Баҳорий гиёҳлар билан имммунитетни кўтарамиз

0

Шифокорларнинг таъкидлашича, табиий гиёҳлардан тайёрланган дамламалар иммунитетни кучайтиради, турли касалликлар асоратларини йўқотади, соғлиқни тез тиклашга ёрдам беради. Қолаверса, кимёвий дори воситаларидан фарқли ўлароқ безарар. Айниқса, уларни баҳорнинг илк кунларида истеъмол қилиш янада фойдали. Бундай шифобахш гиёҳлар сирасига наъматак, дўлана, қорағат, лимонўт, гулқоқи,  арслонқуйруқ, тоғрайҳон, далачой, отқулоқ, шовул, ҳамда аччиқ шувоқ кабиларни киритса бўлади.

ГУЛҚОҚИ ҚОННИ ТОЗАЛАЙДИ

Момақаймоқ (қоқиўт, гулқоқи) мураккабгулдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ширали ўсимлик.

Халқ табобатида гулқоқи илдиз ва баргларидан тайёрланган дамламадан буйрак хасталикларини даволашда, пешоб ҳайдовчи омил сифатида ва қонни тозалашда фойдаланилади. Унинг илдизидан тайёрланган дамлама жигар шамоллашида, ўт пуфаги яллиғланганда ва бавосилни даволашда фойдалидир. Гулқоқи таркибида С, В2 витаминлари, темир, кальций, фосфор, органик кислоталар ва бошқа фойдали моддалар мавжуд. Бу эса унинг қувватлантирувчи дармондори эканлигини билдиради. Эндигина ниш урган момақаймоқ баргларидан чучвара, манти ва сомса тайёрлаш мумкин.

Бундан ташқари, илдизидан тайёрланган дамлама жигар шамоллашида, ўт пуфаги ва меъда яллиғланишида самарали натижа беради. Шунингдек, у бавосилни даволашда ҳам тавсия этилади.

Қоқиўт баргларидан олинган шира камқонлик, дармонсизлик ва кўкрак қафаси касалликларини даволашда ёрдам беради. Эрта баҳорда йиғиб олинган ўсимлик илдизи совуқ сув билан ювилади ва очиқ ҳавода қуритилади.

Уй шароитида момақаймоқ ўсимлигидан дамлама тайёрлаш учун идишга 1 стакан қайноқ сув солинг, унинг устига ўсимликнинг майдаланган баргларидан ёки илдизидан 1 чой қошиқ солиб, бостириб қўйинг. Ушбу дамламани кунига 3-4 маҳал овқатланишдан ярим соат олдин чорак стакандан ичинг.

Гулқоқи илдизининг кукунига асал қўшиб тайёрланган суртма тери касалликларига даво бўлади.

ОТҚУЛОҚ ТЕМИРАТКИДАН ХАЛОС ЭТАДИ

Отқулоқ илдизи, барги ва мевасидан тайёрланган қайнатма ич кетиши, ичак яралари каби касалликларни даволашда ишлатилади. Шунингдек, ундан тайёрланган кўксомса ва чучвара қувватни ошириш хусусиятига эга. Қуритилмаган баргидан олинган шира билан эса баҳорда кўпаядиган қўтир ва темиратки даволанади.

Отқулоқ А, С, РР, К ва В гуруҳидаги витаминлар, калий, кальций, темир, йод, марганец, мис ва бошқа фойдали моддаларга бой. Шунинг учун баҳор келиши билан отқулоқдан таомлар тайёрлаш ва шарбатидан ичиб туриш тавсия этилади. Отқулоқ камқонликни даволашда ҳам жуда қўл келади. Бунинг учун 1 боғ барра отқулоқ баргларини идишга солиб, устидан 2 стакан сув қуйинг ва 20 дақиқа қайнатинг. Бир соат тиндиргач, докада сузиб, кунига тўрт маҳал чорак стакандан ичинг.

Эслатма: отқулоқни доим янгилигида ишлатиш керак.

БУЙРАК КАСАЛЛИКЛАРИНИ ДАВОЛОВЧИ ЎСИМЛИК

Шувоқнинг ер устки қисмидан тайёрланган дамлама сил, менингит, тутқаноқ, асаб касалликларини даволашда ва оғриқ қолдирувчи восита сифатида ишлатилади. Шунингдек, унинг дамламаси организмни мустаҳкамлаб, бактерияларга қарши курашишга ёрдам беради, буйрак ва пешоб йўллари касалликларини даволайди.

Шувоқ нафақат озиқ-овқат саноатида, балки косметологияда ҳам кенг қўлланилади. Кечаси ухлашдан олдин юзингизга шувоқ шарбатидан суртинг ва 30 дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташланг. Худди шу тартибдаги муолажани 3-4 кун такрорласангиз, юзингиз тиниқлашиб, рангингиз очилади.

ЭРМОН — ДАРДГА ДАРМОН

Замонавий тиббиётда эрмондан кучли гижжа ҳайдаш воситаси сифатида фойдаланилади. Эрмон таркибида эфир мойларидан абсинтол, гликозидлар, флавоноидлар, хамазулен, органик кислоталар, С, К, Е витаминлари, фитонсид ва бошқа моддалар бор.

Абу Али ибн Сино эрмоннинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатма билан кўз шамоллашини, бачадон касалликларини даволашни тавсия қилган. Эрмон шираси билан истисқо ва сариқ касаллигини даволаган.

Олимларнинг таъкидлашича, эрмон гулларидан тайёрланган қайнатама безгак, ичак яраси, бавосилга даво бўлиши билан бирга ҳароратни туширувчи, ўт, тер ва гижжа ҳайдовчи омил ҳисобланади.

Эрмон ва зарпечак қайнтамаси тутқаноқ ҳамда камқонликни даволашда ишлатилади. Шунингдек, бу гиёҳ ичак метеоризмидан халос бўлиш, кўричак асоратларини даволаш, жиғилдон қайнашидан қутулиш, оғиздаги нохуш ҳидни йўқотишда ёрдам беради.

Эрмондан тайёрланган дори воситалари вабодан ҳимояланишда ҳам қўл келади. Чунки бу гиёҳда микробларни ўлдириш хусусияти бор. Шуниси диққатга сазоворки, эрмон билан тоғжамбил қайнатмаси алкоголизмга қарши восита сифатида қўлланилади.

Уй шароитида эрмондан дамлама тайёрлаш учун идишга икки стакан қайнаган сув қуйилади, устига майдаланган эрмон ўтидан 1 чой қошиқ солиб дамланади. Дамламадан кунига 3 марта овқатланишдан ярим соат олдин чорак стакандан ичилади.

ЯСМИҚ НАФАС ЙЎЛИНИ ЮМШАТИБ, ЙЎТАЛНИ  ДАВОЛАЙДИ

Маданий ҳамда ёввойи ҳолда ўсадиган ясмиқ таом ҳазмини яхшилайди. Унда фосфор моддаси сероб бўлгани учун суякни бақувват қилади. Ясмиқ уни қабзиятдан халос етиб, тери яллиғланишини даволашда яхши таъсир кўрсатади.

Ясмиқ донида А, В, С, К, Е ва РР витаминлари, темир, кальций, магний, калий ва фосфор бор.

Машҳур олим Ал-Маарий ясмиқни гўшт ўрнини босувчи маҳсулот сифатида таърифлаган. Унинг пўсти иссиқ бўлиб, уни қайнатиб, очиқ жароҳатга босилса, тери йиринглашининг олдини олади.

Бодом ёғи қўшилган овқат билан бирга ейилса, шамоллашга даво.

Қайнатиб пиширилган ясмиқни сирка билан қўшиб ейиш меъда фаолиятини яхшилайди, нафас йўлини юмшатади ва йўтални тўхтатади.

Ясмиқ қайнатилган сув билан оғизни чайиш орқали оғиздаги яллиғланишдан қутулиш мумкин.

Ясмиқ донидан 30 та олиб, пўстини тушириб есангиз, бузилган меъда фаолиятини изга солади.

Ясмиқни эзиб, асал билан аралаштириб, чуқур заҳмларга боғласангиз ёки гул ёғи билан қўшиб, шамоллаган кўзга суртсангиз тузатади.

Товуқ тухумига қўшиб, совуқ урган оёқ, қўл ва юзга суртилса, фойдалидир.

Ясмиқни пишириб, карам барги билан сут тўпланиб қолиши натижасида яллиғланган она кўкраги боғланса, тез фойда қилади.

Пиширилган ясмиқни қовун уруғи билан бирга юзга суртсангиз, юз сариқлигини бартараф қилади.

Ясмиқни куйдириб, кулини тиш пастасига қўшиб, тишни ювсангиз, яхши оқартиради.

Ясмиқдан кўп истеъмол қилинса, айниқса, ёввойи навидан, қонни қуюқлаштиради, камқонликдан халос этади.

Айниқса, уни сирка ёки таркибида қанд бўлган хурмо ва майиз каби мевалар билан қўшиб есангиз, сизни янада қувватлантиради.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

(«Ҳордиқ» хазинасидан)

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here