Саримсоқ темираткини даволайди

0

Кунлар исий бошлаши билан айримларни темиратки безовта қила бошлайди. Турли сабаблар туфайли пайдо бўлувчи бу тери касаллиги кўнгилни хира қилиши тайин. Шу боис бу галги саҳифамизда темиратки ва уни даволаш усуллари ҳақида маълумот беришни жоиз деб топдик.

САРИМСОҚ БИЛАН ДАВОЛАШ

Таркибида замбуруғли касалликларга қарши шифобахш модда мавжудлиги боис саримсоқ терида пайдо бўлган ҳар қандай темираткини даволайди. Ҳаттоки замбуруғли касалликларни бартараф этишда саримсоққа тенг келадигани йўқ.

 

САРИМСОҚЛИ РЕЦЕПТЛАР:

* Саримсоқнинг 3-4 бўлагини қирғичдан ўтказинг ва темиратки устига малҳам дори сифатида қўйиб, боғланг. Бундай муолажани темиратки батамом йўқолиб кетгунча қўлланг.

* Болалардаги темираткини даволашда фақат саримсоқнинг ўзидан фойдаланиш тавсия этилмайди. Чунки саримсоқли малҳам жароҳатга қўйилгач, қаттиқ ачиштиради. Бола бунга чидай олмайди. Шунинг учун уни ўсимлик мойи ёки вазелин билан суртиш буюрилади.

* Агар темиратки кўп қичишса, тез кўпайиб кетаверса, унга олмали сирка аралаштирилган саримсоқ бўтқасини суртиб қўйинг. Саримсоқдаги антибактериаль хусусият ва сиркадаги ўткирлик темираткидаги замбуруғни ўлдиради.

* Эзилган саримсоққа бироз қора узум шарбати қўшиб, темиратки устига қопласангиз, жароҳат битиши тезлашади. Ундан кунига 2 маҳал (эрталаб ва кечқурун) фойдаланинг. Муолажа муддати — 10 кун.

Тери касалликларида темиратки термини кўп қўлланилади. Чунки унинг тури кўп. Улардан бир қанчаси, масалан, қизил ва ёйма темиратки унчалик хавфли эмас. Фақат қичишиш орқали танага азоб беришига чидаш осон бўлмайди. Аммо темираткининг яна шундай турлари борки, улар ҳам юқумли, ҳам инфекцион характерга эга. Бу темираткилар танада тезлик билан кўпайишдан ташқари, бошқаларга юқиши ҳам мумкин. Булар: трихофития — қайчи ҳаракатини эслатадиган мойхўрак, қирма темиратки, турфа рангдаги замбуруғли темиратки, яъни касаллик қўзғатувчи бактерияларга тўла пуфакчали, белбоғли темираткилар. Темираткилар қандай турда бўлмасин, уни уй шароитида ҳам даволаш мумкин.

ГРЕЧКА ЁРМАСИ

* Гречка ёрмасидан тайёрланган қайнатма темираткини даволайди. Бунинг учун темираткини мазкур қайнатма билан чайиш лозим. Қайнатмани тайёрлаш учун 1 стакан гречка ёрмаси ва 2 стакан сув керак бўлади.

* Гречка ёрмасига ачитқи қўшиб кўпчитиш ва тайёр малҳамни темиратки устига ниқоб қилиб тортиш орқали жароҳатни йўқотиш мумкин. Муолажа муддати — 5 кун.

 

БОШҚА ШИФОБАХШ РЕЦЕПТЛАР:

* 1 ош қошиқ қариқиз баргини идишга солиб, устидан қайноқ сув қуйинг ва 20-25 дақиқа тиндириб қўйгач, сиздириб олинг ҳамда жароҳатингизга компресс қилиб боғланг.

* 20 г зиғир поясини майдалаб, идишга солинг ва устидан 0,5 л сут қуйинг. Сўнг тайёр бўлган бўтқани малҳам сифатида жароҳат устига қўйиб боғланг.

* 1,5 чой қошиқ қуритилган зиғир поясини идишга солинг ва устидан 1 стакан қайноқ сув қуйиб, бостириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, уни кунига 2 маҳал (эрталаб ва кечқурун) 0,5 стакандан ичинг. Бу дамламани темиратки устига компресс қилиш ҳам мумкин.

* Совунак (мильнянка — илдизи совун ўрнида ишлатиладиган ўтсимон ўсимлик) илдизи дамламаси темираткини тезлик билан йўқотади. Бунинг учун 1 чой қошиқ туйилган совунак илдизини стаканга солинг ва устидан қайноқ сув қуйиб, тўлдиринг. Сўнг 4-8 соат давомида бостириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан кунига 4 маҳал стакандаги дори тугагунча ичинг.

* Сутлама, ихрож (заҳарли оқ шира чиқарадиган ўт) ширасини кунига 2-3 маҳал темираткига суртиш орқали ундан халос бўлиш мумкин. Муолажани темиратки йўқолгунча қўллаш лозим.

* Қарағайнинг елимга бой тарашасидан тутантириқ ясаб, қуюқ тутунига темираткини тутсангиз, дарддан халос бўласиз. Муолажа муддати — 10 кун.

ЙОД ВА МАРГАНЦОВКА

Марганцовка (калий перманганат кристаллари ёки эритмаси) ёрдамида ҳам темираткани даволаш мумкин. Фақат унутманг, йод ва марганцовка темираткининг бошланғич даврида фойда беради. Терида темиратки доғи пайдо бўлиши билан уни йод ёки марганцовкали сув билан тозалаб турсангиз, тез орада дарддан қутуласиз. Бу муолажа давомида кўк доридан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Агар темиратки катталашган ва жароҳат сувлана бошлаган бўлса, унга йод, марганцовка ва кўк дори ёрдам бера олмайди.

 

ҚАЙИН ДАРАХТИНИНГ ҚАТРОНИ  ДАВОЛАЙДИ

* Қайин елимига ўсимлик мойи ва қаймоқдан тенг миқдорда қўшиб, аралаштиринг ва темиратки устига ниқоб қилиб тортинг. Бу ниқоб темираткини йўқотади, газакни олади ва тери рангини яхшилайди. Мазкур ниқобни кечаси ухлашдан олдин қўлласангиз, янада фойдалироқ.

* 50 грамм қайин елимига 4 дона бедана тухумининг сариғи ва 0,5 стакан қаймоқни яхшилаб аралаштиринг ҳамда 1 соатга бостириб қўйинг. Малҳам тайёр бўлгач, ундан кунига 2 маҳал (эрталаб ва кечқурун) фойдалансангиз, темираткидан қутуласиз.

Эслатма: одатда, қайин елими жуда кўп кишининг терисига аллергия беради. Шунинг учун ҳам аввал елимдан озроқ олиб, терингиз устига қўйинг ва лейкопластир ёпиштиринг. Маълум муддат ўтгач, очиб кўринг, тери ранги ўзгармаган бўлса, муолажани бошлашингиз мумкин.

ҚОНЧЎП — ШИФОБАХШ МАЛҲАМ

Қончўп (чистотел) турли хилдаги тери касалликларини даволашда қўлланилади. У билан темираткини ҳам даволаш мумкин. Бунинг учун қончўпнинг майда новдаларини эзиб, темиратки устига малҳам сифатида босинг. Бу, албатта, сизга ёрдам беради. Бундай муолажани ёзда қўллашингиз мумкин, чунки қишда фақат қуритилган қончўпдан фойдаланасиз. Бунда уни идишга солиб, устидан озроқ қайноқ сув қуйсангиз, худди ёздагидек малҳам тайёр бўлади. Бу малҳамни ҳам худди ёздагидек темиратки устига босасиз. Муолажани темиратки йўқолгунча давом эттиринг. Энг муҳими, қончўп малҳамидан темираткининг ҳамма турида фойдаланиш мумкин. Чунки у инфекция ҳайдовчи, шамоллашни олувчи ва аллергиядан халос этувчи хусусиятга эга.

 

ТЕМИРАТКИГА ҚАРШИ ХАЛҚОНА РЕЦЕПТЛАР

Қора кишмиш узум темираткига даво. Бунинг учун, аввало, узумни яхшилаб ювиб, идишга соласиз ва устидан қайноқ сув қуйиб, 30 дақиқага бостириб қўясиз. Сўнг юмшаган узумни блендерда майдалайсиз. Тайёр бўлган бўтқани салқин жойга олиб қўясиз ва ундан ҳар кечаси ухлашдан олдин темиратки устига ниқоб тортасиз. Узум таркибидаги инфекцияга қарши модда темираткини инфекциядан халос қилади ва теридаги касалликни бартараф этади. Муолажа муддати — 10-15 кун.

* Асалари елими дамламаси темираткини даволайди. Бунинг учун 50 грамм майдаланган асалари елимини идишга солинг ва устидан 200 мл спирт қуйиб, 1 ҳафтага бостириб қўйинг. Дамлама тайёр бўлгач, ундан темираткини артишда фойдаланинг.

* Гречка қайнатмаси бинафша ранг темираткига даво. Бунинг учун 150 грамм гречка ёрмасини идишга солиб, устидан 3 стакан сув қуйинг ва паст оловда 1 соат қайнатинг. Қуюқ бўтқа ҳосил бўлгач, ундан темиратки устига кунига 8-10 маҳал суртинг. Муолажани темиратки йўқолгунча қўллаш талаб этилади.

Эслатма! Юқоридаги муолажаларни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг.

ЗУЛФИЗАРБОНУ тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here