Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-33)

* * *

«Бечорани туянинг устида ҳам ит қопади» деганлари шу бўлса керак. Эрталабки шаштим, ниятларим бир пул бўлди. Тағин шом маҳали уйга қуруқ қўл билан қайтмоқдаман. Буёғига пешонамга қандай битиклар битилган, келгуси тақдирим қандай кечади, билмайман. Миям умуман ишламаяпти. Худди жонсиз ҳайкалдек теваракка ҳиссиз тикилишдан нарига ўта олмайман. Нима қилай? Омад ҳар қадамда мендан юз ўгираверса! Синовлардан, қайғули лаҳзалардан бошим чиқмаса…

Бас, энди чидай олмайман! Ўзим учун яшашга маҳкумман. Худди пиёниста отам каби дарбадар кезишдан, ўтган куним учун яшашдан бўлак чорам қолмади. Балки ҳар бир яхши-ёмон одат қон суради дейишгани шудир. Менинг ҳам пешонамда отамга ўхшаб ёлизлик, пиёнисталик, ватансизлик қисмати бордир. На илож? Тақдирдан қочиб қутулиб бўлармиди?!. Ўзимни ўнг-чапга уриб қанча силтанмай, Худонинг айтгани бўлади.

Ҳа, Сусаннанинг жавобини бераман. Иложи бўлса, агар рад этмаса, ўша жанжалкаш аёлга ўзим бориб ёлвораман. Ёки ҳозирги квартирада қолдираман-у, ўзим бу шаҳардан бош олиб кетаман. Қаерга боришнинг, қай аҳволда бўлишнинг мен учун аҳамияти, қизиғи йўқ энди. Фақат Сусаннанинг қаршисида мулзам бўлмасам, омадсизлигим туфайли уни ҳам азобламасам бўлди…

Шундай ўйлар билан кетиб бораётганимда, беихтиёр туртиниб кетдим. Ён тарафда бетон ариқча бор эди. Бориб тиззамни бетонга урдим.

Оғриқ зўридан инграб юбордим. Бироқ андиша устун келиб тишимни тишимга босдим ва аста ўрнимдан турдим.

Бир маҳал ариқча ичида сочилиб ётган қоғоз пулларга кўзим тушди.

Аввалига ишонқирамадим. Кўзларимни бир неча марта юмиб очдим. Йўқ, ростакам пуллар!..

Наҳотки, Яратган эгам раҳмимни еди? Мана шу оддий қоғозлар сабаб сал бўлмаса суюклигимдан воз кечаёздим-ку!..

Худди пулларимни биров югуриб келиб териб оладигандек теваракни ўғринча кузатдим. Яқин орада ҳеч ким кўринмагач, жонҳолатда пулларни териб чўнтакка урдим. Сўнгра оғир гуноҳ қилиб, гуноҳини бировлардан беркитмоқчи бўлаётган банда каби бирпас жойимда қотганча туриб қолдим. Турардим-у, қўлларим чўнтакдаги пулларни чамалаш билан овора эди.

Ҳа, бу ижара ҳақига, егуликларга бемалол етади. Бир ойгача Сусанна иккимиз уйда ўтириб дам олсак ҳам тугамайди.

— Хайрият, — дедим чанг теккан кийимларимни қоқа-қоқа. — Бир ташвишдан холи бўлдим. Энди ҳеч нарсани ўйламайман. Ҳасми ҳалолимнинг кўзларига тик боқишдан қўрқиб кун ўтказмайман. Ҳозир бораман-у, ундан суюнчи оламан. Маҳкам бағримга босиб, уни бўсаларга кўмиб ташлайман!.. Минг шукр, Сусаннадан айрилмайдиган, бирга яшайдиган, уни эркалашда давом этадиган бўлдим!..

* * *

Уйга киришга шошилмадим. Катта дўконлардан бирига кириб рўзғорга ярайдиган нарса борки, ҳаммасини харид қилдим. «Ғалаба»ни «ювиш» ниятида ичкилик олишни ҳам унутмадим. Тўғри-да, бугунги кун ҳақида сўзлаб берсам, Сусанна қотади. Ичкилик ичишимга сира қаршилик қилмайди…

Оёғимни қўлга олиб квартирамизга жўнадим. Шошилганда акс бўлади шекилли. Қанча тез юрмай, сира йўлим кўпая қолмасди.

Ўзимча йўлдан нолий-нолий ниҳоят квартира эшигига етдим. Эшик қия очиқ экан.

— “Пиёниста чол тағин улфатчиликни бошлаб юборибдими дейман? — кўнглимдан ўтказдим беихтиёр юрагим ғаш тортиб. — Шу одам сира чарчамас экан-да!.. Кеча-ю кундуз ичади-я! Жони темирданми нима бало?”

Эҳтиёткорлик билан ичкарига қадам қўйдим. Пиёниста кўринмади. Сал енгил нафас олиб хонамизга кирдим.

Сусанна каравотда ўтирганча негадир пиқ-пиқ йиғлар, полда буюмлар жойланган каттакон сумка турарди.

Бу манзарани кўриб жон-поним чиқиб кетаёзди. Шоша-пиша қўлимдагиларни четга қўйдим-да, Сусаннани қучдим.

— Ҳа, жоним, сенга нима бўлди? Нега йиғлаяпсан? Ким хафа қилди сени? Анави сумка нима?

У бош силкиб қўйди холос. Менинг келганимдан қувонмади ҳам.

— Гапирсанг-чи! — қисталанг қила бошладим. — Бирор кор-ҳол бўлдими?

У ёшли кўзларини енгига артиб ниҳоят бош кўтарди.

— Мен ўйлаб кўрдим, — деди хўрсиниб. — Ортиқ сизминан қололмас эканман. Шундай қиламан. Фақат мени йўлдан қайтарманг! Сабабини сўраманг! Фойдаси йўқ. Мен бир қарорга келиб бўлганман.

Мен нималар бўлганига ҳамон тушуна олмасдим.

Сусаннанинг гаплари бағримни парчалаб ташлаган каби бўғриқа бошладим. Нима қилишни билмай, бир-икки қадам ортга тисландим-у, бошимни чангаллаганча ўтириб қолдим.

* * *

Орадан бир неча дақиқа ўтгач, Сусанна зарда билан қўлига сумкани олди-да, ташқарига йўналди.

Ортиқ бу тахлит ўтиришим мумкин эмасди. Шошилишим, уни тўхтатиб қолишим шарт эди.

Даст ўрнимдан турдим-да, билагига ёпишдим.

— Бу адолатданмас, — дедим мажбуран жилмайишга уриниб. — Ҳа, бир-бирини осонгина ташлаб кетиш жониворларга хос. Биз одамлармиз. Нега энди бекордан-бекорга мендан воз кечиб кетишинг керак экан?

— Қўйворинг, — силтанди Сусанна. — Керакмас менга бунақа ҳаёт, керакмас!

— Э, йў-ўқ! — Сусаннанинг билагини маҳкамроқ сиқдим. — Бу иккаламизнинг ҳаётимиз.

— Энди ўзингизники! Тамом! Ҳаммасига тупурдим! Мен чидай олмайман! Кетаман!

— Шунақами?.. — дедим унинг сўнгги сўзлари кўнглимга тиғдек ботиб. — Демак, менгаям тупурибсан-да?!. Ахир, кетишинг сабабини айтсанг-чи! Менам нега сендан айрилганимдан хабардор бўлиб қолай-да!

Сусанна сал бўшашиб қўлидаги сумкани полга қўйди ва кўзларимга совуқ термилди.

