Юртимизда

АРОСАТЛАР ОРОЛИ (ИККИНЧИ ФАСЛ-1)

* * *

Биз кўп қаватли уйларни оралаганча ёнма-ён юриб борардик. Хаёлларим тамоман чалкашиб кетган. Вужудимга муз югурган. Қалбимни ўтмишнинг оғир юки эзиб турарди. Сурункали касаллик каби бағримга чиппа ёпишиб қолган дард қайта қўзғалгандек, томоғим қуруқшар, бошимда ҳозир-ҳозир оғриқ турадигандек қизий бошлаганди.

«Ишонгим келмайди, — ўйлардим ўзимча Сусаннага зимдан назар ташлаб. — Нурмат қоранинг касалга чалинадиган чамаси йўқ эди. Тағин ёмон бир ниятда келган бўлмасин. Ишониб бўлармиди бундайларга. Менинг ишли бўлганимни, ҳаётим изга туша бошлаганини эшитган бўлса, чиркин ниятлар риштасига ўралиб қолган бўлиши ҳеч гап эмас. Нима бўлганда ҳам ҳушёр бўлганим маъқул. Сусанна нима? У ёмонлик ҳақида ўйлаб ҳам ўтирмайди. Табиати шунақа. Фақат олдинга боқади. Атрофида туман бўлиши муқаррарлигини пайқамайди…»

Биз «дом»нинг энг юқори қаватига шошилмасдан кўтарилдик. Ҳамон ўгай отамнинг, онамнинг, тоғамнинг мен билан қандай кўришиши, ўзларини қандай тутиши, гапни нимадан бошлаши ҳаяжонга соларди. Хаёлан турли тахминларга борар, ўйлаб ўйларимнинг охирига ета олмасдим.

Эшикка яқин келгач, Сусанна менга маъноли қараганча бир муддат тек туриб қолди. Чамаси, нимадир дейишимни кутди.

— Сен индама, — тайинладим унинг мақсадини сезгандек. — Орамизда нима гап-сўз бўлишидан қатъи назар жим туравер.

— Улар жанжаллашиши мумкин деб ўйлайсизми? — сўради Сусанна тушунмай. — Ўзим кўрдим, ўгай отангиз бир аҳволда эди. Жанжал юрагига сиғармиди?

— Барибир гапирма! Мен олдин уларнинг ҳаммасини кузатиб кўришим керак.

— Хўп, — бош силкиди Сусанна. — Индама десангиз, индамайман. Қийинмиди?!.

* * *

Остона ҳатлаб ичкарига қадам қўйишимиз билан тоғам Нормат биринчи бўлиб ўрнидан турди. Анча озиб, сочлари оппоқ тусга кирибди.

Унинг кетидан онам ҳам инқиллаганча ўрнидан қўзғалди. Тўрдаги кўрпача устида эса Нурмат қора шифтга тикилганча ётарди. Мени кўриб негадир кўзларини юмиб олди.

Уларга бир муддат жим тикилиб қолдим. Ҳатто, саломлашиш ҳам ёдимдан кўтарилгандек лол эдим.

— Ие, жиян, бормисан? — тоғам биринчи бўлиб менга пешвоз чиқди. — Қани, сени бир бағримга босай!

Кўнгилнинг совуғи қишнинг қаҳридан-да кучлироқ бўларкан. Тоғам билан қучоқлашиб кўришардим-у, танам янада музлаб кетгандек туюларди. Аммо на илож? Уйга келган меҳмоннинг дилини ранжитиш гуноҳ. Ўзимни мажбурлаб ундан ҳол сўрадим.

— Соғ-омонмисиз? Кеннойимлар, болалар яхшими?

Ҳали салом-алигимиз ниҳоя топмай, онам келиб кўксимга бош қўйди-ю, ув тортиб йиғлай бошлади.

Худди шундай аянчли манзарани бир пайтлар болалигимда ҳинд киносида кўргандим. Уйдан шафқатсизларча ҳайдалган болакай улғайгач, уни ўша ўзини ҳайдаб солган яқинлари излаб келишганди…

Ҳа, болакай уларни кечирган. Бироқ қандай?.. Мен кечиришни, қачонлардир яқин бўлган, ҳозирга келиб ноқариндошга айланганларим билан қайтадан апоқ-чапоқ бўлиб кетишни сира тасаввур эта олмасдим.

Онам бўлса йиғлашдан тўхтамасди.

— Қўйинг, йиғлайверманг! — дедим ниҳоят унинг икки елкасидан тутиб. — Яхши экансиз, кўрдим. Кўнглим хотиржам бўлди.

Шу маҳал Нурмат қора ётган ерида инграниб сўз қотди.

— Қодирбой, мени баннисага ётқиз! Ўлиб қоламан!

Ўгай отамнинг овозини эшитдим-у, беихтиёр онамни қўйиб юбориб, тепасига яқинлашдим.

Унинг кўз қарашларида илгариги ғазаб, нафрат учқунлари кўзга ташланмасди. Аксинча, нигоҳлари нур янглиғ сўниқ, юзларига афсус нуқси уриб қолганди.

Ачиниш билан онамга юзландим.

— Нима бўлди унга? — сўрадим гоҳ онамга, гоҳ тоғамга боқиб. — Тинчликми ўзи?

Онам бошини эгди.

— Инсульт бўп қолди, — деди шивирлаб. — Чап тарафи ишламаяпти. Даволатишга пул йўқ, болам. Бир иложини қилгин!

— Мени тузат, Қодирбой! — ёлвора бошлади Нурмат қора. — Хор бўлиб ўлмайин тағин, тузат мени! Ҳеч кимга кераксиз бўп қолди-им!

Онам Нурмат қоранинг инграшларига чидай олмадими, бориб тепасига ўтирди-да, пиқиллаб йиғлай бошлади.

Хўш, бундай лаҳзаларда қандай йўл тутадилар? Ким кимни юпатгани маъқул? Одамнинг бошига оғир савдо тушганда, атрофидагилар мурувват кўрсатишлари шарт. Бу кони савоб. Аммо кўнгил ўзингга бўйсуна қолмаса-чи? Ҳар лаҳзада қайсарлик қилса, сенга ўзга йўл кўрсата бошласа-чи? Қандай ўзингни қўлга оласан ва қайсар кўнгилни рад этасан?..

Шу тахлит ўйлар миямда чархпалак каби айланарди. Сира бир тўхтамга кела олмасдим. Қаршимда душмандан баттар ёқимсиз одамлар турганини билсам-да, бир вақтлар мени ит кунига солган кимса айни паллада ҳимоясиз, ожиз бандага айланиб, мендан нажот кутаётганини кўриб турган бўлсам-да, барибир хаёлларимни жамлаб ололмасдим.

Хайрият, яна Сусанна мени ўзимга келтирди.

— Биламан, — деди Сусанна русчалаб. — Булар инсонмас, шунчаки одамлар. Иккала сўзнинг ер билан осмонча фарқи бор. Лекин ҳозир шу одамлар сизнинг кўмагингизга муҳтож бўлиб турибди. Юз ўгирсангиз гуноҳ бўлади. Худо кечирмайди сизни. Танангизга ўйлаб кўринг!

Бизнинг ўзга тилдаги гапларимизга тушунмаса-да, онам менга яқин келиб бошини қуйи солганча сўз бошлади.

— Болам, — деди йиғи аралаш. — Бошингдан кўп оғир кунлар ўтди. Ҳеч қайсимиз ёнингда турмадик. Отангнинг қилиқлариям ҳали эсингдан чиқмаган. Аммо нима қилайлик, болам? Яхшиям сен катта шаҳарга келиб ўрнашдинг. Сендан бўлак кимга зорланамиз? Ахир, сени тўққиз ой қорнимда кўтариб юрганман. Оқ сутимнинг ҳурмати йўқми?

— Бас, — дея онамнинг оғзини кафтим билан ёпдим. — Юрагимни эзаверманг сизам! Ўтган кунларни эслатиб дардимни орттирасиз холос. Бас қилинг!

— Ёрдам қиласанми? — жавдираб менга тикилди онам. — Отангни касалхонага ётқизасанми?

— Ҳа, — дедим қатъий оҳангда. — Кўнглингиз хотиржам бўлсин!

Онамнинг сўнгги сўзларидан кўнглим тоғдек кўтарилганди. Яратганнинг адолатли ҳукми қаддимни ростлаб, вужудимга илиқлик ато этганди.

Сусаннага зимдан назар ташладим. Унинг ҳам кўзларида қувонч нурлари порлар, нуқул онамни қучиб жилмаярди.

Шу тобда эшик безовта тақиллай бошлади. Сусанна иккимиз бир-биримизга ҳайрон бўлиб боқдик.

Ким бўлиши мумкин? Бу эшик кўчиб келганимиздан бери атиги иккинчи маротаба тақиллаяпти.

Бир муддат ўй суриб турган бўлдим-да, эшик томон йўналдим. Сусанна ҳам ортимдан қолмади.

Эшикни очиб ҳайрон бўлдим. Қаршимда тўрт норғул йигитларни бир сафга тизганча семиздан келган, юзлари қип-қизариб кетган, узун чопонининг бир этагини белбоғига қистириб олган олтмиш ёшлар оралиғидаги эркак турарди.

Мен уни танигандек бўлдим-у, негадир эслай олмадим.

— Қани менинг жияним Қодирбой? — баланд овозда сўради у саломимни ҳам кутмай. — Чақиринг жиянимни!

— М-мен Қодирман, — дедим елка қисганча Сусаннага маъноли қараб. — Кечирасиз, ким бўласизлар?

— Ие, жиян, ўзингмидинг? Қара-я, ўзгариб кетибсан!.. Мен поччанг Хурсанали бўламан-ку! Танимадингми?

Шундан кейингина эсладим. Аммам Холниса… Олис вилоятда яшайди. Лекин биз билан борди-келди қилмасди. Бувим раҳматли айтиб берганди. Ниманидир талашишганми, ишқилиб, орада жанжал чиққан. Шундан кейин аммам қариндош-уруғлар билан юз кўрмас бўлиб кетган экан.

— К-киринг, почча, — дедим тутилиб. — Остонада турманглар!..

Хурсанали поччам йигитларни эргаштириб ичкарига кирди ва шоша-пиша қўлидаги тугунларни уй бурчагига ташлади.

Аммо меҳмонлар борлигини кўриб бироз ўнғайсизлангандек туриб қолди.

Онамни, тоғамни таниди чоғи, иккиланган кўйи бош ирғаб сўрашган бўлди ва секин менга яқин келиб қулоғимга шивирлади.

— Жиян, бу… Меҳмонлар боракан… Биз… Бемаврид кеп қолдикми дейман?

— Э, почча, бу нима деганингиз? — қўл силтаб уни ичкарига бошладим. — Ҳаммалари ўзимизникилар. Кираверинглар!..

Хурсанали поччам бу гапимдан кейин жонланиб қаққайиб турган йигитларга буюрди.

— Қани, ўғилларим, сўрашмайсанларми қариндошларминан? Ие, сўраш тез! Мана бу Қодир аканг!

Йигитлар келиб мен билан, сўнгра онам, тоғам билан сўрашди.

Улар Хурсанали почча тугул, ўғиллари билан ҳам совуққина кўришишди. Буни, айниқса, онамнинг тез-тез лаб буриб олишидан пайқаш қийин эмасди.

Ушбу манзара баттар энсамни қотириб, хотинимга ул-бул олиб келишни буюрдим.

Сусанна тезда дастурхонни янгилашга тушди.

Хурсанали поччам кўрпачага ўрнашиб ўтириб олгач, хона ичини зимдан кузатди. Ўзича гоҳ елка қисди, гоҳ бош чайқади. Нималарнидир хомчўт қилган бўлди. Ора-орада ҳиссиз нигоҳларини шифтга қадаганча тек ётган Нурмат қорага ачиниш назари билан қараб қўйди.

* * *

Овқатланиб бўлганимиздан сўнг Хурсанали поччам қаршисидагиларга аланг-жаланг кўз ташлаб олди-да, мени ташқарига имлади.

«Меҳмон атойи худо» деганлар. Истар-истамас ўрнимдан туриб унга эргашдим.

— Жиян, — деди йўлакка чиққач Хурсанали поччам. — Мен-чи, меҳмонхонада қолсам ҳам бўларди. Локигин уят бўлармикан дедим. Ахир, жиянимиз юрт сўраб турган бўлса, шу ерда яшаса. Биз меҳмонхонага кириб ётсак тўғри келмасди-да! Хуллас, анави йигитлар эгизакларим. Худо бизга қаторасига эгизак ўғилларни бериб ташлаган.

Мен бақрайганча поччамга боқар, тезроқ мақсадга ўтишини кутардим.

— Энди гап мундай, — деди ниҳоят у гапни кесиб. — Сен шу эгизакларимни ўқишга киритиб берасан. Аммангнинг ҳурмати. Эшитса хурсанд бўлади. Хўш, нима дейсан?..

— Ахир…

Мен нимадир демоққа чоғландим. Афсуски, поччам тағин гапни илиб кетди.

— Ахир-пахири йўқ, — деди қўл силтаб. — Бугун сеникида ётиб қоламиз. Эртага ҳужжатларини топширишга оборасан. Ҳа-ми, йўқми?..

Нима ҳам дердим? Қарши сўз айтишга ожизман. Кўрсам таниб-танимайдиган ўша аммамнинг ҳурмати учун рози бўлишга мажбур эдим.

* * *

Ярим тун чўкди. Сусанна иккимиз йўлакка юпқа бир кўрпачани тўшаб, бир-биримизга суянган кўйи мудрардик. Қотиб ухлаб қолишнинг сира имкони йўқ. Ичкари хонада тоғам Мардон ва Хурсанали поччамлар галма-галига хурракнинг адабини беришяпти. Тинглаб турсангиз, трактор ва бульдозер бир-бири билан пойга ўйнаётгандек туюлади.

Шу тахлит ўй сурганча ўтиравердим. Хуррак товушлари орасида ташқаридаги итларнинг акиллашига қулоқ тутдим. Ўзимча қандай ит эканини аниқлашга уриндим. Шундай қилсам, вақт тезроқ ўтадигандек, ўзим чалғийдигандек туюлди.

Бир пайт Сусанна негадир силкина бошлагандек бўлиб илкис бошимни кўтардим.

— Ҳа, нима бўлди? — сўрадим шивирлаб. — Йиғлаяпсанми?

У қоронғиликда менга боқиб, кўз ёшларини енгига артди.

Бу аҳволини кўриб этим музлаб кетди. Биламан, биз қанча азобларни бирга бошдан ўтказдик. Энди-энди жонимиз ҳузур ола бошлаганда, уй чақирилмаган меҳмонлар билан лиқ тўлиши, ўзимиз йўлакда қолиб кетишимиз ҳеч қайси қолипга сиғмайди. Сусанна шундан ранжиган. Менинг айбим билан у озор чекяпти.

— Сиз бошқа хаёлга борманг, — деди у худди ичимдагини топгандек. — Меҳмонларнинг кўплигидан негадир кўнглим бўшаб кетди.

— Нимага кўнглинг бўшайди? Бирор гап бўлдими?

Сусанна оғир хўрсиниб елкамга бош қўйди.

— Болаларим эсимга тушиб кетди, — дея яна пиқ-пиқ йиғлай бошлади Сусанна. — Улар ҳозир олисда. Нима қилаётган экан? Неча йиллардан бери уларни кўришдан, бағримга босишдан маҳрумман, Қодир ака. Онажоним кечалари тушимга кириб чиқади. Йиғлай-йиғлай ухлаб қоламан. Сизни уйғотай дейман-у, аяйман. Ахир, куни билан ишлаб чарчайсиз. Кечаси мен ҳам уйғотиб олсам, нима бўлади?.. Қанийди, замон чархпалаги бир айланса-ю, икки ўғлим, онам, ука-опаларим ёнимда бўлиб қолишса…

Бу ҳасратларни жим туриб тинглаш қанчалар оғирлигини фақат ўзим биламан.

Бошимга биров гурзи билан туширган каби сал қурса ўрнимдан туриб кетаёздим.

Миям қизиб, пешонамни совуқ тер қоплади.

Хўш, қандай овутай уни? Ҳаммасига ўзим сабабчиман-ку! Қўлим калта, уёқларга сира етказа олмайман. Аслида буларнинг ҳаммасини Сусаннани никоҳлаб олишдан аввал ўйлашим керак эмасмиди?

— Сиз сира ғам чекманг, — дея мени юпата бошлади Сусанна. — Сезиб турибман. Эзиляпсиз, мени юртимга жўната олмаганингиздан афсусдасиз. Ундай қилманг. Мен бахтиёрман. Чунки сизни севаман. Юрт нима бўпти? Бир кун келади, икковлашиб борамиз. Ўғилларимниям кўрамиз… Қўйинг, мен бироз йиғласам, кўнглим бўшайди, ҳаммаси ўз жойига тушади. Ундан кўра, бироз мизғиб олинг. Эртага ўгай отангиз ташвиши билан елиб-югуришингиз зарур.

Бу гаплардан кўнглим анча кўтарилди. Пушаймонлар нари кетди. Сусаннага меҳр аралаш боқиб, хушбўй сочларини тўйиб-тўйиб ҳидладим.

Шу кўйи ярим соатча ўтиргач, чарчоқ енгиб кўзларимни юмдим. Уйқуга кетишдан олдин худди мендан кимдир тортиб олиб қўядигандек, Сусаннани маҳкам қучоқлаб олдим.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

1 × один =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз