Ўзбек шоу бизнес ва кино олами машҳурларининг мактаб хотиралари билан танишинг

1

Ўзбек шоу-бизнеси ва кино олами вакилларининг тўрт йил олдинги сўнгги қўнғироқда ёзиб олинган хотиралари  уларнинг мухлисларини бефарқ қолдирмайди, деган умиддамиз.

 

Актёр Адиз Ражабов: – Бухородаги 5 ва 6 ўрта мактабларда ўқиганман. 10 ва 11 синфларни Тошкентдаги лицейда битирганман. 25 май деганда, биринчи навбатда синфдошларимни эслайман. Мактабни битирганимдан сўнг, кўрганим ҳам йўқ. Лекин, бирга чўмилишларга борганларимиз, мактаб вақтларимизни, аттестат олган вақтларимизни эслайман. 25 май куни эмасу, лекин битирув оқшомида мен учун қизиқ воқеа бўлганди. Жинси шимимнинг бироз ранги кетиб қолганига, бўятган эдим. Битирув оқшомига ўшани кийганман. Энди стулда ўтирганда, бир қўлимни беихтиёр тиззамга қўйиб ўтирганман. Бир пас ўтиргач, қарасам, қўлим қоп-қора! Бўятганимнинг ранги чиққан экан… Битирув оқшоми, деганда,  шу нарса эсимга келади. Ҳозир эслаб куламан.

 

Режиссёр Аюб Шахобиддинов: – Қибрай туманидаги 25 мактабни 1994 йилда битирганман! 25 май доим эсда қоларли бўларди, негаки эртаси куни менинг туғилган куним эди! Туғилган кунинг келди, демак мактабда ўқув йили тугади, дейишарди. Шу ёдимга тушади. Синфдошлар билан айланишларга борардик. Ўзига хос гашти бор эди. Ҳозир ҳам бу куни ҳамма мактаб ўқувчилари оппоқ кийимларда айланишларга чиқишади. Кўриб, мактаб даврлари ёдга тушади.

 

Актёр Акбархўжа Расулов: – 297–мактабни 2003 йилда битирганман. Мактабни битирганда каптарлар учирганмиз. Хиёбонга айланишга чиққанмиз. Жуда бир эсда қоларли воқеа бўлмаган. Мактабни битирганимга 3-4 йил бўлганида жуда ҳам соғинардим. Лекин, ҳозир иш билан бўлиб, унча соғинмаймиз ҳам. Фақат эслаш ёқимли. Болалик хотиралари, беғубор пайтлар, биз ташвишли деб ўйлаган беташвиш дамлар… Биринчи ўқитувчим Муборак опа бўлгандилар. География ўқитувчим марҳум Рихсивой ака, адабиётдан Ҳалима опа, инглиз тилидан Шоҳиста опа, мусиқадан Дилхуш ака, барчаси 25 май, мактаб даврлари деганда ёдга тушади.

 

Хонанда Акбар Атамуҳамедов “Садо” гуруҳи: – 25 май “Сўнгги қўнғироқ” жуда бир ёрқин байрам, айниқса битирувчилар учун! Шу куни бутун шаҳар айланишга чиқади, ўқувчи кийимларида, қўлларида гуллар билан! Барчаси ўзига хос ва ёқимли! Мени энг ёдимда қолган 25 эса, 9 синфлик вақтимда бўлган. Шу куни мен ўқиган Тошкент 284 мактабда, ўша 25 май куни “Сўнгги қўнғироқ”дан сўнг, озгина тўхтаб туришимизни сўрашган ва кутилмаганда, устимиздан ўт ўчирувчилар шлангида шариллатиб сув сепишган! Бизни шу усулда табриклашган! Ҳаммамизнинг уст-бошимиз ҳўл, жуда бир эсда қоларли бўлган! Ҳар йили 25 май келганида, биз шу куни ўтказиладиган кўплаб концертларда иштирок этамиз ва бу куннинг ширин ташвишларини ҳис қиламиз. Шу кунга бағишлаб, юракни таъсирлантирадиган бир қўшиқ куйлагинг келади. Лекин, бу кунга бағишланган таъсирли қўшиқлар ҳам кўп. Улардан баъзиларини тинглаганимда, ҳаттоки кўзимга ёш ҳам келади. Қачон бўлмасин, 25 май келганида, неччи ёшда бўлсанг ҳам, ҳоҳ 20 ёш, ҳоҳ 60, мактабни кечагина битиргандек бўласан. Қачон бўлмасин, ҳаммаси гўёки яқиндагина бўлгандек туюлади. Ҳам қувончли ва бироз қайғули байрам.

 

anvar.jpg

Хонанда Анвар Собиров: – Мен Хоразм вилоятидаги 9 сонли ўрта мактабни 1991 йилда битирганман. Ҳалигача ёдимдан чиқмайди, мен мусиқа билим юртига ҳужжат топширишим керак эди ва ҳужжатларни қабул қилиш вақти ҳам бир синов бор эди. Ўша синовдан ўтсангиз ҳужжатингизни қабул қилишади. Ўша синов куни 25 май кунига тўғри келиб қолди. Ўша куни “Сўнгги қўнғироқ”қа ҳам, ўша синовга ҳам улгураман деб, ўйлаб, синовга кетдим. Синовдан ўтиб, мактабга қайтсам, “Сўнгги қўнғироқ” тугаган, эндигина йиғиштиришаётган экан! Шунақа афсусланганман! Чунки, мени чиқишим ҳам бор эди. Синф раҳбарим ҳам, “кетаётган вақтинг, бизни хафа қилмай кетсанг, яхши эди. Айтиб кетсанг бўларди-ку” деганлар. Ўзим ҳам жуда хафа бўлганман, синф раҳбарим ва синфдошларимни худди хафа қилиб қўйгандек бўлганман. Минг бора узр сўраганман. Ҳалигача синфдошларим билан учрашиб қолсак ҳам, устозим билан қўнғироқлашсак ҳам айтаман, “Мени кечирдингизми?” дейман. Устозим “минг бора кечирганман” дейдилар. Ҳар гал шу ҳодиса ёдимга тушади. Лекин, ўзи ҳар йили 25 май келганида, бир ёшга улғайганлигимни ҳис қиламан.

 

benom_2.jpg

Хонандалар “Беном” гуруҳи, Сарвар ва Комил: Биз Бухоро шаҳар 6 мактабни битирганмиз. Айнан, 25 май куни жуда ҳам қизиқ бир ҳодиса юз берган.  25 май куни айланишга чиққанмиз. Хиёбонларга борганмиз. Шунда кўлда қайиқ, катамаранларда сузиб юрганимизда бир дўстимиз, бир қизга севги изҳор қилиб, “Бундан кейин кўришмаймиз, жавобингни ҳозир айт!” деб туриб олган ва қиз унинг гапига ишониши учун, ўзича севгисини исбот қилмоқчи бўлиб, ўзини кўлнинг қоқ ўртаси, энг чуқур жойида сувга ташлаган! Кутяпмиз, ҳеч сувдан чиқмайди! Қўрқиб кетганмиз, чўкиб кетди, деб ўйлаб ўша ернинг ўзида ҳамма синфдош йигитлар, биз иккимиз ҳам ўзимизни сувга ташлаганмиз! Сув тагида уни узоқ излаганмиз. Хуллас, излаб, чарчаб сувдан чиқсак, у турибди! Жаҳлимиз чиқиб, “нега бундай қилдинг? Чўкиб кетсанг нима бўларди? Ҳаммамизни сувга бўктирдинг!” десак, у нима дейди денг? “Севгилим мени бу ишимга қандай реакция билдираркин? Нима қиларкин?” шуни билгим келди,  севгилим нима қилди, дейди! “Номард, бекорга ҳаммамизни чўмилтирдинг!” деб роса жаҳлимиз чиққан! У қизга “сени деб сувга ташлади, севгисини қабул қиласанми? Унга турмушга чиқасанми?” десак, у ҳам барибир кўнмаган! Хуллас, шу воқеани деб, кечқурун “Битирувчи” концертига ҳам боришга ҳафсала қолмаган! Бу воқеанинг давоми ҳам бор. Орадан бир йил ўтиб, битириб кетганимиздан сўнг, синфдошлар мактабдан хабар олишга йиғилганмиз! Ўшанда ўша синфдошимиз ва ўша қиз ҳам келишган. Қиз бошқага турмушга чиққан экан, синфдошимиз буни эшитиб, ўша ерда йиғлаб, жанжал кўтарган! Мана шу воқеа эсда қоларли бўлган! Ҳар гал 25 май келганда ўша вақтдаги ҳиссиётлар, мактаб соғинчи, болалик соғинчи бўлади. Шу куни радио ва тв орқали ҳам шу кунга бағишланган қўшиқлар, кўрсатув, фильмлар берилади. Шуларни кўрганда, ўша кунги таассуротларни яна бошдан кечирамиз. Албатта, ўша вақтдаги туйғулар, биринчи муҳаббат, шунингдек,  ўша пайтларда “улғайдик, Ватанга керакли инсон бўла олармиканмиз? Бизга бўлган ишончни оқлай олармиканмиз?” деган  саволлар бўлган! Ўша ҳис-туйғулар яна бир бор ичимиздан ўтиб, яна бир бор ўзимизга “Биз ўшанда ўз олдимизга қўйган мақсадларимизга эриша олдикми? Қайсидир маънода хато қилмадикми?” деган саволларни яна бир бор ўзимизга берамиз. Буни ўзига яраша гашти бор. Айниқса, битирув оқшомидаги хотиралар, юрагингизда қандайдир носталгия бўлади, ширин хотиралар… Бу худди биринчи муҳаббатга ўхшайди!

 

Тележурналист Даврон Кабулов: – Мен 300-лицейни битирганман. Лицейни битираётган вақтимизда, айланишга чиқиш учун машина буюртма қилиш урф бўлганди. Биз ҳам синфдошлар билан бориб, бир “Мерседес” машинанинг ҳайдовчиси билан гаплашдик. У эса, “менга гаров пули эмас, олдиндан келишилган пулнинг ҳаммасини берасизлар” деди. Биз ҳам, “Мерседесни бошқалар олиб қўймасин” деб рози бўлдик ва ҳамма пулни олдиндан бердик. Хуллас, ўша куни “Мерседес”дан дарак йўқ! Биз ҳам шўх вақтларимиз эди, 10-15 кундан кейин ўша “Мерседес” ҳайдовчисини топдик ва озгина “массаж” қилдик. Лекин, пулимизни ўзимиз атайлаб қайтариб олмадик! Охирги 3-4 йил давомида, ҳар гал 25 май келганида, мени мактабга боргим келарди. Лекин, ҳеч боролмасдим, чунки “Божалар” гуруҳининг концерти 25 май кунига тўғри келарди. Аммо, 2012  йили атайлаб, ўзимни мажбурлаб вақтли турдим ва ўзим ўқиган мактабга бордим. Устозларим билан кўришдим. Ўша ерда кичик болаларни, “Вой, сиз ҳам шу мактабда ўқиганмисиз?” деб савол беришлари ёқимли бўлди.

