Қашқадарёда 12 та сув объектида фавқулодда ҳолатлар рўй бериши хавфи аниқланди

0

Баҳор фаслининг анча серёғин келиши юртимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мўл бўлиши, тўкин-сочинликдан нишонадир. Бундан деҳқону чорвадорларнинг хотири жам. Чунки қишда қорнинг, баҳорда ёмғирнинг сероб бўлиши омборларимизнинг сувга тўлиши, ерда намнинг юқори бўлишини англатади.
Бироқ ёғингарчиликнинг кўп бўлиши айрим ҳудудларда сув тошқинлари, сел келиши хавфини юзага келтиради. Ўз вақтида муҳофаза чоралари кўрилмаса, бу катта талафотларни келтириб чиқариши мумкин.

Вилоят тошқинга қарши комиссиясининг ҳайъат йиғилишида ана шу каби ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ва ҳудудлар муҳофазасини таъминлаш, бу борада кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни амалга ошириш хусусида сўз борди.

Тадбирда таъкидланганидек, соҳа ходимлари томонидан тошқин ва сел келиши хавфи мавжуд бўлган ҳудудлар мунтазам равишда ўрганилиб, муҳофаза чоралари кўриб келинмоқда. Хусусан, жорий йилда вилоятдаги 12 та сув объектида фавқулодда ҳолатлар рўй бериши хавфи аниқланиб, уни бартараф этиш мақсадида белгиланган тартибда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Биламизки, тоғли ҳудудлардаги қишлоқларнинг кўпчилиги сув манбаларига яқин, деҳқончилик учун қулай сойликлар ҳудудида жойлашган. Айрим оилалар эса ўзбилармонлик билан сув йўлларига янада яқин ҳудудлардан уй қуриб олишган. Бу ҳолат бутун бир оиланинг ҳаётини хавф остида қолдиради.

Йиғилишда ана шундай ҳудудларни ўрганиб, аҳолини хавфсиз ҳудудларга кўчириш, дарё ва сув омборлари атрофидаги емирилишлар, ер чўкишларини аниқлаб, ўз вақтида муҳофаза чораларини кўриш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди. Бу борада масъул ходимларга тегишли топшириқлар берилди.

Нодирбек АБДУЛЛАЕВ,

вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here