— Менгача нечта қизнинг бошини айлантиргансиз? — сўради у титраб. — Ҳа, нега жим бўлиб қолдингиз? Эшитдим ҳаммасини! Биттасини бир ой хотин қилиб қочворганмидингиз? Уйда хотинингиз туриб ўша қанжиқминан ош-қатиқ бўлиб юрганмидингиз? Балки ҳозир ҳам учрашиб юргандирсиз? Мениям жонингизга теккан куни ора йўлда ташлаб қочмоқчимидингиз? Асло, азизим! Мен ундайлардан эмасман! Яхшиси, обрўйим оёқости бўлмасдан кета қолай! Яхши қолинг!..

— Бу нима деганинг, аҳмоқ? — бақириб қайтадан Сусаннанинг билагига чанг солдим. — Ўйлаб гапиряпсанми? Нега билиб-билмай менга айб қўйяпсан? Ким айтди сенга буларни?

— Нима фарқи бор? Айтишди, мен эшитдим. Огоҳлантиришди, фурсат борида этагимни йиғиштира қолай дедим. Ёмонми? Нотўғрими?..

Мен иложи борича ўзимни босишга, тинчланишга уриниб, Сусаннани ичкарига етакладим.

— Юр, сенга ҳаммасини ўзим айтиб бераман! Ўшанда тушунасан. Тушунмасанг, ўзинг биласан. Зорим бор, зўрим йўқ!

— Нимани тушунтирасиз? Бу ишлар бўлган. Ҳақиқат. Айтишга гап қолибдими?

— Сен юргин-чи! Мунча шошилмасанг? Улгурасан кетишга.

Сусанна уф тортганча ичкарига қайтди.

* * *

Сусаннанинг ғамгин ҳикоясидан сўнг ҳаммаси равшан бўлди. Барчаси ўша тун Шарифага қўнғироқ қилганимдан кейин бошланган. Уларнинг телефони қўнғироқ қилинган рақамларни хотирасида сақлаб қоларкан. Бугун Шарифа унга қўнғироқ қилган-у, дардини тўкиб солган. Устимга ўзи хоҳлаганча мағзава ағдарган. Бу майлийди. Менга Сусаннанинг бу ғийбатларга чиппа-чин ишонаётгани алам қиларди.

— Сен кимга ишонаётганингни биласанми? — сўрадим нима қилишни билмай. — Ахир, у сенга душман-ку! Аёллар орасида «Эр бермак, жон бермак» деган мақол айланиб юришини билмайсанми?

— Менга энди барибир, — деди Сусанна паст тушишни истамай. — Бошида билмагандим. Агар билганимда, бошимга бу кунлар тушмасди. Хотинбоз бир эркакка алданиб ўтирмаган бўлардим.

— Жуда соз! — дея ўрнимдан турдим. — Афсус, ҳаётингни ғурбатга айлантирдим. Кечириб қўясан! Менам бунчалар ишонувчан, лақма эканингни билсам, сенга кўз тикмаган бўлардим. Нимаям дердим? Агар кўришмасак, мендан рози бўл! Фақат мени қарғама. Қарғишга арзигулик гуноҳ қилмадим. Хайр!..

Шундай дедим-у, сўнгги бор Сусаннага дардли қараш қилиб ташқарига чиқиб кетдим.

* * *

Энди ростакамига дунёсига қўл силтагандим.

Шаҳар кўчаси бўйлаб илдам юриб борардим-у, қаерга кетаётганимни фаҳмлай олмасдим. Гўёки дунёни сув босса тўпиғимга чиқмайдигандек паришон эдим. Фақат бир нарсани сира унутмасдим. Тезроқ шу ерлардан нари бўлишим керак. Агар шундай қилсам, енгил тортадигандек туюларди.

Шу тахлит тун бўйи бедор кездим. Уйқу ҳам элтмади. Пиёда кўп масканларни кездим. Чалкаш хаёлларимгина менга ҳамроҳ бўлди.

Қанча вақт йўл босдим, билмайман. Тонг оқаринқираб, Эски шаҳарга яқинлашиб қолибман. Араваларнинг ур-сури, бозорчиларнинг узуқ-юлуқ шанғиллашлари қулоқни қоматга келтиради.

Бекатга яқин қолганда таққа тўхтадим. Хўш, энди нима қилдим? Қайга бораман ва нима қиламан?..

— Э, барибир эмасми? — дедим ўзимга ўзим. — Бўлар иш бўлди. Мана, тағин ёлғизлик кўчасида шумшайганча қолиб кетдим. Яқин ўтмишим бошимни еди ҳисоб. Буёғига ўғирлик қиламанми, мардикорчиликка бораманми, ҳеч кимга қизиғи йўқ. Қачон уйга қайтишим, нима еб, нима ичишим ҳақида қайғурадиган одам ҳам қолмади. Ишқилиб, касалга йўлиқтирмагин, Парвардигор! Танамни абгор қилиб кўчаларда хор қилиб қўймагин!

Бир маҳал арава тортиб юрганлар орасида жуда таниш одамни кўргандек бўлдим.

Аввалига ишонқирамадим. Яқинроқ бориб разм солдим. Ҳа, худди ўзи. Синфдошим Шавкат.

— Қизиқ, бу шаҳарда нима қилиб юрибди? — дедим ўзимча унинг ортидан қолмай. — Адашмасам, чўлда шоликорлик қиларди. Нимага арава тортиб юрибди?

Эргашиб кетаверишга бардошим етмай маҳкам елкасидан ушлаб қолдим.

Шавкат таққа тўхтади-ю, бир сесканиб орқасига ўгирилди.

— Ие, Қодир, ўзингмисан? — Шавкат негадир мени кўриб қувониб кетмади. Маъюс кўришди. Унинг бу қилиғи баттар кўнглимга хижиллик солди.

— Арава тортяпсанми? — сўрадим эътибор бермасликка уриниб. — Тинчликми?

— Қаердайдинг, хумпар? — деди Шавкат жавоб бериш ўрнига. — Бувинг раҳматли сени…

— Нима?.. — Бу хунук хабарни эшитганим ҳамоно сал қурса Шавкатни бўғиб қўяёздим. Ўзимни аранг тутиб бақириш билан чекландим. — Нима дединг, ўртоқ? Бувим…

— Ҳа, уч кун бўлди, — деди бош эгиб Шавкат. — Менам жанозани ўтказдим-у, буёққа келдим. Бир бориб қўйсанг, ёмон бўлмасди…

— Раҳмат, дўстим! — жазава ичида Шавкатнинг елкасига қоқдим-да, хайрлашишга тутиндим. — Агар сени кўрмасам, бир умр армонда… ўтиб кетарканман. Шундоғам бувижонимни кўролмай қолдим. Майли… Яхши қол, мен қишлоққа жўнайман! Хайр!

* * *

Йўловчи машинага ўтириб йўлга чиққач, ташқарида ёмғир шивалай бошлади. Бу ҳаво ичимни туман каби чирмаб олганди. Икки дард орасида тўлғонар, қўйиб беришса, бетиним ҳайқиришга чоғим бор эди.

Ҳа, қисмат мени жуда-жуда олисга итқитиб ташлади. Энг яқин инсонларни кўришдан, уларнинг товушини эшитишдан, меҳрига қонишдан мосуво бўлдим.

Ўзини кўрмасам-да, бувижонимдан кўнглим тўқ эди. Фақат ўша кишигина мени соғиниши, эслаши, алқашидан умидвор юрардим. Энди-чи? Буни ҳам Худо менга кўп кўрди. Энди бувим йўқ. Ҳеч қачон қайтмайди. Бундан кейин ўша қадрдон ҳовлига юрак ютиб бора олмайман. Бора олганимдаям, ярам бардамалайди, ўтган кунлар ёдимга тушиб баттар азобланаман…

Шундай хаёллар исканжасида қишлоққа тушдан сўнг кириб бордим.

Бу гал илгаригидек табиат, қишлоқ гўзаллигига эътибор берадиган аҳволда эмасдим. Қалбимни икки дард кемириб борарди. Бир дарднинг чўғида куйиб улгурмай, иккинчиси забтига оларди.

Узоқдан ҳовли дарвозаси олдида қаторлашиб ўтирган эркакларни кўриб юрагим орзиқди. Хўрлигим келиб хўрсина бошладим.

Бошимдаги дўппини бостириброқ олдим-да, қадамимни тезлатдим.

Йўқ, бу менга бўлган ҳурмат эмасди. Қишлоқда одат шунақа. Фотиҳага катта келадими, кичикми, ўтирганлар даст ўрнидан туриб қўл қовуштирганча фотиҳачини қарши олишади.

Мен лабларим билинар-билинмас титраб, бўш жойга чўкдим. Қишлоқ имоми тиловат қилди. Юзларга фотиҳа тортилгач, таомилга кўра яқин қариндошлар билан қучоқ очиб кўришиб, бир-биримизга ҳамдардлик билдирдик. Шундан кейингина ичкарига кирдим.

Онам, холаларим ва шу каби узоқ-яқин қариндошлар жамланишган экан.

Мени кўришлари билан йиғи-сиғини бошлашди. Бундай лаҳзаларда азалдан ўзимни тутиб тура олмасдим. Кўз ёшларим икки юзимни ювганча онамни бағримга босдим.

— Болагинам-эй, — ув тортиб йиғларди онам. — Бувинг раҳматли ўладиган куниям қўшиқ айтиб йўлингни пойлади. Юраклари эзилиб кетди сени кўрармиканман деб.

Мен индамадим. Сукут сақлаганча бир муддат туриб қолдим. Сўнгра ҳеч кимга эътибор қилмай, бувим яшаган хонага кирдим. Деворга бувижонимнинг сурати осиғлиқ эди.

Хаёлан саломлашдим. Кўзларимиз тўқнашди. Бувим гўёки ўлмагандек эди. Менга тикилганча жилмайиб турарди.

— Бу дунёда ёлғиз сизга суяниб яшардим, — кўнглимдан ўтказдим. — Энди нима қилай, айтинг? Туққан билан одам ота-она бўла қолмас экан. Сиз мени фарзандларингиздан-да азизроқ кўрардингиз. Мени еру кўкка ишонмасдингиз. Энди ким мени азиз қилади, бувижон? Кимга керакман? Энди сиз йўқсиз. Мана шу суюкли хонангизга бундан буён юрак ютиб эркин кириб кела олмайман. Буни сезиб турибман. Чунки сиз йўқсиз. Сиз бўлмаган масканга оёқ босишимдан не наф? Фақат… Мендан ранжиманг! Қаерда бўлмай, ҳамиша қалбимдасиз, сиз мен билан биргасиз. Негаки сизсиз менга бу ёруғ дунё тор, файзсиз. Агар сиз кўнглимда яшамасангиз, унинг бағрига сиғмайман. Бувижон, мени дуо қилинг! Ёмонликлардан, азоблардан, тушкунликлар ботқоғига ботаверишдан чарчадим. Менга яна суянч бўлинг! Мени ёлғизлатиб қўйманг!..

Бир аҳволда ҳовлига чиқдим. Яқинлар менга негадир сирли қарашар, онам эса яқинлашишга иккиланган кўйи бир четда мунғайиб турарди.

Юрагимга қил сиғмади. Ҳеч ким билан гаплашишни, дардлашишни хоҳламадим.

Хаёлларимни кўксимга опичлаганча кўчага йўл олдим. Ортимдан кимларнингдир «Ҳой, Қодир, тўхта! Қаёққа кетмоқчисан? Бувингнинг маъракасини ўтказиб кетмайсанми?» дея ҳайқиришлари қулоғимга чалингандек бўлди. Бироқ улар томон ўгирилишга, жавоб қайтаришга ўзимда куч топа олмадим.

Мен зудлик билан шаҳарга жўнашим, қора қисматим йўриғига тушишим шарт эди. Шундагина ўзимни тинчланадигандек, ғамларни унутадигандек ҳис этардим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

5 − 4 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз