Бўзноч ўт қопидаги тошни ҳайдайди!

0

Бўзноч (ўлмасўт) сафро ажралишини кучайтириш, уни суюлтириш, сафро кислотаси концентрацияси ва билирубин миқдорини камайтириш хусусиятига эга. Бўзноч сафро кислоталарини ўзгартиради, ўт пуфаги тонусини оширади, ошқозон ва ошқозоности бези фаолиятини яхшилайди.

Қумлоқ бўзночи астрадошлар оиласига мансуб бўйи 30 см га етадиган кўп йиллик ўсимлик. Европа, Кавказ, ўарбий Сибирь, Жанубий Қозоғистон ва Ўрта Осиёнинг айрим ҳудудидаги қумлоқ ерларда ўсади. Бўзноч июнь-августда гуллаб, меваси август-сентябрда пишади. Айниқса, баҳорнинг илк ойларида қон айланишини яхшилаш, иштаҳани очиш ва ошқозон-ичак фаолиятини меъёрлаштиришда асқатади.

Тиббиётда бўзноч гули ишлатилади. Таркибида флавоноидлар, кумаринлар, эфир мойи, инозит, К витамини, бўёқ, ошловчи ва бошқа моддалар бор. Гулидан тайёрланган қайнатма, дори холидаги қуруқ концентрати, ўт ҳайдовчи чойлар сурункали холецистит ва бошқа касалликларда, ўт пуфагидаги тошни туширишда қўлланилади.

Териб олинган бўзноч тўпгулларини сояда ёки ҳавоси яхши айланиб турадиган жойда қуритиш керак. Хомашё 2-3 сантиметрлик қоғоз ёки матога жойланади. Тўпгуллар синувчан бўлиб қолганда қуритиш тўхтатилади.

ЎТ ҲАЙДОВЧИ ДАМЛАМА

Алоҳида идишга 400 мл сув, 10 г бўзноч гули, 3 ҳисса себарга, 2 ҳисса ялпиз барги ва 2 ҳисса кашнич уруғи солинг ва уларнинг ҳаммасини аралаштириб, қоғоз халтачага солиб қўйинг. Кейин ундан 1 чой қошиқ олиб, чойнакка солинг ва устидан 2 стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дам едиринг. Дамлама тайёр бўлгач,  совитинг ва кунига 3-4 маҳал овқатдан 30 дақиқа олдин илиқ ҳолида ичинг.

БЎЗНОЧ ҚАЙНАТМАСИ

Сирли идишга солинган 10 г майдаланган бўзноч тўпгулига 200 мл хона ҳароратидаги сув қуйинг ва қопқоғини ёпиб, 30 дақиқа сув ҳаммомида қиздиринг. Бу вақт давомида уни тез-тез қўзғаб туринг. Совигач, дастлабки миқдор — 200 мл га етгунча сув қуйинг. Дармондори тайёр бўлгач, ундан кунига 3-4 маҳал овқатдан 10-15 дақиқа олдин 1 ош қошиқдан истеъмол қилинг.

Замонавий тиббиётда бўзноч тўпгуллари холецистит, гепатит, холангитда пешоб ҳайдовчи восита сифатида фойдаланилади. Беморларда кўнгил айниши, жигар соҳасида оғриқ, метеоризм камаяди, қайт қилиш тўхтайди, жигар ҳажми кичраяди.

Болгарияда бўзночнинг тўпгуллари холецистит, ўт пуфагидаги тошда, жигар ва ўт пуфаги яллиғланишида тавсия этилади. Тиндирма кўринишида истеъмол қилинади. Тиндирманинг бир кунлик миқдори қуйидагича тайёрланади: 3-5 г майдаланган бўзноч гулига 500 мл совуқ сув қуйиб, 8 соатга бостириб қўйинг. Уни ҳар куни янгитдан тайёрланг.

Германияда бўзноч гулидан қайнатма, дамлама, тиндирма, экстракт кўринишида жигар ва ўт пуфаги касалликларида, иштаҳани очиш ҳамда ошқозон бузилишида фойдаланилади.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бўзноч нафақат пешоб ҳайдаш, балки организмни заҳарли моддалардан тозалаш хусусиятига ҳам эга. Бундан ташқари, бўзноч ошқозон ва ошқозоности секрециясини кучайтиради.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here