Инсон саломатлиги учун фойдали ва шифобахш мойлар

0

Биласизки, ўсимлик мойлари асаб тўқималари ва шикастланган ҳужайралар тикланишига ёрдам беради. Шунингдек, улар А (тери саломатлиги, кўриш қобилияти ва иммунитетни кўтарувчи) ва Е (антиоксидант, инфекциялардан ҳимоя қилувчи) витаминларига бой. Демак, бугун саломатлигимиз учун ҳам асқатувчи ўсимлик мойлари ҳақида маълумот берамиз.

ЗАЙТУН МОЙИ ЁШАРТИРАДИ

Зайтун мойида олеин кислотаси, Е витамини ва антиоксидантлар етарлича сақланганлиги боис у ёшартирувчи мой сифатида қадрланади.

Шунингдек, зайтун мойи атеросклерознинг ривожланишига йўл қўймайди, юрак-қон томири касалликларининг олдини олади, ошқозон-ичак фаолиятини яхшилайди, қондаги холестеринни ҳайдаб, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди.

Зайтун мойи эркин радикалларга қарши курашишда таркибидаги А, D, Е, К витаминларига суянади. Бу мойдан сурункали қорин дамлаши, гастрит, иммунитетни кўтариш ва асаб системасига профилактик таъсир кўрсатиш, ҳазм бўлиш жараёнини енгиллаштириш, ошқозон ярасини даволаш, артериал қон босимини меъёрлаштириш, онкологик касалликларни даволаш ва хотирани мустаҳкамлашда фойдаланиш мумкин.

КУНГАБОҚАР МОЙИ СТРЕССДАН ҲИМОЯЛАЙДИ

Кунгабоқар мойи лецитин моддасининг энг яхши манбаи. Ушбу модда боланинг асаб тизими шаклланишига ёрдам беради, катта ёшда эса ақлий фаоллигини сақлайди. Шунингдек, лецитин анемия ва стрессларда кучни тиклашга ёрдам беради.

Кунгабоқар мойида А, Е, D, F витаминлари ва ёғ кислоталари, фосфор, калий ва темир моддалари сақланади.

У организмни холестериндан тозалайди, ҳазм бўлишни яхшилайди, онкологик касалликларни даволашда қўлланилади, иммунитетни кўтаради, терини ёшартиради, хотирани мустаҳкамлайди, оқсил ва углевод алмашинувини мўътадиллаштиради, қалқонсимон без фаолиятини меъёрлаштиради, ошқозон-ичак, жигар ва буйракдаги сурункали касалликлардан халос этади. Бундан ташқари, соч ва унинг илдизи учун жуда фойдали.

МАККАЖЎХОРИ МОЙИ ЮРАК-ҚОН ТОМИР ФАОЛИЯТИНИ ЯХШИЛАЙДИ

Маккажўхори мойи организмдаги холестерин алмашинувини тартибга солади. Унинг таркибидаги фосфатидлар мия учун жуда фойдали. Шунингдек, ушбу ёғ таркибидаги никотин кислотаси (РР витамини), А, F, В1, В2 витаминлари юрак-қон томири фаолиятини яхшилайди. Мазкур ёғда Е витамини зайтун мойидан икки баравар кўп. Бу эса организмдаги эндокрин тизим фаолиятини мустаҳкамлайди. Қалқонсимон без, буйрак усти безлари, гипофиз, умуман, инсон организмининг ҳам жисмоний, ҳам эмоционал ҳолатини батамом яхшилайди.

ХАНТАЛ МОЙИ КУЙГАН ЖОЙНИНГ  БИТИШИГА ЁРДАМ БЕРАДИ

Ўзининг бактерицид хусусияти сабаб хантал мойи нимага қўшилган бўлса, ўша маҳсулотнинг узоқроқ сақланишига, яра ва куйган жойнинг тезроқ битишига ёрдам беради. Бундан ташқари, хантал мойи иситувчи ва юмшатувчи хусусиятга эга бўлиб, бронхит ҳамда ангинани даволашда у билан ингаляция қилиш фойдали. Бироқ бу ёғни овқатга кўп ишлатиб бўлмайди. Чунки таркибида овқат ҳазм қилиш ферментлари томонидан парчаланмайдиган кислоталар мавжуд.

Хантал мойида Омега-3 ва Омега-6 кислоталари етарлича сақланади. Шунингдек, A, B3, B6, B4, D, E, K, P, F витаминлари, тўйинмаган ёғ кислоталари, фитостероллар, хлорофилл, фитонцидлар, гликозидлар, эфир мойи ва бошқалар бор. Мазкур ёғдан қон айланишини яхшилаш ва мускуллар тортишиб қолишидан халос бўлишда ҳам фойдаланилади.

ЗИҒИР МОЙИ — АЁЛЛАР УЧУН ЭНГ ЯХШИ ДАРМОНДОРИ

Зиғир ёғи ўсимлик мойлари орасида энг паст калориялиси бўлиб, озиш учун мўлжалланган парҳезларда фойдаланилади. Жигардаги токсинларни чиқаришга ёрдам беради. Таркибидаги Омега-3 кислотаси миқдори бўйича балиқ мойини орт­да қолдиради. Зиғир уруғида нитратларни йўқ қилувчи антиоксидант мавжуд.

Бу мой, асосан, аёллар саломатлигини сақловчи ёғ сифатида қадрланади. Ундаги Омега-3 ёғ кислотаси кўкрак саратони хавфини камайтиради, менопауза, эндометриоз ва бефарзандлик муаммоларини бартараф этади. Зиғир мойи кальцийнинг организмга сингишини яхшилайди. Ундаги калий моддаси ва альфа-линоленли кислота юрак-қон томири касаллигини даволайди.

Таркибидаги магний туфайли қовуқ, бўғин ва нафас йўлидаги шамоллашни олади. Зиғир мойи қорин дамини қайтаради, ичаклар ҳаракатини яхшилайди ва ўт қопи ҳамда буйракни туз, тош ҳамда қумлардан тозалайди.

Мазкур ёғдан косметологияда ҳуснбузар, псориаз, экзема ва қуёш куйдиргисини даволашда фойдаланилади.

КУНЖУТ МОЙИ ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРГА ҚАРШИ

Кунжут мойи кальцийга бой. Уни «аёллар мойи» ҳам дейишади. Чунки кунжут мойи ҳомиладорлик ва гормонал ўзгаришлар пайтида жуда фойдали. Қалқонсимон без ва бўғимлардаги зарарли тузларни ҳайдаб чиқаради. Аммо кунжут қоннинг қуйилиш хусусиятини кучайтиради. Шу боис юрак касалликлари ва варикозга чалинган одамлар уни эҳтиёткорлик билан қабул қилиши зарур.

Кунжут мойи, асосан, 45 ёшдан ошган аёллар саломатлиги учун жуда фойдали. Биринчидан, организмнинг қаришини секинлаштиради, иккинчидан, онкологик хасталиклар, айниқса, кўкрак ва йўғон ичак саратонидан ҳимоялайди.

ҚОРА СЕДАНА МОЙИ ДИСБАКТЕРИОЗДАН ХАЛОС ЭТАДИ

Қора седана мойи иммунитетни кўтаради, ичакларни тозалайди ва соч тўкилишининг олдини олади. Фақат уни бир кунда 7 граммдан қабул қилиниш керак. Яна шуни ёддан чиқармаслик керакки, седана мойи жигар учун ножўя таъсирга эга. Жигарида оғриқ ёки бошқа муаммолари бўлган беморлар седана мойини истеъмол қилмаслиги лозим.

Агар қора седана мойи қизил атиргул мойига аралаштириб суртилса, йирингли ярани битиради. Чунки қора седана таркибида А, В1, В2, РР, Е ва С витаминлари етарлича сақланади. Шунинг учун у организмда модда алмашинувини яхшилайди, тери-таносил касалликларини даволайди. Ошқозон-ичак фаолиятини яхшилаб, юрак-қон томирларидаги ҳаракатни меъёрлаштиради, пешоб йўли ва буйракдаги тошларнинг парчаланиб тушишига ёрдам беради. Шунингдек, у антисептик хусусиятга эгалиги туфайли танадаги шамоллашни олади, нафас қисилиши, бронхиал астма ва сурункали йўтални даф этади.

Бундан ташқари, қора седана мойи кучли антиоксидант сифатида ичакдаги дисбактериоздан халос этади. Бунинг учун ундан кечаси ухлашдан олдин 1 чой қошиқ ичиб ётсангиз, кифоя.

Қора седана мойи қондаги қанд миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймайди, артериал қон босимини меъёрлаштириши оқибатида бош оғриғи босилади. Энг муҳими, седана мойи ичиб ётган кишининг уйқусида ҳаловат бўлади.

ҚОВОҚ МОЙИ ГИЖЖАЛАРНИ ҲАЙДАБ ЧИҚАРАДИ

Қовоқ мойи рух моддасининг манбаидир. Рух инсон организмида етарлича жинсий гормон ва инсулин ишлаб чиқарилишига ёрдам беради. Айниқса, эркакларда тестостерон гормонининг ишлаб чиқилишига кўмаклашади. Қовоқ мойи таркибида А, С, Р, Е, РР, В гуруҳидаги витаминлар ҳамда оқсил ва минерал тузлар сақланади.

Қовоқ мойи комплекс витаминларга бой шифобахш маҳсулот. Бундан ташқари, унда кам миқдорда бўлса-да, эфир мойи, пектин, стероид, гормонга ўхшаш моддалар ва селен ҳам мавжуд.

Қовоқ мойи қондаги холестеринни камайтиради, шамоллашга қарши курашишга ёрдам беради ва иммунитетни кўтаради. Бундан ташқари, у терини тиниқлаштиради ва жигарни ҳимоялайди. Антисептик хусусияти туфайли ҳар хил жароҳатларнинг битишини тезлаштиради, простата бези шамоллашини олади, ошқозон-ичак фаолиятини меъёрлаштиради, ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қуёш нуридан асрайди.

Қовоқ мойи фаол антиоксидант ҳам бўлиб, ошқозондаги яранинг битишига ёрдам беради. Шунингдек, қовоқ мойи соч ва тирноқни ўстиради, ҳужайраларнинг қайта тикланишига, юракдаги атеросклероз ҳамда ишемик хасталикларнинг олдини олишга сабаб бўлади.

Псориаз, герпес, дерматит ва экзема каби бир қанча аллергик касалликларга, сурункали гепатит ва жигар циррозига, ошқозон яраси ва ўн икки бармоқли ичак хасталикларига, сурункали ва ўткир гастрит ҳамда ички органлар заҳарланишига қарши ҳам қовоқ мойи буюрилади.

Эслатма: тавсия этиладиган ҳар қандай муолажани қўллашдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here