Улар учун севги–хаёлдаги бахт, Ҳаётдаги бахтчи–обрў, шон, давлат. Оч қорин, бўш чўнтак ва юпун кийим – Бир куни кучини кўрсатар албат

0

* * *

Ҳаёт – эртак, дердингиз нуқул,

Эртак бўлиб кетди буёғи.

Сизга ишонмаганим учун,

Яшаш менга бўлдими оғир?

Эртакларга ишонмайдиган,

Бир жайдари йигитча эдим.

Сеҳрланган маликалару,

Шаҳзодалар бўлмайди, дедим.

Сиз малика бўлиб кетдингиз,

Кўзларимни очиб юмгунча.

Эртакларга ишонмай охир,

Қолиб кетдим чўпонлигимча…

Ғолибона қараб қўясиз,

“Кўриб қўй, – деб, – эртак қизини”

Қийнагингиз келади атай,

Биласиз-да ишнинг кўзини.

Мен ҳақ эдим, деган маънода,

Назар солиб қўясиз менга.

Оқ отдаги шаҳзодангизни

Мудом кўз – кўз қиласиз нега?

Мен тан олдим, ҳаёт – эртакдир,

Мен ҳам бахтим топаман бир кун.

Эртакларда ахир чўпонга,

Малика ҳам тегиши мумкин.

Дилимдагин айтаман мен ҳам,

Мақтанишни ёмон кўраман.

Ишонаман, бир маликанинг

Ҳар кун тушларига кираман.

Маликамнинг кимлиги асрор,

Қаерларда экани ҳам сир.

Қурбақага айлантиргандир,

Балки, уни ялмоғиз кампир.

– Мўжизалар бўлмайди содир –

Дея ҳамма мендан кулади.

Мени эса ҳали – ҳали ҳам

Қурбақани ўпгим келади…

2010

***

Бир кун сизни олиб кетаман,

Кундан ёруғ кечаларида.

Кафтларимда олиб ўтаман

Арши Аъло кўчаларидан.

Жаннат – бизга аталган саҳна,

Мен, сиз ва бахт бир ён бўламиз,

Ҳижрон бизга сололмас рахна.

Биз ҳижронга ҳижрон бўламиз,

Ундан – бундан бизга нажот йўқ.

Сизни Бахтга олиб кетаман,

Ёлғон – яшиқ шеърга ҳожат йўқ.

У кун қувноқ шеърлар битаман,

Акс этади ошуфта кўнгил.

Шеърларимнинг ҳар бир сатрида

Хукмронлик қиласиз минг йил…

Бахтли ҳаёт салтанатида,

Бир кун олиб кетаман сизни.

Ҳозир эса… боришим керак!

Юмшатишим керак полизни

Молларга ем беришим керак…

2010

***

…Жим бўлиб қоласиз, иккиланасиз,

Сиз ёмонотлиқсиз, мен ёмонотлиқ.

Ва севавераман мудом таъмасиз,

Гарчи, ҳамма нарса бизларга боғлиқ.

Эҳтимол, ростдан ҳам исрофгарлармиз,

Етти йилни шундоқ кўкка учирдик.

Бошқаларга ҳамон кўр-у карлармиз,

Қайсимизда хато – мудом кечирдик.

Мен аллақачонлар тилларим қолиб,

Дил билан сўзлашга ўтиб бўлганман.

“Ўйламай айтди” деб, баридан тониб,

Жоним ҳалқумимга етиб бўлганман.

Кучини кўрсатиб иккиланишлар,

Тушкунлик чиқади кейин ўртага.

Мени забт этолмай “майда” ташвишлар,

Ва севавераман мудом жўрттага.

“Сизга ишонаман, ишонаман” денг,

Шу бир сўз – жамики кулфатни енгар.

Яратган Эгамнинг марҳамати кенг,

Бир куни қийнаш ҳам жонига тегар…

2011

* * *

…Мени ҳаёллардан изламанг, жоним,

Унутилган дунё бўшлиғидаман …

Мени саволлардан изламанг, жоним,

Мен дардчил ҳофизнинг қўшиғидаман …

Сизга тушунтириб беришим қийин,

Бирга бўлишимиз кўпларга малол.

Сизни олиб тушсам ахир осмондан,

Қачондир муҳаббат топмасми завол?..

Улар учун севги – хаёлдаги бахт,

Ҳаётдаги бахтчи – обрў, шон, давлат.

Оч қорин, бўш чўнтак ва юпун кийим –

Бир куни кучини кўрсатар албат.

Бизлар бирга бўлсак, ҳаммага қийин,

Улар майли, мен-чи, ўсмир ёшимда.

Қандай қилиб сизни кўтариб юрай –

Пат тушиб ёрилиб кетган бошимда.

Бизлар бирга бўлсак, Қодирий тушкун,

Кумушбиби ночор, Зайнаб савдойи.

Мажнунни қайтариб кела олмасдан,

Оввора бўлади Ҳазрат Навоий.

…Мени дунёлардан сўраманг, жоним

Мен ўша дунёнинг соясидаман

…Мени рўёлардан сўраманг, жоним

Салом билан Хайр орасидаман…

2008

* * *

Қарагимиз келар, қарай олмаймиз,

Кўзларда ялпайиб ётибди ҳадик.

Ҳайрият, бугун ҳам кечадай ўтди,

Ўша маъшум сўзни тилга олмадик.

Елкамдан ҳарсанг тош думалаб тушар,

Кўзимдан томчи ёш юмалаб тушар,

Осмондан малаклар ўрмалаб тушар,

Ўша маъшум сўзни тилга олмадик.

Инобатга олиб маҳзун дилимни,

Тангрим, жудо қилма мендан Гулимни,

Шукр, бугун эсламайман ўлимни,

Ўша маъшум сўзни тилга олмадик.

Ҳаёт синовлари бунчалар ваҳший,

Яхшиям умид бор – умрнинг нақши,

Ҳартугул, шу бугун ҳаммаси яхши,

Ўша маъшум сўзни тилга олмадик…

2011

* * *

Кўзларимга қараб туриб,

Юраккинам йиғлаяпти.

Филлар сиққан дунёсига

Майда жуссам сиғмаяпти.

Кўнглим ғариб, кўнглим ғариб,

Кўнглимданам ўзим ғариб.

Қай томоннинг қуёши бор –

Дилим машриқ – тилим мағриб.

Елкамдаги битта дардим,

Тушиб кетиб, ерни ёрди.

Бу дардимга ўрганибман,

Қувонч мени қийнаворди.

Мени қийнаб Раббим тўйди,

Бандалари тўймадилар.

Йиғлай десам… Уравериб,

Йиғлашимга қўймадилар.

Таъма тоши харсанг тошдан

Оғир бўлар экан, билдим.

Тиконларга кўнглим илиб,

Киприкларим тикан билдим.

Кўзим, тилим ва бурнимни,

Тегирмонга солди дунё.

Тирик чиққанимни кўриб,

Оғзи очиқ қолди дунё.

Судхўр дунё берган битта

Қувончини қайтиб олди.

Берганику – майликуя,

Юздан ўн беш фоиз солди.

Кўрганимни айтдим, ҳеч ким,

Тўғриликка йўймадилар.

Йиғлай десам… Уравериб,

Йиғлашимга қўймадилар.

Кўнглим қолди. Кўнглим қолган,

Жойга бошқа қайтолмадим.

Айтганимни қилолмадим,

Қилганимни айтолмадим.

Очлигимда сув беришди,

Чанқаганда нон беришди.

Ҳайрон бўлиб боққан эдим –

Ношукр деб ном беришди.

Гўё кимсасиз оролни,

Ошён этган бир йўлчиман.

Бутун умр захирада

Қолиб кетган футболчиман.

Бир дақиқа ўйнаб қолиш

Фикри абас ўймидилар.

Йиғлай десам… Уравериб,

Йиғлашимга қўймадилар.

2009

Ваҳоб Раҳим

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here