«СЕВМАЙ ДЕСА ДИЛ ҚЎЙМАЙДИ…»

0

ШУКРОНА

Худо сенга давлат берганда,

Қадди-қомат, савлат берганда.

Учиб кетмас омад берганда,

Шукронани унутмасанг бас!

Ҳеч нимага бўлмасанг муҳтож,

Ҳар ташвишга топганда илож.

Тахтга қўниб, бошга тушса тож,

Шукронани унутмасанг бас!

Шерларга ов асли эрмакдир,

Оёқ остинг чоҳли йўлакдир.

Чоҳдан огоҳ бўлмоқ керакдир,

Шукронани унутмасанг бас!

Пок номингга қилиб ғаразлар,

Эгмоқ бўлса сени маразлар.

Ким бўлса ҳам мансабпарастлар,

Шукронани унутмасанг бас!

Ким йўқотиб, кимлардир топар,

Ҳаром бойлик бошга дард солар.

Фоний дунё ҳаммадан қолар,

Шукронани унутмасанг бас!

АЙИРДИЛАР

Йўлларимни хазон қилиб,

Хазон йўлда сарсон қилиб.

Муҳаббатим армон қилиб,

Айирдилар сени мендан.

Туташганда дилларимиз,

Бирлашганда қўлларимиз.

Айро қилиб йўлларимиз,

Айирдилар сени мендан.

Дўст деб келиб қошимизга,

Ташвиш солди бошимизга.

Тўйдириб кўз ёшимизга,

Айирдилар сени мендан.

Борай десам карвоним йўқ,

Дардларимга дармоним йўқ.

Айро қилди сени мендан,

Юрагимга отилган ўқ…

ЎН САККИЗГА КИРМАСДАН

Ҳавас деб хасни олдим,

Азоблигин билмасдан.

Мен сени севиб қолдим,

Ўн саккизга кирмасдан.

Бўлиб буткул бемадор,

Ишқингда бўлдим бемор.

Сен деб тунларим бедор,

Ўн саккизга кирмасдан.

Етти осмонда учдим,

Севги майидан ичдим.

Сен деб ўзимдан кечдим,

Ўн саккизга кирмасдан.

Тангридан иноятим,

Ягона омонатим.

Ўзингсан муҳаббатим,

Ўн саккизга кирмасдан.

Бирга бўлсак қайғу йўқ,

Армон деган туйғу йўқ.

Кечалари уйқу йўқ,

Ўн саккизга кирмасдан.

ЮЗ ЁШДА ҲАМ СЕВАР ИНСОН

Керак менга бир сирдош деб,

Кампирларни қаламқош деб.

Қарисам ҳам, кўнглим ёш деб,

Юз ёшда ҳам севар инсон.

Айтмай деса тил қўймайди,

Севмай деса дил қўймайди.

Кўнгил деган ул қўймайди,

Юз ёшда ҳам севар инсон.

Силлиқ бошин силайвериб,

Дам ойнага қарайвериб.

Тўртта сочин тарайвериб,

Юз ёшда ҳам севар инсон.

Бирга бўлиб то ўлгунча,

Эй, гул юзим, асра мени.

Достон Маҳмуд ҳозиргидек,

Юз ёшда ҳам севар сени.

ЯРМИ СЕНДА, ЯРМИ МЕНДА

Танам ичра битта юрак,

Ярми сенда, ярми менда.

Муҳаббатим икки бўлак,

Ярми сенда, ярми менда.

Орзуларда бахт кулгиси,

Ярми сенда, ярми менда.

Юракларда ишқ туйғуси,

Ярми сенда, ярми менда.

Бахт уйимиз калитларин,

Ярми сенда, ярми менда.

Икки никоҳ узугининг,

Ярми сенда, ярми менда.

ХИЁНАТ

Қанча берган ваъдаси,

Ёлғон чиқди барчаси.

Бунчалар ёмон экан,

Оҳ, хиёнат зарбаси…

Ишонч бошинг еди, дер,

Севгинг эртак эди, дер.

Қадринг эрмак билди, дер,

Оҳ, хиёнат зарбаси…

Юрагингни поралар,

Ич этингни яралар.

Буткул адолар қилар,

Оҳ, ҳиёнат зарбаси…

Қалбимда доғи қолди,

Бошимга минг дард солди.

Аямай жоним олди,

Оҳ, хиёнат зарбаси…

Достон МАҲМУД

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here