​Таомларга иккинчи ҳаёт берамиз

0

Кўпгина уй бекалари меҳмондўстликлари сабабли кўпроқ таом тайёрлаб қўйишлари бор гап. Натижада, овқат ортиб қолади, ташлаш увол, эртасига уни егиси келмайдиганлар ҳам бор. Бундай вазиятларда қуйидаги шпаргалкаларимиз жуда қўл келади.

1. Қолган кабоб

Кабоб гўштидан чўғ таъми келиб турадиган мазали шўрва тайёрласангиз бўлади. Бунинг учун қолган гўштларни майда қилиб тўғранг-да, сув қуйиб қайнатинг, сўнг картошка, сабзи, шолғомни майда қилиб тўғраб қўшасиз. Шўрва янада тўйимли бўлиши учун вермишелдан солисангиз ҳам бўлади.

2. Карамли салат

Карам салатни кўпроқ тайёрлаб юборган бўлсангиз, уни товада бақлажон, помидор, булғор қалампири ва картошка билан ўсимлик ёғида қовуриб олинг. Сабзавотли рагуга майонез ёки кетчупдан қўшиб тановул қилсангиз бўлади. Шунингдек, карамли салат димланса, пирожкилар учун зўр қийма вазифасини бажаради.

3. Қуриб қолган пишлоқ

Пишлоқ ўраб қўйиш ёдангиздан кўтарилгани учун қуриб қолган бўлса, ҳеч ташвишланманг. Уни бўлакларга бўлингда, туxум, ун, туз ва зираворлар аралаштириб тайёрланган қайлага булғаб, товада икки томонини қизартириб олинг. Таъбга кўра, туxумли қайладан сўнг, нон урвоғига булғаб қовурсангиз ҳам бўлади. Мазали нонушта тайёр!

4. Чучук қатиқдан десерт

Қуймоқ қилдингиз-у, чучук қатиқ ортиб қолдими? Ундан енгил ва мазали торт тайёрлашга нима дейсиз? 1 литр чучук қатиқни 1 стакан шакар ва лимон қириндиси билан аралаштириб олинг. 2 қути желатинни сувда эритиб, қатиқли аралашмага солинг. Аввалдан пишириб қўйилган бисквит ёки майдаланган печеньели корж устига қатиқли массани солиб музлатгичга қотгунга қадар қўйинг.

5. Музлаган чучваралардан пицца учун хамир

Баъзида чироқ ўчса музхонадаги тайёрлаб қўйилган чучваралар эриб, ачинарли кўринишга келади. ташлаб юборишга кўзингиз қиймайди. Энди улардан пицца тайёролаймиз. Демак, гўштли хамирни ёйиб, устига соус суртинг. Таъбга кўра масаллиқ солиб, «пицца»ни газ печига жойланг.

6. Кўкат бандлари

Кўкатларнинг қаттиқ бандларини ташлаб юборишга шошилманг. Ювиб, ип билан боғланг-да, целлофан пакетга солиб, музxонага солиб қўйинг. Шўрва тайёрлаётганда кўкатни музхонадан олиб, соласиз. Таом тайёр бўлганида олиб ташлашни унутманг. Шўрванинг хушбўй ҳиди бутун уйга таралади.

Darakchi.uz

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here