Юртимизда

Ўтган аср бошларида Америка бўйлаб бир эркак савдогарлик ниятида кезган. У фирибдан ҳам йироқ эди. Эркак ёмғир сотарди…

Эркакнинг исми шарифи Чарльз Хэтфилд бўлиб, ҳақиқатан на чангюткич, ёки рўзғор учун бошқа фойдали буюм сотган. У ёмғир сотиш билан шуғулланган.

Ёмғирфурушлар

Йигирманчи аср бошларида Америкада маккажўхори, картошка ва пахта етиштириш авж паллага кирган. Агар ёмғир ўз вақтида ёғса, хўп-хўп, худо кўрсатмасин, қурғоқчилик бир неча ойларга чўзилса, деҳқонни баттар қашшоқлаштирарди. Ўша пайтларда ёмғирга ташна далаларга қараган деҳқон ҳар қандай ишга тайёр эди. Фақат экин-тикин сувсиз қуруқшаб йўқолмаса бас дерди. Шунинг учун ёмғир бизнеси жуда даромадгир ҳунарлардан ҳисобланган. Масалан, ўтмишга назар солсак, 1890 йилларда Америкада Фрэнк Мельбурн деган кимса ёмғир пуллашнинг орқасидан бойиб кетган. Аммо журналистлар унинг алоҳида об-ҳаво мутахассисини ёллаганидан хабар топишгач, сир очилди.

Клейтон Жуэлл исмли эркак ҳам ўз даврида ёмғир бизнесига қўл урган. У атмосферанинг устки қатламларигача етиб динамитни портлатар, шу йўл билан ёмғир оларди. Аммо кўп ҳолларда муваффақиятсизликка учраган, ўта оғир жароҳат олган пайтлари кўп бўлган.

Улардан фарқли ўлароқ, Чарльз Хэтфилд ўзига хос йўлни танлади.

Илк қадам

XIX аср охирида Хэтфилд Америка бўйлаб кезиб, тикув машиналари сотиш билан шуғулланди. Шунинг орқасидан ойига 125 доллардан соф даромад ҳам кўрди. Бироқ бу камдек туйиларди. Шу сабабли у йўл-йўлакай метеорологияни, физика, химияни чуқур ўрганди, кимёвий реактивлар харид қилиб дастлабки синовларни ўтказа бошлади.

У сунъий равишда ёмғир чақира олишни азалдан орзуларди. Шунинг орқасидан бойиб кетишни хоҳларди. Шубҳасиз, бу тикув машинасидан тушадиган даромадни чангида қолдириб кетиши шарт эди.

1902 йили ниҳоят 23 та кимёвий модда қориштирилган сирли қуролни яратди. Бу қурол катта ҳажмдаги булутларни пастдан туриб парлантириши, шунинг натижасида сунъий тарзда ёмғир ёғдириши лозим эди. Қарангки, дастлабки ҳаракатлар ҳавода қолиб кетмади. Мақсадига эришиб, оз-оздан бўлса-да, деҳқонларга, фермерларга ёмғир сота бошлади.

Бизнес тараққиёти

1904 йили бизнесни кучайтиришга аҳд қилди. Бу ишга укаси Полни ҳам жалб этди. Ўшанда айни ёз палласи, деҳқонлар ёмғирга ташна эди. Чарльзнинг бошлаган иши Калифорниядаги бир неча газета саҳифаларида чоп этилди. Жумладан, «50 доллар эвазига штатнинг исталган ерида ёмғир ёғдирамиз», деган эълон ҳам берилди. Фермерлар бу эълонни кўришди-ю, ғимирлаб қолишди. Кўплашиб талаб қилинадиган пулни йиғишди ва Чарльзга мурожаат этишди. У укаси Пол билан бирга ўша фермерлар яшайдиган ҳудудга бориб 6 метрли минора бунёд этди ва ака-ука 23 та кимёвий моддадан иборат қоришмани сепишди. Орадан 2 кун ўтиб-ўтмай, шу ерда кучли ёмғир бошланди. Азбаройи қувониб кетган фермерлар Чарльзга 50 эмас, 100 доллардан инъом қилиб юборишди.

Ана шундан кейин Чарльз ва укаси Полнинг бозори чаққонлашди. Калифорниянинг ҳар бир бурчагидан буюртмалар келиб туша бошлади. Штатдаги метеорология маркази вакиллари эндигина Чарльзни тўхтатишга уринганда, у Лос-Анжелес шаҳар кенгаши билан шартнома имзолади. Қаранг, синоптиклар аҳолига яқин беш-ўн кун ичида умуман ёмғир бўлмаслигини уқтиришар, орадан бир кун ўтиб шаррос ёмғир қуя бошларди.

Ёмғирлар ҳукмдори

Чарльзнинг шуҳрати ҳам, даромади ҳам жуда катта тезликда ортиб борарди. Шу орада у кўплаб ташкилот, фермерлар билан ўзаро шартнома имзолади. Масалан, ўшанда Канаданинг Медисин-Хэт шаҳар кенгаши Чарльз билан 8 минг долларлик шартнома имзолади. Бу ҳам, шубҳасиз, ёмғир етказиб бериш ҳақидаги шартнома эди.

1928 йили Чарльз Калифорниядаги аллақачон қуриб битган Катта Айиқ кўлини сунъий ёмғир суви билан тўлдириб берди. Худди шу йили Гондурасда юзага келган кучли ёнғинни ҳам сунъий ёмғир ёрдамида ўчирди.

Афсуски, омад кетидан омадсизлик юз кўрсатиши ўз исботини топа бошлади. Дастлаб 1906 йили Чарльзнинг Канада ҳукумати билан тузган шартномаси ўзини оқламади. Ёмғирлар ҳукмдорига булут негадир бўйсунмади.

1916 йили эса Сан-Диего ҳукумат раҳбарлари сувсиз қолган омборни тўлдириш илинжида Чарльз билан шартнома тузганди. Бахтга қарши бу ҳаракат ҳам муваффақиятсиз якун топди. Қайсар булутлар аксига олгандек тинимсиз ёмғирга айланиб бораверди, Чарльз уларни тўхтатишга ожиз қолди. Қуриган сув омбори тўлиб тошди. Қақшаб ётган дарёлар сувга тўлиб соҳилга тошиб чиқаверди. Кўприкларни сув ювиб кетди. Уйлар, фермалар сув остида қолди. Етказилган зарар 3 миллион долларни ташкил этди. Ҳукумат раҳбарлари Чарльз билан бошида 10 долларлик шартномага имзо чеккан бўлса, бу пулни бериш ўрнига ўша 3 миллион доллар зарарни қоплашга мажбур эта бошлашди. Суд жараёни бошланди ва бу 22 йил давом этди. 1938 йили ниҳоят суд ҳукмига кўра Чарльз оқланди. Судья барчага мурожаат этиб, ёмғир устидан ҳукмронлик қилиш бандасининг иши эмаслиги, бу Яратганнинг ҳукмида эканини алоҳида таъкидлади.

Нима ҳам қилсин? Чарльз яна ўзининг тикув машиналари савдосига қайтди.

«Совершенно секретно» сайтидан олинди

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

12 − три =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз