ЭКРАНДАГИ ЛАТТА ЭРКАК — ОТАМИ?

4

Телевизорда қайта-қайта айлантирилаётган бир рекламага кўзингиз тушгандир. Оила устуни саналмиш ота футбол кўриб ўтирса, уй бекаси келиб, сериал кўраман, дея телевизор пультини тортиб олади. Нариги хонадаги «ойнаи жаҳон»дан умидвор бўлганди ҳамки, келинлари шўрликни бундан ҳам мосуво қилди. Шундан сўнг ота янги телевизор сотиб олди. Энди маза қилиб футбол кўраман, деб турган пайтда набиралари мультфильм кўришини айтиб, у телевизорга ҳам эга чиқди…

«Хўш, шунга ота гўри қозихонами? Осмон узилиб ерга тушдими? Ўзи танқид қилинмаган фақат шу реклама қолувди», дейишга бироз шошманг-да, «бердиси»ни эшитинг.
Аслида қоғоз қоралаб, вақт сарфлашдан муддаомиз бутунлай бошқа. Мақсадимиз — ҳозирги ҳаётда оталарнинг обрўси қандай-ю, турли реклама, спектакль ва киноларда қандай тасвирланяпти, нега пиру бадавлатларимиз экранда бунчалик хор, латта, лапашанг, ландавурга айланяпти, эркаклар қиёфасини бу йўсинда кўрсатавериш эртага жамият учун хавфли муаммоларга эшик очмайдими, деган оғриқли саволларга жавоб излаш.
Тан олиб айтиш керакки, кейинги пайтда яратилаётган сюжетларда — хоҳ у бадиий асар бўлсин, хоҳ бадиий фильм, спектакль ёинки реклама бўлсин — ҳаммасида шаъни, ғурури, номуси ер билан битта бўлган, на аёли, на фарзандлари олдида заррачалик қадри, ҳурмати бўлган оталар ва эркаклар қиёфасини тасвирлаш авж олди.
Тўғри, ўз масъулиятини унутган, «уй — зиндон, кўча — хандон» эркаклар, уялмасдан хотини топиб келган пулга ҳаволанадиган, чойхонадан бери келмайдиганлар ҳам истаганча топилади. Шу билан бир қаторда, ўз оиласи учун қалқон бўладиган, фарзандлари, оиласи шаъни учун елиб-югурадиган эркакларимиз, минг шукрки, ниҳоятда кўп.
Шундай экан, бошдаги дўппини олиб, бир мулоҳаза юритайлик. Аслида жамиятда отанинг ўрни қандай бўлиши керагу, ҳозир қанақа? Нега омма эътиборига бўшанг, хотини ва боласига гапи ўтмайдиган оталар ҳавола қилиняпти? Бунинг аянчли оқибати нимада?
Етти ёшли бола дуоси
— Ҳали-ҳануз эсимда, — дея гап бошлади самарқандлик Элмурод САЛИМОВ. — Уйимизда қандайдир йиғин бўлган эди. Ўшанда раҳматли бувим уйда ёши катта эркаклар йўқлиги боис, тўртинчи синфда ўқийдиган акамни ёнига чорлаб, дастурхонга фотиҳа тортишини сўради. Бунинг сабабини етмиш яшар кампирнинг дуосидан кўра, етти яшар ўғил боланинг дуоси кучли бўлади, эркак қандай ёшда ёки қандай мартабада бўлмасин, аёлдан кўра пирли ва файзлидир, дея изоҳлаганди. Шу боис бўлса керак, бувимнинг бобомга ёки онамнинг отамга овозини кўтариб гапирганини бирор марта ҳам эшитмаганман. Отанг ўтирган уйнинг томига чиқма, деган ҳикматли гапга қатъий амал қилинган. Аёл, фарзанд отасига гап қайтариш у ёқда турсин, ҳатто, кўзига тик қарашга ҳам ботина олмаган.
Тўғри, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўша пайтларда ҳам отани қадрламайдиган оилалар учраб турган. Лекин улар битта ёки иккита, борингки, ўнта бўлгандир. Афсуски, бугун бундайларни кино қилиб, бутун халққа намуна сифатида кўрсатяпмиз. Яратилаётган ўзбек фильмларининг кўпида оталар иккинчи даражали, қўлидан иш келмайдиган ночор одам қиёфасида тасвирланяпти. Бу ўсиб келаётган ёш авлодга жуда катта салбий таъсир кўрсатади. Ўғил фарзандларимизни савияси паст бундай фильм, реклама, спектакль ёки асарлар билан мард, жасур ва чинакам эркак қилиб вояга етказиш мумкинми? Бу ҳақида жиддий қайғуриш вақти келмадимикан?
«Арзимаган» масаланинг «катта хизмати»
— Оилада отанинг ўрни бўлакча, — дейди яна бир томошабин Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманида яшовчи Барчиной ­ҚЎШЖОНОВА. — У оилада бош бўлиши билан бирга, унинг ғурури ҳамдир. Одатда, она ҳар қандай шароитда ҳам отанинг ҳурматини ўз жойига қўйиб, фарзандларига ўрнак кўрсатиши керак.
Ёшлигимизда тўполон қилсак, онам бизга отангга айтиб бераман, дерди. Отам бизни жазоламаса ҳам унинг салобатидан ҳайиқардик. Шу боис дарҳол жанжални тўхтатиб, онамизнинг айтганини қилардик. Ҳатто баъзи пайтларда онамизнинг айтган ишини қилмасак-да, дадамиз буюрган топшириқни сўзсиз бажарардик, чунки отамиздан қаттиқ ҳайиқардик.
Бугун-чи? Бугун фарзандлар отасидан ҳайиқяптими? Миллий фильмларимиз тасвирлашича, оилада отанинг гапи заррача инобатга олинмайди. Аллақачон оталар ўз ўрнини аёлларига бўшатиб берган. Доимо аёлнинг айтгани айтган, дегани деган. Масалан, Саида Раметова, Муяссар Бердиқулова, Вазира Юнусова роль ижро этган аксарият фильмларда бунга гувоҳ бўламиз. Актрисалар ўз роли орқали, турмуш ўртоғига кўрсатаётган муносабати билан ёшларга нима демоқчи эканини ҳеч тушунмайман?
Ҳа, томошабиннинг гапида жон бор. Катта шаҳарлардан бироз четда, олтин қадриятлар сақланиб қолган қишлоғу масканларда эрига гап қайтаришни уят, андишасизлик деб қарайдиган аёллар кўп эканини, отани устун санайдиган оилалар борлигини балки улар билмас. Аммо киноларда шундай тарғиб қилаверсак, «оммавий маданият»нинг мана шу кўриниши эртага ўша томонларга ҳам етиб бормайди, дея оламизми? Киноларимизнинг «катта хизмати» билан «арзимаган» бу масала эртага халқимиз, жамиятимиз учун ҳам улкан фожиага айланмайдими? Ота — ўз оиласининг подшоси. Подшоҳ ўз ўрнини йўқотса, бутун мамлакат, халқ тизгини қўлдан чиқмайдими?
Хўш, бундай фильмларни зиёлилар, шу соҳага алоқадор шахслар қандай изоҳлашади?
«Аралашма, бу шоу-бизнес!..»
— Ҳозирги ўзбек киноларининг аксариятида оталар анчайин паст мақомда тасвирланаётгани бор гап, — дейди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бадиий кенгаш аъзоси Рихсивой МУҲАММАДЖОНОВ. — Холисона айтганда, улар томошабинларни енгил ҳаётга ўргатяпти. Энг ачинарлиси, енгилтак ва бачкана, савиясиз фильмларга айрим ёшлар худди бангидек ружу қўйди. Фалсафий, инсонийликка чорловчи фильмларни кўриш ўрнига, айнан шундай савиясиз фильмларни томоша қилишни афзал билишяпти. Бу бизнинг катта фожиамиз. Шунинг учун бадиий фильмлар орқали ҳадеб эркакларнинг шаънини топтайвериш, жамият учун ҳам, мамлакат учун ҳам жуда аянчли. Минг афсуски, бундай ҳолатлар нафақат кино санъатида, балки театрда ҳам шундай. Буларни кўрган томошабин қарши чиқиш ўрнига баралла қарсак чаляпти. Борди-ю, уларга қарши чиқсангиз борми, тадбиркорлигини рўкач қилишади. Бу шоу-бизнес, дея оғзингизга уради. Аммо унга халқнинг маънавиятини, авлоддан-авлодга мерос бўлиб ўтиб келаётган урф-одату анъаналарни, одамзодга хос юксак тарбиявий жиҳатларни оёқ ости қилиб, бизнесга тикиш ҳуқуқи берилмаган.
Агар ҳақиқатан ҳам тадбиркор бўлса, марҳамат, ишлаб чиқаришнинг бошқа соҳалари билан шуғуллансин. Ҳеч ким уларга ҳалақит бермайди. Пул топиш мақсадида инсонни юксакликка даъват этадиган санъатга аралашиб, ўзининг даражасидаги саёз фильмлари билан халқни, ўзбек оталарини ерга уришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Айнан шундай картиналар эркакларнинг ижтимоий ҳаётдаги обрўсига путур етказяпти. Одамлар баъзи фильмлардан ибрат ўрнига намуна олиб, енгилликка ўрганди.
Шу боис бугун жамиятимизда енгилтабиат аёллар, дангаса, ишёқмас эркаклар кўпайиб кетди.
Эр киши оила устуни, ватан ҳимоячиси, миллатни миллат қиладиган шахс. Ҳар бир вояга етаётган бола ўз отасидан андоза олади. Шунинг учун оилада отанинг ўрни қанча баланд бўлса, шунча яхши. Афсуски, кўпчилик оталар ўз бурчини тўлиқ англамаяпти. Шундай экан, бадиий фильмларда кўпроқ ибрат бўладиган оталарни эмас, балки намуна кўрсатадиган эр кишиларнинг қиёфасини яратиш лозим.
Юқоридаги мулоҳазалардан сўнг мутасадди ташкилот — «Ўзбеккино» Миллий агентлигига мурожаат қилдик.
— Ўзбек киноларининг деярли ҳаммасида оталар қиёфаси билан боғлиқ ўзига яраша камчилиги бор, — дейди «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Лицензиялаш ва аудиовизуал маҳсулотларни экспорт баҳолаш бўлими бошлиғи Рустам ШАРИФОВ. — Ҳатто ҳаммамиз севиб томоша қиладиган ретро фильмлар ҳам бундан мустасно эмас.
Бу масала доимо эътибор марказимизда бўлишига қарамай, афсуски, ҳали-ҳануз ушбу камчиликни тузата олмаяпмиз. «Ўзбеккино» Миллий агентлигида бўладиган Бадиий кенгаш йиғилишларида бугунги кунда жамиятда, оилада ҳар тарафлама устун бўлаётган оталар қолиб, фақат аёлига, фарзандларига гапи ўтмайдиган эркаклар кўпайиб кетгани қайта-қайта айтилса-да, кўпчилик режиссёрлар буни писанд қилмайди. Сабаби, хусусий киностудияларда фаолият юритадиган кинорежиссёрлар кимнингдир ҳомийлиги эвазига фильм суратга олади. Табиийки, у фильм томошабинларга ёқиши учун енгил ва осон қабул қилинадиган асар бўлиши керак, чунки ҳозирги томошабинларнинг аксарияти айнан шундай фильмларни севиб томоша қилишади.
Бугунги кун кинематографиясининг энг оқсаган жиҳати шундан иборатки, жамиятимиз учун, замон учун, халқимиз учун, фарзандларимиз учун ўта зарур гаплар бир четда қолиб, олди-қочди, енгил-елпи гаплар «олдинги план»га чиқиб кетди. Бунинг асосий сабаби кинематографияга мутлақо алоқаси бўлмаган инсонларнинг аралашиб қолгани, чунки қонунчиликда кинони фақат шу соҳага алоқаси бор одам суратга олиши шарт деб кўрсатилмаган. Киносценарийни махсус комиссиядан ўтказиб, сўнг кино олиш керак, деган норманинг ўзи йўқ. Қолаверса, агентлик низомида суратга олинган ва оммага тақдим этилаётган у хоҳ давлат буюртмаси асосида, хоҳ хусусий кино­студияда суратга олинган бадиий фильм бўлсин, бадиий-ғоявий хусусиятлари миллий қадриятларимизга ёт ёхуд вайронкор ғоялар («оммавий маданият», шовинизм, диний экстремизм) сингдирилган эпизодлар бўлмаслиги белгилаб қўйилган, холос. Шу боис бугун ҳамма, ким бўлишидан қатъи назар, йўлини қилиб фильм суратга олиб ётибди.
* * *
Кино — шунчаки санъат эмас. У етти ёшдан етмиш ёшгача — барчанинг онг остигача кириб боради ва кучли таъсирга эга бўлади. Шундай экан, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш ёшлар бугун қандай фильмларни кўриб вояга етмоқда? Уларни қандай маданият сари етакламоқда? Бу саволлар ҳар биримизни, айниқса, шу соҳага алоқадор ҳар бир инсонни ўйлантириши, сергак торттириши керак. Балки, бугунги кунимизда рўй бераётган аянчли ҳодисалар, коллеж талабасининг тенгқурлари томонидан калтаклаб ўлдирилиши, коллеж ўқувчи қизларининг ҳали вояга етмасдан номусидан ажралиши ёки ҳомиладор бўлиб қолиши, борингки, бир фарзанднинг арзимаган муаммо туфайли отасига қўл кўтариб, болта билан чопиб ташлаши кабилар айнан шундай савиясиз фильмлар, оталарнинг маънавияти, обрў-эътибори, қадр-қиммати, шаъни, ғурури камситилгани, ўз аёли, фарзандлари қаршисида ночору нотавон қиёфада гавдалантирилаётгани оқибатидир. Айнан шундай фильмлар бугун аёллар ва фарзандлар онгу тафаккурида ўз эрига, ўз отасига нисбатан ҳурматнинг йўқолишига замин ҳозирлаётгандир? Айнан улар ёшларни енгилтакликка даъват этаётгандир? Бу фильмлар томошабинларни неча йиллардан бери ардоқланиб келинаётган урф-одату анъаналаримизни, қадриятларимизни топташга ундамаётганига ким кафолат бера олади? Бу борада ниҳоятда жиддий мулоҳаза юритиш вақти келди.
Эркин АЪЗАМ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси:
— Ота бу — ҳар бир шахснинг дунёга келишига сабабчи табаррук зот. Ибтидоий даврдан то ҳозирги кунга қадар оталар ҳамиша оиланинг қўриқчиси ва боқувчиси ҳисобланган. Айниқса, бизнинг менталитетда отанинг мартабаси жуда баланд. Лекин ҳар қандай жамиятда ҳам отасини қадрламайдиганлар учраб туради.
Сўнгги йилларда отани писанд қилмаслик, уни қадрлаш ўрнига хўрлаш бирмунча кўпайиб кетгандек, назаримда. Сабаби, бугун аксарият эркаклар ҳаётдаги, оиладаги ўз бурчини унутиб қўйди. Бу эса киноларимизда ўз аксини топяпти. Лекин ҳар доим ҳам фильмларда оталарнинг обрўсига путур етказадиган саҳналарни кўрсатавериш тўғри эмас. Афсуски, арзон-гаров картиналарга томошабинларнинг қизиқиши баланд. Улар фалсафий, мушоҳадага чорлайдиган асарларни кўришни исташмаяпти. Сюжет қизиқ бўлса, кифоя. Маъно-мазмуни билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Томошабин талаб ва истаги билан фильм суратга олиб, уларнинг кетидан эргашиш санъатни парокандалик сари етаклайди. Энг ёмони, ундай фильмлар жуда кўпайиб кетди. Сабаби оддий. Уларнинг аксарияти санъатдан йироқ кимсалар. Ишлаган фильмлари ҳаётдан олинмайди. Бирор бир кинонинг сюжетидан бошқа янги кино суратга олишяпти. Аслида санъатни янада юксалтирадиган нарса бу — янгилик. Янгилик киритиш учун эса, албатта, кўпроқ китоб ўқиш зарур. Афсуски, ҳозирги енгил-елпи фильмларнинг аксарияти умрида китоб ўқимаган «эъжодкор»лар томонидан суратга олиняпти.
Масалан, тўрттаси йиғилиб ўтиради-да, нима ҳақида кино олишни ўйлашади. Шунда биттаси, ўз отасига қўл кўтараётган фарзандлар ҳақида гапиради. Қарабсизки, мавзу тайёр. Ўн кундан сўнг экранларда оқпадар фарзандлар ҳақидаги тўқима асосида суратга олинган фильм тайёр. Уларнинг кинодан ягона мақсади фақат кўпроқ пул топиш. Бинобарин, фақат рутубатдан, разолатдан иборат ҳаётни кўрсатадиган фильмда ҳам инсонни юксакликка чорлайдиган, фикрлайдиган жиҳатлар бўлиши керак. Ҳар қандай киноасар томошабинни мушоҳадага чорлаши лозим. Шундагина у санъатга айланади.
Бахтиёр ЁҚУБОВ, санъатшунос:
— Бугунги кунда суратга олинаётган фильмларнинг аксариятида бир хил мавзу акс этади. Ўғил ёки қиз оила қуришни умуман хоҳламайди ё бўлмаса, ота-она раъйига қарши бошқа қизга уйланмоқчи бўлади. Худди шу вазиятда катта саҳнага она чиқади ва отани бир четга суриб қўйиб, ўз ҳукмини ўтказади. Хотинининг бу ҳукмфармолигига эр «жонивор» ҳам ҳеч қандай қаршиликларсиз кўнади ва бир четда воқеалар кузатувчисига айланади.
Аёл киши эрига қарата «ўчиринг овозингизни», дейишидан бу оилада иқтисодий, жисмоний, руҳий жиҳатдан ким устун экани яққол аён. Таассуф билан айтиш керакки, ҳаётимизда эркакларнинг ҳам оилада, ҳам жамиятда ўрни пасайиб бораётган ҳолатлар мавжуд ва бунга кўп ҳолатларда уларнинг ўзлари сабабчи бўлишмоқда. Хусусан, хотинини пул топиш учун бозорга чиқариб, ўзи унинг меҳнати эвазига яшаётган эркакнинг хотини олдида тили қисилмаслиги мумкинми?
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ,
«Оила даврасида» мухбири
P.S. Куни кеча Президентимизнинг «Миллий кинематографияни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарорда соҳадаги муҳим вазифалар белгилаб берилган. Жумладан, кинематография соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги қошида малака ошириш курслари ташкил этилиши, атоқли кино ижодкорлар дарс берадиган «Маҳорат мактаблари» фаолияти йўлга қўйилиши ҳамда мамлакатимиздаги ёш, истеъдодли ва истиқболли кино ижодкорларнинг малакасини ошириш мақсадида уларнинг хориждаги тегишли етакчи таълим муассасаларида мунтазам равишда таҳсил олиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши белгиланган. Шу тариқа, кино соҳасида юқорида тилга олган муаммоларимиз ўз ечимини топади, деган умиддамиз.

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

4 ФИКРЛАР

  1. Зўр мақола чиқарибсизлар Отангизга РАҲМАТ! Ота бу ОТА! Бирон кишини бу инсонга тенглаштириб бўлмайди. Бу инсон меҳри дарё зотдир. Оталарни рози қилинг бу дунёда!

  2. мақолани ўқиб ҳақиқатдан ҳам бугун оилаларда оталарнинг ўрни йўқолиб кетаётганлиги, оилада эркакнинг сўзи бўлиши кераклиги, қамчисидан қон томадиган оталарнинг камайиб кетганлиги тўғрисида ўйлаб қоласан, лекин барибир нима бўлганда ҳам оталар ўзларининг ўринларини йўқотмасликларини фарзандлари учун ҳам, аёллари учун ҳам ягона инсон бўлишларини ва ўз қадр-қимматларини йўқотмасликларини хохлайман чунки доно халқимиз айтганидек, «ОТА РОЗИ ХУДО РОЗИ»!

  3. шу оталар узини вазифасини унутмасада. Эркак эканлиги доимо ёдида турса экан. хозирги эркаклар хотинини этагидан тутиб юради. Эркак киши шундай булиши керакки бир карашда аёлини жагини ёпиши керак. унаканги эркакни кундузи чирок билан тополмайсан хозир. Антиквар булиб кетган.

  4. Барчинойнинг сўзлари жуда ўринли тажойиб мақола киноларда отанинг роли катта бўлмаса ҳам ўз ўрни бўлсин.

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here