Балиқдан ажойиб таомлар ва балиқни тўғри танлаш, сақлаш ҳақида тавсиялар

0

ОЛМАЛИ БАЛИҚ

Керакли маҳсулотлар:

Бунинг учун бир дона ўртача катталикда лаққа балиқ, туз, лимон, 2-3 дона картошка, 1 дона олма, саримсоқ, зиравор ва кўкатлар керак бўлади.

Тайёрланиши:

Балиқни тангачаларидан тозалаб, кераксиз қисмларини олиб ташлаймиз ва яхшилаб ювамиз. Сўнг балиқнинг ҳар икки томонини тузлаб, ичига сомонча шаклида картошкани тузлаб, жойлаймиз. Ундан кейин майдаланган саримсоқ ва кўкатларни ҳам соламиз. Паррак шаклида кесилган олмаларни ҳам балиқнинг ичига жойлаймиз. Сўнг устига зираворлар сепиб, фольга қоғозга ўраймиз. 180 даражада қиздирилган газ печида 30-40 дақиқа мобайнида пишириб оламиз. Тайёр бўлган балиқни қўзиқоринли соус ёки ўзингиз истаган турдаги гарнир билан бирга дастурхонга тортишингиз мумкин.

ҚЎЗИҚОРИНЛИ СОУС

Керакли масаллиқлар:

* 200 г қўзиқорин;

* 1 бош пиёз;

* 100 г сметана ва 100 г қаймоқ;

* 1-2 ош қошиқ сариёғ;

* Туз;

* Мурч;

Тайёрланиши:

Қўзиқорин ва пиёзни майдалаб тўғраб, кетма-кет сариёғда қизартириб қовуриб оламиз. Сўнг иккала қовурилган маҳсулотга сметана ва қаймоқни қўшиб, паст оловда 15-20 минут қайнатамиз. Қарабсизки, балиқ билан истеъмол қилиш учун ажойиб соус ҳам тайёр.

КОРЕЙСЧА БАЛИҚ САЛАТ

Корейсча балиқ салатини кўпчилигимиз севиб истеъмол қиламиз. Уни тайёрлаш усули жуда осон. Бунинг учун кичкина балиқни катта қилтаноқларидан ажратиб, узун қаламча шаклида кесиб чиқамиз. Таъбга кўра, туз сепиб аралаштирамиз. Сўнг устидан икки чой қошиқ сирка қуямиз ва гўшти то оқариб қолгунча сиркали маринадда туради. Балиқ гўшти етарли даражада маринадда туриб, оқаргач, унга бир дона пиёзни сомонча шаклида тўғраб соламиз. Кейин икки чой қошиқ майдаланган қизил гармдори ва майдаланган саримсоқ, бир чой қошиқ шакар қўшамиз. Устидан эса қизиб турган ёғни қуямиз. Дастурхонга тортишдан аввал бир-икки ош қошиқ соя соуси ва таъбга кўра, гармдори ва кўкатлар билан безатамиз.

Мавзуга доир фойдали маслаҳатлар

БАЛИҚ ТАНЛАШ ВА САҚЛАШНИ БИЛАСИЗМИ?

* Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, одам бир йилда ўртача 30-40 кг балиқ истеъмол қилиши саломатлик учун жуда фойдали экан. Бу кунига 100 г га тўғри келади.

* Балиқ харид қилганда уни полиэтилен идишга солманг. Чунки бундай идишларда балиқ тез димиқиб, сифатини йўқотиб қўйиши мумкин. Балиқ сақлаш учун махсус саватларни ишлатган маъқул.

* Харид пайтида сиздан алоҳида эътибор талаб этилади. Янги ва сифати бузилмаган балиқнинг белгилари: гўшти зич, кўзлари қабариқ ва тиниқ, тангачалари текис ва терига қаттиқ ёпишган бўлади. Терисига бармоқ босиб кўрсангиз, сиртда чуқурча ҳосил бўлмайди ёки ҳосил бўлган тақдирда ҳам тезда йўқолади. Туриб қолмаган балиқ сувга солинганда дарров чўкади.

* Ичак-човоғи тозаланган балиқни совутКичда 4-5 даражадан баланд бўлмаган ҳароратда бир неча кун сақлаш мумкин. Уни оз-моз тузлаб, тоза нам матога ўраб, сирли идишга солиб қўйиш зарур.

* Агар тутилган балиқни бир ҳафтадан кўпроқ сақлашга тўғри келса, уни совуткич музхонасига қўйиш лозим.

* Тозалаш пайтида тангачалар сачраб, ноқулайлик туғдирмаслиги учун балиқни бироз сувга солиб қўйиш даркор. Кейин уни махсус пичоқ ёки оддий қирғич билан тозалаш мумкин.

* Агар балиқни бир оз сирка (уксус) билан ишқаланса, тозалаш осонлашади.

* Тозалаш пайтида балиқ қўлдан сирпаниб чиқиб кетмаслиги учун қўлни тузга ботириб олиш керак.

* Балиқни ҳидсизлантириш учун сирка қўшилган совуқ сувда икки-уч соат сақлаш зарур.

* Агар совуткич бўлмаса, балиқни узоқ сақламаган маъқул.

Махфура таёрлади.

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here