 

jahongir_poziljonov_0.jpg

Хонанда, актёр ва режиссёр Жаҳонгир Позилжонов: – Тошкент шаҳридаги 278 мактабни битирганман. Мактабни битиришда қизиғи мен ҳаммадан кейин аттестат олганман. Чунки, касал бўлиб қолиб, дарс қолдиргандим. “Сўнгги қўнғироқ” куни синфдошларим ҳазил билан мени алдаб олиб бориб, мактабдаги бассейнга ташлаб юборишган. Кийимларим ҳўл, “Сўнгги қўнғироқ”ни бассейнда кутиб олганман! Ҳамма қуруқ кийимларда туришибди, мени бўлса уст бошим ҳўл турганман. Ҳозир ҳам 25 май деганда, шу воқеалар ёдимга келади.

 

javlon_1.jpg

Режиссёр ва актёр Жавлон Шодмонов: – Мен Тошкент шаҳридаги 22 мактабни тугатганман. “Сўнгги қўнғироқ” деганда негадир, битирув оқшоми ёки айланишлар эса, саҳна кўринишлари ёдимга тушади. Чунки, 11 синфлик вақтимизда кўп саҳна кўринишлари қўярдик. Кетма-кет 3 йил айланишга чиққанман. 9 синфдан бошлаб, 11 синфни битиргунча, синфдошлар билан ҳар йили “Миллий боғ”га борардик, хонанда Тоҳир Содиқовнинг “Болалар шоу”сига тушардик. Ҳозирда 25 май мен учун оддий кунга айланган. Аммо, келгуси йилдан ўзгариш бўлади, деб ўйлайман. Чунки, катта қизим бу йил мактабга биринчи синфга чиқади.

 

 

manzura_4.jpg

Хонанда Манзура: -“Успенский” номли мусиқа мактабини битирганман. Мактабимни жуда ҳам яхши кўраман ва ҳалигача соғинаман. Мактаб даврларининг ҳам ўзига хос гашти бўлади, синфдошлар, дарслар, ҳалигача ҳаммаси ёдга тушади. Битирув куни деганда эса, бир нарсани ҳис қиласиз, болалик чегараси ва катта ҳаёт остонаси. Барча битирувчиларга омад тилайман!

 

munisa_19.jpg

Хонанда Муниса Ризаева: – Мактаб дамлари, бу албатта ўзига хос давр. Жуда ҳам бир енгил ва ёқимли вақтлар эди. Биз ҳеч нарса ҳақида ўйламасдик, фақат 4 ёки 5 баҳо олишни ўйлардик холос. Мен 12 марта мактаб алмаштирганман, бир мактабда бир чорак, бир мактабда 2 ой ўқиганман. Чунки, жуда ҳам шўх эдим, уришардим, муштлашардим ҳам, мактабдан ҳайдашган ҳам. Охирги ўқиб битирган мактабим 43 мактаб бўлган. Нима учундир, мактабни битириш вақтига келиб, ўз-ўзидан 4 ва 5 баҳоларга ўқийдиган бўлиб қолганман ва ҳамма қатори намунали тарзда битирганман. 25 май куни мен учун эсда қоларли бўлган, негаки мен у ерда “Агар сен ҳоҳласанг” деб номланган, ўзим ёзган инглиз тилидаги қўшиғимни куйлаганман.

 

nilufar_6.jpg

Хонанда Нилуфар Усмонова:  – Мен Тошкент шаҳридаги “Мирзо Улуғбек” номли Халқаро мактабда ўқиганман. 25 май куни синфдошлар билан айланишга чиқиб, кўп жойларга бориб сарсон бўлганмиз. Чунки, бу куни кўпчилик айланишга чиқади, ҳаммаёқда одам кўп бўлади. Ўзимизча катта бўлдик, деб кафега кирганмиз, кейин “қиммат экан” деб, бошқа арзонроғини топганмиз. Лекин, жуда қизиқарли бўлган, синфдошлар билан тунги соат 03.00 гача айланганмиз. Ҳозир 25 май деганда ўша кунлар эсимга тушади.

