Юртимизда

Организмнинг бизга йўллаётган фалокат сигналларини қандай билиб олиш мумкин?

Бизнинг организмимиз бу, бизнинг жонимиз учун ягона макон

Организмнинг бизга билдираётган фалокат сигналларини тушуниб етмоқ, англамоқ ҳаммага ҳам насиб қилавермайди ва оқибатда ҳалокат содир бўлади. Зеро бизнинг организмимиз бу, бизнинг жонимиз учун ягона макон ва унда фақатгина биз истиқомат қиламиз. У ҳолда уни асраш биз учун энг долзарб вазифа бўлмоғи зарур деб ҳисоблайман. Хўш организмнинг бизга йўллаётган фалокат сигналларини қандай билиб олиш мумкин?

Буюк ақл эгаси инсон организмини шунчалик даражада мураккаб ва ноёб қилиб яратганки, бир вақтнинг ўзида унда ҳайратланарли миқдорда жараёнлар узлуксиз суръатда давом этади. Агар ҳеч бўлмаганда биттагина жараёнда бузилиш юз берса ҳам, бу организмнинг барча қисмларида у ёки бу кўринишда ўз аксини топади. Ушбу бузилишлар турли кўринишида бизнинг ҳоҳиш-истакларимизда, майлларимизда, иштаҳамизда, теримизнинг, кўзимизнинг, пешоб рангида ва ҳакозо бошқа жуда кўплаб белгиларда намоён бўлади.

Азиз дўстим, бугун сиз билан организмда кечаётган ички жараёнларнинг ташқи белгилари хусусида суҳбатлашишга қарор қилдим. Демак, гап муҳим белгилар ва организмга қандай ёрдам бериш ҳақида боради.

Одам организми ўзини-ўзи тўлиқ созлаб турувчи тизим бўлиб, бузилган функцияларини тиклашга ва ҳаёт давомийлигини таъминлашга йўналтирилган. Организмнинг энергияси жуда улкан ва тана эса ўзини-ўзи даволовчи тизим ҳисобланади. Бироқ инсон ўзи учун тўғри иш, уйқу, дам олиш, овқатланиш тартиби ва оқилона ҳажмда кундалик жисмоний фаолликни ташкил қила олган тақдирдагина, организм ўзини-ўзи тиклай олади.

Лекин жуда кўпчилигимиз айнан мана шу нарсани эътиборимиздан четда қолдирамиз. Негаки кейинчалик турли асоратлар билан курашиб юргандан кўра, муаммони доим бошланишидаёқ бартараф қилган яхшироқ деб ўйлайман.

Келинг гапни чўзиб ўтирмасдан мақсадга ўта қоламиз. Организмимизнинг бир қанча сигналлари нималарни англатишини билиб оламиз.

    Терининг қуруқлиги. Демак сизнинг организмингизга Е витамини етишмаяпти. Унинг заҳирасини тўлдириш учун озиқ-овқат таркибига ёнғоқлар, ёғли балиқ ва ўсимлик мойларини қўшиш зарур.

    Сочлар ва тирноқларнинг мўртлиги (салга синиш, тез синиб, узилиб кетиш). Ушбу белгилар организмга В гуруҳ витаминлари ва кальций етмаётганлигини билдиради. Буғдой майсаларида, туйилмаган бўғдой гўжаларида, қора нонда бундай маҳсулотлар сероб.

    Милклар қонаши. Организмда С витамини танқислиги белгиси. Ушбу маҳсулот пиёзда, саримсоқ пиёзда, мевалар ва сабзавотларда кўп. Шунингдек наъматак дамламаси ёки қарағай барглари қайнатмасини ичса ҳам бўлади.

    Ёмон ухлаш ва жиззакилик (уйқусизлик ва сержаҳллик, серзардалик). Калий ва магний танқислиги ҳақида белги. Бундай микроэлементлар туршакда, ўрик қиёмида, қора олхўри (қоқида ҳам), лавлагида бўлади.

    Кечалари томир тортиши, тиришиш, чангак (акашак) бўлиш, талваса. Ушбу ҳолатлар ҳам магний ва калий етишмаслиги белгилари ҳисобланади.

    Билаклар ва тирсакларда товуқ эти, ғудда-ғудда эт ҳосил бўлиши. Бу С ва А витаминлари етишмаслигининг яққол белгиси. У тўқ сариқ ва апельсин рангли барча сабзавотлар ва меваларда: сабзи, қовоқлар, памидорлар, ўриклар, туршакларда мавжуд.

    Тузли, шўр маҳсулотларни ҳоҳлаяпсиз. Демак организмингизда инфекция бор ёхуд шамоллаш жараёнлари кучайган, айниқса бу таносил тизимларига тегишли.

    Ширинлик ҳоҳлаяпсиз. Сизда асаблар жуда чарчаган бўлиши мумкин ва тезкор энергетик мадад, яъни глюкоза зарур. Бундай ҳолда ошқозон-ичак тизимида муаммо юзага келмаслиги учун яхшиси асал ёки аччиқ шоколад истеъмол қилган маъқул.

    Тузсиз, камтуз, нимтатир ва шу каби овқатларни ҳоҳлаяпсиз. Бу белги ошқозон-ичак гастрити ёки жигар муаммолари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Тузсиз таомлар тортишишларни (спазмларни) енгиллатиши ва ошқозонни тинчлантириши мумкин.

    Таом тузсиздай туюлса. Сизда оғир руҳий кайфият, руҳий сиқилиш ҳолати (депрессия) бўлиши мумкин.

    Писта чақишни ҳоҳлаяпсиз. Сизнинг организмингизга антиоксидантлар (Антиоксидантлар – манфий зарядланган электронли молекулалар. Ўсма, ва юрак-томир касалликларини бартараф қилади, организмни соғломлаштириб токсинларни олиб чиқади. Янги узилган маҳсулотларда, яъни сабзавотларда, меваларда ва кўкатларда мавжуд) етишмаяпти.

    Нордон нарсаларни ҳоҳлаяпсиз. Организм жигар ва ошқозон ости бези фаолиятини кучайтириши учун шундай маҳсулотларни талаб қилмоқда. Таомномангизга лимон ва клюква (қизил, нордон мевали бута ва унинг меваси) қўшинг.

    Денгиз маҳсулотларини егингиз келаяпти. Демак организмга йод етишмаяпти.

    Аччиқ ва тахир нарсаларни ҳоҳлаяпсиз. Демак сизда ошқозон-ичак тизимида муаммо бор. Организмни жуда майин ва юмшоқ тозалаш зарур.

    Аччиғи баланд, мазаси (таъми) ўткир таомларни ҳоҳлаяпсиз. Ўткир таомлар овқат ҳазм қилиш жараёнини кучайтиради, аммо уларни оқилона миқдорда истеъмол қилиш, бунинг устига оч қоринга емаслик зарур.

    Азиз дўстим, сиз билан танамизнинг бизга бераётган белгилари ва улар нималарни билдириши ҳақида ўз билганларим билан ўртоқлашдим. Юқорида билдирилган фикрлар сизнинг кундалик ҳаётингизда асқотса ва озгина бўлсада саломатлигингизни сақлашда кўмак берса мен бундан жуда бахтиёр бўлар эдим. Ўз соғлигингизни ўзингиз асранг, онгли ва оқилона яшашга ҳаракат қилинг. Зеро, ҳаёт бу бизга берилган ягона ва сўнгги имконият, буни унутманг!

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Муносабат билдиринг

Сизнинг e-mail манзилингиз сайтда қайд этилмаган. Чунки сиз ҳали изоҳ ёзмадингиз. Изоҳ йўллаётганда юлдузчали қаторлар албатта тўлдирилиши лозим *

двадцать − 9 =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз