Акром Шоҳназаров: «Ўзбеккино»нинг мажлислари доим жанжал билан тугайди, охирида нуқта қўйилмайди…»

0

«Киночилар уйи»да «Ўзбеккино» миллий агентлигининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда агентлик раҳбарияти, кинорежиссёрлар, сценаристлар, тизим ташкилотлари раҳбарлари, ОАВ ходимлари қатори журналист Феруз Муҳаммад ҳам иштирок қилди.

Тадбирда сўзга чиққан ёш режиссёр Акрам Шоҳназаров ўзининг эътирозли фикрлар ва таклифларини билдириб ўтди. Бу ҳақида Daryo.uz  маълум қилди.

Отабек ака, деярли бешта мажлисда қатнашдим, мажлислар ҳар сафар шунақа жанжал ва келишмовчиликлар билан тугайди. Мен охирига бир нуқта қўйилган фикрни эшитмадим. Ўтган сафар олдингизга кириб шу масалани ҳам айтганман, ҳозир давлат фильми бошқа, хусусий фильм бошқа, бироқ барчаси битта ўзбек фильми.

Лекин хусусий кинода ижод қилаётган режиссёрларнинг кўпчилигини ҳали ҳеч ким билмайди. Шунинг учун кимдир ўша режиссёрларнинг рўйхатини тузиб чиқсин, уларни ҳеч ким танимаса-да, фильмлари маънили, кинонинг барча қоидаларига жавоб беради.

Шундай ёш режиссёрларни биламан, ўқишни тугатганига ўн йил бўлса-да продюсер қидириш билан овора бўлиб юришмоқда. Сабаби «Ўзбеккино» миллий агентлиги уларга ишониб кино бермайди, «Ўзбеккино» ишониб кино бермаётганининг сабаби «Ўзбеккино»даги мутахасислар уларнинг кўпчилигини танимайди.

Санъат институтида бир йилда нечта режиссёр ўқишни тугаллайди? Кўпчилигини кузатсам, қаерда ишлаяпсан дея савол берсам «хусусий студия очдим, клип суратга оляпман», дейишади. Устозлар «келинг, кино бошладим, ёрдам беринг» дейишса, иш ўрганиш учун, керак бўлса уларга чой ташиб юришга ҳам розиман. Ҳаттоки иккинчи режиссёрлик ҳам қилмайман, шунчаки ёнида юриб, буюмларини кўтариб юришга ҳам розиман. Ўргатишмайди, мажлисларимиз жанжал билан тугайди.

Мисол учун деярли барча соҳалар бўйича тақдимотлар, тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтади, аммо кино соҳаси учун деярли ҳеч қандай тақдирлаш маросими ўтказилмайди. Кинони орқасида қанча меҳнат ётибди, рассомлар, либослар бўйича рассомлар, сценаристлар, гримёрлар бор. Мана масалан дунёнинг нуфузли кино фестивалларида иккинчи даражали актриса, иккинчи даражали актёр, керак бўлса графика бўйича, керак бўлса овоз режиссёрларига ҳам мукофотлар берилади. Бизда эса битта «йилнинг энг яхши фильми» номинацияси бор, тамом, уни биз қайси режиссёр суратга олганини ҳам билмаймиз. Драматургия бўйича биз-ку майли, устозларимизга ҳам ҳеч қандай мукофот берилмаяпти-ку…

Давлат фильмими, хусусий фильмми чет элга чиққанда, чет эллик томошабинлар бу фильмларнинг барчасини ўзбек фильми дейишади. Бу фильмни устоз режиссёр Зулфиқор Мусоқов суратга олган ёки энди чиқиб келаётган Акром Шоҳназаров, Озод Шамс суратга олган экан демайди. Бу ўзбекларнинг фильми экан дейди.

Ҳозир мен бир продюсер билан ишлайман, ўша продюсер менга ишониб 50 минг долларни фильмимга тикди, бу пул учун умрим ўтиб бормоқда. Ёшим ўттизга кирган бўлса ҳам ҳалигача уйланмаганман, чунки Тошкентда уй-жойим, пропискам йўқ, бироқ ижод қилиш учун, кино олиш учун ҳаракат қилиб юрибман.

Фильмларимизни бир кўринглар, хонтахта, хонтахта дейсизлар. Бизлардан ҳам сизларнинг ёшингизга етганча яхши фильмлар чиқиб қолар.

Маълумот учун Акром Шоҳназаров «Юрак йиғлар», «Ҳамроҳ» фильмларини суратга олган.

Акром Шохназаров, режиссёр

Сиз ҳозир hordiq.uz сайтидасиз. Янгиликлардан ўртоқларингизни ҳам хабардор қилинг:

ФИКР БИЛДИРИШ

Please enter your comment!
Please enter your name here