 

 

nozim.jpg

Клипмейкер Нозим Жумаев: – Мен Республика Нафис санъат лицейини битирганман. Лицейни битираётганимизда айнан 25 май куни синфдошлар билан бир нарсага аҳдлашганмиз. Яъни, ҳар йили 27 май куни ҳаммамиз шу лицейга йиғиламиз ва ҳар йили 27 май куни биз учун лицейда йиғилиш бўлади. Қўлдан келганча, бу анъанага риоя қилишга ҳаракат қиляпмиз. Лекин, афсуски ҳар доим ҳам эмас. Баъзида бунга риоя қила олмаётганлар ҳам бор. Баъзида ўзим ҳам, ишлар туфайли бора олмай қолганман. Қувонарлиси, барибир ҳар йили синфдошлар бир-биримиз билан “борамизми?” деб қўнғироқлашамиз. Боришга ҳаракат қиламиз. Битирган вақтимиз бу куни айланишга борганмиз, Тоҳир Содиқовнинг концертига тушганмиз. Ҳозир эса, бу куни турли концертлар бўлади, барибир шу куни байрамона кайфиятни ҳис қиламиз.

 

Хонанда Нигора: – 2006 йилда 179 мактабни битирганман. “Сўнгги қўнғироқ” кунида қўшиқ куйлашимиз керак эди. Лекин, куйланиши керак бўлган қўшиқнинг минусовкаси топа олмасдан, ўрнига бошқа бир қўшиқни куйлаб юборганмиз. Ҳар гал 25 май келганда, соғинчни ҳис қиламан. Жуда ҳам завқли онлар эди. Синфдошларимни ва ўзим жуда ҳам яхши кўрган устозимни соғинганлигимни ҳис қиламан.

Хонанда Ойбек: – 25 май деганда мактабдаги дўстларим, болалик вақтларим ёдимга келади. 39 мактабни битирганман. Мактабда кўп шўхликлар қилардик, қизларнинг папкаларини яшириб қўярдик. Қандайдир беғубор ва завқли дамлар эди. Лекин, битирув кунлари яқинлашган сайин қандайдир оғир босиқ бўлиб қолганмиз. Ҳеч бир ўзгача воқеасиз, оддий битириб кетганмиз.

 

ruhshona.jpg

Хонанда Рухшона: – Мен 3 та мактабда ўқиганман. Биринчиси Тошкент шаҳридаги 195 мактаб, иккинчиси 90 мактаб ва учинчиси Зангиота туманидаги 25 мактаб бўлишган. Жуда ҳам аълочи бўлмаганману, лекин яхши ўқиганман. Рус синфини битирганман. 3 та мактаб бўлгани учун, 90 мактабнинг битирув оқшомига борганман. Чунки, у ердаги дўстларим яқинроқ эди. Улар ўзлари ота-оналарини ҳам йиғиб, кичик кафеда ўтказишган. Улар менинг келишимни кутишмаган, келганимдан кейин қўшиқ айтганман, озгина ўйин-кулги қилганмиз. Энг қизиқ бўлгани, битирув оқшомига болалар келишмаган, фақат қизлар ўтирганмиз. 25 май келганда биринчи навбатда, биринчри устозим кўз олдимга келадилар, Алла Ивановна. Худо ҳоҳласа, концерт берсам, биринчи ўқитувчим ва биринчи боғча ўқитувчимни чақириш ниятим бор.

 

samandar.jpg

Хонанда ва актёр Самандар Ҳамроқулов: – Наманган шаҳрида Абу Наср Фаробий номидаги 2 мактабни битирганман. Мактаб даврида энг фаол ўқувчилардан эдим. Доим тадбирлар, байрамларда фаол иштирок этиб, қўшиқлар айтардим. 25 май мен учун энг эсдан чиқмайдиган қувончли кун! Негаки, бу ойижонимнинг туғилган кунлари! Ҳар йили бу куни онамларнинг ёнида, уйда бўлишга ҳаракат қиламан, лекин битирувчиларга бағишланган концертлар бўлганлиги учун, баъзида уйда бўлолмай ҳам қоламан. Шунинг учун, гастрол сафарлардан қайтаётганимда ҳам, гуллар ва совғалар билан қайтишга ҳаракат қиламан. Ҳар йили 25 май келганда болаликни, мактабни, бепул бериладиган билимларни, қайтиб келмайдиган олтинга тенг даврларни эслайман. Устозларимни, синфдошларимни соғинаман. Синфдошларимиз билан қилган шўхликларимиз, варрак учириб, рогатка отиб, коптокларни ёрган беғубор дамларимиз ёддан чиқмайди.

 

Актриса Севара Солиева: – Мен Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 3- мактабни битирганман. 25 май куни асосий бўладиган мактаб байрам дастурига кеч қолиб борганман. Биз учта ўртоқ бўлганмиз, «Охирги қўнғироқ»қа кечга қолганмиз. Бизлар келганимизда айтишган, мактабдан “9 Г” синфи деб эълон қилинганда, ўқитувчимиз, Директоримиз “3 та қиз Ситора гуруҳимиз бор” деб микрафонга гапиришган экан. Чунки, бизлар мактаб даврида жуда кўп концертлар уюштирардик. Чиқишлар бизларда кўп бўлганде, шунга улар эслаб қолган. Ҳурмат қилиб, ғурурланиб гапиришган-де. Бизлар бўлсак, кеч қолганимиз учун эшитмай қолганмиз. Кечга қолганим учун, мен ўзим хафа бўлиб қолганман.  Ўша сўзларни ўзимиз эшитмаганмиз. Байрам оқшомида бундан ҳам кутилмаган нарса бўлган. Дугоналар билан байрам оқшомига қандай кийинишимиз ҳақида бир-биримизга айтмаганмиз. Оқшом куни борсак, мен билан яқин дугонам бир хил юбка кийибмиз. Бир хилдаги юбка сотиб олган эканмиз! Ҳозирда 25 май келганда, албатта, мактабни, синфдошларни соғинамиз. Қолаверса, шу куни радиоларда мактабни эслатадиган кўплаб қўшиқларни беришади. Ҳозир институтда ўқиётган бўлсам ҳам, кўпинча 25 майдан кейин, “нега таътилга чиқмаяпмиз” дейману кейин, институтда ўқиётганим ёдимга тушади. Барибир шу куни айланишга чиққанларни, битирувчиларни кўриб, беихтиёр мактаб даврларни эслайсан.

 

Актриса Шаҳзода Муҳамедова: – Мен 4 та мактабда ўқиганман, охиргиси 24 мактабни битирганман. Кейин Рассомлик ва дизайнерлик коллежида ва Иқтисодиёт университетида ўқидим. Мактабни битираётганимизда, битирув оқшомида қизиқ воқеа бўлган. Синфдошларимиз билан битирув оқшомига санъаткор келишини ҳоҳлаганмиз ва хонанда Шохруххонни бир танишимиз олиб келишни ваъда қилган. Битирув оқшоми куни роса кутганмиз, Шохруххондан дарак йўқ. Танишимиз олиб кела олмаган. Шохруххон ўша куни концертлар билан банд экан. Роса хафа бўлганмиз. Ўзи ҳар гал 25 май келганида бошқача ҳиссиётлар бўлади. Ҳар йили мени бу куни ижодий учрашувлар ва тадбирларга таклиф қилишади. Қизиқарли, ўзига хос ўтади.

 

 

Хонанда Умидахон: – 25 май деганда албатта, болалик вақтларим ва мактаб даврларим ёдга келади. Энг беғубор ва ўзгача вақтлар… Битирувчиларни кўрганида, ҳавасим келади, ўша вақтлар ёдимга тушиб, ҳаяжонланаман. Мактаб даврида қандайдир кичик хатоларингиз бўлади, ёдга тушганда, “қанийди қайтиб қолсам, бошидан тўғрилардим” дейсиз. Мактаб даврига қайтишни жуда-жуда ҳоҳлардим. Мактабни битириш вақтида бўлган воқеалардан бири, жуда бир қизиқарли эмасу, лекин ўзига хос воқеа. Ўша куни, ҳамма йил давомида яхши ўқиган ўқувчиларни табрикламоқчи бўлишган. Ҳаммани фамилиясини ўқиб, бирма-бир чақиришмоқда. Лекин, мени айтишмаган. Ичимдан хафа бўлиб кетганман. Тақдирлаш ҳам ниҳоясига етиб қолганида, умидим узилиб, ғалати ва хафа кайфиятда ўтирсам, кутилмаганда охири бўлиб, менинг фамилиямни айтиб чақиришган! Шунақа хурсанд бўлиб кетганман, ҳаттоки кўзларимдан ёш чиқиб кетган.

 

Хонанда Ёдгор Мирзажонов: – Ҳар йили 25 май келганида йиғлагим келади. Чунки, қайтмас дамлар. Ундан кейин ким битирувчи бўлади? Мен ўзим 22 ўрта мактабни битирганман. Ҳар гал 11 синфларни кузатардик, 11 синфлар йиғламасди, ҳар йили биз йиғлардик. Сабаби, билмадим, мактабда ҳаммамиз бир оиладек бўлиб қолгандик, ўқитувчилар ҳам, битирувчи синфлар ҳам. Ҳар куни бир-бирингизни кўрасиз, бир оиладексиз. Кутилмаганда ўшалар йўқ бўлиб қолса, сизга қандайдир алам бўлади. Синфдошлар ҳам жуда аҳил эдик. Мактаб даврларининг завқи ўзгача бўларди.

zuhra_39.jpg

Актриса Зуҳра Солиева: – Cамарқанд шаҳар, 20 ўрта мактабда ўқиганман, 1989 йилда битирганман, биринчи ўқитувчимнинг исми Гулнора Самиева эди. Мактабни битираётганда, «Сўнгги қўнғироқ»да мактаб билан хайрлашяпмиз, деб йиғлаганим эсимда, роса йиғлаганман. Мактабда ўқиётган вақтимда, «қани эди шу кунлар тугамаса» дердим, шу нарсани ҳис қилардим. Саккизинчи синфдан бошлаб дарсдан ҳам қочганман. Мактабни битириб кетганимиздан кейин синфдошларим 2 марта йиғилишди, мени съёмка билан, бу йиғилишга боришга вақтим бўлмади. Роса ачиндим.  Энди 25 май келганида, “У дамлар энди қайтмайди!” деган фикр хаёлимга келади.  25 май, мактаб даври бу такрорланмас беғубор ва завқли даврлар…

 

gulomjon_yoqubov.jpg.jpg

Ўзбекистон Халқ артисти Ғуломжон Ёқубов: – Кўкчадаги 40-мактабда ўқиганман. 1967 йилда битирганман. 25 май куни ҳамма ёшлигини «cўнгги қўнғироқ»ни, мактабни битиришини, мактаб пайтларини эслайди. Ёшлик мактабда қандай ўтган, нима бўлган, ҳамма эслайди ўша куни… бу бутун ёшлигингни эслайдиган вақт! Мактабнинг бошланиши ҳаётнинг бошланиши! Мактаб деганда, йўлга бошловчини тушунаман. Ҳаётни, у ёққа ёки бу ёққа, тўғри йўлга бурадиган жой, ҳаётда энг зарур, энг керагидир! 25 май куни, бу мактабнинг тугаши! Мактабни тугаши, эса катта ҳаётнинг бошланиши! Мактабдан кейин бошқа ҳаёт бошланади. Ҳозирги фаровон ҳаётни, бахтиёр ёшларни кўриб, самимий қувонаман!

Саида Ваҳобова

Феруза Фаттоҳова

 

 

 

 

 

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

1 ТА ФИКР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here