Бахт эшигин очиб қўйиб, кир, болам, деб, Ўзи бўлса, остонада қолган, онам…

3

Қучоқ очиб, гоҳ қўлимни олди кимлар,
Гоҳ сўзимни, гоҳ тўнимни олди кимлар.
Гоҳ гулимни, гоҳ пулимни олди кимлар,
Олган бўлса, фақат кўнглим олган, онам!

Мен лўттибоз, бир бағритош қизга қасддан,
Қатор-қатор шеърлар ёзиб, маст-аластман.
Чанг кўчада беунгина, индамасдан,
Нигоҳлари йўллар қараб толган, онам!!!

Алҳол ўзи учун бир бор бўлсин, ё Раб,
Қўймайдиям ҳаловатми, ҳузур сўраб.
Жеркиб берсам, бир ютиниб, узр сўраб,
Қўрқа-писа кўнглимга йўл олган, онам!!!

Туршак шимиб, новвотини боламга дер,
Ўзи тўзиб, саботини боламга дер.
Оқсаб юриб, қанотини боламга дер,
Ердан кўкка назар солиб қолган, онам.

Атир нима, упа нима билмай тўзган,
Неки топса, ҳовучини менга чўзган.
Кеча бурни оқиб юрган бола ўзган
Замонадан тоза ортда қолган, онам.

Эсанкираш бўлади-да тўқчиликда,
Бир мендамас, сизда, унда, кўпчиликда.
Онам, дея шеър ёзаман йўқчиликда,
Бола туғиб, тўрт мисра шеър топган, онам.

Ўзингни асра, эҳтиёт қил болам, деб,
Беш боланинг бештасини бир болам, деб.
Бахт эшигин очиб қўйиб, кир, болам, деб,
Ўзи бўлса, остонада қолган, онам.

О, онажон, дилингизни, улғайгунча,
Оғритдима-а, билиб қанча, билмай қанча.
Айт, ҳақиқат қани, десам, жилмайганча.
Ҳовучимга писта, майиз солган, онам…

Ваҳоб Раҳим

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

3 ФИКРЛАР

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here