Турп шарбати гипертонияга қарши

0

— Газетада берила±тган шифобахш тавсияларни оиламиз билан мунтазам равишда ўқиймиз ва ундан керакли пайтда фойдаланамиз. Хафақон касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ва унга қарши дармондорилар борасида маълумот беришингизни илтимос қиламан. Чунки бу дард мени жуда кўп йиллардан буён қийнаб келмоқда…

Зуҳра АЛИҚУЛОВА

Сурхондарё вилояти

Шеробод тумани

— Хафақон (гипертония) га чалинган беморлар овқатланиш тарзига алоҳида эътибор бериши лозим. Чунки бу касаллик қон босими билан боғлиқ бўлгани сабаб хавфли хасталиклардан бири саналади. Шунинг учун шўр, аччиқ ва нордон таомларга ружу қўймаслик тавсия этилади.

Замонавий тиббиётда ҳам хафақон касаллигининг келиб чиқишига бетартиб овқатланиш, жумладан, шўр, аччиқ таомлар, гўшт маҳсулотлари, тухум кабиларни кўп истеъмол қилиш натижасида семириб кетиш, асабийлик, жиззакилик, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, депрессия ва яна бир қанча нохуш ҳолатлар сабаб бўлиши аниқланган. Шунингдек, бу касаллик ота-онадан болага ирсий равишда бўлиши ҳам мумкин. Қон босимига сабаб бўлувчи омилларга буйракнинг шикастланиши, ички секреция безлари (қалқонсимон без, буйрак усти бези, гипофиз ва бошқа) фаолиятидаги нуқсонлар ҳам 25-30 фоиз хасталанишга олиб келиши исботланган.

Касалликнинг аниқ сабаби аниқлангач, шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қуйидаги тавсиялардан фойдаланишингиз мумкин.

ДАВОЛАШ ЧОРАЛАРИ

Бош оғриганда қуритилган ялпиз ва райҳон солинган ёстиқда ётинг ёки тез-тез ушбу ги±ҳлардан тайёрланган чойдан ичиб туринг.

1 ош қошиқ наъматакнинг қуритилган меваси ва 1 ош қошиқ асал олиб, идишга солинг. Сўнг устидан сув солиб, паст оловда 10 дақиқа қайнатинг. Қайнатма совигач, уни сиздириб олинг ва озроқ мумиё қўшиб аралаштиринг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан 1 кунда 3 маҳал чорак стакандан ичинг.

2 ош қошиқ қора седана, 1 ош қошиқ барвинок барги, 2 ош қошиқ валериана илдизи ва 2 ош қошиқ дўлана гулини идишга солинг. Устидан 1,5 л қайноқ сув қуйинг ва 15 дақиқа қайнатинг. Дармондори совигач, унга 4 г мумиё қўшинг ва ундан кунига 3 маҳал 1 стакандан ичинг.

Ярим стакандан сабзи, сельдерей, лавлаги, петрушка ва исмалоқ шарбатидан олиб, идишга солинг ва аралаштиринг. Сўнг унга 2 г мумиёни эритиб қўшинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 2 маҳал 1 стакандан ичинг.

Дўлана гулидан тайёрланган дамлама қон босимини туширувчи, юрак уришини меъёрлаштирувчи дори сифатида тавсия этилади. Бунинг учун 2 ош қошиқ қуритилган дўлана гули устига 1 стакан қайноқ сув қуйиб, паст оловда 10 дақиқа қайнатинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3 маҳал 1 ош қошиқдан ичинг.

Майда жўхори попугини қайноқ сувда дамлаб, кунда уч маҳал бир пиёладан ичсангиз, қон босимингиз кўтарилмайди.

Янги сиқиб чиқарилган турп сувидан кунда икки пиёла ичилса, хафақонлик енгилади.

Олма шарбатидан бир кунда уч маҳал 100 млдан ичиш ҳам фойдали.

Узлуксиз равишда 12 ҳафта саримсоқ еб турилса, юқори қон босими мўътадиллашади.

15 г чилонжийда, 15 г олхўри, 15 г шафтоли қоқисини бир идишга солиб, устидан ярим литр сув қуйинг ва қуюқлашгунча қайнатинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3 маҳал ярим стакандан ичинг.

Лимонли чой қон босимини бир меъёрга солади. Шунингдек, лимон пўстини қайнатиб ичсангиз ҳам, шундай фойда беради.

Кун давомида 3 маҳал 5 г дан тарвуз уруғининг мағзини истеъмол қилиб турсангиз, хафақон хуружидан қутуласиз.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here