Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-32)

* * *

Нигоҳлар тўқнашди. Қалбимни совуқ ҳислар қуршади. Бир неча сония ичида яқин ўтмишда бошимдан ўтказган аламли лаҳзалар кўз ўнгимда гавдаланди.

Қачонлардир мен учун фариштадек азиз бўлган Шарифа айни лаҳзаларда жуда ёқимсиз туйилиб кетди. У бозорчи аёллар нуқси урган юзлари терсайганча гоҳ менга, гоҳ Сусаннага ўқрайиб қўярди.

Аста ортга тисландим-да, ичкарига мўраладим.

— Қани эркак? Нега чиқмаяпти? — бақирдим бор овозда. — Менинг уйимга кирволиб хўжайин бўп қолган ўша зўравонни чақир, гаплашамиз шу ерда!

— Ҳа-а, ўзинг қўрқиб хотинчангниям етаклаб келдингми? — жавоб ўрнига мендан-да қаттиқроқ қичқирди Шарифа. — Ўла қўрқоқ!..

Сусанна чидолмади. Шарифага яқин борди-да, икки қўлини белига тиради.

Бу манзарани кўриб беихтиёр кулгим қистар, айниқса, Шарифанинг қўрқа-писа ортга тисланиши мени янада жонлантириб юборганди.

— Бу ерга биз уришиш учун келмадик, — деди Сусанна босиқлик билан. — Уришадиган бўлсам, мени ўзим дабдалангни чиқариб ташлайман. Ўзингни босгин-у, Қодир акамга фарзандини кўрсат! Кўрсатсанг бас, биз кетамиз!

— Қанақа фарзанд? — Шарифа йўлакка ўтиб олди-да, қичқирди. — У Қодир акангнинг боласимас, эшитдингми? Ана, Собиржоннинг отаси ичкарида ўтирибди!.. Йўқолларинг! Ҳали замон милиционерлар келади. Обрўйинг борида туёғингни шиқиллат иккалангам!

— Нима? — тутоқиб ичкарига киришга уриндим. Лекин Шарифа эпчиллик билан эшикни тамбалаб олди. — Қани ўша отаси? Кўрсат менга! Нимага ҳажиқизларга ўхшаб беркинади? Нега менинг уйимга эгалик қилади? Чиқсин буёққа, чиқсин!..

Бир пайт зина томондан икки милиционернинг қораси кўринди. Улар то мен ўзимни ўнглаб олгунча яқинлашиб қаршимизда тўхташди.

— Нима тўполон? — сўради улардан бири дўқ аралаш. — Нимага бақир-чақир қиляпсиз?

— Мана бу менинг квартирам, — тушунтиришга тушдим. — Квартирамда ҳозир ўзим яшамаяпман. Қандайир бегона одамлар кириб олишибди. Чиқиб кетишмаяпти.

— Хўш, шунга бақириш керакми ярим кечада? Ана, ҳудуд нозирига арз қилинг, маҳалла оқсоқоли бор.

— Ие, сизлар кимсизлар унда? Нимага мени айбдор қиляпсизлар?

— Чунки сиз ярим тунда бировнинг уйига бостириб кирмоқчи бўлгансиз. Бизга устингиздан шикоят қилишди. Агар ҳозироқ кетмасангиз, қамаб қўйишимиз мумкин.

 

Шу заҳоти Сусанна қўлтиғимдан олиб олдинга етаклади.

— Юринг, кета қолайлик! Кези келса, албатта маҳалла қўмитасига арз қиламиз. Юринг, кетдик!

Мен Сусаннага қаршилик билдирмадим.

* * *

Машинада бўшашганча кетиб борардим-у, қалбим тун зулмати каби совуқ ва қоронғи эди. Собиржонимни кўра олмаганим жуда алам қиларди. Бунга бегона эркакнинг уйимга жойлашиб олгани, уйимда ўтириб, тап тортмай менга дўқ уришлари қўшилиб, сира ўзимни боса олмасдим. Афсуски, замонанинг зайли шу экан. Ҳеч нарса қила олмадим. Қўлим узатилган жойгача етмади.

Хўш, энди нима қиламан? Бундай бедодликка қандай чидайман? Бир умр куйиб, юрагим соғинч оловида қоврилиб ўтаманми? Нимага бундай? Дунё нима учун бунчалар адолатсиз ва шафқатсиз? Қай кўчага қадам қўймай, улкан тўсиқлар йўлимга кўндаланг бўлади. Нима, мамнун яшашга, қувонишга ҳақим йўқми?

Шу маҳал Сусанна елкамга бошини қўйиб оҳиста шивирлади.

— Сизга бир гап айтайми?

Мен бош ирғадим.

— Бизнинг ҳам ўз боламиз бўлиши керакка ўхшайди. Ҳозирги аҳволингизни кўриб эзилиб кетдим. Негаки бу ҳислар менгаям таниш. Вақти келса, тунлари сизни ухлатиб қўяман-да, мижжа қоқмайман. Олисда қолиб кетган икки шунқоримни ўйлайман, хаёлан уларни эркалайман, шўхлик қилишади, уришаман, сўнгра йиғлаб кечирим сўрайман. Баъзида икковлари билан хаёлан узоқ-узоқ суҳбатлашамиз. Гаплашиб, дардлашиб тўймаймиз. Нуқул «Қачон қайтасиз? Қачон юз кўришамиз?» деяверишади. Шундай онларда нима деб жавоб қилишни билмай азобланаман. Сукут сақлаганча кўз ёшларим дарёсига ғарқ бўламан. Шу кўйи анча вақтгача тўлқинлар гирдобида сузаман. Нафас олишга қийналаман. Бироқ сузавераман. Бирдан тўлқинлар мени соҳилга — сиз маза қилиб ухлаётган масканга итқитишади. Шундагина ўзимга келгандек, тинчланишга, тақдирга тан беришга уринаман… Йўқ, Қодир ака, мен сизга албатта фарзанд ҳадя қиламан. Мен сизни тушкунлик ботқоғига ташлаб қўёлмайман. Ҳар бир чеккан оҳингиз нақ юрагимни тешиб ўтгудай бўляпти. Дод солиб ҳайқиргим келяпти. Айниқса, боя мунғайганча ортга қайтганингизни кўриб адойи тамом бўлаёздим. Ишонинг, фарзандимиз бизнинг овунчоғимиз, суянчимиз, ишончимиз, орзу-ҳавасимизга айланади.

Мен узоқ муддатли ғафлатдан сўнг кўз очган бандадек сесканиб бошимни кўтардим.

Сусанна менга кўзларида ғилт-ғилт ёш билан дардли боқиб турарди. Жуссаси титрарди.

Юрагим эзилиб, шоирнинг дардларга йўғрилган сатрларини эсладим.

Оллоҳим, ташаккур борлигинг учун,

Бошимга тизгинсиз дардлар ташладинг.

Беҳад хурсанд бўлдим ситамларингга,

Бандалар ичидан мени танладинг.

Ташаккур, тишимни тишимга қўйдим,

Руҳимда товушсиз нурли куласан.

Дардлар юборибсан, демак дунёда,

Менинг борлигимни ўзинг биласан.

Шеър таъсирида азбаройи кўнглим бўшаб Сусаннага юзландим.

Рост айтяпсанми? — сўрадим ундан. — Менга қара, алдамаяпсанми?

— Нега алдарканман? Бирор марта алдаган ерим бормиди?

— Бу жуда яхши… Аммо…

Шундай деб аста бошимни эгдим.

— Нима бўлди тағин? — тоқатсизланиб мени силтади Сусанна. — Тинчликми?

— Биз… Квартирама квартира кўчиб юрсак, болани қандай уддаларканмиз?..

— Э, шунгаям қайғуриб ўтирибсизми? Биз ҳарқалай соғ-саломатмиз. Боламиз ҳам биз қаерда бўлсак, ўша ерда бўлади. Нима есак ўшани ейди. Азизим, «чумчуқдан қўрққан тариқ экмайди» деган ҳикмат бор. Эшитгандирсиз?..

Бу гапдан сўнг мен анча жонландим. Сусанна ҳақ эди. Суюкли фарзандимизни ҳеч қачон азобга қўймаймиз. Бу ишни уддалай оламиз.

* * *

Телбанинг ишини Худо ўнглабди деб бекорга айтишмаган экан. Ярим тунда қўним топиш қайғуси миямни кемириб борарди. Тағин суваракзор бетон кулбачага киришдан безор эдим. Мен-ку, майли, буни Сусаннага ортиқ раво кўргим келмасди. Бир маҳал йўлимиздан гандираклаганча пакана, тепакал, кийимлари абгор, ҳасса таянган бир пиёниста эркак чиқиб қолди. У бизнинг яқинлашишимизни кутиб, қаршисига етганимизда, олдимизни тўсди.

— И-илтимос, яримта ароққа пул бериб туринг! — ялина бошлади пиёниста. — Жуда зарур бўп турибди. Йўқ деманг!.. Пул бериб тури-инг!

— Агар мениям илтимосимни бажарсанг, бераман, — дедим хаёлимга келган фикрдан қувониб. — Хўш, рози бўласанми?

— Нима илтимос? Юк кўтаришми?

— Йўқ, бир кечага бизга жой топиб берасан.

— Жой?.. — менга мамнун боқди у. — Ижарагами? Униям ҳақини тўлайсизларми?

— Албатта тўлаймиз.

— Ароққаям қўшиб берасизлар-а?

— Айтдим-ку!

— Гап йўқ. Менинг квартирам уч хонали. Битта хонада ётаверасиз. Фақат… Ҳақини тўламай қочиб кетиш йўқ!..

— Биз унақалардан эмасмиз. Қани, бошла!..

Пиёниста илдамлаганча олдимизга тушди-да, бизни уйи томон бошлади.

* * *

Орадан уч кун ўтди. Пиёниста жуда одамохун эркак чиқиб қолди. Бизни квартирасидан ҳайдамади. Унга уч кунлик ижара ҳақини ҳам тўлаб қўйдим. Энди уч кунгача ётар-турарни ўйламасак бўлади. Аммо чўнтакда ҳемири қолмаган.

Эрта тонгда уйғонгач, сўнгги нон бўлаклари билан чой ичдик. Иш йўқ. Иккаламиз ҳам уйдамиз. Кайфиятимиз тушкун. Кайфият бўлмагач, одамнинг суҳбати ҳам қовушмай қоларкан. Мен-ку, бўларим бўлиб аламимни синиқ курсидан олмоқда эдим. Нуқул курсини тақиллатар, шу йўл билан ўзимни чалғитишга уринардим. Сусаннанинг қаршисида шу қадар хижолат торта бошлаган эдимки, гарчи жуфти ҳалолим эканини билсам-да, унга қўл теккизишга, ширин сўзлашга ҳақсиздек ўтирган еримдан кўз ташлаш билангина кифояланардим.

Шу кўйи кечгача ўтирдик. Уй эгаси бир неча марта ҳассасини тўқиллатганча эшигимиз ёнига келиб кетди. Ҳойнаҳой, биздан хавотир олди. Чиқиб саломлашмоқчи бўлдим-у, негадир кўнглимга сиғмади. Ўз ташвишларим, хаёлларим билан бирга қолишни хоҳладим. Нуқул қалбимни сиқувга олдим. Ундан маслаҳат кутдим. Бахтга қарши қалбим ғиқ этмас, сукут сақлашдан нарига ўтмасди.

Ёруғ дунёга сиғмай дераза қаршисига бордим. Катта кўча, катта-кичик одамлар, ранг-баранг бинолар, кўчани тўлдириб у ёқдан-буёққа ғиз-ғиз қатнаётган машиналар ҳам менга юпанч бера олмасди.

Буёқда эса кеч тушиб боряпти. Тушлик ҳам қила олмадик. Сусанна каравотда жимгина китоб ўқир, ора-сирада мен тарафга маъюс нигоҳ ташлаб қўярди.

Кутилмаганда у ўрнидан сакраб турди. Китобини ёстиқ остига беркитди-да, қўлларини қовуштириб менинг ёнимга борди.

— Қорним очди, — деди Сусанна шивирлаб. — Ортиқ чидай олмайман. Бирор йўлини топайлик!..

Бу сўзлардан кўра менга ўлим афзал эди. Нима бўлсам, шу қисқа фурсат ичида бўлдим. Миям ғувиллаб, бўғзимга нимадир тиқилгандек туюлди.

Яна Сусанна жимликни бузди.

— Менда зўр ғоя бор, — деди у. — Агар шуни қойиллатсак, кечки овқатга пул топган бўлардик.

— Қ-қанақа ғоя? — сўрадим тутилиб. — Нима қилиш керак? Айтавер!

— Квартирада бир уюм қоғоз кўргандим. Ўшаларни тахлаб қоғоз қабул қиладиган пунктга олиб чиқасиз-да, пулига нон оласиз. Агар ортса, помидор, пиёз олсангизам бўлади. Ўтган сафаргидек мазали нон пишириб бераман.

Бу фикр ажойиб эди. Ботқоққа ғарқ бўлиш арафасида турган одамга арзимас туртки ҳам катта кўмак беради. Лекин айни дамда ожиз, уқувсизлигимдан хафа бўлиб кетдим. Ўзимни хотинимнинг олдида ўта ожиз, нотовон кимсадек ҳис этиб, ер ёрилса-ю, кириб кетишни хоҳладим.

— Эҳ, сен, — койирди қалбим. — Бошида ваъдаларинг қандай эди? Дунёни остин-устун қилиб бўлса ҳам рўзғорингни бут сақламоқчи эдинг-ку! Буёғи неча пулдан тушди? Битта нонга зор бўлиб тумшайганча ўтирибсан. Эркак деган ҳаракатини қилмайдими? Ўзини ўтга, чўққа уриб пул топмайдими? Сен бўлсанг, уйга қамалиб олганча осмонга термилишдан нарига ўтолмайсан. Ким уйга қамалволиб пул топибди? Ҳеч ким. Бу дунёда қимир-қимирдан бўшамасанггина, ниятларинг ижобат бўлади…

Қалбимнинг ҳайқириғидан ичим узилиб кетаёзди. Аламим келиб қўлларимни мушт қилдим-у, йўлакка чопиб чиқдим.

Йўқ, тоқатим тоқ бўлди!.. Мен тирикчилик пайига тушаман. Нима бўлмасин, эртага тонгда уйдан чиқиб кетаман ва пулсиз қайтмайман!..

* * *

Эртаси куни тонгда уйғондим. Сусаннани уйғотишни хоҳламадим. Эҳтиёткорлик билан юзидан бўса олдим-у, апил-тапил кийиниб кўчага отилдим.

Ҳозир нима қилишни билардим. Шу ишим натижа беришини сезиб турардим. Қандай бўлмасин, бошимга не ташвишлар ёғилмасин, ижара уйга қуруқ қўл билан қайтмасликка аҳд қилгандим.

Ҳа, мен мардикор бозорига бораман. Шундан бўлак юмуш қўлимдан келмайди. Жонимни жабборга бериб ишлайман, аммо уйга, Сусаннанинг қошига қўлимда пул билан кириб бораман…

Эрта турганнинг ризқини Яратганнинг ўзи бериши рост экан. Бозорга кириб келибоқ, иш топдим. Тўрт киши ўрта яшар бир эркакнинг эски уйини бузадиган бўлдик. Бу мен учун айни муддао эди. Мардикорчиликда қўл-оёғинг лойга ботмай, оғир юк кўтармасдан пул топадиган иш кам учрайди. Уй бузиш биздайларга иш бўлибдими? Тўрт бирдай йигит қотириб ташлаймиз уй бузишни!..

Бу одам инсофли чиқиб қолди.

— Олдин ўтириб нонушта қиласанлар, — деди у бизни тузалган хонтахта томон бошлаб. — Қорни тўқ бўлса одамнинг иши унади, жўралар! Қани, мана бу лағмонни паққос туширларинг! Мана, камига норин ҳам пиширтирганман. Фақат имилламасдан, тез-тез овқатланларинг! Вақт кетмасин!..

Тахмин қилганимдек, тўрт хонали эски уйни аср намозига қолмасдан бузиб, ашқол-дашқолларини тартиб билан тахлаб қўйдик.

Мен ич-ичимдан мамнун эдим. Шерикларимга қўшилиб уй эгасининг келишини, қўлга ваъда қилинган пулларни олишни интиқиб кутардим-у, кўз ўнгимда Сусаннанинг қўлимда майда-чуйдалар солинган халтачани кўргач, мамнун жилмайишини тасаввур этардим. «Ўжарсиз, ўжар» дея елкамга муштлаб қўйиши муқаррарлиги кўнглимни тоғдек кўтарарди.

Ярим соат деганда, ниҳоят уй эгаси кириб келди. У ўсиқ мўйловини бураб-бураб олганча ишимизни кўздан кечириб чиқди-ю, кутилмаганда шанғиллаб қолди.

— Вей, бу нима қилганларинг? — ўдағайлай кетди у бизларга. — Қара, ҳаммасини чалкаш-чулкаш қилиб ташлабсанлар-ку, ярамаслар! Тахталар уёқда, ёғоч, ғиштлар буёқда!.. Ким сенларга шундай тахла деганди-а?.. Ишлашни биласанларми ўзи?..

— Бу нима деганингиз? — новчагина, қиррабурун шеригимиз уй эгасига яқин борди. — Ҳаммасини айтганингиздай қилдик. Нима ёмон иш қилибмиз?

— Сен, бола, менга ақл ўргатма! — унга хезланди уй эгаси. — Менга бунақаси кетмайди. Тамом, бир тийин ҳам ололмайсанлар!.. Мен бу ишинг учун пул тўламайман!

— Ие, келишув-чи? — барчамиз бараварига уй эгасига яқинлашдик. — Бозорда келишгандик. Мана, уйингизни буздик! Кун бўйи қора терга тушиб ишладик. Нега пул бермайсиз?

— Нима, мени ўртага олиб урмоқчимисанлар? — бизларга аланглади у ранги бўзариб. — Ҳозир жиянларга қўнғироқ қиламан, дабдалангни чиқарворишади.

— Э, нима деяпсиз? — совуқ кулимсиради қиррабурун шеригимиз. — Биз ҳақимизни сўраяпмиз холос.

— Шунақами? — уй эгаси нари кетди-да, хонтахта томон ишора қилди. — Яхши, ҳақ сўрайдигган бўлсанг, билиб қўй, мен ҳам баъзи нарсаларни ҳисоб-китоб қилиб қўймасам бўлмайди шекилли. Масалан, сенларни кун бўйи боқдим. Норин, қўй гўштидан димлама, лағмон… Хўш, уларнинг пулини ким тўлайди? Катта холанг тўлайдими?

— Мардикорларга овқатни текин беришмайдими? — орага тушдим мен. — Ҳеч қачон пулга овқатланмаганмиз.

— Мен текин бермайман! Агар-чи, ҳозир еган овқатларингни ҳисоблайдиган бўлсам, ўзларинг қарзга ботасанлар! Ундан кўра, жаҳлимни чиқарма-да, сурларинг!..

Биз бу одам билан тортишиб ўтиришдан наф чиқмаслигини тушуниб етдик. Ноумид шайтон деганларидек, норози ғудранганча орқага қарай-қарай, олдинма-кетин ҳовлидан чиқиб кетдик.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

шестнадцать − 13 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз