Юртимизда

ТУН КУЛГИСИ…

2050 ЙИЛГИ АРМИЯ ҲАЁТИ

“Н” полк казармаси. Жимжитлик. Фақат дарахт шохларининг оҳиста шитирлашигина қулоққа чалинади. Икки кишилик арабча кароватда оддий аскар Жонолиб Жонбердиевич пишиллаб ухлаяпти. Ичкарига старшина Қултой оёқ учида кириб келади-да, Жонолиб Жонбердиевичнинг елкасига оҳиста қўлини қўяди.

— Жонолиб, азизим, ўқув тревогаси эълон қилишибди. Ҳов бир ҳафта бурун айтгандим-ку, эсингиздами?

Жонолиб Жонбердиевич чап кўзини эринибгина очиб старшинага ўқрайди.

— Қўйсанг-чи, старшина, кўрмаяпсанми, ухлаяпман. — Шундай дейди-ю, яна кўзини юмади.

Старшина эса, астойдил чўк тушиб унинг қулоғига шивирлай бошлайди.

— Жон, Жонолиб, комиссия келган. Бизни текширишяпти. Тура қолинг, халқ кутиб ўтирибди.

Жонолиб Жонбердиевич жавоб бериш ўрнига кўрпага бошини ўрайди. Бечора старшина бошини чайқаганча чиқиб кетгач, сиёсий ишлар бўйича командир ўринбосари, катта лейтенант Таркан кириб келди. Унинг олифтанамо ўстирилган соқоли то камаргача тушиб турарди.

— Жонолиб Жонбердиевич, илтимос, тура қолинг. Тревога тўрт соат олдин эълон қилинган.

Жонолиб Жонбердиевич: — Жонга тегди… Кеча “тур”, бугун “тур”, Худонинг берган куни тур-турдан бўшамайди булар!.. Қанча чидаш мумкин, ахир?..

Таркан: — Жонолиб, ўтинаман, бир қўллаб юборинг. Тревогаям ўтади-кетади. Ўлай агар алдасам, эртага сизга саккиз кун “отгул”, яна кинога чиптаям тўғрилаб бераман.

Жонолиб Жонбердиевич: — Тревога эмиш. Нима, шуни деб энди одамнинг устидан кулиш керакми?.. “Отгул”га келсак, барибир алдаяпсан. Ўтган сафар ҳам етти кунга ваъда бериб беш кунгагина қўйиб юборгансан.

Таркан (икки қўлини баланд кўтариб): — Худо уриб кетсин… Қасам ичаман. Сўзида турмаган одаммас. Тура қоли-инг энди, ана, этигингизниям ҳозирлаб қўйганман.

Жонолиб Жонбердиевич истар-истамас ўрнидан турди-да, оёқларини катта лейтенантнинг соқолига артди.

Таркан (кулиб): — Ҳозир биз кийинамиз, қуролни оламиз-у, отиш майдончасига… Тўғрими-а, азизим?..

Жонолиб Жонбердиевич: — Нонушта қани?

Таркан: — Ҳаммаси тап-тайёр. Сариёғ, тандирдан янги узилган нон, чой, колбаса, консервалар, гўшт… Фақат… Қуритилгани-да!..

Жонолиб Жонбердиевич: — Нима?.. Қанақа қуритилгани?.. Мени аҳмоқ қилмоқчимисанлар?.. Бормайман ҳеч ерга!.. Қайтиб жойига ётади.

Лейтенант эса, чуқур хўрсинганча ташқарига чиқиб кетади. Казармага ҳарбийларча қадам ташлаб полк командири Мамай кириб келади.

Мамай (буйруқ оҳангида): — Оддий аскар Жонолиб Жонбердиевич, Худо инсоф бергур, бизда тревога, тура қолинг энди!

Жонолиб Жонбердиевич (ёстиғини тўғриларкан): — Қара-я вей, бугун ҳаммаси буйруқ беради-я!.. Ҳаммаси бошлиқ… Эртагаёқ хизматдан кетиш ҳақида ариза ёзмасам бўлмайди шекилли.

Қўрқиб кетган Мамай дарҳол шаштидан тушиб казарма ичини асабий айлана бошлайди.

Мамай: — Нега энди Жонолиб Жонбердиевич?.. Кечирасиз энди… Сал қизишиб кетдик-да!.. Тўғриси, шу тревогалари асабни эговлаб ташлади, ҳа!..

Жонолиб Жонбердиевич: — Нима, сенингча мен одам эмасманми?.. Ё менда асаб йўқми?.. Оддий аскар деб тепкилаб кетавериш керакми?.. Қуёш чиқиб улгурмай тур, кийин… Э, турмайман, вассалом!..

