Райҳон истеъмол қилиш тақиқланади! Кимга? Нима сабабдан? Ахир райҳон фойдали ўсимлик-ку!

0

 

«Райҳон» сўзи хушбўй ҳид таратувчи деган маънони англатади. Бу ўсимликни барчамиз жуда хуш кўрамиз. Момоларимизнинг севимли ошкўки бўлган райҳоннинг асл ватани Ҳиндистондир.

Айтишларича, Европага райҳон Александр Македонскийнинг аскарлари томонидан келтирилган. Бугун эса райҳон Ўрта Осиё, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон каби мамлакатларнинг қишлоқ хўжалигида кенг тарқалган.

Райҳон иси табиатда мавжуд бўлган ҳеч бир ўсимликнинг ҳидига ўхшамайди. Шу сабабли райҳон таомлар тайёрлашда ва доривор ўсимлик сифатида фойдаланишдан ташқари, хона ҳавосини янгилаш учун ҳам қўлланилади. Айниқса, иштаҳаочар салатларга у чиройли ва хушбўй безак бўла олади.

Райҳон камфора, эвгенол, эфир мойи олиш манбаидир. Бу маҳсулотлар озиқ-овқат саноатида, пардоз-андоз воситалари ишлаб чиқаришда хушбўйлик берувчи восита сифатида ишлатилади.

ТАРКИБИДА

Замонавий тиббиётда аниқланишича, 100 г райҳонда 0, 041 г тўйинган ёғли моддалар, 0, 3 г моно ҳамда дисахаридлар, 92,06 г сув ва 1,49 г кул мавжуд. Бундан ташқари, минераллар, шунингдек, A, PP, К, C, E ҳамда В гуруҳидаги барча витаминлар етарлича сақланади.

Айниқса, ўсимликнинг ер усти қисмида 1-1,5 фоиз эфир мойи, 6 фоизгача хушбўй моддалар, гликозидлар, сапонинлар, минерал моддалар, аскорбин кислотаси, қанд, бириктирувчи модда, оқсил ва камфора бор.

Аниқланишича, райҳоннинг 300 дан ортиқ нави бўлиб, уларнинг барчаси бирдай шифобахшдир.

РАЙҲОН — КУЧЛИ АНТИБИОТИК

Бобомиз Абу Али ибн Сино райҳонни янчиб ёки мо­йини олиб, малҳам сифатида бавосилга суртишни тавсия этган. Шунингдек, қора райҳондан тайёрланган сурт­манинг кўз оғриғига фойда бериши, юракни кучли қилиши, сутни кўпайтириши, пешоб ҳайдаши ҳақида ҳам таъкидлаган.

Айниқса, ошрайҳон шифобахшлик бобида беқиёс. У иштаҳани очиб, овқат ҳазмини яхшилайди, йўтал, қизамиқ асоратини кетказишда енгиллик беради.

Райҳон даво сифатида янги узилган, қуритилган, қайнатма ва дамлама шаклида истеъмол қилинади. Аммо унинг қуритилгани кўпгина фойдали хусусиятларини йўқотади, шунинг учун янги узилган баргларини истеъмол қилган маъқул.

Райҳонни ҳақли равишда хонаки дори-дармонлар манбаи деб аташ мумкин. Агар хонангизда райҳон ўстираётган бўлсангиз, инфекция ва турли шамоллашлардан ҳимояланасиз. Чунки райҳон тиббиётда тозаловчи хусусияти билан табиий антибиотик восита деб тан олинган.

Бу шифобахш ўсимлик оғиз бўшлиғидаги микробларни йўқ қилиш хусусиятига ҳам эга. Райҳон тишларда йиғилган тош ва кариесга қарши курашувчанликда синалган воситадир. Унинг қайнатма ва дамламаси милкларни мустаҳкамлайди.

Райҳон дамламаси йўтални қолдиришда, айниқса, кўкйўталда кутилган натижани беради. Райҳон инсоннинг ўпка ва нафас йўлларидаги турли хасталикларни даволашда ҳам яхши восита.

Райҳонда мавжуд шифобахш моддалар вазн ортишининг олдини олади. Шунингдек, асаб тизимини тинч­лантиради, тушкунликка барҳам беради, иммун тизимини мустаҳкамлайди.

ШИФОБАХШ ТАВСИЯЛАР

 Райҳоннинг дамламаси гастрит, колит, пиелит, кўкйўтал ва сурункали йўталга қарши восита сифатида, неврозда, бош оғриғи, бронхиал аст­ма, ичак ва жигар иллатларида, қорин дам бўлиши, иштаҳа йўқолиши, қон босимининг пасайиши, буйрак ва қовуқ шамоллаши, умумий шамоллаш ҳамда тумов, шунингдек, эмизикли оналарда кўкрак сути ажралишини яхшилаш учун тавсия этилади.

Райҳон баргидан тайёрланган дамлама билан ангина ва стоматитда оғизни ғарғара қилиш мумкин.

Райҳон қайнатмаси битиши қийин яраларда малҳам сифатида қўлланилади.

Янги узиб олинган райҳон барглари шарбати қулоқ шамоллашида, экземада ва битиши қийин яраларни даволашда тавсия этилади.

Сўгал чиққан жойга майдаланган райҳон баргларини қўйсангиз, тезда шифо топасиз.

Бош оғриғидан қутулиш учун райҳондан тайёрланган бўтқани чакка ва энса соҳасига қўйиш тавсия этилади.

Ангинада 4 чой қошиқ майдаланган райҳонни 250 мл сувда қайнатиб, кунига 2-3 маҳал томоқни чайиш жуда фойдали.

Райҳон организмнинг умумий ҳолатини яхшилашда катта кўмакчи. Шу сабабли ҳам бошидан жарроҳлик амалиётини кечирган кишиларга райҳон истеъмол қилиш буюрилади.

Райҳон оғиз бўшлиғида мавжуд микробларнинг 99 фоизини йўқ қилиш хусусиятига эга. Унинг дамламаси милкларни ҳам мустаҳкамлайди. Бундай дамламани тайёрлаш учун бир ҳовуч рай­ҳон баргини банкага солиб, устидан 1 стакан қайноқ сув қуйинг ва 15-20 дақиқага бостириб қўйинг.

Райҳон ёрдамида буйракдаги тошларга қарши курашиш ҳам мумкин. Унинг таркибидаги моддалар пешоб ҳайдаш хусусиятига эга бўлиб, ўтказилган тадқиқотлар буйракларда пайдо бўлган тошларни эритиб юборишини исботлаган. Ўсимликнинг оғриқ қолдириш хоссаси буйрак санчишини бартараф этади.

Ўтказилган илмий тадқиқотлар райҳон истеъмол қилиш ёмон шишлар ўсишини ва ОИТС ривожланишини тўхтатишини кўрсатган.

Бу ажойиб ўсимлик радиация таъсири оқибатларини даволашда ҳам қўл келади. Уни мунтазам истеъмол қилиш ҳатто чечакка қарши вакцина сифатида хизмат қилади.

Эмизикли оналарда сут миқдорини кўпайтиришда янги узилган райҳон баргларидан дамланган чой фойдалидир.

Бундан ташқари, райҳон инсон организми барча аъзоларида қон айланишини яхшилайди, киши соғлиғини мустаҳкамлайди.

АСАБ ВА ЮРАК-ҚОН ТОМИРЛАРИ
КАСАЛЛИКЛАРИДА ФОЙДАСИ

Райҳон асаб тизими фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. У кишида асабийлашиш ва хавотирни пасайтиради, толиқишни бартараф этади. Бу ўсимликни истеъмол қилиш юқорида айтиб ўтганимиздек, бош оғриғида ҳам яхши фойда беради, юракда бўладиган оғриқни пасайтиради. Ўсимликдаги минераллар инсон юраги тўқималари фаолиятини сезиларли даражада яхшилайди ва артериал қон босимини меъёрига келтиради. Ўсимлик баргларидаги темир моддаси организмни кислород билан тўйинтириб, иммунитетни кўтаради.

ҚАЧОН РАЙҲОНДАН
ФОЙДАЛАНИБ БЎЛМАЙДИ?

Райҳонда саломатлик учун фойдали жиҳатлар билан бирга ундан фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам мавжуд, яъни юрак хас­талигидан азият чекувчилар, ҳомиладорлар, қандли диабет ва қон айланиш тизимида муаммоси бор беморлар райҳон истеъмол қилмагани маъқул.

Ҳомиладор аёлларга райҳон истеъмол қилиш қатъиян ман этилади.

Эмизикли оналар райҳонни кўп истеъмол қилишдан ўзини тийиши лозим.

Зулфизар ИСОҚОВА тайёрлади.

«Ҳордиқ» газетаси, 2017 йил, 34-сон.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here