ОЗОДАХОН (Тошкент тиббиёт академияси кардиология бўлими ҳамширасига ҳазил шеър…)

0

* * *

Ҳамшира қиз қаймоқ девдим, ихлос эди,

Қарашлари қувлоқ девдим, эъзоз эди,

Билгани бир қийноқ девдим, ҳақ рост эди,

Озодахон, ман хастани қийнамагин,

Севмайман деб асабимга ўйнамагин.

* * *

«Ака»ладинг, ака бўлиб қолаёздим,

Кўп лаб бурдинг, бўларимча бўлаёздим,

Нишларингдан сал бўлмаса ўлаёздим,

Озодахон, ман хастани қийнамагин,

Севмайман деб асабимга ўйнамагин.

* * *

Тун. Ит ҳурмас, карвон ўтмас, мен ўтаман,

Қоронғидан қўрққан номард, тек кутаман,

Деразангга тошлар отиб уйғотаман,

Озодахон, ман хастани қийнамагин,

Севмайман деб асабимга ўйнамагин.

* * *

Оҳ, қанийди, бўйингга бир бўйласайдим,

Сени обдон ҳансиратиб қувласайдим,

Фақат сенинг ноғорангга ўйнасайдим,

Озодахон, ман хастани қийнамагин,

Севмайман деб асабимга ўйнамагин.

* * *

Э, қўрқмайман, хотин билса билаверсин,

Тиззасига шапатилаб қолаверсин,

Ким устимдан кулса, майли, кулаверсин,

Озодахон, ман хастани қийнамагин,

Севмайман деб асабимга ўйнамагин.

* * *

Мана, қара, тек турибман, елганим йўқ,

Ҳали қайноқ бағирчангга тўлганим йўқ,

Мен ТОШМИ га қийноқ учун келганим йўқ,

Озодахон, ман хастани қийнамагин,

Севмайман деб асабимга ўйнамагин.

Олимжон ҲАЙИТ

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here