Юртимизда

КУН КУЛГИСИ…

ҚОРАҚАМИШНИНГ ҚАРҒАСИ

«Памит»ингиз панд бервотган бўлса, янгитдан ўзимни таништирий. Мен қорақамишлик Қарғабой акангиз бўламан. Майнахонга уйланиб Сибирга опкетувдим. Эсладингизми? Баракалла, ўзимизданакансиз!

Энди-и, ока, «Тошканнинг тариғини еган қарға Маккатиллодан қайтиб келади», деган гапни менга гапириб юрманг, илтимос! Биринчидан, мен ҳаётда тариқ емийман. «Эгзатичиски» овқатга ўрганган бойваччалардан сира кам ерим йўқ. Иккинчидан мен Қорақамишнинг боласиман. «Праписка» шўтта. Ҳа, майли, тушунган одамакансиз-ку, ҳаммасини биласиз… Нима? Майнахон кўринмайди дейсизми?.. Шундоғам доғланиб, қоврилиб турган дардимга пахта ёғи сепдингиз-да, брат! «Инастранка»ларнинг вафоси йўғакан. Кейин-чи, ундайлар ғирт молпараст, давлатпараст бўларкан. Билмадим… Афганкалар шунақа бўлади шекилли. Нега десангиз, бошқа инастранкаларниям кўрганмиз. Аммо бунақаси бўлмаганди. Ишонасизми, ота-онамга таништирай, қариб қолишди, ўттиз-қирқ йил ўшаларнинг хизматини қилар десам, ваабще бўлмайдиганиданакан-ку бу афганкалар. Ўзи ёш кўринганминан арганизм тамом бўлганакан. Нари борса, майнахонлар ўн йил яшаркан. Бизники эса тўққиз йил яшаб қўйган чиқди. Бунисигаям кўз юмдим. Отам Қарға Моисеевич елкамга қоқиб тушунтирди. Аммо инастранкам молпарастлигини кўрсатиб тозза шарманда қилди қарғани. Кетаётганимизда лоф бўлмаса қирқтача қариндоши бизга илакишганди. Ҳа энди… Қайнсингиллар-да ҳаммаси!.. Ҳаммаси келинникига отланибди. Чидадим. Ғала-ғовуригаям, бир-бирини қарғаб, тишлаб ташлашларигаям бардош қилдим. Сибирдаям роса ошна-оғайниларнинг олдида шармандамни чиқаришди. Суюқоёқми бу майна халқи билмадим-у, уч юзга яқинлаб қолган отахонларгаям кўз сузиб, сайрашгиси келиб жилпангалйвериб хит қилди қайнсингиллар. Ҳа энди… Менам кўчада юрган боламан. Тўдадаги оқсоқоллар «Кимларни бошлаб келдинг? Шу майнадан бўлак хотин қуриб кетганмиди?», деявериб изза қилишди. «Отахонлар, кўнгил экан-да, нима қилай? Шу Майнахонни кўрдим-у, қағиллашниям унутиб телбанамо бўп қолдим» деб зўрға қутуловдим. Майнахоннинг охирги қилиғи ошиб тушди. Шу қилиғини деб отам Қарға Моисеевич сал қурса қарғаб юбораёзди…

Эссиз, шу Майнахонга кўнгил бергандан чумчуқни суйиб қолсам бўлмасмиди…

Ишонасизми, ота-онамниям озми-кўпми бизнеси бор Сибирда. Ҳа энди тирикчилик-да, брат! Тайганинг шундоқ чап биқинида катта гўнгтепа очишган. Ойим Қарғахон Вольфовна икковлари шу гўнгтепанинг орқасидан кун кўришади. Бир кун Майнахонни офисга оборувдим. Гўнгтепани кўрди-ю, юнги тескариланди. «Мана шу гўнгтепани менга хатлаб берасан», деб турволди. Ярамас қайнсингиллар ота-онамни юмдалаб ташлаёзди. Бургутвой акага бир-икки доллар бериб аранг ҳайдаттирдим. Кўрдингизми, брат, бу дунёда севги, муҳаббат деганлари бўлмаган гапакан. Ҳайдаттирвордим ҳаммасини. Майнахон кетаётиб уялмасдан қўрқитдиям мени. Нимаймиш, мендан, отам Қарға Моисеевичдан ўч олиш учун атайин Афғон тарафларга ўтармиш-да, патининг орасига бомба беркитиб келиб ўша гўнгтепамизда… Нимайди?.. Нима девди-я баччағар… Ҳа-а, «тиррор» уюштирармиш. «Патингдан келганини қил», девордим…

Узр, брат, сизниям анча ташвишга қўйдим. Дардлашгим келди-да бир!..

Лаббай? Ҳа-а, ҳозир нима билан бандсан демоқчимисиз? Қорақамишдаман. Бир-иккита «шпана» чумчуқбойларга тайинлаб қўйдим. Эҳтиёткорлик яхши-да! Башарти ўша Майнахонни кўрсаларинг, адабини берларинг дедим…

Билмадим. Эркак кишига ёлғизлик сира тўғри келмаскан. «Тиррор»чи бўлсаям, барибир Майнахонга ўрганиб қолган эканман. Ҳозир яна кечалари бағрим музлаб чиқяпти…

Уйланишим керак. Отам Қарға Моисеевичнинг айтишича, бу дунёда Мусичахонлардан яхши хотин йўғимиш. Жа-а, тежамкор, мулойим, беозор, асосийси, севиб қолишса қаттиқ севворишармиш. Отам мендай ёлғиз ўғлига ёмонликни раво кўрмайди-ку, ахир! Ҳозир кундузлари аста кўчага чиқиб Мусичахонларни кузатяпман. Аммо гап битта. Уйлансам, фақат Қорақамишнинг Мусичаойига уйланаман. Тўйниям шу ерда ўтказаман. Эшитиб қолсангиз, албатта мўралаб ўтинг, брат, насиб бўлса, тўйдан олдин тепаликдаги гўнгтепада азон вақти нақ уч юз қарғага гўнг беришни ният қилдим! «Пака!..»

Олимжон ҲАЙИТ

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

пять × 2 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз