина паст.  Нега? Улар бошқа даврлардан келганми?

    Учинчи фараз.  Ушбу даҳмалар кўплаб халқлар учун майитни дафн қилиш жойи бўлгандир. Шунинг учун ҳам мақбараларда жон таслим қилиш ёки қийналиб жон бериш белгилари асосан топилмаган. Шубҳасиз, барча ўлганларни ҳам у ерга дафн қилишмаган. Мақбараларга жамиятнинг энг атоқли, донгдор, аслзодалари дафн қилинган ва уларнинг ёнида турли маросимлар ўтказилган бўлиши мумкин.

   Тўртинчи фараз. Шимолий Кавказда мақбаралар қуриш ғояси Ўрта денгиз томонлардан кириб келган бўлиши мумкин. Мақбараларни қуриш маҳаллий қабилалар томонидан қабул қилинган ва Миср эҳромларини қуриш даври билан параллел равишда маҳаллий муҳитда кенг тарқалган бўлиши мумкин.

Олиб борилган тадқиқотларда аниқланишича, мақбаралар инсонга таъсир қилувчи паст частотали тебранишларни ишлаб чиқаради, нафақат ишлаб чиқаради, балки маълум йўналишда ёғду кўринишида тарқатади ҳам.

Мақбаралардаги туйнукларни беркитишда, ташқи томони замонавий техникаларда ултратовуш оқимини фокуслаш учун ишлатиладиган ултратовуш тарқатгичлар шаклига ўхшаш махсус тиқинлар билан ёпилган. Ҳозирги кунда бундай тарқатгичлар сифатида керамик пластинкалардан фойдаланилади.

     Бешинчи фараз. Мақбаралар одамга руҳий таъсир қилиш учун ишлатилган бўлиши мумкин. Стратегик муҳим минтақага жойлаштирилган ва керакли частотага созланган мақбара душманларнинг ушбу ҳудуддан ўтишларига тўсқинлик қилган, ҳатто уларда ҳушдан кетиш ёки ўлим ҳолатини ҳам келтириб чиқарган бўлиши мумкин. Мақбарани бошқа керакли частотага созланганда эса инсон алоҳида транс ҳолатига туша олган (худди шомонлар каби).

    Олтинчи фараз. Мақбаралардан технологик мақсадлар учун фойдаланилган бўлишлари мумкин масалан, заргарлик буюмларини ултратовушли пайвандлашда. Ғарбий Европада яшаган кельт қабилаларининг майда деталларни номаълум технологиядан фойдаланиб бириктирилган заргарлик буюмлари топилган. Уларни бириктиришда ишлатилган технология юқори частотали ёки ултратовушли пайвандлашга ўхшаб кетади.

Мақбараларнинг энг қадимийлари эрамизгача бўлган саккизинчи минг йилликларга бориб тақалади. Хўш уларнинг биринчи қурувчилари кимлар ва бундай оғир тонналик иншоотлар қандай мақсадларда бунёд этилган? Ушбу саволларга ҳанузгача жавоб топилгани йўқ.

Бундай сирли иншоотлар бўйича илмий тадқиқотлар давом эттирилмоқда ва улар ҳақида жуда кўп, хўп ёзилган ва ёзилмоқда. Мен ушбу мақола орқали биз истиқомат қилаётган оламнинг нақадар ҳайратланарли, сиру-синоатларига тўлиб-тошганлигини яна бир бор таъкидлашга ҳаракат қилдим.

    Яратгувчининг буюк мўжизаси инсон ақл-заковатининг чеки-чегараси уни қуршаб турган борлиқ поёнсизликларданда кенгроқмикан?

    Аждодларимиз томонидан бунёд этилган бундай сирли ёдгорликлар бизни ҳам ҳаётга бефарқ бўлмасликга, борлиқни ва ўзликни теранроқ англашга, келажак авлодар учун асқотадиган буюк иншоотларни яратишга ундаса ажаб эмас.

Салоҳиддин Усмонов

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

18 − 15 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз