Маккаи сано қабзиятдан халос этади

0

Сано барги ва меваси халқ табобатида жуда кенг қўлланиладиган шифобахш дармондоридир. Шу боис уни билмайдиган одамнинг ўзи бўлмаса керак. Бу ўсимлик халқ орасида «Сано барги», «Искандария барги», «Маккаи сано», «Узунбарг» каби номлар билан аталиб, одатда, барг ва мевалари доривор сифатида ишлатилади.

ТАРКИБИ

Тиббиётда аниқланишича, санонинг кимёвий таркиби жуда бой. Сано ўсимлиги баргида 6,17 фоиз, мевасида 2,70 фоизгача антрацен унумларининг йиғиндиси (сеннозид А, сеннозид В, сеннозид С, сеннозид Э, реин, алой-эмодин, глюко-алой-эмодин, глюкореин ва бош­қалар) сақланади.

Сано барглари таркибида антрацен унумларидан ташқари, флавоноидлар (изорамнетин, кемпферол ва уларнинг гликозидлари) ҳамда салицилат ва бошқа органик кислоталар, смолалар ҳамда жуда оз миқдорда алкалоидлар бор.

Сано барглари сурги дори тайёрловчи хом­ашё сифатида қўлланилади. Барглар таркибидаги овқатни ҳазм қилувчи моддалар ошқозон шиллиқ пардаси рецепторларини қўзғатиш хусусиятига эга. Бунда улар безларнинг шира чиқаришини активлаштирмайди, аммо ҳаракатлантирувчи фаолиятни кучайтиради. Буларнинг барчаси, айниқса, йўғон ичакда акс этади.

Сано барги узоқ муддат терапевтик дозаларда истеъмол қилинади. Бунда унинг организмга таъсири енгил ва оғриқсиз бўлади. Антрагликозидлар суст сурги таъсирига эга, шунинг учун унинг дамламаси кечаси ётишдан олдин ичилади.

ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Сано барги биз билган барча кучли сурги дориларининг энг ишончлиси. У кўпгина оздирувчи чойлар таркибида учрайди. Сано меваси ҳам сурги сифатида ишлатилади, аммо у баргидан кўра кучсизроқ таъсир қилади. Сано барги ва мевасидан тайёрланган чой ҳамда дамламалар ҳозирда қабзиятга қарши восита сифатида халқ орасида кенг қўлланилади.

Хўш, сано барги ва меваларини қачон қўллаш мумкин? Тиббиётда санодан қабзиятда, ичаклар фаолиятининг бузилишида, сурункали қабзиятда, жигар ва ўт пуфаги касалликлари билан хасталанганда, умуман, ични суриш керак бўлган барча ҳолатларда фойдаланилади.

Хитойда найзабарг сано севимли ва мунтазам ишлатиладиган ични юмшатувчи гиёҳ сифатида қадрланади. Хитой табобатида сано иштаҳани очиш ва овқат ҳазм қилишни яхшилаш мақсадида истеъмол қилинади. Хитой табиблари санони қабзият, шиш, олигоменорея (ҳайз циклининг бузилиши) ва глаукома билан оғриган беморларга тавсия этади.

Конъюктивит, баъзи тери касалликларида эса ташқи томондан фойдаланиш учун буюрилади.

НОЖЎЯ
ТАЪСИРИ

Юқорида айтиб ўтганимиздек, маккаи санони узоқ муддат истеъмол қилишдан сақланинг. Айниқса, ичаклар беркилиб қолган ҳолларда истеъмол қилманг. Чунки бунда ич келиши умуман тўхтамай қолиши ва беморнинг аҳволи оғирлашиши мумкин.

БАРГИДАН ИЧ СУРУВЧИ ВА
ПЕШОБ ҲАЙДОВЧИ ДАМЛАМА

Чойнакка 1 ош қошиқ сано барги солиб, устидан бир стакан қайноқ сув қуйинг ва 3-4 соатга дамлаб қўйинг.

Дамламани уйқуга кетишдан олдин ҳўплаб-ҳўплаб ичинг. 7-10 соатдан сўнг дамлама ўз таъсирини кўрсатади.

ГЕМОРРОЙГА ҚАРШИ ЧОЙ

Бунинг учун 20 граммдан қуритилган сано барги, итшумурт пўстлоғи, бўйимодарон ўти (мингбарг), кориандр мевалари ва қизилмия илдизини битта идишга солиб, яхшилаб аралаштиринг.

Кейин ана шу аралашмадан бир ош қошиқ олиб, чойнакка солинг ва унинг устидан 200 мл қайноқ сув қуйиб, 20 дақиқага бостириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, уни кечаси ухлашдан олдин ичинг. Бу дамлама нафақат геморойнинг олдини олади, балки унинг тезда битишига ёрдам беради.

УРУҒИ —
ҚУВВАТЛАНТИРУВЧИ ДАРМОНДОРИ

Маккаи сано уруғини истеъмол қилиш эмизикли аёлларнинг сутини кўпайтиради. Натижада боланинг ошқозон-ичак фаолияти яхшиланиб, сутнинг ҳазм бўлиши енгиллашади.

Агар эркакларда жинсий қувват заифлашиб қолса, улар сано уруғини кунжут ва асалга аралаштириб ейиши лозим, чунки бу аралашма жинсий қувватни оширади.

ОРТИҚЧА ВАЗНДАН ХАЛОС ЭТАДИ

Буюк табиб Абу Али ибн Синонинг асарларида семизлик томирларни қисиб, руҳнинг сўнишига олиб келади, дейилади. Бунинг давоси сифатида эса овқатни кам истеъмол қилиб, жисмоний ҳаракатни кўпайтириш, ҳаммомга тез-тез тушиб туриш ва организмни ёғ ҳамда токсинлардан тозаловчи маккаи сано дамламасидан ичиб туриш тавсия қилинади.

Абу Бакр ар-Розийнинг фикрича, қориннинг чиқиб кетишига нафснинг ёмонлиги сабаб бўлади, яъни нотўғри ов­қатланиш ва танбаллик туфайли ортиқча вазн муаммоси туғилади, қориннинг меъёрдан ортиқ чиқиб кетиши туфайли қорин бўшлиғи, кўкрак қафаси ва юрак атрофини ёғ қатламлари эгаллайди, томирлар қисилиб, уларда қон, ҳаво айланиши бузилади ҳамда қон томирларининг фаолияти қийинлашади. Оқибатда киши руҳига ҳам зарар етади.

Бироқ бундай вақтда қорин қўйиб юборган кишининг тушкунликка тушиб, руҳан эзилиши ярамайди. Аксинча, у қоринни йўқ қилиб, гавдани чиройли бичимга солиб олишга киришиши лозим. Бунинг учун қуйидагиларга амал қилиши шарт:

  1. Суюқ овқат, айниқса, хамирли суюқ овқатни кам истеъмол қилиш.
  2. Иссиқ, юмшоқ ва оқ нонни вақтинча емаслик. Унинг ўрнига суви қочган нон тавсия этилади.
  3. Қовурилган, ёғли овқат, сут, қази, кабоб, шўр таомлар ва тухумдан вақтинча парҳезда бўлиш.
  4. Ширинликлар, қандолатчилик маҳсулотлари, қаҳва, какаодан воз кечиш.
  5. Спиртли ичимликлардан мутлақо тийилиш.
  6. Ҳафтада 1-2 марта ҳаммомда узоқ терлаш.
  7. Жисмоний иш ёки мунтазам бадантарбия билан шуғулланиш.
  8. Ҳар куни 40 дақиқа югуриш.

Мутлақ соғайиб, ихчам бўлиш учун санаб ўтилган тавсияларга бир йил риоя қилиш кифоя. Бу халқ табобатида минг йиллар мобайнида тажрибадан ўтган усул бўлиб, у нафақат қоринни йўқотиш, балки умумий соғлиғингизни яхшилаш учун ҳам муҳимдир.

Энг муҳими, ана шу усулларни қўллаётганда сано чойидан мунтазам ичиб туринг. Чунки бу чой сурги дори сифатида ишлатиладиган энг тез таъсир этувчи дармондоридир.

Кўпайган ёғ ҳамда сафрони бадандан ҳайдаш ва сўндириш учун ҳам, энг аввало, маккаи санодан тайёрланган сурги дамламасини ичиб, тозаланиш керак.

ЯНА ҚАНДАЙ
КАСАЛЛИКЛАРГА ДАВО?

Маккаи санодан халқ табобатида жуда кўп касалликларга қарши фойдаланилади, масалан, бўғимлардаги оғриқ (подагра), тери-таносил касалликлари — темратки, экзема, сурункали ич қотиши, эпилепция, бош оғриғи ва юрак қисилиши каби бир қанча касалликларни даволашда қўлланилади.

Эслатма: Айни дамда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, барча сурги воситаларидан, жумладан, ўсимлик шаклидагилардан ҳам, узоқ муддат фойдаланиш ярамайди. Чунки бу ичакларни қўзғатиши ҳамда керакли минералларни организмдан чиқариб, инсон саломатлиги учун хавф туғдириши мумкин.

Иккинчидан, аллергияси бор кишилар ҳам бу дармондоридан дермотолог шифокор билан маслаҳатлашиб, кейин фойдаланиши лозим.

Бундан ташқари, маккаи санодан ҳомиладорлик вақтида фойдаланиш тақиқланади, чунки у бола тушишига сабаб бўлиши мумкин.

Сано барги дамламасини узоқ муддат ичиш мумкин эмас. Яхшиси, шифокорнинг ўзи сизга бошқа сурги дорилар билан навбатма-нав­бат ичишни тавсия этсин.

Умуман олганда, ҳар қандай шароитда сано чойидан фойдаланишдан олдин шифокор билан маслаҳатлашинг.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here