Мамай: — Жонолиб Жонбердиевич, ахир, биз қасам ичганмиз!

Жонолиб Жонбердиевич: — Қасамни сен ичгансан. Ўзинг боравер.

Мамай: — Йў-ўқ, сиз ҳам ичгансиз.

Жонолиб Жонбердиевич: — Эсимда йўқ.

Мамай: — Ичгансиз, ичгансиз… Эсингиздами, зиёфатдан сўнг полк байроғи ўрнига генерал Тошовнинг хотинини ўпиб олгандингиз.

Жонолиб Жонбердиевич: — Балки ичгандирман… Хўш, нима бўпти?

Мамай: — Қасам… Муқаддас, ахир!..

Жонолиб Жонбердиевич: — Вей, менга қара, намунча қаёқдаги қасамга ёпишиб олмасанг-а?.. Ана, куни кеча кечки овқатимга куйиб кетган кабоб опкелишди. Сен бўлсанг, қасам, қасам дейсан…

Мамай: — Ўлай агар, бугун кечки овқатга шахсан ўзим товуқ қовуриб бераман… Фақат сиз учун.

Жонолиб Жонбердиевич: — Товуқ?.. Ҳа, майли, товуқ бўлса товуқ-да!..

Ўрнидан туриб эринибгина кийина бошлайди.

Мамай: — Э, барака топинг! (Жонолиб Жонбердиевичнинг бош кийимини тўғрилаб қўяди) Жонолиб Жонбердиевич, сиз шу ерда ўтира туринг, ҳозир старшина қуролни опкелади.

Мамай кетгач, қўлида автомат кўтариб старшина Қултой кириб келади.

— Жонолиб, мана.

Жонолиб Жонбердиевич: — Нима бу?

Қултой: — Калашников автомати. Кетдик отиш майдонига!

Жонолиб Жонбердиевич қизиқсинган кўйи қуролни қўлига олиб яна жойига қўяди.

Жонолиб Жонбердиевич: — Йўқ, ҳеч қаерга бормайман. Оёғим оғрияпти.

Старшина Қултой шошилинч эгилиб унинг оёқларини уқалай бошлайди. Жонолиб Жонбердиевич энди астойдил кароватига ётиб олади.

Қултой: — Истасангиз, майли, казарманинг ўзида ота қолинг. Текширувчилар ойнадан қараб туришади. Илтимос, Жонолиб, мен сизга шанба куни лўли қизлардан топиб бераман, мириқиб суҳбатлашасиз.

Жонолиб Жонбердиевич: — Майли, кўндирдинг. Тур ўрнингдан!

Старшина югуриб бориб тегишли жойга қўнғироқ қилгач, қандайдир қоғозни деворга маҳкамлайди.

Қултой: — Жонолиб, мана шу қоғознинг ўртасини мўлжаллаб отасиз. (Ойнадан ташқарига қарайди) Ана, текширувчилар ҳам келишди…

Старшина автоматни ўқламоқчи бўлиб шунча уринса-да, затворни тортолмайди. Кейин икковлашиб тортишади. Бефойда.

Қултой: — Занглаб кетибди ярамас. Майли, бир иложини топарман.

Шу пайт ташқаридан овоз эшитилади:

— Тайёрланинг, мўлжалга олинг, отинг!

Қултой (овозининг борича): — Ба-ба-бахх!..

Ва югуриб бориб қоғознинг ўртасида икки-учта тешикча ҳосил қилади-да, бақиради: — Яшаворинг, азамат, аъло, аъло!..

Жонолиб Жонбердиевич: — Бўлди, бугунга етар. Варанглаган товушингдан бошим ёрилаёзди. Овқатланаман-у, ухлайман.

Қултой: — Ёқимли иштаҳа! Хизмат учун раҳмат!

Оддий аскар Жонолиб Жонбердиевич ўрнидан туради-ю, офицерлар ошхонасига йўл олади. Старшина эса, унинг орқасидан маъюс тикилганча бош чайқаб қолади:

— Эҳ, хизмат муддати тугаса нима қиларкинмиз-а? Қандай кун кўрарканмиз?.. Бошқа аскар тополмасак ўрнига, иш жойлари қисқаради. Наҳотки, ишсиз қолиб кетсам-а?.. — У иримига уч марта эшикни чертиб, елкаси оша тупуради-да, Жонолиб Жонбердиевичнинг ўрнини текислаб бўлгач, казармадан чиқиб кетади.

О. ҲАЙИТ тайёрлади

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

семь + 9 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз