“Сен ичавер, гуноҳи менинг бўйнимга”: Бировнинг гуноҳини зиммасига олиш мумкинми?

0

Зиёфатда бир киши иккинчисини ароқ ичишга даъват қилиб: “Сен ичавер, гуноҳи менинг бўйнимга”, дейди. Бир одам бошқа одамнинг гуноҳини бўйнига олиши мумкинми?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳозирги пайтда жамиятимизда, қадимдан мусулмон бўлиб келаётган бир халқ ичида Аллоҳ ҳаром қилган, ўзига, оиласига, жамиятга ва бутун инсониятга зарар бўлган мана шундай нарсага пул сарфлаётган, уни ичиб, ўзини бало-офатга ураётган одамнинг Аллоҳ таолонинг ҳаққига журъат қилиб, бошқаларни ҳам ичишга чақириши ва гуноҳини бўйнига олишдек катта нобакорлик қилиши ҳаммамиз учун катта мусибат ва ачинарли бир ҳолдир.

Бошқаларни ароқ ичишга даъват қилиш, агар баъзи кишилар гуноҳидан қўрқиб, ичишдан бош тортсалар: “Сен ичавер, гуноҳи менинг бўйнимга”, дейиш Аллоҳ таоло ҳузурида катта бир нобакорлик қилишга журъат этиш ҳисобланади. Гуноҳнинг ҳисоб-китоб вақти келганда бировнинг гуноҳини олиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Балки ота боласини, она қизини танимасдан, ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб қолади. Заррача гуноҳнинг ҳисоби бўлиб турганда дод-вой деб, шайтонни айблашга уринади. Лекин шайтон ҳам ўзини оқлаб: “Мен сени мажбурлаганим йўқ, ўзинг менга эргашгансан”, деган гапни айтади.

Шундай экан, бир одамнинг гуноҳини бошқаси олиши мутлақо мумкин эмас. Балки бу ерда бошқа бир қоида бор. Кимки ёмон бир суннатни бажариб ёки бир ёмонликка даъват этса-ю, бошқалар унинг чақириғига жавоб бериб, ўша ёмон ишни қилса, барча унга эргашганлар гуноҳи ўрнак бўлган шахснинг бўйнига осилади. Шу билан бирга, қилганларнинг гуноҳи зарра кам бўлмайди. Ўзи ичгани етмагандай, бошқани ҳам ичишга чақиргани учун гуноҳи чандон-чандон ошади. Унинг гапига кириб ароқ ичган ҳам гуноҳдан холи бўлиб қолмайди. Балки Аллоҳ таолонинг гапини қўйиб, бу кишининг гапини олгани учун жазосини тортади.

Шунинг учун ёмонликни қилмаслик ва бировларни ёмонликка чақирмаслик, “Гуноҳи менинг бўйнимга”, деган гап мутлақо нотўғри эканлигини тушуниш керак. Бундай дейиш инсондан бўлган шайтон гапининг ўзгинасидир. Аллоҳ таоло бундай нарсалардан асраган бўлсин. Бундай ҳаром нарсаларни халқимиз ичидан йўқ қилишини Алло таолодан сўраб дуо қиламиз. Валлоҳу аълам.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан олинди

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here