Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (БИРИНЧИ ФАСЛ- 35)

 

* * *

… Ойлар ўтиб борарди. Ҳаш-паш дегунча ўлмаган қул қишга ҳам етиб келдик. Яланғоч дарахт новдалари қалин қорни кўтара олмай йўқсил каби қаддини эгиб қолганди. Ҳовлида яшовчилар омборларни титкилаб яна қор кураш илинжида белкуракларини қўлларига олди. Дарахтзорларни қарғалар босди. Қиш совуғида у ёқдан бу ёққа учиб, гоҳ югуриб емиш қидираётган безовта қарғаларга боқарканман, яқин ўтмишда кечирган оғир кунларимни эсга олишга мажбур бўлардим. Шунинг учунми, бу югирик қушларга сира озор бергим келмасди.

Ҳарқалай, ишларим юришгандан юришди. Ҳар куни ишхона юмушлари билан чопар, кабинетда қолган вақтларимда турли мавзудаги мақолалар тайёрлаб чарчамасдим. Аксинча, бундан завқ олардим.

Шундай кунларнинг бирида тонг маҳали бошқалар қатори ишга келдим. Одатга кўра, бир кунлик ишни режалаштирдим. Сўнгра деразадан ташқарига боқиб қорнинг гупиллаб ёғишини томоша қила бошладим.

Олам гўё оппоқ либосга бурканган келинчакни эслатарди. Унга нафақат менинг, балки ҳамманинг тикилгиси, шодлангиси келади. Кўнгли яйраб аёз бобонинг зийнатига тасаннолар айтади.

«Бахтимизга кўз тегмасин-да,— ўйлардим беихтиёр юрагим ғаш тортиб. — Ташвиш, азоб, ғам худди қишнинг совуғига ўхшайди. Ўз йўлида ҳеч кимга шафқат қилмайди. Бўшашсанг, сени ер билан битта қилади-ю, йўлида давом этаверади. Ачинарлиси, уларнинг кети йўқ. Бири ўтди дегунча, ҳали нафас ростлаб, ўзингни ўнглаб улгурмай, бошқаси эза бошлайди. Тош қотганча музлаб қолаверасан… Ишқилиб, яхши кунларга етганимиз рост бўлсин!»

Шу пайт кабинет эшигини кимдир тақиллатгандек бўлди. Ҳушимни йиғдим-у, эшик томон йўналдим.

«Чет муаллифлардан бири бўлса керак» деган хаёлда истар-истамас эшикни очдим.

Не кўз билан кўрайки, қаршимда Шарифа қовоғи уйилган, кўзлари қизарган ҳолда менга совуқ тикилиб турарди.

Бир неча сония нима қилишни билмай довдираб қолдим. Ахир у менинг шу ерда ишлашимни қаердан эшита қолди? Ё тағин Сусаннага қўнғироқ қилдими? Нега келди? Мақсади нима?

Қисқа муддат ичида шундай саволлар миямни кемириб ўтди.

— Кирсам майлими? — орадаги жимликни бузиб сўради Шарифа. — Сиздан сўраяпман!

Мен сўзсиз унга йўл бўшатдим.

Шарифа худди қадрдон ва таниш гўшага киргандай, сира тап тортмасдан курсилардан бирига чўкди.

— Ҳалиям паришонлигингиз қолмабди-да! — деди киноя аралаш. — Мундай меҳмон кутишниям ўрганмабсиз. Олдингизга кириб келса, мум тишлагандай жим бўп қоласиз. Анави арман хотинингиз ўргатмадими дейман муомалани?

— Сенга нима? — жеркиб ташладим уни. — Мен шунчаки… Бу ерга дабдурустдан кириб келишингни кутмагандим холос. Хўш, қайси шамоллар учирди? Адашмасам, мени кўришга кўзинг йўғиди шекилли?

Шарифа бирдан бошини эгганча ўйга толди. Ора-сирада бармоқларидаги тилла узукларни асабий айлантириб, менга ер остидан қараб олди.

— Болангиз борлиги эсингиздан чиқиб кетибди, — деди ниҳоят. — Шуни эслатиб қўяй, деб келувдим.

— Нима? — бу гапни эшитиб эсхонам чиқиб кетаёзди. Гўё асаб томирларим даъфатан торайгандек, миям пешонамни ёриб чиқадигандек сакраб ўрнимдан туриб кетдим. — Бола дедингми? Қанақа бола?

— Ўзингизни жинниликка солманг! — бўш келмасди Шарифа. — Сизнинг жазавангиздан қўрқадиган аҳмоқ йўқ. Феълимни яхши биласиз. Жаҳлим чиқса, ишхонангиздагиларнинг олдида бир тийин қип ташлайман.

— Сен ўзингни ким деб ўйлаяпсан? — шу паллада ўтмиш аламларим қайтадан қўзғалди. Юрагимнинг бир четига чўккан зардоб аъзойи баданимга ўрлади…

Йўқ, мен бу ҳақоратларга бардош бера оладиган аҳволда эмасдим. Югуриб бориб кабинет эшигини ланг очдим.

— Қани, чиқ обрўйинг борида! Акс ҳолда милиса чақираман! Сен менимас, мен сени шармандангни чиқараман!

— Чиқиб бўпман! — безрайганча ўтираверди Шарифа. — Болани туғдирган эркак-чи, таъминлаб ҳам қўйиши керак!

— Ие, — дедим янада ҳайратим ортиб. — Бу гап қаёқдан чиқа қолди? Мен нега бировнинг боласини таъминлаб қўйишим керак экан? Сенда уят деган нарса борми ўзи?

— Уят йў-ўқ, йў-ўқ! — бақира бошлади Шарифа. — У сени боланг! Сени боланг!..

— Бақирма! Ҳозир ҳамма шу ерга югуриб киради. Ўзингга ёмон бўлади. Ундан кўра, манави ерга ўтир-да, асл ниятингни айт!

Шарифага бу гапим ҳарқалай таъсир қилдими, титраганча жойига чўкди. Шу аснода менга ола қараб олган бўлди.

— Яқиндагина Собиржоннинг дадаси анави нусха эканини айтиб дунёга жар солгандинг, — шошилмасдан гап бошладим. — Энди бўлса, ҳе йўқ, бе йўқ бу ерга келиб мендан таъминот талаб қиляпсан. Нима, мен сен ўйлаганчалик овсар, аҳмоқмидим? Масхаралаш ҳам эви билан-да энди!

— Эримни гапга аралаштирманг, — энди илгаригидек мени «сиз»лашга ўтди Шарифа. — Ўша куни жиним қўзиб турувди. Буям етмагандай анави арманингизни етаклаб келганингиз ўлганнинг устига тепган бўлди. Шунчалик қўрқоқсиз деб сира ўйламовдим.

— Мен қўрқоқ эмасман. Ўзи бирга бораман деб туриб олди. Бир ўзини бегона квартирада ёлғиз ташлаб кетолмайман-ку!  Қолаверса, сенам ёлғиз эмасдинг. Ўша қора мўндинг ёнингдайди. Нима бўпти?..

— Уни ҳақорат қилманг! — дея ўқрайди Шарифа. — Худога шукр, эрим ҳақиқий эркак! Вазифасини аъло даражада уддалаяпти.

— Кўрдим қандай уддалаётганини. Жа қотирвораётган экан.

— Ажаб бўпти! Ҳадеб гапни айлантираверманг!

— Хўп, айлантирмасам, мендан нима хоҳлайсан?

Шарифа бироз тараддудланиб турди-да, мақсадга кўчди.

— Болага алимент тўлайсиз. Ҳар ойда.

— Алимент? Ҳа-я, эсим қурсин, ажрашгандан кейин аёллар алимент можаросини бошлашини унутибман.

— Неча ой Собиржон сизсиз яшаётган бўлса, ўша ойлар учун ҳам тўлайсиз.

— Шу холосми? — сир-бой бермасликка уриниб хотиржам сўрадим. — Бошқа гапинг йўқми?

— Ҳозирча йўқ, — деди Шарифа лаб буриб. — Башарти чиқиб қолса, айтарман.

— Яхши, — дея столни чертдим. — Алиментдан қочиш йўқ. Чунки ўша бола меники. Буни сенлар билмаган тақдирдаям, Худо билиб турибди. Аммо мениям бир шартим бор. Бунга нима деркансан?

— Қанақа шарт? — тутоқиб кетди Шарифа. — Шартни бу ерда мен қўяман, биласизми шуни?

— Ҳаддингдан ошаверма! Сенга алимент керакми, тўлайман. Фарзандим учун харажатдан қочмайман. Лекин сенам эшитиб қўй, квартирани сотамиз-да, пулини арра қиламиз.

— Нима? — Шарифа кўзлари ола- кула бўлиб икки қўлини столга тираган кўйи аста ўрнидан турди. — Квартира? Қанақа квартира?

— Менинг номимдаги квартира. — дедим ҳеч нарса бўлмагандек унинг кўзларига тик боқиб. — Энди эринг бор, у сени уй билан таъминлаши керак. Ахир у ҳақиқий эркак-ку!

— Кесатма! — қайтадан «сен»лашга ўтди Шарифа. — Сен унинг тирноғигаям арзимайсан!

Буниси ортиқча эди. Эркаклик ғурурим поймол бўлганди.

Беихтиёр Шарифанинг юзига чанг солдим. Бироқ шу заҳоти қўлимни тортиб олдим.

Биламан, Худо кўрсатмасин, ҳозир унга қаттиқроқ тегсам, тамом! Оламни бузиб жар солади. Шармандаларча сочини юла бошлайди.

— Мен билмайман, — дедим пинагимни бузмасликка тиришиб. — Квартирани сотамиз. Ана ундан кейин алимент ҳақида гаплашамиз.

— Шунақами? Энди ўзингдан кўр! Мен сенминан суд залида гаплашаман!

— Қўрқитгани бошқа одам топ. Мен судлашишдан қўрқмайман. Ўша ердаям асл башарангни ошкор қиламан. Менам сен ўйлаганчалик анойи эмасман!

Бу гапларим унга росткамига таъсир қилди. Энди Шарифа пиқиллаб йиғлай бошлади.

— Сиз бўлимли бўлсангиз, Собиржоним етим қолмасди, — деди қаттиқроқ йиғлаб. — На уй, на ота-онангизнинг тайини бориди. Сизга қўшилиб менам сарсон бўлганман. Эссиз умрим!..

— Мени кўз ёшинг билан юмшатолмайсан. Худога шукр, ҳақиқат бор экан. Кўчада қолаётганим йўқ. Маза қилиб яшаяпман.

— Ундан нарига ўтиб кет! — Шарифа кутилмаганда қўлига бозор сумкасини олди-да, бақирганча ташқарига йўналди. — Худо кўрсатиб қўяди ҳали! Боламнинг уволи тутмаса розимасман! Илоё, ўша арманинг икки йўл орасида қолдириб кетсин! Ўшанда биласан қадримни, ифлос! Ўшанда биласан!..

— Хўп, унда нега болани кўришимга, уни бағримга босишимга изн бермайсан? Нимага униям, мениям қийнайверасан? Бундан сенга не наф?

— Керакмас! Энди бир камим боланинг мияси заҳарланиши қолувмиди?

— Нега заҳарланади? Ўйлаб гапиряпсанми?

— Сиздан-чи, ҳамма нарсани кутса бўлади. Бола қўлингизга тегса, тамом, уни мендан бездиришга тушасиз. Анави арманингизам анойимас… Йўқ, мен болани сизга кўрсатмайман. У менинг болам, вассалом!..

Шарифа шундай деб зипиллаганча ташқарига йўл олди.

Ортиқ сўз демадим. Дардимни ичимга ютдим-у, қалбимдаги афсусларни бағримга босганча қолавердим. Ҳатто уни кузатиб ҳам чиқмадим. Бошимни чангаллаганча курсида ўтиравердим.

Шарифанинг товуши то йўлак охирига етгунча қулоққа чалиниб турди.

* * *

Шарифанинг бу қилиқлари жонимдан ўтаёзганди. Шу куни вақт қандай ўтганини билмадим. Унинг қичқириқлари, ҳақоратли сўзлари гўё қулоқларимга ўрнашиб қолгандек эди. Кимнингдир илкис товуши ҳам мени чўчитиб қўйган каби сапчиб кетавердим.

Шундай аҳволда уйга келдим. Уйда ҳам вазият чигал экан. Пиёниста ҳе йўқ, бе йўқ бир ойлик ижара ҳақини талаб қила бошлади. Маошдан берай деганимга кўнмади.

Нима қилай? Мусофирнинг куни, қисмати шундай яралган экан. Сусанна иккимиз қовоқларимиз осилганча бошқа мавзега йўл олдик. Негадир ўша ёқдан паноҳ топадигандек юрагим ҳовлиқди.

Йўл бўйи бир сўз демадик. Айтишга сўз ҳам қолмаганди. Сукут сақлаган кўйи кўп қаватли уйлардан бири рўпарасида тўхтадик.

Вақт шомдан ошган. Ҳали замон қоронғи тушади. Агар жой топмасак, яна кўча кезиб вақт ўтказишга мажбур бўламиз.

— Сен шу ерда тура тур, — дедим Сусаннага. — Мен ичкарига кириб чиқаман. Ана, уй-жойлар бошқармасиям шу ердага ўхшаяпти. Ажабмас бошлиғи инсоф қилиб ижарага жой топиб берса!

Қалбим музлаганча ичкарига қадам қўйдим. Хона тўридаги стол қаршисида ёши олтмишдан ошган басавлат бир эркак нималарнидир қоғозга тиркаш билан банд эди. Мени кўриб кўзойнагини бир четга қўйди-да, ҳайрон бўлиб қараб қолди.

Салом бердим. Шундан кейингина у мени ичкарига таклиф қилди.

— Хўш, бўтам, нима юмуш билан келдингиз? — мулойимлик билан сўради у. — Бирор муаммо борми?

— Мен… — тутилиб гап бошладим. — Келинингиз билан ижарага жой қидираётгандик. Шунга… Умид билан олдингизга киргандим.

— Шунақами? — гавдасини орқага ташлаб менга ўйчан тикилди у. — Жой керак денг, бўтам? Ўзи нима иш қиласиз?..

— Талабаман, — дедим негадир иш жойимни айтгим келмай. — Университетда ўқийман.

— Талабаман денг?.. Ҳм-м-м… Тушунаман, тушунаман. Мусофирчиликда жойсиз қолишдан ёмони йўқ, бўтам. Ёмон бўпти! Ёмон бўпти! Сизга қандай ёрдам берсам экан-а? Ҳа, эсимга тушди. Жой бор!

Эркак шундай деб ўрнидан туриб кетди.

— Мана шу домнинг ўзида битта бўш квартира бор. Лекин ичида ҳеч вақо йўқ. Қуп-қуруқ. Агар бўлаверади десангиз, ўша уйга кириб яшайверинг! Коммунал тўловларни тўлаб турсангиз бўлди.

— Чинданми, амаки? — сўрадим теримга сиғмай. — Ҳозироқ кўчиб келсак бўлаверадими?

— Фақат оилалиларни қўяман, — огоҳлантирди эркак. — Ёлғиз бўлсангиз, ҳозир айтиб қўяверинг!

— Йўқ, ёлғиз эмасман. Келинингиз ташқарида кутиб турибди, амаки!

— Яхши, унда шошилинг! Ҳадемай қоронғи тушади. Мана калит, тўққизинчи қаватга чиқиб, 20 квартира эшигини очасиз. Ҳойнаҳой чангга ботиб ётгандир. Супур-сидир қилиб оласизлар!

— Раҳмат сизга! — дея эркакка қўл чўздим. — Сизни бизга худонинг ўзи етказди, раҳмат!

— Бахтингизни берсин!

Ташқарига гўё қуш каби учиб чиқдим. Чиқдим-у, уй панасида турган Сусаннани маҳкам қучдим ва қулоғига шивирладим.

— Топдим уйни, топдим! Кўчада қолмайдиган бўлдик!

* * *

Камбағалнинг дарди ариса дунёда ундан-да бахтлироқ, қувноқроқ одам бўлмайди.

Биз эндигина ҳақиқий ҳаётни кўргандек эдик. Раҳмонали ака берган квартирада иккимиздан бўлак ҳеч ким йўқ. Уй эгасининг қош-қовоғига қараш, пиёнисталарнинг шовқинидан азобланиш балоси бизни четлаб ўтди. Сусанна ҳам эркинлик сабабми, пазандаликка берилди. Ҳар куни турли мазали таомлар пишириб мени сийлайдиган бўлди. Дам олиш кунлари биргалашиб кўча айланиш, шаҳарда сайр қилишга одатландик. Бу росмана бир мустаҳкам оиланинг ҳаёти эди.

Ишларим ҳам юришиб борарди. Бошлиқлар менга энг долзарб мавзулардаги мақолаларни ишониб топширадиган бўлишди.

Таниш-билишлар орттирдим. Ассосийси, эртага қандай кун кўриш, нима еб, нима ичиш ҳақида қайғуриб ич-этимни емайдиган, жуфтимнинг қаршисида мулзам тортмайдиган бўлдим.

Шундай кунларнинг бирида қайсидир туманга бориб материал тайёрладим. Энди редакцияга қайтиб буни қоғозга туширишим лозим эди. Агар кечгача мақолани раҳбарнинг столига қўймасам, гап эшитишим турган гап.

Шошиб автобусдан тушдим-да, редакцияга чопдим. Азбаройи шошилганимдан йўлакда турган ҳамхонам Юнус акани пайқамай қолаёзибман.

Билагимдан маҳкам ушлаб қолгач, жуда хижолат тортдим.

— Узр, ака, сизни пайқамай қолдим, — дедим унга бош ирғаб. — Жуда шошаётгандим. Биласиз-ку…

— Шунақа экан-да! — ҳазил аралаш гина қилган бўлди Юнус ака. — Одамлар кучайса танимай қоларканми?

— Йўғ-э, унақа деб одамни хижолатга қўйманг! Айтдим-ку…

— Ҳазиллашдим, — дея елкамга қўлини қўйди Юнус ака. — Аслида бошқа нарсани айтмоқчийдим.

— Нимани? — беихтиёр ҳушёр тортдим. — Тинчликми, ака?

— Хонада хотининг ўтирибди. Сени кутяпти.

— Нима?

Бу хабарни эшитиб капалагим учди. Хаёлимдан «тағин Шарифа келибди» деган ўй қуюн тезлигида ўтиб, этим музлаб кетди. Бироқ Юнус акага сир-бой бермаслик учун ўзимни тутдим.

— Анчадан бери ўтирибдими? — дедим бўшашиб. — Бирор нарса демадими сизга?

— Йўқ, ҳеч нарса демади. Бир соатча бўлди, ўтирибди.

Кайфиятим зумдаёқ бир пул бўлди. Руҳим тушганча хаёлан унга берадиган жавобларимни чамалаб кабинет томон йўл олдим.

“Ҳеч ёруғ кун йўқ экан-да!” ўйлардим ўзимча.  Энди тинч ҳаёт бошладим деганимда қаердандир ташвиш мўралаб тураверса! Тағин алимент илинжида келгандир ҳойнаҳой!

Жаҳлимни жиловлай олмай зарда билан эшикни очдим…

Ажабо! Ичкарида мени ҳайратда қолдириб Сусанна ўтирарди.

У кирганим ҳамоно даст ўрнидан турди-да, келиб кўксимга бош қўйди.

Мени бояги асабийлик ҳали тарк этмаганди. Қовоғимни уйганча ундан сўрадим.

— Нима бўлди? Ҳеч ишхонамга келмасдинг. Тинчликми ишқилиб?

Сусанна кўзларимга тик боқиб жилмайди.

— Кутмаганмидингиз? Тўғрисини айтинг, кутмагандингиз-а?

— Албатта, — дедим асабий оҳангда. — Ташқарида биттаси эсхонамни чиқараёзди. Хотинингиз келди эмиш. Шарифамикан деб бўларимча бўлаёздим. Қани, ўтир-чи! Нима гап?

Сусанна ўтиришга шошилмади. Дераза қаршисига борди-да, мени ёнига чорлади. Бордим.

— Сизга зўр янгилик бор, — деди шивирлаб.

— Қанақа янгилик? Айта қолсанг-чи юрагимни ҳовлиқтирмай! Биласан-ку, бунақанги «янгилик»лардан юрак олдириб қўйганман.

— Сиз ота бўласиз! — деди Сусанна янада пастроқ товушда. — Эшитдингизми? Ота бўласиз деяпман!

— Нима?

Бу жуда зўр хабар эди.  Йўқ,  шунчаки хабар эмас, ҳақиқий хушхабар эди…

Сусаннанинг бир оғиз гапи вужудимдаги бор ғуборларни булоқ суви каби ювиб кетгандек, елкамдан тоғ ағдарилгандек тўсатдан енгил тортдим. Шу қадар енгил тортдимки, қўйиб беришса, осмону фалакка учиб кетгудек шаҳдим бор эди.

— Ростданми? — қичқириб юбордим. — Алдамаяпсанми?

Сусанна бош чайқади.

— Лекин хурсанд бўлишга шошилманг! Сизга ёмон хабарим ҳам бор.

— Ие, бу нима деганинг? Олдин ёмонидан гапирсанг бўлмасмиди унда?

— Йўқ, тўғри келмасди.

— Айтақол ўша ёмон хабарингниям! — дедим ҳануз хурсандчилигимни яшира олмай. — Энди менга ҳеч қандай ёмон хабар таъсир қилмайди. Гапиравер!

Сусанна бир жилмайиб қўйди-да, ортга тисланди.

— Уйимизни меҳмон босди. Фақат жаҳлингиз чиқмасин! Шундай бўлиши керак эди.

— Қизиқ экансан-ку! — дедим елка қисиб. — Бизнинг уйгаям меҳмон келади-ю, жаҳлим чиқармиди? Хўш, кимлар экан азиз меҳмонларимиз?

— Уф-ф,— Сусанна оғир хўрсинди-да давом этди:

— Ким бўларди? Ўгай отангиз, онангиз, тоғангиз…

— Йўғ-э, — деб юбордим беихтиёр. — Ҳазиллашяпсанми? Мени кўришга кўзи бўлмаган одамлар уйимга меҳмонга келарканми? Балки бошқа одамлардир?

— Худди ўзи. Онангиз таништирди.

— Шунақами? Шунчаки меҳмонга келишибдими?

— Йўқ, азизим, шунчаки эмас. Ўгай отангиз оғир касал. Уни тезда касалхонага ётқизмасангиз бўлмасмиш.

— Менга зарил кептими? — дедим шартта. — Бир вақтлар ит кунини кўрсатган одамга-я? Бориб айт, қайтиб кетаверишсин! Уларни кўришга тоқатим йўқ. Асабим бузилади тағин.

— Ундай деманг! Буни қайтар дунё деб қўйибди. Яхшилаб ўйланг, мулоҳаза қилинг. Сизга кўрсатган қора кунлари учун худонинг ўзи уни жазолаб турибди-ку! Сиз бундан хурсанд бўлишингиз керак. Худога шукрлар қилишингиз зарур. Қаранг, биз кўчада эмасмиз. Устимиз бут, қорнимиз тўқ. Улар эса кимлардандир бизнинг қаерда яшаётганимизни аниқлаб, ўзлари бош эгиб келишибди. Демак, сиз ғолибсиз! Худо сизни ярлақабди! Бунинг нимаси ёмон?

Мен бир муддат Сусаннага тикилиб қолдим. Қанчалар ақлли ва фаросатли аёл бу! Менинг кўзимни очяпти. Ғафлатда қолиб кетган тафаккуримни уйғотяпти. Бундай аёл билан бир умр бир ёстиққа бош қўйиш ҳузурнинг ўзи эмасми?

Унга нисбатан азбаройи меҳрим товланиб, ҳурматим ошганидан аста бориб бағримга босдим-у, йиғлашдан бери бўлиб базўр пичирладим.

— Яхшиям сен борсан, Сусанна!

(БИРИНЧИ ФАСЛ ТУГАДИ)

(ИККИНЧИ ФАСЛДА УЧРАШГУНЧА ОМОН БЎЛИНГ!)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Муносабат билдиринг

Сизнинг e-mail манзилингиз сайтда қайд этилмаган. Чунки сиз ҳали изоҳ ёзмадингиз. Изоҳ йўллаётганда юлдузчали қаторлар албатта тўлдирилиши лозим *

20 − шесть =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз