Исмалоқ ва жағ-жағнинг минг бир хусусияти

0

Абу Али ибн Сино бежизга «Баҳор инсон умрининг энг яхши ва энг шифобахш фаслидир», деб айтмаган. Об-ҳаво инсон танасининг барча аъзоларига, жумладан, юрак-қон томир, асаб, ошқозон-ичак, нафас, оёқ-қўл, умуртқа тизимларига, жигар, буйрак ва бошқа аъзоларга ўз таъсирини ўтказиши кузатилади.

Буни қарангки, баҳорда инсон организмидаги ҳар хил сурункали касалликларнинг қўзғалиши ҳам олимлар томонидан исботланган. Чунки инсон организми қишдан баҳорга ўтиш даврида ҳар хил витаминларга, минерал моддаларга, микро ва макроэлементларга муҳтож бўлади. Об-ҳавонинг кескин ўзгариши асаб тизимига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Бунда уйқусизлик кучаяди, асабийлашиш, қон босими кўтарилиши, бош оғриғи пайдо бўлиб, нафас олиш қийинлашади. Бу каби фаслий чарчаш, дармонсизланиш, айрим ўткир ва сурункали касалликларнинг пайдо бўлиши халқимизда «Илик узилди пайти» дея таърифланади.

Ривоят қилишларича, бир кишининг фарзанди қаттиқ бетоб бўлиб, унинг касалига бирорта табиб чора топа олмабди. Ўлғиз ўғлидан ажраб қолишини англаган ота чидай олмай, уни кўтариб, бошқа табибларни излаб йўлга тушибди. Тоғу дараларни, қалин ўрмонларни кезиб кетаверибди. Чанқаса ўғлига булоқ сувидан ичирибди, қорни очса ўт-ўланларнинг мевасию илдизини едирибди. Буни қарангки, кундан кунга фарзанди кучга кириб, соғая бошлабди. Шунда не-не табиблар даволай олмаган дардни доривор ўт-ўланлар аритиб юборган экан.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсон йил давомида саломат бўлиш учун баҳор келиши билан овқатланиш рационига дармондорили гиёҳларни етарли даражада қўшиши шарт.

1. Эрта баҳорда униб чиққан жағ-жағ, ерчой, отқулоқ, зубтурум, абрук, иттиканак, кашнич, ялпиз, баргизуб, ширинмия, янтоқ, шувоқ, тоғ райҳон, коврак, маврак, марваридгул, мойчечак, гулқоқи, йўнғичқа, исмалоқ, қоқи ва бошқа доривор гиёҳлардан истеъмол қилишни канда қилмаслик лозим ҳамда улардан пиширилган турли миллий таомлар — чучвара, манти, хоним, пичак ва сомса кони фойдадир.

2. Эрта баҳорда ўзи униб чиқадиган ёввойи гиёҳларни ҳам маълум бир муддат ичида истеъмол қилиш таомларнинг шифобахшлигини кучайтиради, инсоннинг қонини, ички аъзоларини тозалаб, зарур озуқалар билан таъминлайди.

3. Баҳорда сигир сутининг ҳам сервитамин бўлишини ҳисобга олиб, кундалик овқатланиш рационига сутдан тайёрланган овқат ва ширинликларни киритинг.

Юртимизда учрайдиган ўсимликларнинг кўпчилиги шифобахш хусусиятга эга ва қадимдан улардан ҳар хил касалликларни даволашда ота-боболаримиз кенг фойдаланиб келишган.

Биз қуйида илик узилди даврида қувватлантирувчи, анимиядан халос этувчи ва иммунитетни кўтарувчи табиий дармондорилар ҳақида маълумот бермоқчимиз.

ИСМАЛОҚ ПЕШОБ ҲАМДА
ЕБаҳор келиши билан дастурхонга тортиладиган кўк таомларнинг сараси исмалоқдан тайёрланади. Чунки исмалоқ барглари жуда шифобахш. Исмалоқ, энг аввало, ошқозон ичак фаолиятини яхшилайди. Шунинг учун ундан тайёрланадиган таомлар ва дамламалар гастрит, энтероколит билан оғриган беморларга тавсия этилади.

Ичи яхши юришмаган ва қорин дам бўлган пайтда 10 г исмалоқ баргини 1 литр сувда қайнатиб, вақти-вақти билан ичиб турилса, дамлама ичаклар фаолиятини яхшилаб, қорин дам бўлишини йўқотади.

Исмалоқ шарбатида кўп миқдорда марганец моддаси мавжудлиги сабабли организмда моддалар алмашинувига ижобий таъсир этади. Шунингдек, бу модда қон таркиби ва суякларга фойдали. Мия фаолияти ҳамда унинг эндорфин — «бахт гормони» ишлаб чиқиши учун муҳим аҳамиятга эга.

Янги униб чиққан исмалоқни кўкатлар қироли дейиш мумкин. Чунки исмалоқ таркибида фойдали моддалар, оқсил, клетчатка жуда ҳам мўл. Аммо исмалоқнинг барглари катта-катта бўлиб, дағаллаша бошласа, уни истеъмол қилмаган маъқул. Унинг дағал барг ва пояларида шовул кислота кўпайиб кетади. Бу эса буйрак-тош касаллигини келтириб чиқаради. Исмалоқ, отқулоқ, шовул каби турдош ўсимликлар буйрак-тош касаллиги мавжуд ва буйрак ҳамда пешоб тизими хасталиклари билан оғриган беморларга тавсия этилмайди.

Исмалоқни қайнаган сувда уч дақиқа тутиб, кунжут ёғи аралаштириб, уч маҳал есангиз, ичаклар юришиши яхшиланади.

Исмалоқ озиқ моддаларига бойлиги бўйича ошкўклар ичида биринчи ўринда туради. У А, В1, В2, В5, В6, В9, С, Е, H, PP, К каби юрак касалликларига, ошқозон, кўкрак, простата ҳамда теридаги саратон хасталигига қарши курашувчи 12 хилдан ортиқ витаминлар ҳамда темир, рух, кальций, магний, натрий, фосфор, аминокислоталар ва эфир мойига эга.

Исмалоқ организмни шлаклардан тозалайди. Ичак, қон томирлари фаолиятини яхшилайди. Бундан ташқари, исмалоқ юқори қон босими, кўз ва кўриш муаммоларини камайтириб, суякларнинг мустаҳкамлигини оширади.

Абу Али ибн Сино исмалоқ баргидан тайёрланган қайнатмани изтиробли йўталга қарши, балғам кўчирувчи, сафро ҳайдовчи, қувват бағишловчи восита сифатида тавсия этган. Баргидан тайёрланган малҳам эса оғриқ қолдиришда наф беради.

Замонавий тиббиётда исмалоқ камқонликни даволашда, шунингдек, парҳез таом ва сервитамин неъмат сифатида қўлланилади. Халқ табобатида исмалоқ баргидан тайёрланган дамлама камқонлик, томоқ, ўпка ва асаб касалликларига даво ҳисобланади. Шунингдек, исмалоқ ел ва пешоб ҳайдовчи беозор дармондоридир.

ЖАҒ-ЖАҒ ЎТ ҚОПИДА  САФРО ҲАЙДАЛИШИНИ ЯХШИЛАЙДИ

Жағ-жағ карамдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўт-ўсимликдир. Тиббиётда бу ўсимликни ер устки қисмлари ишлатилади. Таркибида гистотин гликозиди, С ва К витаминлари, флавоноидлар, органик кислоталар, ошловчи моддалар ва бошқалар бор.

Пояси битта, баъзан бир нечта бўлиб, тик ўсади. Гуллари шингилга тўпланган. Меваси — қўзоқча шаклида  бўлади.

Баҳордаги илик узилди даврида бошқа кўкатлар сингари жағ-жағни ҳам овқат рационига қўшиш фойдали. Мазкур ўсимлик иштаҳа очади, меъда ширасининг ажралишини яхшилайди, енгил сурги ва ўт ҳайдаш хусусиятига эга. Унинг уруғи хантал ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади.

Барглари таркибида қандлар, флавоноидлар, органик (лимон, олма, фумар, вино) кислоталар, эфир мойи, сапонинлар, С, В2 ва К витаминлари, каротин, инозит, холин, ацетилхолин, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Уруғининг таркибида 28 фоизгача ёғ ва оз миқдорда синингрин гликозиди мавжуд.

Жағ-жағ турли қон оқишларида (бачадон, меъда, ўпка, буйрак, бурундан ва яралардан қон оққанда, бавосил касаллигида) ишлатилади. Яралардан, шилинган жойдан ва бурундан қон оқишини тўхтатиш учун янги йиғилган баргни эзиб, қон оққан жойга қўйилади.

Унинг дамламаси ичдан қон оқишини ҳам тўхтатади. Иситмани туширишда ва ич кетганда жағ-жағдан тайёрланган дамлама ичилади.

Таркибида холин ва ацетилхолин бўлгани учун жағ-жағ қон босимини пасайтириш, К витамини  бўлгани учун қон ивишини тезлатиб, оқишини тўхтатиш таъсирига эга.

Шунингдек, жағ-жағ уруғи хантал  ва қалампир ўрнида зиравор сифатида овқатга ишлатилади.

Уруғи таркибида 28 фоизгача ёғ ва оз миқдорда синингрин гликозиди мавжуд.

Жағ-жағ ўсимлиги қадимдан халқ табобатида турли касалликларни даволашда кенг миқёсда ишлатиб келинади.

ЗУЛФИЗАРБОНУ тайёрлади.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here