Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ-34)

* * *

Чамаси эллик-олтмиш қадамча юриб, эски, ташландиқ зовурдан ўтиб қолаёзгандим. Онамнинг қичқириғини эшитиб таққа тўхтадим.

У югурганча орқамдан келар, тез-тез кўз ёшларини енгига артиб оларди.

— Мунча шошмасанг кетишга? — дея олдимни тўсди онам етиб келиб. — Мундай қариндошларминан гаплашиб ўтирмайсанми?

— Кўнглимга сиғмайди, — дедим бош эгиб. — Бу ерда турсам, баттар қийналяпман. Ундан кўра, кетаверганим дуруст.

Онам бироз ўйланиб турди-да, кўзларимга боқди.

— Бувинг, бобонг сени атак-чечаклигингдан катта қилишди, — лаблари пулкиллаб сўз қотди онам. — Ўзлари едирмай едиришди, ичмай ичиширди. Энди қуруқдан-қуруқ келиб-кетмагин-да!

Бу гапларни тушунмадим. Онамнинг ниятини англай олмай, елка қисдим.

— Бу нима деганингиз? Нима қилишим керак эди?

— Фарзанд деган ота-онаси оламдан ўтгач, атаганини уйда қоладиганларга ташлаб кетмайдими? Марҳумларнинг маъракаси, ҳайити дегандай… Ўзига яраша маросимлари бўлади-ку!..

— Ҳа-а, шундай демайсизми?.. Биласизми, ҳозирги аҳволимда бировга ёрдам бера олмайман. Зўрға кунимни кўриб юрибман. Ҳозир шаҳарга борсам, чўнтагим қурийди, буни биламан. Демак, қандайдир иш топиб тирикчилик пайида бўлишим керак.

— Юраверган экансан-да қаёқдаги қаланғи-қасанғи хотинга уйланиб!..

Бу гапи менга оғир ботди. Гарчи қишлоққа келгач, барибир Сусанна ҳақида ҳақоратли сўзлар эшитишни олдиндан сезган бўлсам-да, барибир кўтара олмадим.

— Сусаннани назарда тутган бўлсангиз, — дея онамга совуқ тикилдим. — Адашасиз. У жуда яхши аёл. Баҳоси йўқ. Менминан қанча оғир кунларни кўрмади… Охири… Хуллас, менга бошқа бундай гапларингизни гапирманг!.. Ҳар ҳолда, сизларга ўхшаб хўрлаб қўймади…

— Жа жигарингдан урибди-да ўша армани!.. Бўпти, пул бермасанг берма! Лекин-чи, ўша хотинингни етаклаб пешонамизга келмагин!.. Кечирмайман!..

— Хотирингиз жам бўлсин! Уйингизга қадам босмайман!.. Уни ҳеч қачон кўрмайсиз!.. Айтганча… Пулим кўпайса, албатта қишлоққа келиб, бобом, бувимнинг ҳақига худойи қилганим бўлсин!..

Шундай дедим-у, хайр-маъзурни-да нася қилиб жўнаб қолдим.

То шаҳарга қатнайдиган машиналар турадиган жойга етгунча онамнинг аччиқ гаплари юрагимдан чиқмади. Кўнглим оғриди. Аламга тўлдим. Дунёдан тўйиблар кетдим. Тезроқ ўлишни, бувижонимнинг ёнига кетишни хоҳладим.

* * *

Одамзод темирдан ҳам метинроқ экан. Қишлоқдалигимда ботқоқлик қаърига ғарқ бўлаётган жабрдийда каби ўзимни қўярга жой топа олмагандим. Ҳаётдан, одамлардан совиб бўлгандим. Лекин шаҳарга етгач, имтиҳонлар бошлангани беихтиёр ёдимга тушди-ю, қайтадан кўз очган булоқдек отилганча керакли автобусга чиқиб олдим.

Мени имтиҳонлар икки кун аввал бошлангани ташвишга солиб қўйганди. Агар бугун ҳам бормасам, келгуси ишларим чигаллашади. Сиртдан ўқишнинг шуниси ёмон. Агар кўпчиликдан ортда қолсанг, тамом, қайта имтиҳон топшириш учун муаллимларни кундузи чироқ ёқиб ҳам топа олмайсан!..

Хайрият, бахтимга ҳали имтиҳонлар бошланмабди. Бир-икки кунга кечиктиришибди. Буни университет биноси қаршисида ўй суриб ўтирган Заҳро исмли курсдошимдан эшитдим-у, ташвишларим ариди.

Нафас ростлаб олган бўлдим-да, ичкарига кирдим. Узун йўлак мен каби сиртдан ўқийдиган талабаларга тўла эди. Таниганларим билан сўрашдим. Танимаганларни оралаб ўтиб янада ичкарироқ юрдим.

Шу маҳал йўлак четидаги ўриндиқлардан бирида ўтириб астойдил китоб ўқиётган қизга кўзим тушиб тўхтадим. Қиз эртаклардагидек соҳибжамол бўлмаса-да, гўё юзларидан нур ёғиларди. Истараси нигоҳларни куйдиргудек қайноқ эди. Айниқса, майин, узун ва тундек қоп-қора ёйиқ сочлари жон олгудек жозибали кўринарди.

— Наҳотки, шу қиз ҳам менинг курсдошим бўлса? — хаёлимдан ўтди. — Бу қиз қайси толеи ярақлаганнинг суюклиси экан? Ота-онаси ким? Қаерлик? Қанийди яқин танишим бўлса-ю, у билан узоқ-узоқ ширин суҳбатлар қурсам!..

Ҳа, бораман олдига. Ниманидир баҳона қилиб гапга тутаман.

Шундай ўйлар билан қизга яқин бордим. У ҳам нимадир демоқчилигимни сезди шекилли китобдан бош кўтарди. Узун киприклари пирпираб, менга савол назари билан боқди.

— Сизам бизнинг курсданмисиз? — сўрадим дадилланиб.

— Ҳа, нимайди? — бирдан қизнинг қошлари чимирилиб, истамайгина жавоб қайтарди.

Мен учун шунинг ўзи кифоя бўлди. Қизнинг товуши ҳусни-жамолига сира мос тушмади. Қандайдир йўғонроқ, ёқимсизроқ чиқди. Демак, Сусаннага сира ўхшамас экан. Чунки унинг товуши ҳам ёқимли эди. Кейин… Сўзлаганда меҳр билан сўзларди. Совуққон эмасди.

Ташқи гўзаллик ҳам алдаши мумкин экан-да!..

Боягина юрагимни қамраб олган ҳавас ўти бирдан сўниб, кетишга чоғландим.

— Шунчаки… Бир нарсани сўрамоқчийдим. — дедим-у, ўтиб кетдим.

* * *

Юрагинг тор бўлгандан кейин қийин-да! Қизнинг муомаласи, совуққон нигоҳлари ҳануз кўз олдимдан кетмас, уни ўйлаганим сари жиним қўзирди. Ора-орада шундай қиз ҳаётда ҳамроҳ бўлмаганига шукр қилардим.

Бирпаслик айланиб юриш ҳам жонимга тегди. Аудитория оралаб юраверишдан наф йўқлигини англадим. Имтиҳонларнинг аниқ кунини билиб олдим-да, ташқарига чиқдим.

Кечгача пул топишнинг пайига тушмасам бўлмасди. Акс ҳолда тағин қийин аҳволда қолишим ҳеч гапмас.

Ҳали бекатга етиб келмагандим. Дарахт остида кимнидир кутиб турган Олим акага кўзим тушди. Олдинига кўрмасликка олиб ўтиб кетмоқчи ҳам бўлдим. Лекин улгурмадим. Олим ака мени кўриб бўлган экан. Кулимсираганча яқин боришимни кутди.

— Бормисан, жигар? — дея мени бағрига босди Олим ака. — Қаерларда юрибсан? Нимага уйга ўтмай қўйдинг?

— Ўқишлар кўпайиб кетди, — баҳона қилдим. — Ҳозир ҳам имтиҳон топшириш илинжида келгандим. Қолдиришибди.

— Тирикчилик, ҳаёт нима бўляпти, ука? Иш топа олдингми?..

— Йўқ, ака, топмадим, — дедим бош эгиб.

— Ие, унда нимага олдимга бормадинг? Ишсиз кун кўриб бўларканми ҳозир?..

— Мардикорчилик дегандай… — худди айб иш қилган одам каби ўзимни оқлашга уриндим.

— Бунақаси кетмайди. Ҳарқалай, ака-укадай бўп қолдик. Сен буёқда қийналиб, дардинг ичингда юрсанг, менгаям татимайди… Хўш…

Олим ака бош қашиб олди-да, чўнтагини ковлаб кичик қоғозча чиқарди.

— Манавини ол, — деди қоғозчани қўлимга тутқазиб. — Шу ерда ёзилган манзилга бориб бошлиқнинг қабулига кирасан. Мени айтди десанг бўлди, муаммо чиқмайди. Газетада ишлайсан. Бундай юрмагин, уят бўлади.

Бу янгиликни эшитиб қувонганимдан сал қурса ҳайқириб юбораёздим.

Аммо дарҳол ўзимни тутиб Олим аканинг қўлини сиқдим.

— Ака, яна ўзингиз ёрдам бераркансиз-да! — дея оғир хўрсиндим мен. — Бу яхшилигингиз…

— Асло ундай дема, хафа бўламан, — гапимни кесди Олим ака. — Сен менга бегона эмассан. Наргизанинг руҳи шод бўлсин илойим! Раҳматли сенга жуда суяниб қолганди. Умри қисқа экан… Майли, эртагаёқ шу манзилга бориб учрашгин. Кейин менга қўнғироқ қилиб, натижасини айтарсан!..

Биз Олим ака билан қуюқ хайрлашдик. У то мендан узоқлашгунча ортидан қараб қолдим. Хаёлан унга ташаккурлар айтдим, Яратганга шукр қилдим.

* * *

Энди мен ҳам ишлайманми? Ҳар куни эрта туриб ишхонамга чопаманми? Кечқурун чарчаб дам олишнинг, кун бўйи орттирилган ёқимли таассуротларнинг завқини сураманми? Бундан буён қандай кун кўриш ҳақида қайғуриб хуноб бўлмайманми?

Шу саволлар то ижара квартирамга яқинлашгунимча миямда айланаверди. Туйғуларимни жиловлашга уринардим, бироқ улар менинг раъйимга қарамас эдилар. Гоҳ қўлларимни мушт қилиб, тиззамга муштлар, гоҳ ўзим сезмаган ҳолда кулиб қўярдим. Ҳа, юрагимда айни лаҳзаларда ҳақиқий байрам ҳукмрон эди.

Подъезд рўпарасига етганда бирдан тўхтадим. Ҳайрон бўлдим. Атрофимга алақ-жалақ боқиб қаерга келиб қолганимни англашга ҳаракат қилдим.

Ҳақиқатан, нега келдим бу ерга ўзи? Сусанна билан абадийга хайрлашиб чиқиб кетмаганмидим? Бошқа жой топишга аҳд қилмаганмидим?

Ҳозир кирсам, у квартирада ўтирган бўлса-чи? Дардларим янгитдан жунбушга келмайдими?

— Йўқ, — дедим хаёлан бир қарорга келгандек. — Менга барибир энди. Худога шукр, ишим тайин бўлди. Нима бўлганда ҳам керакли буюмларимни олиб чиқиб кетишим зарур эди. Башарти Сусанна кетган бўлса, қолавераман…

Йўқ, у ҳаётда қолмайди ёлғиз. Ўша танишиникига боради. Мен уни яхши биламан.

Таниш эшикка яқин бориб, ичкарига қулоқ тутдим. Уй эгаси телевизорни варанглатиб олибди.

Демак, Сусанна йўқ. Кетган. Шуниси маъқул. Кўз кўзга тушмайди. Ортиқча гап-сўзларга ўрин қолмайди.

Оҳиста эшикни итардим ва ичкарига кирдим. Биз яшаган хона эшиги ёпиқ экан. Куч билан эшикни очдим…

Не кўз билан кўрайки, Сусанна каравотга ястаниб олганча китоб мутолаа қиларди.

Мени кўриб кескин бошини кўтарди. Қўлидаги китоб сирғалиб каравот устига тушди.

Қадрдон ҳислар қайтадан уйғонди. Қалбимга игнадек нур оралаган каби чеҳрам очилди.

Аммо нима дейишни билмасдим. Тилим танглайимга ёпишган кўйи тек турардим.

— Сен… Кетмадингми?.. — ниҳоят ўзимни қўлга олиб, атайин сўрадим. — Ахир…

* * *

— Қаерга кетаман? — саволимга савол билан жавоб қайтарди Сусанна. — Кейин… Сизни ташлаб қайгаям кетардим?!.

— Ие, — яна ўзимни ҳайратга тушганга солдим. — Адашмасам, биз бир умрга хайрлашгандик. Мен билан яшашни истамагандинг?..

Сусанна ортиқ сўз демай, аста ўрнидан турди-да, келиб мени қучди. Шу тахлит бир муддат сукутга толди.

Мен унинг ёқимли ифорга тўла майин ва қалин сочларидан сездирмайгина тўйиб ҳидладим. Таниш ҳид димоғимга урилган заҳоти вужудимда титроқ турди. Охири чидолмадим. Сесканиб-сесканиб уни қаттиқ қучиб олдим ва сўрадим:

— Кечирдингми мени? Айт, кечирдингми? Мени ташлаб кетмайсанми?

— Аҳмоққинам! — мени эркалаб юзини юзимга босди Сусанна. — Мен шунчаки сизни синаб кўрмоқчи бўлгандим холос. Иродангиз мустаҳкамроқ, қалбингиз тош каби қаттиқроқ бўлишини хоҳлагандим. Сиз мендан-да кучлироқ, тошбағирроқ, совуққонроқ бўлишингизни истагандим. Кечиринг!..

Мен яна бир карра суюклигимнинг тадбирлилиги, синовчанлигига тан бердим.

Шунчалик тан бердимки, беихтиёр хохолаб кулиб юбордим.

* * *

Эртаси куни тиниқиб уйғондим. Юрагимда заррача ғубор йўқ, кайфиятим аъло эди. Ўрнимдан туриб менга ўтли боққанча тек қотган Сусаннага яқинроқ ўтирдим.

Ҳа, ҳозир тунда ваъда берган «сюрпризим»ни албатта айтишим керак. Биламанки, у хурсанд бўлади. Чунки бу бизнинг азалий орзумиз. Ишга жойлашишим биз учун катта бир байрамга айланиши зарур. Шундай бўлади ҳам.

— Биласанми, мен сенга қандай гап айтаман? — жилмайиб унга боқдим. — Кўнглинг нимани сезяпти?

— Тағин ариқчадан пул топволдингизми? — кулиб сўради Сусанна. — Шунақа бўлса керак.

— Йўқ, — дедим муддаога ўтишга шошилмай. — Қайси аҳмоқ ҳар гал атайин мен учун ариқчага пул ташлаб кетарди? Унданам зўр янгилигим бор.

— Айта қолинг! Намунча яширасиз? Тезроқ бўлинг! Акс ҳолда юзингизни тирмалаб ташлайман!

— Йўқ, йўқ, — нарироқ сурилдим ўзимни худди унинг ҳазилига ишонгандек кўрсатиб. — Бўлди, айтаман.

— Қани, бошланг!

— Мен бугун ишга жойлашаман.

— Нима? Ростданми? — қувониб ўрнидан туриб кетди Сусанна. — Қанақа иш? Соҳангиз бўйичами?

— Ҳа-да! Газетага! — дедим ясама керилиб. — Олим ака гаплашиб берадиган бўлди.

— Ў, табриклайман!..

— Сусанна, — дея маъюс тортиб жуфтимни бағримга тортдим. — Энди биз ҳеч қачон азобда яшамаймиз. Фақат эртанги кунимизнинг ширин ташвишлари билан банд бўламиз. Ишон, бундан буён ҳеч қачон сенинг кўзларингга ёш қўнмайди!

— Илоҳим шундай бўлсин! Вой, унда нега ҳалиям ўтирибсиз? Ҳадемай соат тўққиз бўлади. Бора қолинг кечикмай!

— Хўп, бораман. Албатта бораман.

Шундай дедим-у, даст ўрнимдан туриб кийинишга тутиндим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

семь + три =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз