Юртимизда

Йигитга совчи келди…

Кеча уйдагилар нариги “дўм”да турувчи Манзураларникига совчиликка боришди. Ноз қилиб, совчиларимни қайтарибди. Нима эмиш, чет эллик йигитга тегармиш. Ўргилдим нозингиздан.  Айтишларича, Ҳиндистонда бўлажак куёвнинг уйига совчи келаркан. Ғалати-я! Тасаввур қилинг, бизда ҳам шу анъана урфга кирса. Йигит ўқишга кетган. Ота-онаси уйда ўтиришибди. Бир пайт эшик қўнғироғи жиринглайди. Очишса, қўлида тоғора ушлаган эркаклар.

 

— Келинглар, меҳмонлар, хуш келибсиз.

 

— Хуш вақт бўлинг, ока.

 

Меҳмонларни меҳмонхонага уйнинг хўжайини бошлаб киради. Меҳмонлар ўтиргач, уларга чой узатилади. У ёқдан-бу ёқдан гап бўлади, футбол ҳақида гаплашишади, кейин совчи бўлмишлар гап бошлашади:

 

— Шоқосим ака, уйингизга бир юмуш билан келдик.

 

— Хўш, — Шоқосим ака гарчи ҳамма гапни сезиб турган бўлса-да, анъанага содиқ қолади.

 

— Шу десангиз, остонангизга қулчиликка келдик.

 

— Йўғ-ей, қул керакмас, ҳамма ишни хотинимнинг ўзи уддалаяпти.

 

— Ока, сиз бизни тушунмадингиз, уйингизда бир булбул бор экан, бизда эса ғунча. Келинг, булбулингизни ғунчамизга қўндирайлик.

 

Шоқосим ака ўғлига биринчи бор совчи келгани боис “совсем” тушунмайди:

 

— «Мазги»га ўйнаманг, меҳмон, ким айтди менда булбул борлигини, иккита беданам бор, холос. Лекин унга гул ҳам, ғунча ҳам, тикан ҳам керакмас. Ҳамма нарсани муҳайё қилиб қўйганман.

 

Совчилар:

 

— «Кароче», гап бундоқ, ока, институтда ўқийдиган Мамарайим деган ўғлингиз бор экан, қизимиз Сайёранинг кўнгли шунга тушиб қолибди. Агар рози бўлсангиз, шу ўғлингизни қизимизга сўраб келгандик.

 

Шоқосим ака:

 

— Ҳа, қоғозга ўрамай “прямой” айтмайсизми? Раҳмат келганларингиз учун, лекин ўғлимиз ҳали ёш, эндигина ўттизга кирди. Унинг устига ўғлим нима деркан?

 

Шу пайт Мамарайим ҳам ўқишдан қайтади. Онасини кўриб, “Эна, ким келди, нима сасияпти, ҳа, туфлиларми, кимнинг туфлилари бу?” дейди афтини бужмайтириб.

 

Онаси:

 

— Сенга совчи келибди.

 

Мамарайим уялиб ерга қарайди.

 

Онаси:

 

— Товуқ фермада ишлайдиган Сайёра сенга совчи юборибди.

 

— Эй, қўйинг-ей.

 

— Эртага учрашувга чиқасан, сени “Спарк”ида келиб олиб кетар экан.

 

— Чиқмайман, боринг-ей.

 

— Нима дейсан, розимисан?

 

— Майли, сизлар нима десаларинг шу.

 

Ғалати бўларкан-а? Қизларим ноз қилса ҳам, ўзимизнинг урф-одатлардан қўймасин. Мен ҳам кўчада қолмасман, тенгим чиқиб қолар.

Суннатилло

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

Муносабат билдиринг

Сизнинг e-mail манзилингиз сайтда қайд этилмаган. Чунки сиз ҳали изоҳ ёзмадингиз. Изоҳ йўллаётганда юлдузчали қаторлар албатта тўлдирилиши лозим *

три × четыре =

Диққат! Диққат!
Диққат! Диққат!
Ўқишни тавсия этамиз